Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.10.2017 18:00 Чоп этиш версияси

Бўлажак стоматологлар қасамёд қабул қилди

Тошкент давлат стоматология институтининг 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган ҳамда 1-курс талабаларининг «Талабаликка бағишлов» тадбири бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кадрлар тайёрлашнинг маъно-мазмунини тубдан янгилаш, халқаро стандартлар даражасида олий малакали мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратишга доир муҳим масалалар белгилаб берилган.

Тадбирда институтда жаҳоннинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, ўқув жараёнига илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурларини кенг жорий қилиш, шунингдек, малака ошириш курсларига хориждаги таълим муассасаларидан юқори малакали ўқитувчилар ва олимларни жалб қилиш, магистрант, ёш ўқитувчи ва илмий ходимларнинг хорижий таълим ва илмий муассасаларида амалиёт ўташини, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини оширишни ташкил қилиш бўйича қатор ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

– Институтимизда талаба-ёшларнинг билим олиши учун барча шарт-шароит яратилган, – дейди Тошкент давлат стоматология институти ректори Жасур Ризаев. – Жумладан, Тошкент шаҳридаги 4 стоматология поликлиникаси ва клиник шифохоналарда ҳамда 20 дан зиёд йирик хусусий стоматология поликлиникасида клиник базалар ташкил этилиб, ўқув жараёни олиб борилмоқда. Шу билан бирга замонавий симуляцион марказ ташкил қилиб, Францияда ишлаб чиқарилган симуляторлар харид қилдик. Бу талабаларнинг билимларини янада такомиллаштириш ва амалий кўникмаларини пухта ўзлаштиришига хизмат қилади.

Бундан ташқари, институтда 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб факультетларнинг барча курсларида айрим мутахассислик фанларини инглиз тилида ўқитиш йўлга қўйилган.

Тадбирда институт 1-курс талабалари талабалик қасамёдини қабул қилди.

Байрам муносабати билан институт профессор-ўқитувчилари фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Гулноза Бобоева, ЎзА
4 997






Все о погоде - Pogoda.uz