Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ф а р м о н и
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
ф а р м о н и
Мамлакатимизда ахборот тизимини жадал ривожлантириш, аҳолига давлат хизматларини кўрсатишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, турли ахборот тизимларида ва масофавий хизмат кўрсатишда шахсни идентификациялашнинг ягона механизмини жорий этиш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини самарали таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш тизимини яратиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорт тизимини модернизация қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ–4079-сон қарори билан республиканинг мавжуд биометрик паспорт тизими инфратузилмаси негизида Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти ўрнига 2021 йилдан бошлаб идентификация ID-карталарини расмийлаштириш ва бериш тизимини жорий этиш назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Кенг жамоатчилик фикрларини ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
идентификация ID-карталарини олиш ва алмаштириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, ўз ихтиёрига кўра хоҳлаган ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига, уларни алмаштириш учун эса давлат хизматлари марказларига ҳам мурожаат қилиши учун имкониятни яратиш;
идентификация ID-карталарини олиш учун Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган манзилдаги ички ишлар органининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига, алмаштириш учун эса ўз ихтиёрига кўра хоҳлаган ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига мурожаат қилиши учун имкониятни яратиш;
идентификация ID-картасининг бланкасида эгасининг миллати ҳақидаги маълумотлар кўрсатилмасдан ID-картанинг чипига киритилиши;
фуқаро ўз ID-картасини олиш ёки алмаштириш юзасидан ўз вақтида мурожаат қилмаган, яроқсиз ҳолга келтирган ва йўқотиб қўйган тақдирда, маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги;
янги туғилган болага идентификация ID-карталари мажбурий берилмасдан, унинг туғилиши ФҲДЁ органи томонидан қайд этилиб, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома тақдим қилинганидан сўнг ота-онаси, васийлари (ҳомийлари) ихтиёрига кўра расмийлаштирилиши.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
идентификация ID-карталари белгиланган ҳужжатлар қабул қилиб олингандан сўнг 1 иш куни мобайнида расмийлаштириб берилади;
идентификация ID-картасини расмийлаштириш учун мурожаат ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар ва ногиронлиги бўлган шахслардан келиб тушганда масъул ходим томонидан 15 кун муддатда ушбу шахсларнинг яшаш манзилига борган ҳолда идентификация ID-картаси расмийлаштирилади ва кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмайди.
4. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация ID-картаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация ID-картаси тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари биометрик паспортлари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахс ва чет давлат фуқароларининг яшаш гувоҳномаларини идентификация ID-карталарига алмаштириш:
биринчи босқичда 2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 декабргача ихтиёрийлик асосида 16 ёшга тўлганда ҳамда қонунчиликда кўзда тутилган бошқа сабабларга кўра;
иккинчи босқичда 2023 йил 1 январдан 2030 йил 31 декабргача мажбурий тартибда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти 2031 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
6. Белгилансинки:
идентификация ID-картасини расмийлаштириш учун Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги қонунида белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 5 январдаги ПФ–4262-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги Низом, амалдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти 2030 йил 31 декабргача ҳақиқийдир.
7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази, Адлия вазирлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан бирга 2020 йил 31 декабрга қадар:
Ягона интерактив давлат хизматлари порталида идентификация ID-картасини олиш учун мурожаат қилиш, электрон навбатга туриш ва онлайн тўловни амалга ошириш имконияти жорий этилишини;
идентификация ID-картасини олиш учун мурожаат этилганда туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома "Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг ягона электрон архиви" ахборот тизими орқали олинишини таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:
а) 2020 йил 31 декабрга қадар:
Фуқаролар давлат хизматларини олиш юзасидан мурожаат қилганда ва идоралараро ўзаро электрон ҳамкорликни ташкил қилишда дастурий платформалардан кенг фойдаланган ҳолда идентификация ID-картасидан фойдаланиш имкониятини амалга ошириш учун зарур бўлган имкониятларни татбиқ этиш орқали “Электрон ҳукумат” тизимини модернизация қилсин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда фуқаролар давлат идоралари ва ташкилотларига мурожаат қилганда идентификация
ID-картасидан фойдаланишни таъминлаш учун зарур бўлган техник ва технологик шароитлар ўрганилишини ҳамда жорий этилишини ташкиллаштирилишини таъминласин;
б) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази, Адлия вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 31 декабрга қадар идентификация ID-картасидан фойдаланишда халқаро тажрибани ўрганиб, унинг асосида “Электрон ҳукумат” тизимининг давлат ва аҳоли ўртасидаги ўзаро муносабатлари бўйича қўшимча электрон шаклларини ишлаб чиқиб, такомиллаштиришни ташкил этсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
бир ой муддатда идентификация ID-карталарини Ўзбекистон Республикасида жорий қилиш билан боғлиқ чора-тадбирларни назарда тутувчи Концепция ва уни амалга ошириш “Йўл харитаси” лойиҳаларини;
икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ички ишлар вазирлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда оммавий ахборот воситаларида Фармонда белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини аҳоли орасида кенг ёритилишини таъминласин.
14. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В.Махмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 22 сентябрь