Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и
2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ва 2019-2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш концепцияси доирасида тиббий ёрдамнинг самарадорлиги, сифати ва ундан барчанинг фойдалана олиш имкониятини таъминлаш, тиббиёт илм-фанининг замонавий ютуқлари ва технологияларини жорий этиш, аҳоли соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Аҳоли саломатлигини таъминлаш, тиббий-санитар ёрдам кўрсатиш, турли хил, айниқса сурункали касалликлар профилактикасида ва уларни даволашда сифат, хавфсизлик ва самарадорлик жиҳатидан амалда синалган халқ табобати муҳим ўрин тутади.
Ўтган давр ичида кўрилган чора-тадбирлар натижасида халқ табиблари томонидан хизматлар кўрсатиш соҳасида ҳуқуқий база шакллантирилди, Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси ташкил этилди, халқ табобатининг усуллари ва ютуқларини самарали ва хавфсиз тарзда қўллаш учун биринчи навбатдаги шарт-шароитлар яратилди, уни ривожлантиришнинг асосий мақсадлари ва йўналишлари белгилаб берилди.
Шу билан бирга, амалга оширилган ишлар таҳлили халқ табобати хизматларини кўрсатишни, унинг усуллари самарадорлигини баҳолаш механизмларини янада такомиллаштириш, халқ табобатини замонавий соғлиқни сақлаш тизимига изчил интеграциялаш, ушбу йўналишда мутахассислар ва бошқа тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш зарурати мавжудлигидан далолат бермоқда.
Халқ табобатининг касалликларни профилактика қилиш, ташхис қўйиш ва даволаш бўйича самарали усулларини замонавий тиббиёт амалиётига жадал интеграциялаш, фуқаролар саломатлигини янада мустаҳкамлаш, ушбу соҳада мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида:
1. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Халқ табобати соҳасидаги 2014-2023 йилларга мўлжалланган стратегия амалга оширилаётгани маълумот учун қабул қилинсин. Унинг мақсади қуйидаги йўналишларда аъзо мамлакатларни қўллаб-қувватлашдан иборат:
саломатлик, осойишталик, инсонларга қаратилган тиббий-санитар ёрдам кўрсатишни таъминлаш, тиббий-санитария хизматлари сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш хизматлари билан ялпи қамраб олишни кенгайтириш ҳамда истеъмолчиларга ўз соғлиғи ҳақида ғамхўрлик қилиш борасида онгли танлов учун имкониятлар яратишда халқ табобатининг салоҳиятидан фойдаланиш;
меъёрлар ва қоидаларни белгилаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда халқ табобати маҳсулотлари ва амалиётини соғлиқни сақлаш тизимига интеграциялаш, кадрлар малакасини ошириш, даволаш кўникмалари, хизматлари ва усулларини такомиллаштириш йўли билан халқ табобатини хавфсиз ва самарали қўллашга лозим даражада кўмаклашиш.
2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг экспертларини жалб қилган ҳолда, Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси, “Табобат” академияси ва манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-2025 йилларда Ўзбекистонда халқ табобатини ривожлантириш концепциясини мақсадли кўрсаткичлар (индикаторлар) ҳамда уни амалга оширишга доир йиллар бўйича “Йўл харитаси” билан биргаликда тасдиқлашни назарда тутувчи қарори лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Ушбу Концепцияни ишлаб чиқишда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилсин:
таклиф этилаётган чора-тадбирларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги ПФ–5590-сон Фармони билан тасдиқланган ва ҳозирда амалга оширилаётган 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси билан узвий боғлиқлиги;
аниқ механизмлар ва босқичларни кўрсатган ҳолда, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Халқ табобати соҳасидаги 2014-2023 йилларга мўлжалланган стратегиясида назарда тутилган тавсиялар ва таклифларни амалда бажариш;
Хитой, Корея, Япония, Ҳиндистон, Вьетнам, Франция, Россия ва бошқа мамлакатларнинг халқ табобатини ривожлантириш борасидаги илғор институционал тажрибасини, шу жумладан, жойига бориб кенг ўрганиш;
ўтказилган таҳлиллар ва тадқиқотлар асосида халқ табобати воситалари ва усулларининг сифати ҳамда хавфсизлигини тартибга солишнинг институционал механизмларини ишлаб чиқиш, шунингдек, унинг асосий йўналишларини ривожлантириш.
