ЎзА Ўзбек

20.05.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида


Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ф а р м о н и

Мамлакатда маҳаллий заргарлик тармоғини тиклаш ва ривожлантириш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Ишлаб чиқарувчиларга қимматбаҳо металлардан фойдаланиш имкониятининг берилиши ишлаб чиқарилаётган маҳаллий заргарлик маҳсулотлари ҳажмини кенгайтириш имконини яратди.

Шу билан бирга, соҳада тизимли камчиликларнинг мавжудлиги инвестицияларни фаол жалб қилиш, сифатли заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича фаолият юритаётган қувватларни модернизация қилиш ва янгиларини ташкил этиш, ушбу маҳсулотлар экспортини кенгайтиришга тўсқинлик қилиб, тармоқ ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Сифатли ва рақобатбардош заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, тармоққа чет эл инвестицияларини фаол жалб этиш, рақобатбардош ва сифатли заргарлик буюмларини тайёрлашда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, республика заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасининг 2019 йил 1 июлдан бошлаб қуйидаги тартибни жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:

заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлганмаҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ишлаб чиқарувчининг рўйхатдан ўтказилган шахсий тамғасини буюмга босиш шарти билан давлат асиллик даражаси белгисини мажбурий равишда қўймасдан ўзи ишлаб чиқарган, заргарлик ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган бошқа буюмларнинг (кейинги ўринларда – заргарлик буюмлари)асиллик даражасини мустақил белгилаш ва уларга белгиланган намунадаги асиллик даражаси белгиси изларини қўйиш ҳуқуқи берилсин.

Бунда тамғалаш ва асиллик даражаси белгисини қўйиш тартибини бузган ҳамда кўрсатилган намунага мувофиқ келмайдиган заргарлик буюмларини сотувчи маҳаллий ишлаб чиқарувчилар заргарлик тармоғидаги ноҳалол тадбиркорлик субъектлари реестрига киритилади, уларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган, шу жумладан, лицензия ёки рухсат берувчи бошқа ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиш бўйича таъсир чоралари қўлланилади;

заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотни мустақил равишда чакана тартибда сотиш, шунингдек, аҳолидан қимматбаҳо металл парчалари, қимматбаҳо тошлар ва улардан ясалган буюмларни ишлаб чиқариш мақсадларида сотиб олиш ҳуқуқига эга;

устав фондида давлат улуши бўлмаган ёки давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган юридик шахслар, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар ишлаб чиқаришда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларни сарфлаш, ҳисобини юритиш ва сақлаш тартибини мустақил равишда белгилайдилар;

жисмоний шахсларга қиймати 5 000 (беш минг) АҚШ долларидан ортиқ бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади;

заргарлик буюмларининг чакана савдоси айрим турдаги товарлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғим объекти ҳисобланмайди;

тадбиркорлик субъектлари олтин изловчилик фаолияти доирасида заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларни таъминлаш учун қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларни қазиб олиши мумкин;

заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасида ихтиёрий асосда ягона ташкилотга бирлашиш орқали иштирок этган тақдирда, уларга нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлар, шунингдек, уюшма аъзоларининг имтиёз ва преференциялари татбиқ этилади.

2. Тижорат банклари ва заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

“Навоий КМК” ДК ва “Олмалиқ КМК” АЖдан қимматбаҳо металларни (олтин ва кумуш) ўлчов пластиналари кўринишида, шунингдек, 5 грамм ва ундан ортиқ бўлган оғирликдаги гранулаларни (қимматбаҳо металлар соф оғирлигига қайта ҳисоблаганда) Лондон қимматбаҳо металлар биржасининг тонгги фиксинги асосида миллий валютада сотиб олиш;

сотиб олинган қимматбаҳо металларни бошқа заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларига сотиш.

“Ўзстандарт” агентлиги “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси, “Навоий КМК” ДК ва “Олмалиқ КМК” АЖ билан биргаликда бир ой муддатда мазкур бандни амалга ошириш имкониятини таъминлашни инобатга олган ҳолда Қимматбаҳо металлар (олтин ва кумуш) ўлчов пластиналари ҳамда гранулаларининг давлат стандартини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

3. 2019 йил 1 июндан бошлаб қимматбаҳо металларни сотиб олиш учун берилган миллий валютадаги тижорат банклари кредитлари бўйича фоиз харажатларини Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан ошадиган, бироқ кредитлар бўйича 5 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисмида қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан компенсация қилиш орқали маҳаллий заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизми жорий этилсин.

Молия вазирлиги заруратга қараб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига мазкур бандда кўрсатилган мақсадлар учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан 2019-2020 йилларда 40 миллиард сўмгача миқдорда маблағ ажратсин.

4. Ўзбекистон Банклар ассоциацияси тижорат банклари билан биргаликда заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар қимматбаҳо металларни сотиб олиши учун қисқа муддатли револьвер (қайта тикланувчи) кредитларни ажратиш амалиётини кенгайтирсин.

