Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и
Сўнгги уч йил мобайнида ирригацияни ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастурлари доирасида Жиззах ва Сирдарё вилоятларида 170,4 км ирригация тизимлари каналлари, 145,2 км лоток тармоқлари, 33 та гидротехник иншоотлар, 734 км коллектор-дренаж тармоқлари ҳамда бошқа сув хўжалиги объектлари қурилди ва реконструкция қилинди.
Натижада 104 минг гектардан ортиқ суғориладиган ерларнинг сув таъминоти яхшиланди, кучли ва ўртача шўрланган майдонлар 15,6 минг гектарга камайди, сизот сувлар сатҳи ер юзасига яқин жойлашган майдонлар 28,6 минг гектарга қисқарди, 85 минг гектардан ортиқ майдоннинг мелиоратив ҳолатини барқарор сақлашга эришилди.
Шунга қарамасдан, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида 93,4 минг гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти паст даражада қолмоқда, 109 минг гектар суғориладиган майдонлар ўртача ва кучли шўрланган.
“Сардоба” сув омбори тўғонидан сув тошиши оқибатида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги аксарият сув хўжалиги объектлари, шунингдек, “Марказий Мирзачўл” коллектори ва унга қуюлувчи коллекторлар жиддий талафот кўрди.
Жиззах ва Сирдарё вилоятларида суғориладиган ер майдонларини сув билан ишончли таъминлаш, сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенг жорий қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда илм-фан янгиликларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш ва илғор ўқитиш услубларини қўллаш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
2020-2023 йилларда Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ирригация ва мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мелиорация объектларини таъмирлаш бўйича манзилли рўйхатлар 1 ва 2-иловаларга мувофиқ;
2020-2023 йилларда Жиззах ва Сирдарё вилоятларида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ирригация тизимларини таъмирлаш ва тиклаш ишларининг прогноз кўрсаткичлари 3 ва 4-иловаларга мувофиқ;
2020-2023 йилларда Жиззах ва Сирдарё вилоятларида сув истеъмолчилари уюшмалари, кластерлар ҳамда фермер хўжаликларининг ўз маблағлари ҳисобидан суғориш тармоқларини таъмирлаш ва тиклаш ишларининг прогноз кўрсаткичлари 5 ва 6-иловаларга мувофиқ;
2020-2023 йилларда Жиззах ва Сирдарё вилоятларида сув тежовчи суғориш технологияларини жорий қилишнинг прогноз кўрсаткичлари 7 ва 8-иловаларга мувофиқ;
Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги сув хўжалиги объектларини бошқариш, сувни ҳисобга олиш ва мониторинг юритишда рақамли технологияларни жорий қилиш прогноз кўрсаткичлари 9 ва 10-иловаларга мувофиқ;
Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги суғориш ва дренаж қудуқлари ҳамда мелиоратив объектларда сувни назорат қилиш бўйича рақамли технологияларни жорий қилишнинг прогноз кўрсаткичлари 11 ва 12-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
Сув хўжалиги вазири, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳамда туманлар ҳокимларига мазкур қарорда белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши бўйича шахсий жавобгарлик юклансин.
2. Мазкур қарорнинг 1 ва 2-иловаларидаги лойиҳалар, шунингдек, 3 ва 4-иловаларида белгиланган прогноз кўрсаткичлари доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар:
ҳар бир лойиҳанинг натижадорлиги ва мақсадга мувофиқлигидан келиб чиқиб, тегишли лойиҳа ҳужжатлари асосида амалга оширилади;
қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг олти минг бараваридан ортиқ бўлган ҳар бир лойиҳанинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилгандан сўнг Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ва туманлар ҳокимликлари, Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, сув истеъмолчилари уюшмалари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар иштирокида ҳамда мустақил экспертларни жалб этган ҳолда муҳокама этилади ва уларнинг ижобий хулосаси асосида белгиланган тартибда амалга оширилади.
3. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги:
мазкур қарорнинг 1 ва 2-иловаларига кўра 2020 йилда амалга ошириладиган лойиҳаларни 2020-2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурининг 2020 йил учун тасдиқланган параметрлари доирасида ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширсин, келгуси йиллар учун асосий кўрсаткичларни аниқлаштириб ва янгилаб борган ҳолда Инвестиция дастурини шакллантириш жараёнида инобатга олсин;
Давлат бюджетининг 2020 йил параметрлари доирасида мазкур қарорнинг 7-12-иловаларидаги 2020 йил учун белгиланган чора-тадбирларни амалга оширсин, 2021-2023 йиллар учун белгиланган тадбирларни келгуси йиллар Давлат бюджети кўрсаткичларида ўрнатилган тартибда назарда тутсин.
4. Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари:
мазкур қарорнинг 3 ва 4-иловаларида белгиланган прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши учун талаб этиладиган маблағларни маҳаллий бюджет ҳисобидан ажратиб борсин;
мазкур қарорнинг 5 ва 6-иловаларида белгиланган прогноз кўрсаткичларининг бажарилишида сув истеъмолчилари уюшмалари, кластерлар ҳамда фермер хўжаликларига кўмаклашсин.