3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон халқ табобати ассоциациясининг 2020 йил 1 майдан:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган, давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс мақомига эга Республика халқ табобати илмий-амалий маркази (кейинги ўринларда – Республика маркази);
тиббиёт олий таълим муассасаларида ва Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларида мазкур қарорнинг 8-бандида кўрсатилган молиялаштириш манбалари билан юридик шахс мақомига эга бўлмаган Халқ табобатини ривожлантириш марказларини (кейинги ўринларда – Ҳудудий марказлар) ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
4. Қуйидагилар Республика марказининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
халқ табобати усулларидан, шу жумладан, ўзбек халқ табобатининг тарихий анъаналари ва ўзига хос меросидан фойдаланган ҳолда касалликларни профилактика қилиш, ташхис қўйиш ва даволаш, шунингдек, бошқа тиббий хизматлар кўрсатишнинг самарадорлигини таҳлил қилиш ва ўрганиш;
халқ табобатининг асосий йўналишларини (фитотерапия, акупунктура, аюрведа, гомеопатия, йога, моксотерапия, натуропатия, остеопатия, термал тиббиёт, хиро-амалиёт, цигун ва бошқалар) ривожлантириш, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлашда ва замонавий тиббиётда уларни қўллаш бўйича ўқув-методик адабиётлар тайёрлаш;
халқ табобатини касалликларни профилактика қилиш, ташхис қўйиш ва даволаш масалаларида замонавий тиббиётга интеграциялаш бўйича, шу жумладан, илмий-тадқиқот ва лаборатория тадқиқотлари ўтказиш орқали таклифлар тайёрлаш;
халқ табобатида фойдаланиладиган ўсимликларни ўстириш ва ўсимлик кўринишида бўлмаган хомашё тайёрлашни, ушбу йўналишда лаборатория ва илмий тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш, шунингдек, халқ табобатида энг кўп ишлатиладиган ўсимликлар ва хомашёни ўстиришни маҳаллийлаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
халқ табобати бўйича мутахассисларни, тиббиёт ходимларини ва тиббий маълумотга эга бўлмаган шахсларни Ҳудудий марказларда тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш;
фуқаролар саломатлигини таъминлашда халқ табобатининг ролини ошириш борасидаги муаммоларни ўрганиш ва таклифлар тайёрлаш юзасидан илмий-тадқиқот муассасалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;
хорижий мамлакатларнинг халқ табобати вакили бўлган ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик қилиш, мамлакатимизда халқ табобатини янада ривожлантириш масалалари бўйича биргаликда анжуманлар, форумлар ва бошқа тадбирлар ўтказиш.
5. Қуйидагилар:
Республика халқ табобати илмий-амалий марказининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Халқ табобатини ривожлантириш марказлари ташкил қилинаётган тиббиёт олий таълим муассасалари ва Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Белгилансинки:
Республика маркази халқ табобати соҳасида бош муассаса, Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникаси эса ушбу соҳада мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича клиник база ҳисобланади;
Республика маркази Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг (кейинги ўринларда – Вазирлик) ташкилий тузилмасига киради ва унга ҳисобдор бўлади;
Республика марказига Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири томонидан Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади;
Республика маркази директори меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича Вазирлик бош бошқармасининг бошлиғига тенглаштирилади;
Республика маркази Вазирликнинг илмий-амалий, тадқиқот ва бошқа муассасаларини оптималлаштириш ҳисобига тўлдирилади;
Ҳудудий марказлар Республика марказининг жойлардаги бўлинмалари ҳисобланади, Республика маркази уларга методик раҳбарлик қилади ва фаолиятини мувофиқлаштиради;
Ҳудудий марказларда ўқитиш Вазирлик томонидан тасдиқланган, Республика маркази, Тошкент тиббиёт академияси, Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси ва “Табобат” академияси томонидан ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича пуллик асосда амалга оширилади;
Ҳудудий марказларда ўқитиш қийматининг миқдори Республика маркази томонидан белгиланади;
Ҳудудий марказларга тингловчиларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш Вазирлик томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;
Ҳудудий марказларнинг битирувчиларига халқ табобати бўйича малака оширганлик тўғрисида расмий ҳужжат деб тан олинадиган белгиланган шаклдаги сертификат берилади;
халқ табобати бўйича мутахассисларни тайёрлаш курсларини муваффақиятли тамомлаган тиббий маълумотга эга бўлмаган шахсларга Вазирлик томонидан тасдиқланадиган шаклдаги халқ табобатининг тегишли йўналишларида фаолият олиб бориш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома берилади;