5. 2022 йилнинг 1 июлига қадар:

қимматбаҳо металлар ва маҳаллий заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш обороти қўшилган қиймат ва акциз солиғидан;

белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно) озод қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоров янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси лойиҳасига мазкур бандда назарда тутилган солиқ имтиёзларини киритсин.

6. 2019 йил 1 июлдан бошлаб навбатдаги йилга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари шакллантирилаётганда миқдорини ҳар йили индексация қилган ҳолда, олтиндан ясалган заргарлик буюмларни чакана савдода сотганлик учун 1 граммига 1 000 (бир минг) сўм миқдорида йиғим жорий этилсин.

7. 2019-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси билан биргаликда 2020 йилнинг охирига қадар тадбиркорлик субъектлари иштирокида ҳар бир ҳудудда камида иккита, Тошкент шаҳрида эса – камида ўнта тайёр заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришдан сотишгача бўлган тўлиқ жараённи ўз ичига олувчи замонавий заргарлик савдо-ишлаб чиқариш марказларини ташкил этсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда аниқ ташаббускорлар, жойлаштириш манзили, молиялаштириш манбалари, заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш (сотиш) ҳажмларини кўрсатган ҳолда замонавий заргарлик савдо-ишлаб чиқариш марказларини ташкил этиш жадвалини тасдиқлаш, шунингдек, мазкур марказларни ташкил этиш бўйича бошқа зарур ташкилий чора-тадбирларни назарда тутувчи ҳукумат қарорини қабул қилсин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги,
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бир ой муддатда 2-иловага мувофиқ заргарлик савдо-ишлаб чиқариш марказлари фаолиятини ташкил этиш учун объектларни “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасига топширсин.

9. “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси қошида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Заргарлик тармоғини ривожлантириш жамғармасини (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

10. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 5 миллиард сўм миқдоридаги маблағлари, 2020-2021 йилларда эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети шакллантирилаётганда олтиндан ясалган заргарлик буюмларини чакана савдода сотганлик учун йиғимнинг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдори тушиши ҳисобига зарур маблағларни назарда тутиш;

халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

11. Белгилансинки, Жамғарманинг маблағларидан қуйидагилар учун фойдаланилади:

заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама, шу жумладан, истиқболли инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишни молиялаштириш орқали қўллаб-қувватлаш;

истеъмол бозорида сифати паст, контрафакт заргарлик буюмларининг сотилиши, шунингдек, уларнинг ноқонуний муомаласига йўл қўймаслик учун жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

заргарлик тармоғи мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув марказларини ташкил этиш;

маҳаллий заргарлик брендларини илгари суришга, шу жумладан, мамлакатимизда ва хорижда заргарлик кўргазмалари ва ярмаркаларини ташкил этиш, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг шундай тадбирларда кенг иштирокини таъминлаш орқали кўмаклашиш;

ўзини ўзи молиялаштириш шартларида, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга ошириладиган қимматбаҳо металлар ва заргарлик буюмларини таҳлил қилиш ва асиллик даражасини назорат қилиш шохобчаларини (мини-лабораторияларини) ташкил этиш;

заргарлик тармоғидаги хорижий маслаҳатчилар ва экспертларни жалб қилиш, “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасининг аъзолари ва ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

“Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан, унинг ходимларини иш ҳақи билан таъминлаш.

12. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлигининг Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси (кейинги ўринларда – Асиллик даражасини белгилаш палатаси) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тасарруфига ўтказилсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Асиллик даражасини белгилаш палатасининг фаолиятини ташкил этиш бўйича ҳукумат қарорини қабул қилсин.

13. Тадбиркорлик субъектларига ваколатли давлат органи томонидан бериладиган лицензия асосида аффинаж фаолияти билан шуғулланиш, шу жумладан, қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

қимматбаҳо металларни сотиб олиш ва сотиш учун биржа савдоларида иштирок этиш;

аҳолидан қимматбаҳо металларни, шу жумладан, олтин изловчилар усулида қазиб олинган қимматбаҳо металларни, заргарлик буюмларини, уларни ишлаб чиқаришдан ҳосил бўлган парчалар ва чиқиндиларни сотиб олиш;

қимматбаҳо металларни сотиб олиш ва сотиш шохобчаларини, шу жумладан, мамлакатимиз ҳудудларида очиш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда аффинаж фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомини тасдиқласин.

