ЎзА Ўзбек

02.04.2018 18:58 Чоп этиш версияси

35 нафар коллеж ўқувчиси В1 даражали сертификатга эга бўлди

Қорақалпоғистон Республикасида чет тилларни билиш даражаси ҳақида давлат намунасидаги В1 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатига эга бўлган даъвогарлар аниқланди.

Улар орасида инглиз тили бўйича энг юқори балл тўплаган А.Мадиярова ҳам бор. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиали қошидаги 3-академик лицейнинг 3-босқичида таҳсил олаётган Айжамал жорий ўқув йилида Тошкент молия институтига ўқишга ҳужжат топшириш ниятида.

А.Халкназарова эса немис тили бўйича 112 балл тўплаб, В1 даражали сертификатни қўлга киритди. У ҳам шу лицейнинг 3-босқич ўқувчиси. Келажакда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ҳужжат топширмоқчи.

Жорий йил февраль ойида Нукус тумани агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежида 71 нафар даъвогар ўқувчи чет тилини билиш даражасини аниқлаш сертификатига эга бўлиш учун оғзаки имтиҳон топширган эди. Шундан 35 нафари В1 даражали сертификатга эга бўлди. Энди Айжамал ва Айимгул каби улар ҳам олий ўқув юртининг бакалавр йўналишида чет тили бўйича ўтказиладиган тест синовларидан озод этилиб, белгиланган максимал баллга эга бўлади.

– Ушбу сертификат билан энг максимал – 75,6 баллни қўлга киритдим. Чунки мен топширадиган йўналишда инглиз тили иккинчи асосий фан ҳисобланади, – дейди Айимгул. – Бундай адолатли мезон яратилгани биз, ёшларда билимга интилишни янада кучайтиради. Ҳозирги кунда бошқа фанлардан ҳам худди шундай юқори натижага эришиш ҳаракатидаман.

Чет тилини билиш даражаси ҳақида давлат намунасидаги А2, В1, В2 даражали сертификат олишни истаган даъвогарларга қулайлик яратиш мақсадида жорий йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикасидан ҳужжат топширганлар Нукус шаҳрида имтиҳондан ўтадиган бўлди.

Анвар Насирлаев, ЎзА
7 364