Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ф а р м о н и
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
ф а р м о н и
Туризм инфратузилмасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, тақдим этилаётган хизматлар сифатини ошириш ва жаҳон бозорларида миллий туризм маҳсулотларини фаол тарғиб қилиш, туризм тармоғининг кадрлар салоҳиятини кучайтириш орқали туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш ҳамда республикага кириб келаётган хорижий фуқаролар сонини кескин кўпайтириш мақсадида, шунингдек, 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш концепциясининг асосий йўналишларига мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2019 йил 1 октябрдан бошлаб халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ “Қарши”, “Нукус” ва “Термиз” халқаро аэропортларида “бешинчи ҳаво эркинлиги”ни қўллаган ҳолда, шунингдек, “Бухоро” халқаро аэропортида “бешинчи ҳаво эркинлиги”ни хорижий давлатлар фуқароларини ташишда қўллаган ҳолда “Очиқ осмон” режимини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда хорижий давлатларнинг авиация маъмуриятларини ва чет эл авиаташувчиларини “Очиқ осмон” режими жорий этилаётган Ўзбекистон халқаро аэропортларининг рўйхати тўғрисида, шу жумладан, дипломатик каналлар орқали хабардор этишни таъминласин.
2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) 2020 йил 1 январдан:
туризм фаолияти субъектлари ва авиаташувчиларнинг хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга чартер рейсларини ташкил қилиш бўйича харажатларининг бир қисми ҳар бир хорижий турист учун, у республика ҳудудида камида беш кеча тунаб қолган тақдирда, 20 АҚШ доллари, қиш мавсумида (20 ноябрдан 20 февралгача) эса 50 АҚШ доллари миқдорида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қоплаб берилади;
хорижий кинокомпанияларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аудиовизуал маҳсулотлар (кино, теле ва видеофильм, клип, мультфильм, анимелар) яратишдаги харажатларининг бир қисми (“rebate”) Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширилган харажатларнинг 20 фоизигача, лекин битта маҳсулот учун 300 минг АҚШ долларидан ошмаган миқдорда қоплаб берилади;
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Ўзбекистоннинг тарихий ва афсонавий шахслари тўғрисидаги тўлиқ метражли бадиий, қисқа метражли бадиий, хроникал ҳужжатли фильмларни суратга олиш учун лойиҳа қийматининг 30 фоизи, лекин 3 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда грантлар ажратилади;
тадбиркорлик субъектларининг республика ҳудудларида (Тошкент шаҳридан ташқари) чет эл таомларига ёки алоҳида йўналишга ихтисослаштирилган мавзули овқатланиш шохобчаларини, шунингдек, “караоке” заллари ва туристик қўнгилочар муассасаларни ташкил этиш харажатларининг бир қисми Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар бир лойиҳа учун 10 миллион сўм миқдорида қопланади;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича моддий маданий мерос объектлари ҳудудларига 5 тоннадан юқори вазнга эга катта ҳажмли автотранспорт воситаларининг киришига чеклов қўйилади;
ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилган маданий мерос объектлари ва давлат муҳофазасига олинган тарихий ёки маданий ёдгорликлар ҳудудида фақат мамлакатимизда ишлаб чиқарилган сувенир маҳсулотлари сотилади;
б) 2019 йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси:
энг юқори туризм салоҳиятига эга бўлган фуқаролар йиғинлари (шаҳарча, қишлоқ, овуллар ҳамда шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овулларнинг маҳаллалари) рўйхатини шакллантиради;
ушбу фуқаролар йиғинлари ҳудудларида 20 тадан кам бўлмаган оилавий меҳмон уйлари ташкил этилганда ва туристлар учун камида беш хил хизмат турлари (яшаш ва ёки овқатланиш бўйича хизматлардан ташқари) кўрсатилган тақдирда уларга “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи” ёки “Туризм овули” мақомини беради;
