Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.03.2018 20:54 Чоп этиш версияси

“Ўттиз йиллик фаолиятим давомида мактабгача таълим муассасаларига бу каби эътибор ҳеч қачон бўлмаган”

“Ўттиз йиллик фаолиятим давомида мактабгача таълим муассасаларига бу каби эътибор ҳеч қачон бўлмаган” Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорини ўқиган юртдошларимиз ўз фикр-мулоҳазаларини шундай ифодаламоқда.


ЖАМОАМИЗДАН СУЮНЧИ ОЛИШГА ШОШИЛДИМ
Муборак Рашидова,
Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги
511-ихтисослаштирилган мактабгача 
таълим муассасаси мудираси:

— Куни-кеча эълон қилинган давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори имзолангани ҳақида хабарни эшитиб, жамоамиздан суюнчи олишга шошилдим. Жамоадошларим қанчалик севинганини кўрсангиз эди?! Буни сўз билан ифодалаш қийин.

Муассасамизда етмиш ходим ишлайди. Уларнинг 27 таси олий, 11 таси ўрта махсус маълумотли ва 32 таси ишчи-ходимлардир. Ҳар бири изланувчан, янгиликлар билан танишиб боради, энг муҳими, вазифасини сидқидилдан адо этади. Мавжуд 12 гуруҳда рус ва ўзбек тилларида машғулотлар ўтказилади. Барча шароит муҳайё. Тиббиёт, массаж ва махсус жисмоний тарбия хоналари ҳам болалар хизматида. Доимий психолог назорати ташкил қилинган.

Ўттиз йиллик фаолиятим давомида мактабгача таълим муассасаларига бу каби эътибор ҳеч қачон бўлмаган. Нима муаммо бўлса, ечим боғча мудираси, тарбиячилар ва ота-оналар зиммасида эди.
Мазкур қарор соҳани тубдан ислоҳ қилишга катта йўл очди. 


МОДДИЙ ВА МАЪНАВИЙ РАҒБАТ МЕҲНАТ УНУМИНИ ЮКСАЛТИРАДИ

Моҳира Йўлдошева,
Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги
492-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси:

— Баҳорнинг илк кунида бу қарор биз, тарбиячилар учун унутилмас совға бўлди. Қарорда кўплаб тарбиячиларнинг ойлик маошига 30 фоиз устама қўшиб берилиши белгиланган. Моддий ва маънавий рағбат бор жойда меҳнат унуми ҳам юксалади, албатта.

25 йилдан буён шу соҳада меҳнат қиламан. Сўнгги 15 йил давомида тарбиячи бўлиб ишладим. Доимо олий маълумотли бўлишни орзу қилар эдим. Яратилган имкониятлардан фойдаланиб, сиртқи олий таълим муассасасига ҳужжат топширдим. Орзуим ушаляпти.

Баъзан боланинг биргина сўзи туфайли кишининг бор ташвишлари унутилади. Айниқса, эрталаб болажонларнинг "Боғча опа, мени соғиндингизми? Мен сизни соғиндим" деган гапларини эшитиб, кўнглим кўтарилиб кетади.

Давлатимиз раҳбари томонидан соҳага кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. Шижоат билан ишлаб, болаларга яхши билим ва тарбия бериб, билдирилган юксак ишонч ва рағбатни ҳар томонлама оқлашга интиламиз.




Ушбу мақола ЎзА обуначиларига тақдим этилган янгиликнинг бир қисми бўлиб веб сайтда қисқартирилган шаклда чоп этилди. 

ЎзА
9 994