ЎзА Ўзбек

19.02.2020 Чоп этиш версияси

Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида

Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ф а р м о н и

Ўтган қисқа даврда аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича “маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла” тамойили асосида самарали ҳамкорлик тизимини жорий этиш, маҳаллани халқ билан давлат ўртасида ишончли “кўприк” бўлишини амалда таъминлаш, оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, фуқаролар йиғинларига хос бўлмаган функциялар юклатилаётганлиги, уларнинг бошқа қуйи идоралар билан ҳамкорлиги тизимли йўлга қўйилмаганлиги, оила, хотин-қизлар ва кексаларга ёрдам кўрсатишнинг яхлит тизими мавжуд эмаслиги, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар самарали натижа бермаётганлиги жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш ва қонун устуворлигини таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Аҳоли осойишталигини таъминлаш, оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, нуронийлар ижтимоий фаоллигини ошириш, маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари роли ва мавқеини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида:

1. Алоҳида таъкидлаб ўтилсинки, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг аралашувига йўл қўйилмайди, шунингдек, давлат органлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини амалга ошириши учун зарур шароит яратади, қонун ҳужжатлари билан берилган ваколатларни амалга оширишда уларга кўмаклашади.

2. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси ва маҳаллалар фаолларининг ҳар бир маҳаллада “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган қуйидаги йўналишларни назарда тутувчи янги тизимни жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:

жамиятнинг бетакрор ижтимоий тузилмаси ҳисобланадиган маҳалла институтини аҳолининг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш, унинг роли ва аҳамиятини ошириш;

хотин-қизлар ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш;

жамият ва оилада соғлом ва барқарор ижтимоий-маънавий муҳит ҳамда тинчлик, тотувлик ва осойишталикни таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини тубдан ислоҳ қилиш;

маҳалла институтининг ички ишлар органлари, бошқа давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари билан узлуксиз, тизимли ҳамкорлигини йўлга қўйиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари ва ички ишлар органлари таянч пункти профилактика (катта) инспекторларининг (кейинги ўринларда – профилактика инспектори) роли ва мавқеини янада ошириш, мустақиллиги ҳамда ваколатларининг амалий самарадорлигини таъминлаш;

соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳамда ходимларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва моддий-техника таъминотини яхшилаш.

3. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (кейинги ўринларда – Вазирлик) ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлинмалари ташкил этилсин.

4. Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

жамиятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишида ҳар томонлама кўмаклашиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорлигини ўрнатиш;

оила институтини мустаҳкамлаш бўйича, энг аввало, “Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмаклашишни ташкил этиш;

хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш;

хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга,
шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш;

хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, маҳалла тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, аҳоли кундалик муаммолари билан ишлаш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги мавқеини юксалтириш;

маҳаллаларда қонун устуворлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларида ички ишлар органлари, бошқа давлат идоралари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;

ёлғиз кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга моддий кўмаклашиш, ижтимоий қўллаб-қувватлашни таъминлашда ҳуқуқий, услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш, нуронийларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш масалаларида самарали фойдаланиш;

фуқаролар йиғинларининг моддий-техника таъминотини яхшилаш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда “Маҳалла” ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот маркази негизида “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти ташкил этилсин ва Вазирлик тузилмасига ўтказилсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш юзасидан Ҳукумат қарорини қабул қилсин.

6. Қуйидагиларнинг:

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раҳбар органларининг ушбу ташкилотларни тугатиш ҳақидаги;

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамоат бирлашмаси шаклидаги “Нуроний” жамғармасининг (кейинги ўринларда – “Нуроний” жамғармаси) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) бўлимларини тугатиш ҳақидаги қарорлари маълумот учун қабул қилинсин.

7. Ўсиб келаётган ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни уларнинг онгига сингдириш ҳамда юксак маънавиятли ва садоқатли қилиб вояга етишларида кекса авлод вакилларининг ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида Вазирлик “Нуроний” жамғармаси ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда амалга оширадиган чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин.

Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг (кейинги ўринларда – вазир), Қорақалпоғистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ҳамда вилоятлар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари бошлиқларининг тегишли ўринбосарлари – Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, унинг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги минтақавий бўлинмалари раислари ҳисобланади.

8. Қуйидагилар:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши тузилмасига – вазир билан келишилган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозими;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тузилмаларига – вазир билан келишилган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ҳоким ўринбосарлари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари бошлиқлари лавозими;

туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмаларига – вазир билан келишилган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ҳоким ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи лавозими киритилсин.

