Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2018 20:27 Чоп этиш версияси

"3" баҳодан холи умумтаълим мактаби

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 15-умумтаълим мактабида "Ўқувчилар билим самарадорлигини оширишга янгича ёндашув" мавзусида ўқув-семинар ўтказилди.

Туман халқ таълими бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда туман ҳокимлиги масъуллари, ҳудуддаги 44 та умумтаълим мактаби директори, ўқитувчилари, ота-оналар иштирок этди.

Мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилиш, ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, истеъдод ва интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Семинарда ўқувчиларнинг билим олишга иштиёқини кучайтириш, таълим даргоҳида ўқитиш самарадорлигини яхшилаш, ёшларда дарсдан ташқари мустақил мутолаа кўникмасини шакллантириш бўйича 15-умумтаълим мактабида ташкил этилган "3" баҳодан холи умумтаълим мактаби" лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди.

Ушбу лойиҳа бўйича учинчи чорак давомида ўқишда, хулқи ва жамоат ишларида фаол ўқувчиларга бадиий китоблар тарқатилди. Уларнинг ота-оналарига ташаккурномалар берилди.

– Ушбу лойиҳа уч босқичдан иборат, – дейди 15-умумтаълим мактаби директори И.Бобожонов. – Биринчи босқичда синф раҳбарлари ўқувчиларнинг фанлардан олган ҳафталик баҳоси натижаларини жамлаб мониторинг қилади. Болалар қайси фандан "3" баҳога ўқиётган бўлса, унинг сабаблари ўрганилиб, қўшимча дарс машғулотлари ташкил этилади. Иккинчи ва учинчи босқичларда эса ҳар куни мақол, шеър ёдлаш, аниқ фанлардан мавзуга доир формулалар устида ишлаш ва амалий мисоллар ечишни йўлга қўйдик. Ўқитувчиларимизнинг меҳнати, ўқувчиларнинг тиришқоқлиги туфайли лойиҳа ўз самарасини берди. Ўзлаштириши паст ўқувчилар энди топшириқларни ўз вақтида бажармоқда.

Бугунги кунда умумтаълим мактабида 499 ўқувчи таҳсил олади. Ўтган вақт давомида ёшлар билан олиб борилган ишлар туфайли паст баҳога ўқиган 185 ўқувчининг дарсларда фаоллиги ошиб, аълочилар сафига қўшилди.

Семинарда таълим муассасалари раҳбарларига маҳалла фаоллари, нуронийлар, профилактика инспектори, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши билан ҳамкорликда иш олиб бориш, таълим-тарбия сифатини ошириш, давоматни ўрганиш ва таҳлил натижаларини танқидий муҳокама қилиб бориш вазифаси белгиланди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
4 205