5. Сув хўжалиги вазирлиги, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари:
мазкур қарорнинг 1 ва 2-иловаларига мувофиқ тасдиқланган манзилли рўйхатлар, шунингдек, 3 ва 4-иловаларига мувофиқ тасдиқланган прогноз кўрсаткичлари доирасида объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилишини, бош пудрат ташкилотларининг тендер (танлов) савдолари асосида аниқланишини ҳамда қурилиш ишларининг амалга оширилишини ташкил қилсин ва қатъий назоратга олсин;
объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлашда, тендер танловларини ўтказиш жараёнларида шаффофликни таъминлаш ҳисобига объектларнинг қийматини мақбуллаштириш чораларини кўрсин;
лойиҳаларни амалга ошириш доирасида зарур асбоб-ускуна, хом ашё, бутловчи буюмлар ҳамда қурилиш материалларининг маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилинишини таъминласин (мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар учун);
энергия тежамкор технологияларни қўллаш ҳамда объектларни қуриш ва реконструкция қилиш ишларига маҳаллий пудрат ташкилотларини кенг жалб қилишга алоҳида эътибор қаратсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ў.И.Барноевга тасдиқланган ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш-тиклаш ишлари лойиҳаларининг манзилли рўйхатларига зарур ҳолларда қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
7. 2021 йилдан бошлаб ирригация ва мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мелиорация объектларини таъмирлаш ва тиклаш бўйича устувор лойиҳаларни танлаш ва амалга оширишнинг шундай тартиби ўрнатилсинки, унга кўра:
устувор лойиҳалар бўйича таклифлар сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги, геология, ер тузиш ва лойиҳа ташкилотлари мутахассислари ҳамда мустақил экспертлар, шунингдек, манфаатдор фермер ва кластерлар иштирокида жойида ҳар бир ҳудуднинг сув таъминоти, ерларнинг мелиоратив ҳолати ва бошқа ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳамда муаммолар таҳлилини қилган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда шакллантирилади;
устувор лойиҳалар бўйича таклифлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашларида муҳокама қилинади ва маъқуллангандан сўнг белгиланган тартибда амалга оширилади;
ҳар бир лойиҳанинг амалга оширилиши ҳолати тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан назорат қилиб борилади.
8. Белгилансинки, мазкур қарорнинг 1 ва 2-иловаларида назарда тутилган ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларнинг 3 фоизигача бўлган қисми тузиладиган шартномалар асосида ушбу лойиҳаларни илмий-техник жиҳатдан таъминлаш учун йўналтирилади.
Мазкур лойиҳаларга бириктирилган илмий ходимлар тегишли олий таълим муассасаларининг докторант, магистрант ҳамда иқтидорли талабаларини жалб қилган ҳолда:
лойиҳаларни амалга оширишнинг энг муқобил йўлини танлаш ва техник топшириқларни ишлаб чиқишда иштирок этади;
объектларнинг лойиҳаолди бирламчи ҳужжатларини тайёрлашда иштирок этади;
бош лойиҳа ташкилоти томонидан тақдим қилинган лойиҳа-қидирув ишлари, материаллар ва ҳисоб-китобларни ҳамда қабул қилинаётган технологик ечимларни илмий-техник жиҳатдан асосланганлигини, замонавий қурилиш материаллари, ресурс тежамкор технологиялар ва техниканинг қўлланилишини таҳлил қилади, тегишли хулосалар ва таклифлар тайёрлайди;
қурилиш ишларининг тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ ва сифатли бажарилишини илмий-техник жиҳатдан таъминлаб боради;
қурилиши якунланган объектларни белгиланган тартибда фойдаланишга топширишда иштирок этади ва буюртмачига ўзининг хулосасини беради.
9. Ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини илмий-техник жиҳатдан таъминлаш бўйича Ишчи гуруҳ таркиби (кейинги ўринларда – Ишчи гуруҳи) 13-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ишчи гуруҳига (Ў.П.Умурзаков) мазкур қарорнинг 1 ва 2-иловаларида назарда тутилган ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини илмий-техник жиҳатдан таъминлаш юклатилсин. Бунда, Ишчи гуруҳининг вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
мазкур қарорнинг 1 ва 2-иловаларида келтирилган илмий ходимлар томонидан лойиҳаларни илмий-техник жиҳатдан таъминлашни ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;
ҳар бир лойиҳанинг ўзига хослиги ва хусусиятидан келиб чиқиб, ресурс тежамкор ва ахборот технологиялари қўлланилиши бўйича хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқиш;
бириктирилган илмий ходимларнинг таклифларини умумлаштирган ҳолда сув хўжалиги соҳасига илм-фан ютуқларини, сувни тежовчи технологиялар ва илғор тажрибаларни, сув хўжалиги ва сувдан фойдаланиш тизимини бошқаришнинг инновацион усулларини жорий қилиш бўйича илмий ва услубий тавсиялар ишлаб чиқишни ташкил қилиш;
илмий-техника ютуқларини чоп этиш ҳамда оммавий-ахборот воситалари орқали тарғиб қилиш, семинарлар, республика ва халқаро миқёсдаги анжуманлар ташкил қилиш;
сув хўжалиги лойиҳаларини илмий-техник жиҳатдан таъминлаш бўйича Жиззах ва Сирдарё вилоятлари тажрибасини бошқа турдош олий таълим муассасаларини жалб этган ҳолда республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
10. 2020/2021 ўқув йилида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида (кейинги ўринларда – Институт) таҳсил олаётган талабаларнинг ёзги малакавий-ишлаб чиқариш амалиёти эксперимент тариқасида Жиззах ва Сирдарё вилоятларида қуйидаги тартибда ташкил қилинсин:
а) талабаларнинг ёзги малакавий-ишлаб чиқариш амалиёти Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Институт билан келишилган ҳолда тасдиқланган жадвал ва дастур асосида ихтисослашган кафедраларнинг профессор-ўқитувчилари раҳбарлигида мазкур қарорнинг 1-4-иловаларида назарда тутилган объектларда, шунингдек, буюртмачи, пудратчи ва сув хўжалиги эксплуатация ташкилотларида ўтказилади;
б) малакавий-ишлаб чиқариш амалиётини ташкил қилишда:
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда талабаларни ҳудудларга олиб боради, жойлаштиради ва зарур шароитларни яратади;
лойиҳаларнинг буюртмачиси, бош пудратчи ва сув хўжалиги эксплуатация ташкилотлари талабаларни қурилиш ва сув хўжалиги объектларига даврий равишда олиб чиқади, уларга лойиҳа-смета ва қурилиш назорати ҳужжатларидан фойдаланишга ҳамда замонавий қурилиш ва сувни оқилона бошқариш услублари, техникаси ва технологияларини чуқур ўрганишлари учун амалий шароит яратади.
11. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти талабаларининг 2020/2021 ўқув йилида ёзги малакавий-ишлаб чиқариш амалиётини ўташ даврида Жиззах ва Сирдарё вилоятларида амалга ошириладиган ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш-тиклаш лойиҳаларида иштирокини таъминлаш жадвали 14-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Сув хўжалиги вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда Сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги Дўстлик Сув хўжалиги ва мелиорация коллежи ҳамда Гулистон давлат университети ҳузуридаги Оқолтин саноат техникумида Институт талабаларининг ёзги малакавий-ишлаб чиқариш амалиётини ташкил қилсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ў.И.Барноев:
а) лойиҳаларни илмий-техник жиҳатдан таъминлаш бўйича:
мазкур қарорнинг 8-бандида назарда тутилган лойиҳаларни илмий-техник жиҳатдан таъминлашга маблағларни йўналтириб борсин;
ҳар чоракда Ишчи гуруҳининг таклиф ва тавсиялари асосида сув хўжалиги ташкилотларининг таълим ва илмий муассасалар билан ўзаро интеграциясини кучайтириш, илм-фан ютуқларини ва инновацион ишланмаларни амалиётга татбиқ қилиш чораларини кўриб борсин;
б) Институт талабаларининг ёзги малакавий-ишлаб чиқариш амалиётини мазкур қарорнинг 5-бандида назарда тутилган объектларнинг қийматини мақбуллаштиришдан бўшайдиган маблағлар ҳамда 8-бандида назарда тутилган лойиҳаларни илмий-техник жиҳатдан таъминлаш учун йўналтириладиган маблағлар доирасида ташкиллаштирсин.
13. Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 апрелга қадар сув хўжалиги объектларини рақамли технологиялар асосида мониторинг қилиш бўйича дастурий таъминот ишлаб чиқилишини ва амалиётга татбиқ этилишини таъминласин.
14. Сув хўжалиги вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари ҳамда Ишчи гуруҳи билан биргаликда соҳа олим ва мутахассисларини жалб қилган ҳолда икки ой муддатда “Марказий Мирзачўл” коллектори ва унга қуюлувчи коллекторлар тизимининг техник ҳолатини жойида ўрганиб, уларни тиклаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
15. Инновацион ривожланиш вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги таклифига асосан соҳанинг мавжуд муаммоларини ва реал эҳтиёжларини ҳамда ҳудудий муаммоларнинг илмий ечимини таъминлашга қаратилган илмий тадқиқотларни амалга ошириш бўйича белгиланган тартибда танловлар ўтказсин.
16. Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари:
Пахтакор ҳамда Ховос туманларида илғор агрокластерларни жалб қилган ҳолда замонавий рақамли технологиялар асосида намунали автоматлаштирилган суғориш участкаларини ташкил қилиш чораларини кўрсин. Бунда Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фанлар академияси намунали участкаларни ташкил қилишда ҳар томонлама услубий ва амалий ёрдам кўрсатсин;
3 кун муддатда мазкур қарорни самарали ижро этишга доир масалаларни халқ депутатлари вилоятлар ҳамда туман (шаҳар)лар Кенгашларида муҳокама қилсин ва тегишли қарор қабул қилсин.
17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ў.И.Барноев зиммасига юклансин.
Ушбу қарор натижадорлиги тўғрисида 2021 йил 1 январь ва 1 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти |
Ш.МИРЗИЁЕВ |
Тошкент шаҳри,
2020 йил 11 август