ЎзА Ўзбек

02.06.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикасининг Халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг Халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ф а р м о н и

Инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, иқтисодий фаолиятда эркинликни таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги моддий ва процессуал нормаларни такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар мамлакатимизнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги кўрсаткичлари ошишига сабаб бўлмоқда.

Жумладан, сўнгги тўрт йил мобайнида мамлакатимиз Мерос жамғармасининг “Иқтисодий эркинлик” индексида 52 поғонага, Жаҳон банкининг “Логистика самарадорлиги” индексида 19 поғонага, “Бизнес юритиш” индексида 18 поғонага кўтарилди.

Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг “Мамлакатларга хос хатарларни таснифлаш” тизимидаги 6-гуруҳ мамлакатлари қаторидан 5-гуруҳ мамлакатлари қаторига кўтарилди.

Шу билан бирга, айрим раҳбарлар рейтинглар билан ишлашга етарлича эътибор қаратмаётганлиги ва халқаро ташкилотлар томонидан ўтказилаётган сўровларда аксарият ислоҳотлар ўз аксини топмаётганлиги оқибатида устувор халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикаси қуйи поғоналарда қолмоқда.

Мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ва халқаро майдондаги имиджини мустаҳкамлаш, давлат органлари ва ташкилотларида халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашнинг янги механизмларини жорий қилиш, шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида:

1. Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши (кейинги ўринларда – Кенгаш) 1-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.

Кенгашнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий тараққиёт даражасини тизимли таҳлил қилиб бориш, турли соҳаларда амалга оширилаётган туб ўзгаришларнинг Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш мақсадларига хизмат қилишини таъминлаш, мазкур йўналишдаги ишларнинг самарадорлигига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш;

Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини такомиллаштириш, жамиятни демократлаштириш, илғор халқаро тажрибага асосланган давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш бўйича ташаббусларни илгари суриш;

давлат ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларини тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслардаги мамлакатнинг ўрнига таъсири нуқтаи назаридан комплекс баҳолаб бориш.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги Кенгашнинг ишчи органлари этиб белгилансин.

Кенгаш ишчи органлари бўйича тақсимланган Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилашга қаратилган таъсирчан чоралар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши ҳамда ушбу йўналишда тизимли халқаро ҳамкорлик олиб борилиши устидан Кенгаш томонидан назорат ўрнатилади.

Ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ва индексларнинг Кенгаш ишчи органлари бўйича тақсимоти 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Масъул давлат органлари биринчи раҳбарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг бош мезонларидан бири этиб Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш белгилансин.

Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслар бўйича самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари (кейинги ўринларда – KPI) 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Мутасадди вазирлик ва идоралар ўзлари масъул бўлган рейтинг ва индексларнинг эълон қилиниши муддатлари ва уларнинг методологияларини ҳисобга олган ҳолда, KPIга эришиш мақсадида:

бир ой муддатда 2020 йил иккинчи ярми давомида амалга оширилиши лозим бўлган ташкилий чора-тадбирлар дастурларини;

ҳар йил 1 декабрга қадар келгуси йил давомида амалга ошириши лозим бўлган ташкилий чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Кенгашга киритилишини таъминласин.

Бунда, халқаро рейтинг ва индексларнинг навбатдаги нашрида зарур кўрсаткични қайд этишга қаратилган амалий таклифларни ишлаб чиқиш, шунингдек, рейтинг ва индексларни эълон қилувчи ташкилотлар ҳамда уларни тузишда фойдаланиладиган ахборот манбалари билан ҳамкорлик қилиш механизмларини назарда тутиш лозим.

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ масъул давлат органларининг биринчи раҳбарлари ҳар чорак якуни бўйича:

кейинги ойнинг 15-санасига қадар Кенгаш ишчи органларига мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисидаги маълумотлар, зарур статистик ахборотлар ва бошқа материалларни тақдим этади;

кейинги ойнинг 30-санасига қадар Кенгаш раиси ёки ўринбосарининг раҳбарлигида ўтказиладиган йиғилишларда тегишли халқаро рейтинг ва индексларда KPI га эришиш учун амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот беради.

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги ПФ–5687-сон Фармони билан ташкил этилган Устувор халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашни мувофиқлаштириш бўйича комиссия зиммасига Кенгаш фаолиятини ташкил этишга кўмаклашиш ва Кенгаш йиғилишлари оралиғида тегишли йўналишда масъул давлат органлари ишини мувофиқлаштириб бориш вазифаси юклатилсин.

6. Масъул давлат органлари ҳамда тадқиқот институтлари тегишли халқаро рейтинг ва индекслар бўйича амалга оширилган ишлар ҳақидаги маълумотларни Кенгаш ишчи органларига мунтазам равишда тақдим этиб борсин.

7. Жаҳон иқтисодий форумининг Глобал рақобатбардошлик индексида Ўзбекистон Республикасининг ўрнини акс эттириш бўйича чора-тадбирлар режаси 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида адлия органлари ва муассасалари бошқарув ходимларининг чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида 6 та штат бирлигидан иборат Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бошқармаси ташкил этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда ушбу бошқарманинг юқори малакали кадрлар билан тўлдирилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 октябрга қадар Интернет тармоғида “Ўзбекистон Республикаси халқаро рейтингларда” ягона порталининг (кейинги ўринларда – портал) ишга туширилишини таъминласин.

Кенгаш ишчи органлари Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда портал фаолиятининг узлуксиз ишлашини таъминлаш ва уни янгилаб бориш учун масъул этиб белгилансин.

10. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги масъул давлат органлари билан биргаликда мунтазам равишда давлат ва жамият ҳаётининг халқаро рейтинг ва индекслар, уларнинг таркибий индикаторларида баҳоланадиган соҳаларига оид давлат сиёсатидаги ўзгаришлар ва ислоҳотларнинг моҳиятини ёритиш ҳамда соҳада жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида кенг қамровли тарғибот ишларини амалга оширсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 5-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

       Президенти                                 Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 2 июнь


26 154
ЎзА