в) 2020 йилдан бошлаб “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи” ёки “Туризм овули” мақоми берилган фуқаролар йиғинлари “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурларига биринчи навбатда киритилади;
г) “Uzbekistan Airports” АЖга республиканинг халқаро аэропортлари таклифларига кўра:
аэропорт томонидан кўрсатиладиган хизматлар (Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган авиакомпанияларга кўрсатиладиган хизматлардан ташқари) учун ставкалар ҳамда йиғимларни белгилаш ва ўрнатиш;
аэропортнинг авиация ёнилғиси ва ёқилғи-мойлаш материалларини сақлаш учун зарурий инфратузилмани кенгайтириш ва модернизация қилиш;
маҳаллий ёки хорижий юридик шахслар билан танлов асосида авиация ёнилғиси ва ёқилғи-мойлаш материалларини етказиб бериш бўйича шартномалар, шунингдек, уларни мамлакатнинг халқаро аэропортларига рейсларни, шу жумладан, транзит рейсларни амалга оширувчи маҳаллий ёки хорижий авиакомпанияларга сотиш бўйича шартномалар тузиш ҳуқуқи берилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги
ПҚ–3217-сон қарори билан ташкил этилган Туризмни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашнинг (кейинги ўринларда – Мувофиқлаштирувчи кенгаш) Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига қуйидаги ваколатларни бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:
Мувофиқлаштирувчи кенгашга жойлардаги салоҳиятли ҳудудларни ўрганиш асосида туризм инфратузилмаси объектларини ривожлантириш ҳудудларини ташкил этиш бўйича таклифлар киритиш;
туризм инфратузилма объектларини жойлаштириш учун салоҳиятли ҳудудларда режалаштириш ва лойиҳалаштириш ишларини ташкил этиш;
туризм соҳасига инвестициялар жалб этиш бўйича инвесторлар билан музокаралар олиб бориш, улар билан инвестициявий келишув ва шартномаларни имзолаш, шунингдек, инвесторлар томонидан лойиҳани амалга ошириш бўйича мажбуриятлар қабул қилинган ҳолда уларга ер участкаларини ўрнатилган тартибда “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончаси орқали тақдим этиш масаласини кўтариш.
4. 2020 йил 1 январдан бошлаб 1-иловага мувофиқ мамлакатларнинг фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгилансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш ва автомагистраль йўллари бўйлаб туризм хизматларини ташкил этишни назарда тутувчи Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридан Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрига боғланган ҳолда Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ шаҳригача “Ўзбекистон туризм магистрали” туризм транспорт коридорини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
6. “Ўзбекистон туризм магистрали” туризм транспорт коридори бўйлаб автомагистраль йўллари ва йўлбўйи инфратузилмаси ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда – Ишчи гуруҳ) 2-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин ва унга қуйидаги ваколатлар берилсин:
капитал ва жорий таъмирга муҳтож йўл участкаларини аниқлаш, шунингдек, яратиладиган йўлбўйи инфратузилмаси объектларининг жойлашувини белгилаш;
йўлбўйи инфратузилмасини ривожлантириш билан боғлиқ тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун тадбиркорларга рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтишда (ер участкаларини ажратиш, қурилишга рухсат олиш) кўмаклашиш;
тегишли давлат органлари томонидан уларнинг ваколатига кирувчи муаммоли масалаларни (йўл кўрсаткичлар ўрнатиш, санитария-гигиена шохобчаларини қуриш ва бошқалар) ҳал этиш бўйича топшириқларнинг бажарилишини назорат қилиш.
7. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан туризм учун инновацион бизнес ғоя ва стартапларни амалга ошириш мақсадида лойиҳа ташаббускорларига лойиҳа қийматининг 30 фоизи, лекин 100 миллион сўмдан ошмаган миқдорда грантлар ажратилади.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бир ой муддатда амалга оширилиши тавсия этиладиган туризм учун инновацион бизнес ғоя ва стартаплар рўйхатини тасдиқласин.
