Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.10.2017 16:30 Чоп этиш версияси

Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги мактаб-интернат очилди

Жиззах шаҳрида ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўқитишга ихтисослашган Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги мактаб-интернат очилди.

Президентимиз жорий йилнинг 27 апрелида Жиззах вилоятига ташрифи чоғида адабиётимизнинг улкан намояндалари Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг адабий меросини кенг тарғиб қилиш, шеърларига жо бўлган эзгу тушунчалар моҳиятини ёш авлодга етказиш лозимлигини алоҳида таъкидлади. Шу мақсадда шаҳарнинг бу ижодкорлар ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ҳудудида Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбони, хиёбон ичида Ҳамид Олимжон ва Зулфия мактабини ташкил этиш таклифини илгари сурди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 июндаги «Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан бу эзгу мақсад амалга оширилди. Ўтган беш ой давомида ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўқитишга ихтисослашган мактаб-интернат учун 4 қаватли замонавий бино қуриб битказилди. Бинода кенг ва ёруғ синфхоналардан ташқари 100 ўринли ётоқхона ва ошхона, фаоллар зали ҳамда бошқа хоналар бор. Ўқувчилар жисмоний тарбия билан шуғулланиши учун спорт майдончалари барпо этилган.

Жорий йил 1 октябрдан фаолият бошлаган мактаб-интернатнинг 5, 6, 7, 8-синфларига барча туман ва шаҳарлардан синов асосида 120 нафар истеъдодли ўғил-қиз ўқишга қабул қилинди.

Жамоатчилик вакиллари, ёшлар, ота-оналар иштирокида ўтган янги мактабнинг очилиш маросимида ушбу муассасанинг барпо этилиши вилоят маданий ҳаётида катта воқеа бўлгани таъкидланди.

– Давлатимиз раҳбарининг ижодкорлар, айниқса, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашга қаратаётган алоҳида эътибори туфайли халқимизнинг икки оташнафас шоири – Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги махсус мактаб-интернат очилиши вилоятимиз маънавий ҳаётида улкан воқеа бўлди, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари М.Абдураҳмонова. – Бу ерда ўз ҳаётини халқ хизматига бахшида этган буюк аждодларимиз нафаси сезилиб турибди. Бугун катта орзу-ниятлар билан улуғ аждодлари номидаги мактабда таълим олаётган ёшлар орасидан халқимиз номини янада улуғлайдиган ижодкорлар етишиб чиқади, албатта.

Шаҳарнинг бу тарихий ҳудудини маданий, маънавий масканга айлантириш ишлари давом этмоқда. Боғ ҳудудидаги тарихий Хўжа Нуриддин мадрасаси таъмирланиб, иншоотда Зулфия номидаги маънавият маркази фаолияти йўлга қўйилади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳам шу иншоотга жойлаштирилади.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
2 420






Все о погоде - Pogoda.uz