Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.05.2017 22:41 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ-5041-сонли Фармони ижросини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида:

1. Тошкент вилояти ҳокимлиги тасарруфидаги Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи ва унинг таркибига кирувчи Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси, Оҳангарон ва Бурчмулла ўрмон хўжаликлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимининг сув хўжалиги ташкилотлари таркибидаги ирригация ўрмон хўжаликлари Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимига берилсин.

2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимига кирувчи ташкилотлар ва бошқармалар рўйхати 1а-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг бошқарув ходимлари чекланган сони 48 нафардан иборат марказий аппарати тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси тузилмаси ва вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармаларининг намунавий тузилмаси 3- ва 3а-иловаларга мувофиқ;

Давлат қўриқхоналари, миллий табиат боғлари ва овчилик хўжаликлари бошқармаси тузилмаси 4-иловага мувофиқ;

давлат ўрмон хўжаликларининг намунавий тузилмаси 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раисига ходимларнинг белгиланган штат сони доирасида марказий аппарат тузилмасига, Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси, вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармалари ва қўмита тизимига кирувчи бошқа ташкилотлар тузилмаларига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасини ва унинг таркибий бўлинмаларини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий тадбирларни мувофиқлаштириш ва уни амалга оширишга кўмаклашиш Комиссияси 6-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси қошидаги Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси этиб (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) қайта ташкил қилинсин.

5. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси марказий аппаратини – Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ва Жамғарма маблағлари;

Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси, вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармаларини – Жамғарма маблағлари;

Давлат қўриқхоналари, миллий табиат боғлари ва овчилик хўжаликлари бошқармасини ҳамда давлат ўрмон хўжаликларини – Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағлар;

Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтини – Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ва грантлар;

“Ўрмонлойиҳа” давлат унитар корхонасини, “Шифобахш” доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш марказини – бюджетдан ташқари маблағлар;

Ўрмон ва доривор ўсимликлар уруғчилигини таҳлил қилиш марказини – Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари;

Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғини – Тошкент вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағлар молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси марказий аппарати таъминоти харажатларини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида маблағ ажратилишини назарда тутсин, 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси марказий аппаратини молиялаштиришнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинсин.

7. Қуйидагилар:

2017-2021 йилларда ўрмон хўжаликлари фаолиятини самарали ташкил этиш, тармоққа илғор фан-техника ютуқларини жорий этиш, моддий-техника базасини янгилаш, халқаро грантларни тармоққа жалб этиш чора-тадбирлари Дастури 7-иловага мувофиқ;

2017-2019 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар кесимида ўрмон майдонларини кенгайтириш (реконструкция қилиш), кўчатлар етиштириш, доривор ўтлар йиғиш, чорва моллари учун яйлов майдонлари ажратиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бўйича чора-тадбирлар 8-иловага мувофиқ;

2017-2019 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар давлат ўрмон хўжаликлари кесимида ўрмон майдонларни кенгайтириш (реконструкция қилиш), кўчатлар етиштириш, доривор ўтлар йиғиш, чорва моллари учун яйлов майдонлари ажратиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бўйича чора-тадбирлар 9 – 19-иловаларга мувофиқ;

2017-2019 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар давлат ўрмон хўжаликлари кесимида ўрмонларни яратиш ва экиш материалларини етиштириш бўйича чора-тадбирлар 9а – 19а-иловаларга мувофиқ;

2017-2019 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар давлат ўрмон хўжаликлари кесимида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш прогноз кўрсаткичлари 9б – 19б-иловаларга мувофиқ;

2017-2019 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар давлат ўрмон хўжаликлари кесимида асаларичилик, балиқчилик, чорвачилик ва саноат маҳсулотлари етиштириш, шунингдек, аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш прогноз кўрсаткичлари 9в-, 19в-иловаларга мувофиқ;

2017-2019 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар давлат ўрмон хўжаликлари кесимида доривор ўсимликлар етиштириш ва тайёрлаш прогноз кўрсаткичлари 9г – 19г-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари раҳбарлари зиммасига 7 – 19 иловаларда кўрсатилган тадбирларнинг ўз вақтида бажарилишини ташкил этиш юзасидан масъулият юклансин.

8. 2017-2021 йилларда ўрмон хўжаликлари томонидан манзарали ва мевали дарахтларнинг ниҳол ва кўчатларини етиштиришнинг прогноз кўрсаткичлари 20-иловага мувофиқ маъқуллансин.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари икки ой муддатда 20-иловага мувофиқ 2017-2021 йилларда ўрмон хўжаликларида манзарали ва мевали дарахтларнинг ниҳол ва кўчатларини етиштиришнинг прогноз кўрсаткичларини бажариш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқсинлар ва Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари комплекси раҳбарига тасдиқлаш учун белгиланган тартибда киритсин.