9. Қуйидагилар:

Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасидаги – Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозими;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши тузилмасидаги – Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозими;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тузилмаларидаги – ҳоким ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозими;

туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмаларидаги – ҳоким ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозими тугатилсин.

10. Белгилаб қўйилсинки:

Вазирлик оила, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади;

Вазирлик томонидан ўз ваколати доирасида қабул қилинган қарорларнинг ижроси давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар учун мажбурий ҳисобланади;

Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари ҳар чоракда тегишли халқ депутатлари Кенгашлари йиғилишларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида учраётган долзарб муаммо ва камчиликлар ҳамда уларнинг ечими бўйича ахборот беради;

вазир ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлисида Вазирлик фаолияти юзасидан ҳамда соҳадаги тизимли муаммолар ва уларнинг ечими тўғрисида ахборот беради;

Вазирлик хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотларга ҳар томонлама кўмаклашиш ҳамда уларнинг фаолияти самарадорлигини оширишга масъул ҳисобланади.

11. Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди (кейинги ўринларда – “Маҳалла” фонди), Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда “Нуроний” жамғармасининг:

“Маҳалла” фонди маблағлари ҳисобидан “Нуроний” жамғармаси фаолияти билан боғлиқ бўлган харажатларни, шунингдек, фуқароларнинг
ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти билан боғлиқ бўлган харажатлар (ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни тўлашдан ташқари) ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларига бир йилда бир марта тўланадиган лавозим маоши миқдоридаги моддий ёрдам харажатларини молиялаштириш;

Вазирлик ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг биринчи ўринбосарларини – Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари раислари этиб белгилаш;

Вазирлик ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг тегишли ўринбосарларини – Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари раислари
этиб белгилаш тўғрисидаги ташаббуси қўллаб-қувватлансин.

12. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва кенг жамоатчиликнинг:

фуқаролар йиғини раиси беш йил муддатга сайланиши ҳақидаги;

маҳалла институтининг жамиятимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида тутган ўрнини ҳисобга олиб, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 22 март санасини “Маҳалла тизими ходимлари куни” деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

13. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда профилактика инспекторларига юклатилган, бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг ваколатларини такрорловчи, ортиқча ва хос бўлмаган вазифа ва функциялар 1а ва 1б-иловаларга мувофиқ рўйхатлар бўйича қисқартирилсин.

Вазирлик ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда мазкур банд ижроси юзасидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига асосий фаолият йўналишларидан ташқари функцияларни фақатгина давлат органлари ва ташкилотлар билан ҳақ тўлашни назарда тутувчи шартнома асосида амалга ошириш ҳуқуқи берилсин.

14. Вазирлик фуқаролар йиғинлари ходимларини уларнинг вазифа ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилиш ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, тааллуқли бўлмаган вазифаларни юклаш тақиқланганлиги ҳақидаги талабга амалда сўзсиз ижро этилишини таъминласин.

Мазкур талабни бузганлиги учун давлат органлари ва ташкилотлари масъул ва мансабдор шахсларини эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларини қўллаш бўйича ҳар чораклик асосда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига таклифлар киритиб бориш амалиёти йўлга қўйилсин.

15. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тузилмасида:

а) қуйидаги лавозимлар тугатилсин:

фуқаролар йиғини раиси ўринбосари – ижтимоий ва маънавий-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчи;

фуқаролар йиғини раиси ўринбосари – тадбиркорлик, томорқа ер эгалари фаолиятига кўмаклашиш ва ободонлаштириш ишлари бўйича маслаҳатчи;

фуқаролар йиғини раиси ўринбосари – ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи;

фуқаролар йиғини раиси ўринбосари – кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи;

б) қуйидаги лавозимлар киритилсин:

фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари;

фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари;

фуқаролар йиғини раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари;

оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис;

фуқаролар йиғини раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси;

фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси;

в) қуйидаги жамоатчилик тузилмалари тугатилсин:

яраштириш комиссияси;

маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссия;

ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссия;

вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссия;

тадбиркорлик фаолияти ва оилавий бизнесни ривожлантириш масалалари бўйича комиссия;

жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссия;

“Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси;

г) қуйидаги комиссиялар ташкил қилинсин:

оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси;

ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жамоатчилик назорати бўйича комиссия.

