Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.07.2017 00:26 Чоп этиш версияси

Бўлажак офицерлар муҳим синовдан ўтди

Бўлажак офицерлар муҳим синовдан ўтди Мамлакатимизнинг барча олий ҳарбий таълим муассасаларида 5 июль куни тест синовлари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 16 июндаги “Олий таълим муассасаларига кириш тест синовларига тайёргарлик жараёни оптималлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ олий ҳарбий таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича янги муддатлар белгиланди. Энди олий ҳарбий таълим муассасаларидаги тест синовлари ҳар йили 5 июль куни бўлиб ўтади, 10 июлда эса курсантларнинг ўқишга қабул қилинганлиги ҳақидаги маълумотлар эълон қилинади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 26 майдаги “Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори билан олий ҳарбий таълим муассасаларига номзодларни тақсимлаш бўйича ягона танлов тизими қабул қилинди. Мазкур тизим муассасаларни якуний тест синовларида энг юқори балл тўплаган соғлом ва билимдон ёшлар билан тўлдириш имконини беради.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус факультетига ўқишга кирувчи абитуриентлар ўртасида ҳар доимгидек рақобат юқори бўлди. Тест синовлари номзодларни танлашнинг якуний босқичи ҳисобланади. Бу босқич ёшларни фахрийлар, ҳарбий хизматчилар ва олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари билан учрашувларда ҳарбий соҳага йўналтириш, уларга мудофаа ишлари бўйича бўлимларда маслаҳат беришдан бошланади. Ҳарбийлар учун улар хизматни ўтаётган ҳарбий қисмларда, ҳарбий бўлмаган ёшлар учун эса яшаш жойидаги мудофаа ишлари бўлимларида ўтказиладиган иккинчи босқичда ҳарбий мутахассислик бўйича замонавий талабларга жавоб берадиган, руҳан ва жисмонан соғлом, интеллектуал ва маънавий-ахлоқий салоҳиятга эга номзодлар аниқланади. Саралашнинг дастлабки икки босқичидан муваффақиятли ўтган ёшлар танлаган олий ҳарбий таълим муассасасига ўтказиладиган имтиҳонларга киритилади.

3 (5).JPG

– Тест синовларида қатнашадиган барча номзодлар белгиланган қатъий синовлардан ўтган, – дейди Тошкент ахборот технологиялари университети махсус факультетининг бошлиғи полковник Фарҳод Ортиқов. – Улар умумий ва компьютер саводхонлиги бўйича юқори кўрсаткичларга эришди, руҳий-жисмоний синов ва суҳбатлардан муваффақиятли ўтди. Номзодларнинг 44 фоизи шартнома асосида хизмат қилади, 56 фоизи эса ҳарбий бўлмаган ёшлардир.

– Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли хизматни ўтадим ва ҳарбий таълим муассасасида ўқиш учун имтиҳон топширдим, – дейди чирчиқлик Темур Қаҳрамонов. – Мен ҳарбий қисм қўмондонлигининг тест синовларида тўплаган балларимнинг 50 фоизи миқдорида қўшимча имтиёз берадиган тавсияномасига эга бўлдим. Ҳарбий меҳнатимни муносиб баҳолагани учун давлатимиз раҳбариятидан миннатдорман.

Шартнома асосида хизмат қиладиган оддий аскар Келдибек Абдуҳафизов Тошкент ҳарбий округидаги ҳарбий қисмлардан бирида йигитлик бурчини ўтамоқда.

– Жамиятимизнинг барча соҳаларида бўлгани каби миллий армиямизда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – дейди Келдибек. – Ушбу ўзгаришларга мен ҳам ўз ҳиссамни қўшиш учун офицер бўлмоқчиман.

Пахтачи туманидан Авазбек Туропов Тошкент ҳарбий телекоммуникация академик лицейини тугатган.

– Оиламизда ҳарбийлар йўқ, – дейди Авазбек. – Отам ишчи, онам шифокор. Офицер бўлиш ниятида лицейда ҳарбийлик соҳасини чуқур ўргандим. Устозларимдан олган билим ва кўникмаларим ўқишга киришимда менга ёрдам беришига ишонаман.

Ахборот технологиялари коллежини битирган нукуслик Достиёр Толибоев ҳам ушбу йўналишда таҳсил олган.

Университет ҳовлисида тест синовларида фарзандларига руҳий мадад бериш истагида келган бўлажак ота-оналар ўтиришибди.

– Ўғлим Муроджон Бобоев Бекобод енгил саноат коллежини тугатди, – дейди Зулфия Муродалиева. – Турмуш ўртоғим металлургия заводида ишлайди, мен бошланғич синф ўқитувчисиман. Ўғлим эса офицер бўлишга қарор қилди. Унинг орзуси ушалишига ишонаман.

Қуролли Кучлар академиясида ҳам тест синовлари бўлиб ўтди. Сурхондарёлик Искандар Жўраев ҳарбий қисм қўмондонлигининг имтиёзли тавсияномасини олишга муваффақ бўлган. Бу ерда ҳам турли вилоятлардан келган ёшлар кўпчиликни ташкил қилади. Жиззахлик Аҳрор Ҳамидов ва андижонлик Сайдулло Абдувалиев тест синовларига тайёргарлик кўриш жараёнида дўстлашиб олди. Бу ёшларнинг барчасини ягона мақсад – офицер бўлиш орзуси бирлаштиради.

Аблай Камолов, Отабек Мирсоатов, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
2 675






Все о погоде - Pogoda.uz