ЎзА Ўзбек

13.11.2012 19:24 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикасининг Xусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Мустақиллик йилларида давлат мулкини хусусийлаштириш, уни асосан хусусий мулкка сотиш бўйича кенг миқёсли ишлар амалга оширилиши натижасида 31 мингдан зиёд давлат корхоналари ва объектлари мулкчилик шаклини ўзгартирди.

Ҳозирги вақтда ишлаб чиқарилаётган ялпи ички маҳсулотнинг 82,5 фоиздан кўпроғи, саноат маҳсулотининг ва пудрат ишлари ҳажмларининг 90 фоиздан ортиғи, қишлоқ хўжалиги ва савдо соҳасининг деярли барча маҳсулоти иқтисодиётнинг нодавлат сектори улушига тўғри келмоқда.

Хусусийлаштириш жараёнларининг чуқурлашуви, иқтисодиётда давлат иштирокининг камайтирилиши ҳамда хусусий мулкчиликнинг роли ва аҳамияти оширилиши истиқболдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг ғоят муҳим устувор йўналиши бўлиб қолмоқда.

Шу билан бирга, табиий монополияларнинг устунлиги ҳамда монополияга қарши самарали тартиботларни амалга ошириш, ҳақиқий рақобат муҳитини шакллантириш, корхоналарнинг ва улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг, умуман мамлакат иқтисодиётининг рақобатдошлигини оширишни рағбатлантириш борасидаги ташкилий ва амалий чора-тадбирларни шакллантириш билан боғлиқ кўпгина масалалар ҳамон ҳал этилмай қолмоқда.

Шу жиҳатдан олганда Ўзбекистон Республикасининг яқинда қабул қилинган “Рақобат тўғрисида”ги қонунида назарда тутилган меъёр ва талабларни амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилиши катта аҳамият касб этади. Бунда товар ва молия бозорларида рақобатни чеклашга ҳамда устунлик мавқеини суиистеъмол қилишга олиб келадиган хатти-ҳаракатларга йўл қўймасликка, шунингдек, ноҳалол рақобатни, товарлар (ишлар, хизматлар)нинг нархларини сунъий равишда ошириш ёки тушириб юборишни тақиқлашга алоҳида эътибор қаратилиши лозим.

Бу ишларни фаоллаштириш учун қилинаётган саъй-ҳаракатларни жамлаш, хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш бўйича ишларнинг бажарилишини таъминлайдиган давлат институтларини янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади.

Бозор иқтисодиётининг асоси бўлмиш давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнларини янада чуқурлаштириш ва хусусий мулкчилик кўламини кенгайтириш, монополияга қарши самарали тартиботларни амалга ошириш ҳамда реал рақобатчилик муҳитини шакллантириш, фонд бозори, хусусан иккиламчи фонд бозорини жадал ривожлантириш, корпоратив бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида:

1. Тугатилаётган Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш, хўжалик юритувчи субъектларнинг устав жамғармаларидаги давлатга тегишли активларни ҳамда акциялар пакетлари (улушлари)ни хусусий мулкка сотиш, давлат мулкининг хусусий мулк эгаларига сотилишида очиқлик ва ошкораликни таъминловчи давлат тасарруфидан чиқаришнинг янги шакл ва усулларини жорий этиш, инвесторлар томонидан қабул қилинган инвестиция мажбуриятлари бажарилиши устидан мониторинг олиб бориш бўйича тизимли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

энг аввало, акциядорлик жамиятларининг капиталлашуви ва рентабеллиги ўсишини рағбатлантириш ҳисобига фонд бозори, айниқса иккиламчи фонд бозорини ривожлантириш, тадбиркорлар ва аҳолининг хабардорлигини кенгайтириш, уларнинг биржа операцияларида фаол қатнашувини таъминлаш, бозор инфратузилмасини янада такомиллаштириш, савдоларни электрон шаклда ўтказишга тўлиқ ўтиш чора-тадбирларини тизимли асосда амалга ошириш;

акциядорлик жамиятларини бошқаришда акциядорларнинг ва кузатувчи кенгашларнинг ролини тубдан оширишга, миноритар акциядорларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашга, корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти натижалари учун ижро этувчи органларнинг акциядорлар олдидаги масъулиятини кучайтиришга йўналтирилган корпоратив бошқарув тизимини янада такомиллаштириш;

монополияга қарши самарали тартиботлар ўрнатиш ҳамда товар ва молия бозорларида рақобат чекланишига йўл қўймаслик чора-тадбирларини амалга ошириш, монополистик фаолиятни чеклаш ва табиий монополиялар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиб бориш;

рақобат муҳитини ривожлантириш учун қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш ва зарур шарт-шароитларни шакллантириш, товарлар (ишлар, хизматлар) бозорларида, биринчи навбатда ички истеъмол бозорида ва реклама соҳасида ноҳалол рақобатчиликка чек қўйиш чора-тадбирларини амалга ошириш, жамоат тузилмалари билан яқиндан мувофиқлаштирилган ҳолда истеъмолчиларнинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;

паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарнинг молиявий-иқтисодий ҳолатини чуқур таҳлил қилиш, уларни биринчи навбатда янги инвесторларни жалб этиш, модернизациялаш ва технологик қайта жиҳозлаш, маҳсулот таннархини арзонлаштириш ва ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш, янги рақобатбардош маҳсулотни ўзлаштириш ҳисобига молиявий соғломлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

иқтисодий ночор корхоналарни таркибий қайта қуриш ва банкрот қилиш борасидаги функцияларни бажариш, судгача ва суд санациясини ўтказиш, банкрот корхоналарнинг ташқи бошқаруви бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш.

3. Белгилансинки,

Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи органлар, хўжалик субъектлари, мансабдор шахслар ва фуқаролар ижроси учун мажбурий ҳисобланади.

4. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий органлари этиб белгиланади:

Қорақалпоғистон Республикасида – Қорақалпоғистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси негизида ташкил этилаётган Қорақалпоғистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси;

вилоятларда ва Тошкент шаҳрида – Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг ҳудудий бошқармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари негизида ташкил этилаётган Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш ҳудудий бошқармалари.

Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитасининг раисини, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари бошлиқларини лавозимга тайинлаш Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Ҳайъатининг қарори билан, тегишли равишда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

5. Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари қўмитага юклатилган ваколатларга мувофиқ судларга кўриб чиқиш учун киритиладиган даъволар бўйича давлат божи тўлашдан озод этилсин.

6. Икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Давлат қўмитасини ташкил қилиш тўғрисида” 1994 йил 7 февралдаги ПФ-758-сонли (5-банди бундан мустасно), “Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг номини ўзгартириш тўғрисида” 2005 йил 4 майдаги ПФ-3603-сонли, “Монополияга қарши ишларни тартибга солиш ва рақобатни ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” (7-банди бундан мустасно) 2010 йил 26 февралдаги ПФ-4191-сонли фармонлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

8. Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

9. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов

Тошкент шаҳри, 2012 йил 13 ноябрь


19 389