9. “Агробанк” АТБга Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси, вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармалари, таркибий корхона ва ташкилотларига мазкур қарорда тасдиқланган Дастурни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан молиялаштириш ставкасидан юқори бўлмаган ставка бўйича имтиёзли кредитлар ажратиш тавсия этилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда:

икки ой муддатда ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълимнинг давлат таълим стандартлари, касб-ҳунар коллежларида ўрмон хўжалиги техниги мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлашни инобатга олган ҳолда, ўрмон хўжалиги тизими учун малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича ўқув режалар ва дастурларни танқидий кўриб чиқсин, таълим стандартлари, ўқув режалар ва дастурларни замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда, белгиланган тартибда янги таҳрирда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин ҳамда 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб жорий этсин;

бир ой муддатда жадвал ишлаб чиқилсин ҳамда замонавий талаблар ва ҳалқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, касб-ҳунар коллежларида “ўрмон хўжалиги техниги” мутахассислиги бўйича ўқитиладиган махсус фанлар бўйича янги дарслик ва ўқув қўлланмалари тайёрлаш ва чоп этишни таъминласин;

ўрмон хўжалиги учун кадрлар тайёрлаётган касб-ҳунар коллежларини йўналиш бўйича махсус билимга эга малакали ўқитувчилар билан мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратсин;

ўрмон хўжалиги бўйича кадрлар тайёрлашни амалга ошираётган касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини бевосита танлаган мутахассислиги бўйича ишга жойлашишига ёрдам берсин ва назоратни кучайтирсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг ўқув жараёнини ишлаб чиқариш билан узвий боғлаш, зарур ўқув ишлаб чиқариш базасини шакллантириш мақсадида касб-ҳунар коллежларини 21-иловага мувофиқ шартнома асосида муайан давлат ўрмон хўжаликларига бириктириш ҳақидаги таклифлари қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси бириктирилган касб-ҳунар коллежларини уларга зарур бўлган ўқув-методик материаллар, асбоб-ускуналар, авваламбор лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси билан жиҳозлаш, шунингдек, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича амалий ёрдам кўрсатсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги фундаментал, амалий ва инновацион давлат илмий-техника дастурларини шакллантиришда уларга қуйидагиларни назарда тутган ҳолда, илмий лойиҳаларнинг киритилишини таъминласин:

республикамизнинг тупроқ-иқлим шароитларига тўлиқ мослашган ноёб манзарали, мевали дарахтлар, буталар ва доривор ўсимликларнинг касаллик ва зараркунандаларга чидамли янги, экспортбоп навларини яратиш;

ўрмон фонди ерларида дарахт кўчатларини экиш, парваришлаш, ҳосилини йиғиб-териб олиш ва бошқа агротехника тадбирларини амалга ошириш бўйича янги турдаги қишлоқ хўжалиги техникаси, агрегат ва асбоб-ускуналарини ишлаб чиқаришни ташкил қилиш.

13. “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг буюртманомалари бўйича ўрмон фонди ерларида ўрмонларни кўпайтириш мақсадида дарахт кўчатларини экиш ва парваришлаш, ўрмон-мева маҳсулотлари ҳосилини йиғиб олиш, шунингдек, бошқа агротехника тадбирларини амалга ошириш учун зарур бўлган техника, агрегат ва асбоб-ускуналарнинг белгиланган тартибда ишлаб чиқарилишини ва хўжалик юритувчи субъектларга лизинг асосида етказиб берилишини таъминласин.

14. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда қишлоқ хўжалиги ерларида ҳосилдорликни кўпайтиришга йўналтирилган шамол ва сув эрозияларидан ҳимоялаш учун иҳота дарахтзорлари барпо этиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни молиялаштириш манбалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда таклиф киритсин;

ўрмон хўжаликлари раҳбарлари ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, олий таълим муассасаларини ўрмон хўжалиги мутахассисликлари бўйича тамомлаган ёш мутахассисларни соҳага жалб этиш механизмини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.

15. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тўғрисидаги Низомни;

вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармалари тўғрисидаги намунавий низомни;

Давлат қўриқхоналари, миллий табиат боғлари ва овчилик хўжаликлари бошқармаси тўғрисидаги низомни;

Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ҳақидаги низомни тасдиқласин.

16. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Университет кўчаси, 2-уйда жойлаштирилсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасини зарур телекоммуникациялар, интернет ахборот тармоғига кириш ва телефон алоқаси, шу жумладан, ҳукумат телефон алоқаси билан белгиланган тартибда таъминласин.

18. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

19. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т.Мирзаев зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 11 май

6 607






Все о погоде - Pogoda.uz