ЎзА Ўзбек

24.05.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида


Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 26 апрелда

қабул қилинган

Сенат томонидан 2019 йил 3 майда

маъқулланган

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 январда қабул қилинган ЎРҚ–461-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, 1-сонга 2-илова, № 7, 433-модда, № 10, 672-модда; 2019 йил, № 3,
161-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:

1) 162-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш бўйича ҳаракатлар даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги ажримда баён этилиши мумкин, бундан ишни суд муҳокамасига тайёрлаш чоғида судгача мажлис ўтказиш ҳоллари мустасно»;

2) 163-модда қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш чоғида судья фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича, бундан соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриладиган ишлар мустасно, даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган ва иш қўзғатилган кундан эътиборан ўн кун ичида ушбу Кодексда белгиланган тартибда судгача мажлис ўтказиши мумкин»;

3) қуйидаги мазмундаги 1631-модда билан тўлдирилсин:

«1631-модда. Судгача мажлис

Судгача мажлис ўтказиш чоғида судья:

1) даъвогарни ўзи арз қилган талабларнинг моҳияти бўйича сўроқ қилади, ундан жавобгар билдириши мумкин бўлган эътирозларни аниқлайди ва, агар бу зарур бўлса, даъвогарга қўшимча далиллар тақдим этишни таклиф қилади, шунингдек арз қилинган талабларидан воз кечиш ҳуқуқини ҳамда воз кечишнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтиради;

2) ишнинг ҳолатлари бўйича жавобгарни сўроқ қилади, даъвогарнинг талабларига қарши унинг қандай эътирозлари борлигини ва бу эътирозлар қандай далиллар билан тасдиқланиши мумкинлигини аниқлайди, шунингдек жавобгарга даъвогарнинг талабларини тан олиш ёхуд қарши талаблар қўзғатиш ҳуқуқини тушунтиради, жавобгарга иш юзасидан ёзма тушунтиришлар тақдим этишни таклиф қилади. Жавобгарнинг ёзма тушунтиришларни ва далилларни тақдим этмаганлиги, шунингдек суд мажлисига келмаганлиги ишни ишдаги мавжуд далиллар бўйича кўриш учун тўсқинлик қилмайди;

3) тарафлардан келишув битимини тузиш эҳтимолини ёки низони ҳал қилишнинг муқобил усуллари эҳтимолини аниқлайди ва уларнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтиради;

4) ишнинг мураккаблигини ҳисобга олган ҳолда суд муҳокамасининг прогноз қилинаётган, шу жумладан низони ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган илтимосномалар ва ҳужжатларни судга топшириш, гувоҳлар мавжуд бўлганда уларнинг рўйхатларини алмашиш муддатларини назарда тутувчи жадвалини аниқлайди;

5) суд мажлисида ҳозир бўлган тарафлар ва бошқа манфаатдор шахслардан улар ўртасида ушбу ишнинг судга тааллуқлилиги масаласи бўйича келишув, ушбу Кодекснинг 163-моддасида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш зарурияти мавжудлигини аниқлайди.

Судгача мажлиснинг вақти ва жойи тўғрисида тарафлар ва бошқа манфаатдор шахслар хабардор қилинганлик фактини қайд этишни таъминлайдиган суд чақирув қоғозлари, буюртма хатлар, телефонограммалар, телеграммалар ва бошқа алоқа воситалари орқали хабардор қилинади.

Судгача мажлис ўтказилганлиги тўғрисида баённома тузилиб, унда қуйидагилар кўрсатилади: судгача мажлис ўтказилган йил, ой, сана ва жой; ишни юритаётган суднинг номи; судьянинг ва мажлис котибининг (судья ёрдамчисининг ёки катта ёрдамчисининг) фамилияси ҳамда исми-шарифининг бош ҳарфлари; тарафлар, бошқа манфаатдор шахслар ҳақидаги ва уларга процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар; тарафлар томонидан берилган тушунтиришлар.

Тарафлар келмаган тақдирда, судья ушбу Кодекс 163-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган ҳаракатларни амалга оширади. Бундай ҳолда судгача мажлис баённомаси тузилмайди.

Ушбу Кодексда назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, судгача мажлисда иш юритиш тўхтатиб турилиши ёки тугатилиши, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилиши мумкин»;

4) 171-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Суд кутилмаган ва фавқулодда ҳолатларда ишни суд мажлисида кўриш мумкин бўлмаган тақдирда, шу жумладан:

тарафнинг илтимосномаси бўйича, у низони келишув йўли билан ҳал қилиш мақсадида суддан кўмаклашишни сўраб мурожаат қилган тақдирда;

агар суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган ишда иштирок этувчи шахс суд мажлисига кела олмаслиги сабабларини асослаган ҳолда суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилган бўлса ва башарти ушбу шахснинг иштирокисиз ишни кўриш мумкин бўлмаса;

ишда иштирок этувчи шахснинг ўз вакили суд мажлисига узрли сабабга кўра кела олмаганлиги муносабати билан қилган илтимосномаси бўйича;

суд процесси иштирокчиларидан бирортаси, агар суд ишни ушбу шахснинг иштирокисиз кўриш мумкин эмас деб ҳисобласа, келмаган тақдирда;

тарафнинг қўшимча далиллар тақдим этиш ёки учинчи шахслардан талаб қилиб олиш зарурати билан боғлиқ ҳолда суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисидаги илтимосномаси бўйича;

суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилаётганда видеоконференцалоқа ўрнатиш имкони бўлмаган тақдирда;

суд процесси иштирокчиларидан бирортаси келмаган ва кўрсатилган шахснинг суд муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинганлиги тўғрисида далиллар мавжуд бўлмаган тақдирда;

ишга дахлдор бўлмаган жавобгарни ишга дахлдор бўлган жавобгар билан алмаштириш зарур бўлган тақдирда;

низоли ҳуқуқий муносабатдан чиқиб кетган тарафни унинг ҳуқуқий вориси билан алмаштириш зарур бўлган тақдирда;

иккинчи жавобгарни ёки учинчи тарафни ишда иштирок этиш учун жалб этиш зарур бўлган тақдирда суд муҳокамасини кейинга қолдиришга ҳақли.

Суд муҳокамаси уни кейинга қолдиришга асос бўлиб хизмат қилган ҳолатларни бартараф этиш учун зарур бўлган муддатга ушбу Кодексда суд муҳокамаси учун назарда тутилган муддат доирасида, бироқ кўпи билан ўн кунга қолдирилиши мумкин.

Суд муҳокамасини кейинга қолдиришлар сони уч мартадан ошмаслиги керак.

Суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Агар суд мажлисида тарафлар ҳозир бўлса, суд келган гувоҳларни суд муҳокамаси кейинга қолдирилгунига қадар сўроқ қилишга ҳақли. Бу гувоҳларнинг кўрсатувлари янги суд мажлисида ўқиб эшиттирилади. Ушбу гувоҳларни янги суд мажлисига такроран чақириш фақат зарур ҳолларда амалга оширилади.

Ишда иштирок этувчи, аммо суд мажлисига келмаган шахслар ушбу Кодекснинг 127-моддасида назарда тутилган тартибда янги суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинади. Суд мажлисига келган ишда иштирок этувчи шахслар иш материалларига қўшиб қўйиладиган тилхат орқали хабардор қилинади.

Суд муҳокамаси кейинга қолдирилганидан сўнг давом эттирилади.

Зарур бўлган тақдирда ишнинг муҳокамаси у қолдирилганидан кейин бошидан бошланади».

2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;

ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

3-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг

Президенти                                   Ш. Мирзиёев


5 118
ЎзА