Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.03.2017 13:55 Чоп этиш версияси

Қарши шаҳридаги академик лицейда хорижий тиллар фестивали ўтказилди

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти қошидаги “Нуристон” академик лицейида "Ёшлар хорижий тилларни ўрганмоқда" мавзусида тиллар фестивали бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда навқирон авлоднинг замонавий билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун замонавий шароитлар яратиш билан бирга, уларнинг чет тилларни пухта ўзлаштириши имкониятларини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Найтхарт Хёфер-Виссинг, Германия Федератив Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги PASCH – “Мактаблар: келажак ҳамкорлари” дастурининг мамлакатимиздаги координатори, чет тиллари дарслари бўйича эксперт Хайнар Бёрнт, Тошкентдаги Гёте институти раҳбари ўринбосари Ян Хельфер ва бошқалар иштирок этган фестивалда ўқувчилар томонидан беш тилда тайёрланган адабий композициялар намойиш этилди.

Турли халқларнинг урф-одат ва анъаналари, миллий санъати ҳақида тайёрланган саҳна кўринишлари, айниқса, хорижий тилларда жонли ижро этилган қўшик ва рақслар фестиваль иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

– Ўқувчи умумтаълим мактабида қайси хорижий тилни ўрганган бўлса, лицейимизга келгач, шу тилни ўрганишни давом эттиради, – дейди лицейнинг немис тили ўқитувчиси Дилфуза Отамуродова. – Ўқувчини тўғри талаффуз қилишга мажбурлаш ёки грамматик хатосини тўғрилаш билан тил ўргатиб бўлмайди. Дарсни мулоқот тарзида, кўпроқ машқ, ўйин услубида олиб борамиз. Дарс жараёнида хорижий тилларда намойиш этиладиган телекўрсатувлардан фойдаланиш ҳам яхши самара бермоқда. Лицейимизда бундай фестиваллар ўтказилиши анъана тусини олган. Тадбир доирасида немис тили мутахассислари томонидан ўқувчиларнинг билимини текшириш мақсадида махсус имтиҳон ўтказилади. Фаол ва билимдон ёшлар махсус сертификат билан тақдирланади. Айни пайтда таълим муассасамизда 1 минг 50 га яқин ўқувчи тўрт йўналиш бўйича таҳсил олмоқда. Хорижий тилларни пухта ўргатишга мўлжалланган ва барча зарур жиҳозлар билан таъминланган чет тили синф хоналари ўқувчилар ихтиёрида.

Тил билган – эл билади, дейди халқимиз. Ушбу билим масканида таҳсил олиб, фан сирларини чуқур эгаллаётган ёшлар хорижий тилларни ҳам қунт билан ўрганмоқда.

Ўлмас Баротов, ЎзА
5 198






Все о погоде - Pogoda.uz