Ҳудудий марказларнинг директорлари Республика маркази директори томонидан лавозимга тайинланади;
Ҳудудий марказлар ходимларига тиббиёт олий таълим муассасаларида тегишли лавозимлар учун ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади;
талаб юқори бўлган доривор ўсимликларни етиштириш ва тайёрлаш ҳамда халқ табобати соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказиш мақсадида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда тегишли тиббиёт олий таълим муассасалари ва Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари балансида турадиган ва Ҳудудий марказларга доимий фойдаланиш учун бериладиган 1 гектаргача бўлган майдонга эга мини-плантациялар (кейинги ўринларда – мини-плантациялар) ташкил қилинади;
Ҳудудий марказларда илғор илмий изланишлар ва тадқиқот ишлари олиб бориш учун замонавий лабораториялар ташкил этиш ҳамда уларни зарур асбоб-ускуналар, техника ва бошқа моддий-техник ресурслар билан жиҳозлаш бўйича харажатларни молиялаштириш Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Вазирлик, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси, Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси ва “Табобат” академияси билан биргаликда 2020 йил 1 июлга қадар муддатда мини-плантациялар ташкил қилиш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни танлаш ва ажратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш ишларини амалга оширсин.
8. Ҳудудий марказлар фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:
шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар, шу жумладан, халқ табобати бўйича мутахассисларни, тиббиёт ходимларини ва тиббий маълумотга эга бўлмаган шахсларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишдан тушган маблағлар;
халқаро молия институтлари ва ташкилотлари грантлари;
юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, норезидентларнинг хайрия маблағлари;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
9. Вазирлик ва Ўзбекистон халқ табобати ассоциациясининг 2020 йил 1 майдан қуйидагиларда халқ табобати хоналарини очиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:
туман (шаҳар), вилоят ва республика даражасидаги давлат кўп тармоқли тиббиёт муассасаларида ва ушбу муассасалар тиббиёт ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида 1 нафардан штат бирлигини ажратиш орқали уларни тўлдириш;
нодавлат тиббиёт ташкилотларида.
Вазирлик бир ой муддатда ушбу банд талабларини ҳисобга олган ҳолда нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан тиббий фаолиятни амалга оширишнинг лицензия талаблари ва шартларини қайта кўриб чиқиш қисми бўйича қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни таъминласин.
10. Вазирлик икки ҳафта муддатда қуйидагиларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин:
Ҳудудий марказларнинг тузилмаси ва низоми;
Ҳудудий марказларда тингловчиларни ўқитиш дастури;
касалликларни профилактика қилиш, ташхис қўйиш ва даволаш масалаларида халқ табобатининг замонавий тиббиёт билан ҳамкорлиги ва интеграциясини назорат қилиш механизмлари ҳамда тартиби.
11. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси томонидан халқ табобати усулларини қўллаган ҳолда касалликларни даволаш учун тавсия этиладиган ҳамда маҳаллий табиий ва ўсимликлардан олинадиган халқ табобати дори воситалари рўйхати шакллантирилганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3968-сон қарорида халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва мутахассислар, уларнинг иш тажрибаси, кўрсатадиган хизмат турлари, алоқа ва бошқа маълумотларни ўз ичига олган ягона маълумотлар базасини шакллантириш кўзда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Вазирлик Фанлар академияси билан биргаликда мазкур маълумотлар базасига халқ табобати усулларини қўллаган ҳолда касалликларни даволаш учун тавсия этиладиган табиий ва ўсимликлардан олинадиган дорилар, халқ табобати воситалари, шунингдек, халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва мутахассислар тўғрисидаги маълумотларни киритиш чораларини кўрсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги:
ҳар йилги давлат илмий-техникавий дастурлари лойиҳаларини шакллантиришда халқ табобати бўйича илмий-тадқиқот лойиҳалари учун танлов эълон қилинишини таъминласин;
Вазирликнинг асослантирилган ҳисоб-китоблари ва Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Кузатув кенгаши қарорлари асосида Жамғарма маблағларини мазкур қарорга мувофиқ Ҳудудий марказларда замонавий лабораторияларни ташкил этиш ва уларни зарур асбоб-ускуналар, техника ва бошқа моддий-техник ресурслар билан жиҳозлаш учун йўналтиришни таъминласин.
13. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Республика маркази буюртманомаларига асосан Ҳудудий марказлар фаолиятини ва кейинчалик ишлашини ташкил этиш мақсадида хорижий мутахассисларни Ўзбекистон Республикасига жалб қилиш учун белгиланган тартибда рухсатномалар берилиши (муддати узайтирилиши), шунингдек, ушбу хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар берилиши (муддати узайтирилиши)ни белгиланган тўловларни ундирмаган ҳолда таъминласин.
14. Вазирлик:
а) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда:
уч ой муддатда Ҳудудий марказлар фаолиятини ва кейинчалик ишлашини ташкил этиш жараёнига хорижий давлатлардан, шу жумладан, халқ табобати энг яхши ривожланган Хитой, Корея, Япония, Ҳиндистон, Вьетнам, Франция ва Россия давлатларидан халқ табобати масалалари бўйича мутахассис ва экспертларни жалб қилишни таъминласин;
уч ой муддатда халқ табобати соҳасида истиқболга ва ривожланиш тажрибасига эга бўлган мамлакатлар билан ушбу соҳада ҳамкорликни йўлга қўйиш, шу жумладан, илмий-таълим лойиҳалари ва дастурларини амалга ошириш бўйича меморандум ва келишувларни имзолашнинг мақсадга мувофиқлиги ва механизмлари тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
2020 йил якунига қадар республиканинг (ташкилотларнинг) халқ табобати соҳасидаги халқаро профессионал ташкилотларга (Жаҳон акупунктура ва моксотерапия ассоциациялари федерацияси, Жаҳон хиро-амалиёт федерацияси, Жаҳон гидротерапия ва климатотерапия федерацияси, Жаҳон хитой тиббиёти жамиятлари федерацияси ва бошқаларга) аъзо бўлиши масаласини кўриб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифларни киритсин;
б) Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда 2020 йил 1 августга қадар Ҳудудий марказлар кутубхоналарини Абу Али ибн Сино, Абу Бакр Муҳаммад ибн Закариё ар-Розий, Абу Мансур Қумрий, Исмоил Журжоний каби қомусий олимлар, файласуфлар, табиблар ва халқ табобати соҳасидаги бошқа буюк аждодларнинг илмий меросини ўрганиш билан боғлиқ ишлар тўпламларининг нусхалари билан таъминласин;
в) Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси, Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси, “Табобат” академияси ва манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда аҳоли ўртасида халқ табобатининг, касалликларни профилактика қилиш, ташхис қўйиш ва даволашда қўлланиладиган доривор ўсимликларга асосланган табиий маҳсулотларнинг афзалликларини кенг тарғиб қилиш чораларини кўрсин.
15. Республика маркази Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Паркент кўчаси, 51-уй манзилида жойлаштирилсин.
16. Вазирлик икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
17. Мазкур қарорнинг бевосита ижросини таъминлаш қуйидаги шахслар зиммасига юклансин:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ўринбосари – мазкур қарорни сифатли, тўлиқ ва ўз вақтида ижро қилиш, масъул вазирликлар, идоралар, ташкилотлар ва ҳокимликлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, кўрилган чоралар тўғрисида уларнинг раҳбарлари ҳисоботларини мунтазам эшитиш, аниқланган муаммо ва камчиликларни тезкор бартараф этишни таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К.Шодмонов – Республика маркази ва Ҳудудий марказлар иши самарали ташкил этилиши, уларнинг келгусида фаолият юритишини таъминласин, Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини янада ривожлантириш масалалари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, бошқа халқаро ва ноҳукумат тузилмалар билан яқин ва фаол ҳамкорликни ўрнатсин;
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Б.Қ.Юсупалиев – касалликларни профилактика қилиш, ташхис қўйиш ва даволаш масалаларида халқ табобатининг замонавий тиббиётга босқичма-босқич интеграциялашувини, халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда хизмат кўрсатувчи шахсларни хатловдан ўтказиш ва уларни кейинчалик тегишли гуруҳларга таснифлашни таъминласин;
масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари – барча тадбирларни мазкур қарорга мувофиқ белгиланган муддатларда сўзсиз ва сифатли бажарсин, қўйилган вазифаларни амалга оширишда Вазирликка ёрдам кўрсатсин.
18. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 10 апрель