14. Белгилансинки, давлат даромадига қаратилган қимматбаҳо металларнинг парчалари ҳамда қимматбаҳо металлар, ярим қимматбаҳо ва қимматбаҳо тошлар ҳамда марвариддан ясалган буюмлар кўринишидаги бойликлар, эгасиз бойликлар, хазиналар, шунингдек, мулкдорлар томонидан давлат даромадига бепул топширилган бойликлар (археологик ва музей буюмлари ёки музей коллекциялари ҳамда маданий қимматга эга бўлган буюмлар бундан мустасно) заргарлик тармоғининг манфаатдор қатнашчиларига олдиндан тўлиқ ҳақ тўлаш шарти билан қуйидаги тартибда сотилади:

қимматбаҳо металлар – тўлов ҳисоби ёзилган санадаги Лондон қимматбаҳо металлар биржасининг эрталабки фиксинг нархи ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курси бўйича;

ярим қимматбаҳо ва қимматбаҳо тошлар ҳамда марварид – тегишли харажатлар харидорлар томонидан қопланган ҳолда, баҳолаш ташкилотлари томонидан белгиланган тартибда амалга оширилган баҳолаш асосида.

15. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасининг буюртманомалари асосида 2019/2020 ўқув йилидан бошлабТошкент давлат техника университетида “Заргарлик буюмлари дизайни” йўналиши бўйича алоҳида гуруҳларни ташкил этган ҳолда заргарлик тармоғи учун кадрлар, шунингдек, касб-ҳунар коллежларида заргарлик тармоғи мутахассислари тайёрланишини таъминласин.

16. 2020 йилдан бошлаб хорижий мамлакатларнинг заргарлик тармоғи вакиллари, хорижий инвесторлар, экспертлар ва мутахассисларни жалб этган ҳолда “UzbekJewelleryFair”заргарлик саноатининг замонавий асбоб-ускуналари, технологиялари ва буюмларининг йиллик халқаро кўргазма-савдосини ўтказиш амалиёти жорий этилсин.

“Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда ташкил этиладиган кўргазмаларда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан заргарлик буюмлари сотилишининг соддалаштирилган тартибини назарда тутган ҳолда бир ой муддатда кўргазма-савдони ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

17. Давлат солиқ қўмитаси Олий суд, Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қуйидагиларни қўллаган ҳолда асиллик даражасини белгилаш ва тамғалашнинг белгиланган тартибини бузган ҳолда, шунингдек, кирим қилинмаган заргарлик буюмларини сотганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқсин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилганда – заргарлик буюмини мусодара қилмаган ҳолда унинг қийматининг 50 фоизи миқдорида жарима солиш кўринишидаги молиявий жазо;

ушбу ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такроран содир этилганда – заргарлик буюмини мусодара қилиш ёки унинг қийматининг 100 фоизи миқдорида жарима солиш кўринишидаги молиявий жазо.

18. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда тўғридан-тўғри амал қилувчи “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қайта ишланишини таъминласин ва унда қуйидагиларни назарда тутсин:

қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи соҳасидаги муносабатларни комплекс ҳуқуқий тартибга солиш;

заргарлик буюмлари асиллик даражасини белгилаш ва тамғалаш тизимини, шунингдек, уларнинг сифатини назорат қилиш тартиб-таомилларини, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик механизмини қўллаган ҳолда такомиллаштириш;

қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи соҳасидаги давлат органлари ва бошқа иштирокчиларнинг ваколатлари ва жавобгарлик соҳасини аниқ чегаралаш;

тармоққа инвестициялар, шу жумладан, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш учун қулай шароит яратиш ва рақобат муҳитини яхшилаш.

19. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Давлат божхона қўмитаси, Асиллик даражасини белгилаш палатаси, “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда заргарлик буюмлари ноқонуний муомаласига чек қўйиш, шу жумладан, тегишли тарзда тамғаланмаган ва асиллик даражаси бўлмаган қалбаки буюмларнинг чакана савдода сотилишига йўл қўймаслик бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатларнинг комплекс режасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

20. “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Миллий телерадиокомпанияси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда заргарлик тармоғида яратилган қулай имкониятлар, қабул қилинган қонун ҳужжатларининг моҳияти ва мазмуни тўғрисида кенг тушунтириш ишларини олиб борсин.

21. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси:

икки ой муддатда олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун республикада мавжуд бўлган қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларнинг конларини хатловдан ўтказсин;

минерал-хом ашё базасини ривожлантириш ва такрор ишлаб чиқариш йиллик дастури доирасида заргарлик ва бадиий товарларнинг саноат эҳтиёжлари учун яроқлилигини ҳисобга олган ҳолда қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларни разведка қилиш бўйича лойиҳаларни амалга оширсин.

22. Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Молия вазирлиги ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан биргаликда халқаро тажрибани ўрганиш асосида икки ой муддатда республикада металлар билан боғлиқ битимларни тузишга ихтисослашган товар биржасини ташкил этишга доир таклифни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

23. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Марказий банк билан биргаликда икки ой муддатда Марказий банк ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлигининг заргарлик тармоғини тартибга солиш бўйича айрим функциялари ва ваколатлари Асиллик даражасини белгилаш палатасига берилганлигини инобатга олиб, мазкур агентликнинг фаолияти самарадорлигини янада ошириш юзасидан таклифлар киритсин.

24. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

25. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорлари 4-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

26. Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Марказий Банк, Молия вазирлиги, “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси ва манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

27. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                                           Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 18 май


11 721
ЎзА