16. Белгилансинки:

фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажариш профилактика катта инспектори, ушбу лавозим мавжуд бўлмаган тақдирда профилактика инспектори зиммасига юклатилади;

ҳар бир маҳаллада унинг криминоген вазияти ва аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда камида бир нафардан профилактика инспектори хизматни олиб боради;

фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари лавозими хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими ўрнига, ҳар бир фуқаролар йиғинида бир нафардан, шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартибини сақлаган ҳолда жорий этилади;

оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис лавозими
хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими ўрнига, оилалар сони 2 000 ва ундан ортиқ бўлган фуқаролар йиғинида бир нафардан, шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартибини сақлаган ҳолда жорий этилади;

фуқаролар йиғини раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари лавозими фуқаролар йиғини масъул котиби лавозими ўрнига, ҳар бир фуқаролар йиғинида бир нафардан, шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартибини сақлаган ҳолда жорий этилади;

фуқаролар йиғини раисининг ёшлар масалалари бўйича ҳамда кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилари жамоатчилик асосида фаолият юритади;

фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ҳамда ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосарлари, шунингдек, оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис фуқаролар йиғини раиси тақдимига асосан фуқаролар йиғини кенгаши томонидан лавозимга тасдиқланади ва лавозимидан озод этилади.

17. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

фуқаролар йиғини раиси – кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси, “Кексалар маслаҳати” гуруҳининг;

фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари – ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи, “Фидокор ёшлар” жамоатчилик патруль гуруҳининг;

фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари – хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссия, “Ота-оналар университети” жамоатчилик тузилмасининг;

фуқаролар йиғини раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари – ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жамоатчилик назорати бўйича ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссияларнинг фаолиятини ташкил қилади ва мувофиқлаштиради.

18. Фуқаролар йиғини раисига қуйидаги қўшимча ҳуқуқлар берилсин:

тегишли ҳудуддаги профилактика инспектори фаолиятига баҳо бериш ҳамда уни рағбатлантириш ёки унга нисбатан эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларини қўллаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармаларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиш;

уй-жой мулкдорларининг умумий йиғилишига бошқарувчи ташкилот, бошқарувчи ёки ширкат бошқаруви раиси билан тузилган шартномани бекор қилиш тўғрисида таклиф киритиш;

кўп квартирали уйларни бошқариш билан боғлиқ масалаларда уй-жой мулкдорларининг розилиги асосида уларнинг номидан бошқарувчи ташкилот, бошқарувчи ёки ширкат бошқаруви раиси билан ўзаро муносабатларга киришиш.

19. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг қуйидаги лавозимларни ўзгартириш бўйича таклифи маъқуллансин:

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармалари бошлиқлари, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозимлари тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарлари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармалари бошлиқлари лавозимига;

туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими (бўлинмаси) бошлиқлари, ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари лавозимлари тегишинча туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масалалари бўйича ўринбосарлари лавозимларига.

20. Белгилансинки:

профилактика инспекторлари 5 йил муддатга лавозимга тайинланади ҳамда уларни мазкур муддат давомида бошқа лавозимга ўтказиш тақиқланади (юқори турувчи раҳбарлик лавозимга ўтказиш ёхуд қонун ёки ички тартиб қоидаларини бузганлиги учун жавобгарликка тортиш ҳолатлари бундан мустасно);

туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқлари, уларнинг таркибидаги бўлимлари ва ички ишлар бўлимлари (бўлинмалари) бошлиқлари устуворлик асосида профилактика инспектори лавозимида камида 5 йил ишлаган ходимлар орасидан тайинланади;

профилактика инспекторлари лавозимларига, қоида тариқасида, олий юридик маълумотга эга бўлган шахслар тайинланади;

профилактика инспекторини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарлари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармалари бошлиқларининг тақдимномаларига асосан Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари томонидан амалга оширилади;

туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масалалари бўйича ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан унинг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари тавсиясига биноан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

профилактика инспекторларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари томонидан, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарлари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармалари бошлиқлари томонидан амалга оширилади;

ҳудудий ички ишлар органлари жамоат хавфсизлигини таъминлашни рағбатлантириш жамғармаларининг маблағлари Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарлари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармалари томонидан қабул қиладиган қарорига асосан белгиланган тартибда сарфланади.

21. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосарига – профилактика инспекторлари фаолиятига аралашганлик, уларни хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этганлик учун ҳудудий ички ишлар органларининг раҳбарлари ва масъул ходимларига нисбатан бевосита интизомий жазо чораларини қўллаш ваколати берилсин.

22. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

икки ой муддатда ички ишлар органларининг амалдаги штатлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида тегишли ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларида кадрлар билан ишлаш бўлимини (бўлинмасини, гуруҳини) ташкил қилсин;

уч ой муддатда Олий суд, Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги билан биргаликда ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларнинг барвақт олдини олишга қаратилган таъсирчан тизимни шакллантириш мақсадида профилактика инспекторларининг маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ҳамда бевосита маъмурий жазо чораларини қўллаш ваколатларини кенгайтириш бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

23. 2020 йил 1 апрелдан бошлаб, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (кейинги ўринларда – ФҲДЁ) органларининг ишини тизимли назорат қилиш, малакали кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимини юритиш ва ФҲДЁ органларининг ҳудудий архивларига раҳбарлик бўйича функцияларни юклаган ҳолда ФҲДЁ органлари Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтказилсин.

24. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Давлат хизматлари агентлиги тизимида ФҲДЁ органлари фаолиятини самарали ташкил этишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини;

ўн кун муддатда “Маҳалла тизими ходимлари куни”ни белгилаш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

25. Вазирлик:

а) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда фуқаролар йиғинлари ва профилактика инспекторлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизимини такомиллаштириш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

б) уч ой муддатда:

фуқаролар йиғинлари раисларининг ўринбосарлари ва оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислар лавозимларига етарли билим ва ҳаёт тажрибасига, юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларга эга бўлган, ўзига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажара оладиган шахслар тавсия этилиши ва тасдиқланиши бўйича фуқаролар йиғинларига ҳар томонлама ёрдам берсин;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида доимий фаолият кўрсатувчи алоҳида ўқув курслари ташкил этиш бўйича таклифларни киритсин;

фуқаролар йиғини раисини сайлаш муддатини узайтириш, ушбу жараённи такомиллаштириш ва очиқлигини таъминлаш бўйича қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

26. Вазирлик буюртма асосида ҳамда ўзининг бюджетдан ташқари маблағлари ва ҳомийлик хайриялари ҳисобидан:

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимидаги ҳамда бошқа нодавлат теле- ва радиоканалларда “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи”, “Оталар чойхонаси”, “Оналар меҳри” ва “Оила – жамият кўзгуси” каби мавзуларда кўрсатув ва эшиттиришларни миллий ва тарихий қадриятларни ҳисобга олган ҳолда мунтазам тайёрлаш ҳамда аҳолига қулай бўлган вақтда намойиш этиш;

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги билан биргаликда фуқаролар йиғинлари фаолиятини батафсил ёритишга қаратилган, аҳолида маҳалла институтига нисбатан ҳурмат ва ифтихор руҳини шакллантиришга хизмат қилувчи бадиий фильмлар яратиш чораларини кўрсин.

27. Қуйидагилар:

Мамлакатда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган тизимни самарали жорий этиш бўйича “Йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ;

фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ҳамда ободонлаштириш, томорқа
ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосарлари, шунингдек, оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассисларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш фонди таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

28. Фуқароларда маҳаллаларнинг ривожланиши, ободлиги ва хавфсизлигига манфаатдорлик ҳиссини янада кучайтириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Вазирлик ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Бунда янги тизим 2020 йил 1 июлдан жорий этилиши ва туман (шаҳар) маҳаллий бюджетларга жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи бўйича тушадиган маблағлар ҳисобидан қуйидагилар молиялаштирилиши белгилансин:

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг иш ҳақи ва лавозим маошига нисбатан 30 фоиз қўшимча махсус устама тўлаш харажатлари;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантириш харажатлари;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳудудларини ободонлаштириш ва бошқа жорий харажатлари.

29. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳасини;

бир ой муддатда кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини;

уч ой муддатда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, маҳалла тизимини ривожлантириш ва жамиятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини жорий этишнинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини белгиланган тартибда киритсин.

30. Вазирлик, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда
қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш
ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

31. Ушбу Фармон ижросини ташкил этишнинг қуйидаги тартиби ўрнатилсин:

Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири – ушбу Фармонда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли
амалга оширишда масъул ташкилотларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатсин, чора-тадбирлар ижроси бўйича юзага келадиган жорий масалалар тезкорлик билан ҳал этилишини таъминласин ҳамда ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига ушбу Фармоннинг амалга оширилиши жараёни ҳақида батафсил маълумот тақдим этсин;

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р.Бобожонов ва унинг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари А.И.Икрамов – ҳар бир маҳаллада “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизим тўлиқ жорий этилиши ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва профилактика инспекторларининг мустақиллигини таъминлаш, жумладан, фаолиятига асоссиз аралашмаслик ва тааллуқли бўлмаган вазифаларни юкламаслик устидан қатъий назорат ўрнатсин;

масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари – ушбу Фармонда назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажариш юзасидан барча зарур чораларни амалга оширсин;

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.К.Кўчимов, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси вазифасини бажарувчи А.Д.Хаджаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори – ушбу Фармоннинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва мамлакатимизда оила, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларни мунтазам ёритиб борсин.

32. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

        Президенти                                                                                        Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 18 февраль 


202 650
ЎзА