8. Ўзбекистон Республикасининг туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича “Йўл харитаси” 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
9. 2023 йил 1 январга қадар қуйидагилар:
а) етиб бориш қийин бўлган ва чекка жойларда (аҳоли яшаш пунктларидан камида 10 километр ёки қаттиқ қопламали автомобиль йўлларидан 5 километр узоқликда) кемпинглар ва “сафари” туризмини ташкил этиш бўйича туризм хизматларини кўрсатадиган юридик шахслар алоҳида автоном инфратузилмани яратган тақдирда мазкур фаолият тури бўйича юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк солиғи, шунингдек, ягона солиқ тўлови тўлашдан;
б) юридик шахслар, уларнинг лойиҳа ташкилотлари, бош пудратчи ва субпудратчи ташкилотлари жаҳон стандартларига мос ва зарур маданий кўнгилочар инфратузилмаларига эга гольф мажмуаларини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш доирасида:
фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк солиғидан;
лойиҳани амалга ошириш учун жалб этиладиган хорижий мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди қисми бўйича ягона ижтимоий тўловдан;
лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган товарларни, шу жумладан, “вақтинча олиб кириш” божхона режимида олиб киришда божхона божи ва акциз солиғидан;
в) намунавий лойиҳалар бўйича замонавий санитария-гигиена шохобчаларини қуриш ва (ёки) уларнинг фаолиятини ташкил этишни амалга оширувчи юридик шахслар мазкур фаолият тури бўйича юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк солиғи, шунингдек, ягона солиқ тўловини тўлашдан;
г) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган дор (осма) йўлларини, “банжи-жампинг” ва “зиплайн” аттракционларини, бошқариладиган (дирижабль, ҳаво шари) ва бошқарилмайдиган (эркин учиш) аэростатлар, гондолалар, “рафтинг” ва “флайбординг” учун ускуналар, шунингдек, “buggy car”, фаэтонлар, жойлаштириш воситаси сифатида тунаб қолиш учун жиҳозланган (ғилдирак устидаги уйлар) ёки кафе-фургонларга айлантирилган (“фудтрак”) ер усти транспорт воситалари божхона божи ва акциз солиғидан озод этилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Жиззах, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида махсус туризм зоналарини ривожлантириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Жиззах, Наманган, Сурхондарё ва бошқа вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда туризм зоналарини ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилишнинг батафсил режасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Туризм зоналарида инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш устидан назорат:
“Зомин” бўйича – Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У.Умурзоқов;
“Нанай” бўйича – Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов;
“Бойсун” бўйича – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.
11. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси марказий аппарати тузилмасида бошқарув ходимларининг белгиланган умумий штат бирликлари доирасида архитекторлар, картографлар, шаҳарсозлик ва қурилиш муҳандисларидан таркиб топган, 15 штат бирлигидан иборат Туризм зоналари ва кластерларини ривожлантириш бошқармаси ташкил этилсин ва унга туризм инфратузилма объектларини жойлаштиришни режалаштириш ва лойиҳалаш бўйича ишларни ташкил этиш вазифалари юклансин.
12. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг:
мамлакатда туризм соҳасини ривожлантириш ва оммалаштиришга муносиб ҳисса қўшган жамоат тузилмалари вакилларига ва хориждаги ватандошларга уларнинг фаолиятини тегишли нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан баҳолаш натижалари бўйича топшириладиган “Туризм соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишонини таъсис этиш;
“Туризм ўқув-консалтинг мaркaзи” дaвлaт унитaр корхонaси негизида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш институтини (кейинги ўринларда – Институт) ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
13. Қуйидагилар Институт фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
туризм соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш, ушбу соҳадаги илмий тадқиқотлар ва илмий-амалий ишланмаларни мувофиқлаштириш, тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
туризм тармоғи учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган янги ўқув дастурлари ҳамда таълим шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш;
хорижий мутахассислар ва ўқитувчиларни жалб қилган ҳолда туризм соҳаси ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш;
туризм тармоғи учун кадрлар тайёрловчи ўқув таълим муассасалари фаолиятини илмий-услубий жиҳатдан мувофиқлаштириш, консалтинг ва ўқув марказлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш;
ягона тест синови тизими асосида гидлар, экскурсия етакчилари, йўриқчи-кузатувчилар учун малака сертификатини бериш.
14. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси икки ой муддатда:
Институтнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаган ҳолда унинг Уставини;
Институтнинг тузилмаси ва штат жадвалини ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.
Институт ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлаш даражаси Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ходимларига тенглаштирилсин.
Институт Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Буюк ипак йўли кўчаси, 115а-уй манзилига жойлаштирилсин.
15. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг илтимосномаси келиб тушган кундан бошлаб 5 иш куни ичида тадбиркорлик субъектларига замонавий санитария-гигиена шохобчаларини қуриш учун 80-100 квадрат метр ўлчамда ер участкалари электрон аукционга қўйилмасдан ажратилиши юзасидан шахсий жавобгарлиги белгилансин.
16. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда:
Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ ва Паркент туманларида, Жиззах вилоятининг Зомин туманида электр энергияси, газ, сув таъминоти ва канализация иншоотларини, шунингдек, автомобиль йўлларини жадал реконструкция қилиш бўйича инвестиция лойиҳаларини келгусида Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган Давлат инвестиция дастурига киритишни назарда тутган ҳолда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари доирасида ажратиладиган маблағларни биринчи навбатда “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи” ёки “Туризм овули” мақомидаги фуқаролар йиғинларини ободонлаштириш, шу жумладан, ички автомобиль йўлларини таъмирлаш, электр энергия, газ ва сув таъминоти, канализация тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш, мобил алоқа ва интернетни яхшилаш мақсадида қўшимча базавий станцияларни ўрнатиш учун йўналтириш чораларини кўрсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги:
а) “Uzbekistan Airports” АЖ, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан биргаликда “Очиқ осмон” режими жорий қилинаётган Ўзбекистондаги халқаро аэропортларнинг учиш-қўниш йўллари, ҳаракатланиш йўллари, қўмондонлик-диспетчерлик пунктлари, аэронавигация жиҳозлари ва стационар ер усти алоқа тармоқларининг реконструкция қилинишини таъминласин;
б) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда 2020-2022 йиллар давомида 4-иловага мувофиқ миллий ва хорижий авиакомпанияларни жалб қилиш учун истиқболли хорижий мамлакатлар шаҳарлари билан авиақатновларни босқичма-босқич йўлга қўйиш чораларини кўрсин;
в) 2020 йил 1 январга қадар ҳамкорликни ва парвозлар географиясини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг ҳаво қатнови тўғрисидаги ҳукуматлараро битимларининг хатловдан ўтказилишини ва қайта кўриб чиқилишини таъминласин;
г) 2020 йил 1 январга қадар радиотехника жиҳозларини босқичма-босқич модернизация қилиш ва аэронавигация хизматларини кўрсатиш ҳажмини ошириш дастурини ишлаб чиқсин;
д) “Uzbekistan Airways” АЖ, “Uzbekistan Airports” АЖ ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда “Uzbekistan Airways” АЖ ва “Uzbekistan Airports” АЖни ривожлантириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи барқарор бизнес-моделни ишлаб чиқсин:
қайтарилмайдиган ва багажсиз тарифлардан фойдаланиш йўли билан авиақатновлар нархларини оптималлаштириш бўйича халқаро тажрибани жорий этиш;
аэропорт инфратузилмасини қуриш, реконструкция қилиш, кенгайтириш ва модернизация қилиш дастури;
ҳаво кемаларини ишлаб чиқарувчи етакчи хорижий компанияларни жалб қилган ҳолда ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ҳажмини ошириш;
авиация ёнилғиси ва ёқилғи-мойлаш материалларини узлуксиз етказиб беришни таъминлаш чоралари;
авиачипталарнинг онлайн савдоси имкониятларини кенгайтириш ва электрон авиа юк варақаларини расмийлаштириш тизимини жорий қилиш;
Ўзбекистон Республикаси ичида вилоятлараро йўналишлар бўйича авиақатновларни, шу жумладан, яқин ва ўрта масофаларга учишга мўлжалланган ҳаво кемаларидан фойдаланиш ҳисобига ривожлантириш;
республика ичида норентабел қатновларни амалга оширувчи авиаташувчиларни субсидиялаш механизмини амалда жорий қилиш;
е) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда аэропортлар томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун табақалаштирилган тарифлар ва йиғимларни ҳисоблаш методикасини тасдиқласин ва республиканинг ҳар бир аэропорти кесимида кўрсатиладиган хизматлар учун тарифлар ва йиғимларни қайта кўриб чиқиш чораларини кўрсин;
ж) Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда вертолётларда йўловчи ташиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани, учиб ўтиш ҳудудларини хатловдан ўтказиш, шунингдек, вертолёт майдонларини лойиҳалаштириш ва қуриш асосида юридик шахслар томонидан вертолёт техникасидан фойдаланган ҳолда авиация хизматларини кўрсатиш тартибини жорий этиш чораларини кўрсин;
з) “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан биргаликда 2019 йил 1 сентябрга қадар, шу жумладан, юридик шахслар томонидан шахсий кабинет орқали гуруҳ йўл ҳужжатларини расмийлаштириш ҳамда мобил иловалар орқали чипталар мавжудлигини кузатиш ва онлайн брон қилиш имкониятини назарда тутувчи “E-ticket” онлайн чипта савдосининг шаффоф тизимини ишга тушириш ҳамда ишлатиш чораларини кўрсин;
и) “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан биргаликда 2019 йил 1 декабрга қадар халқаро аэропортлар йўловчиларига қулай логистикани яратиш учун мамлакатимиз ва чегарадош давлатлар шаҳарлари ўртасида транспорт алоқаларини (автобус ва темир йўл қатновлари) таъминлаш бўйича режа ишлаб чиқсин;
к) Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати билан биргаликда 2019 йил 1 декабрга қадар халқаро ташувчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бўлинмаларига йўловчилар тўғрисида дастлабки маълумотларни тақдим қилиш тартиби ҳақидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
18. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда мазкур Фармоннинг 5-иловасида назарда тутилган инвестиция таклифларининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурига киритилишини таъминласин.
19. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки икки ой муддатда хорижий туристларга республика ҳудудида халқаро тўлов карталари ёрдамида тўловларни амалга ошириш имкониятини яратиш мақсадида миллий тўлов тизимини халқаро тўлов тизимлари билан интеграция қилиш чораларини кўрсин.
20. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бир ой муддатда визани расмийлаштириш тартиб-таомилини соддалаштириш, аризаларни кўриб чиқиш муддатларини мақбуллаштириш ва тақдим қилинадиган ҳужжатлар рўйхатини қисқартиришни, шунингдек, электрон ҳужжатлар айланмасини жорий этишни назарда тутган ҳолда хорижий фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикасига келиш ва кетиш визаларини расмийлаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқсин.
21. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати 2020 йил 1 январга қадар туристларнинг рўйхатдан ўтганлигини ҳисобга олишни, шунингдек, уларнинг республика ҳудудида бўлишлари ва рўйхатдан ўтганлигини текширган ҳолда вақтида мамлакатдан чиқиб кетиши назорат қилинишини таъминласин. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тегишли дастурий таъминот тизими ишлаб чиқилсин.
22. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ЮНЕСКО Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган моддий маданий мерос объектлари ҳудудида ободонлаштириш ва қурилиш ишларини олиб боришга йўл қўймаслик юзасидан қатъий назорат ўрнатсин, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси билан келишилган ҳолатлар бундан мустасно.
23. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси:
а) “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи” ёки “Туризм овули” мақомига эга фуқаролар йиғинлари маҳаллий аҳолисини туристларга сифатли хизмат кўрсатиш бўйича тайёрлаш ва ўқитишни доимий асосда ташкил этсин;
б) икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Фуқаролар йиғинларига “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи” ёки “Туризм овули” мақомини бериш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини киритсин;
в) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда туристик йиғимни ундириш механизмларини такомиллаштириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакатга киришида туристик йиғимни транспорт турига қараб тўлаш тартибини жорий этиш;
туристлар томонидан туристик йиғимни мустақил равишда тижорат банклари филиаллари, туристик ахборот марказлари ва электрон ахборот тизимлари орқали тўлаш механизмларини жорий этиш орқали йиғимни тўлаш усулларини кенгайтириш;
г) Транспорт вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Тадбиркорлик субъектларининг харажатларини қоплаш учун маблағ ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
д) Молия вазирлиги, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аудиовизуал маҳсулотларни яратишда чет эл кинокомпанияларига харажатларининг бир қисмини қайтариш (“rebate”) тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
е) “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан биргаликда Ўзбекистон миллий кинокомиссиясига ҳар йили:
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан чет эл кинокомпанияларига бепул асосда ташкилий ва ишлаб чиқариш-техник ёрдам кўрсатиш бўйича вазифаларни амалга ошириш;
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳузуридаги Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан мамлакат кинематографияси, кинолокацияси, кинотуризмини ва “rebate” тизимини тарғиб қилиш мақсадида халқаро кино тадбирларда миллий павильонлар ташкил қилиш ва ҳар йили “PROlogue” халқаро кинофестивали доирасида “LocationEXPOuz” маҳаллий кинолокацияларининг халқаро кўргазмасини ўтказиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун маблағлар ажратилишини таъминласин;
ж) бир ой муддатда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан грантлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
з) Хусусий туризм ташкилотлари уюшмаси билан биргаликда келгусида туризм операторлари томонидан турли туризм йўналишлари шакллантирилиши учун мамлакат ҳудудларининг ноёб туристик салоҳиятини ва истиқболли туризм намойиши объектларини доимий равишда ўрганишни ва тарғиб қилишни таъминласин.
24. Мазкур Фармонни амалга ошириш бўйича батафсил амалий тадбирлар режаси 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳар 15 кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига мазкур Фармоннинг ижроси юзасидан ахборот киритиб борилишини таъминласин.
25. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига
7-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
26. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Транспорт вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
27. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мазкур Фармоннинг мақсад ва вазифаларини тушунтириш юзасидан оммавий ахборот воситаларида мақолалар ва тематик кўрсатувларни ташкил этсин.
28. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2019 йил 13 август