Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.11.2017 16:25 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 ноябрда имзолаган фармони ва қарорига шарҳ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Махсус турдаги товарлар экспорти ва импортини лицензиялаш, шунингдек, экспорт контрактларини рўйхатга олиш ва импорт контрактларини экспертизадан ўтказишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига 
ШАРҲ 

Мамлакатимизда иқтисодиётни эркинлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ташқи савдо операцияларини бошқариш механизмларини такомиллаштириш, экспортни рағбатлантириш ва кенгайтиришга доир тизимли ишлар изчил амалга оширилмоқда.

Жорий йил бошидан буён ташқи савдо операцияларини амалга ошириш тартиб-таомилларини соддалаштиришга ва экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Валютани тартибга солиш бўйича бозор механизмларининг жорий этилиши экспорт қилувчи корхоналар реал даромадларини ва уларнинг ташқи савдо бозорларида рақобатбардошлигини ошириш имконини берди.

Шу билан бирга, халқ билан очиқ мулоқот, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, жумладан, кенг доирадаги тадбиркорлик субъектлари билан ўтказилаётган учрашувлар ҳали ҳам ортиқча бўғинлар, тўсиқлар, замонавий талабларга жавоб бермайдиган ва маҳаллий тадбиркорларнинг ташқи савдо фаолиятида иштирок этишига тўсқинлик қилаётган турли идоравий йўриқномалар ва норматив ҳужжатлар мавжудлигидан далолат бермоқда.

Шу муносабат билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб ва тўпланган тажриба, тадбиркорлик субъектлари турли тоифаларининг таклифларини ва илғор халқаро тажрибани ўрганиш натижаларини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Махсус турдаги товарлар экспорти ва импортини лицензиялаш, шунингдек, экспорт контрактларини рўйхатга олиш ва импорт контрактларини экспертизадан ўтказишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ва “Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонида махсус турдаги товарларни экспорт ва импорт қилиш, экспорт контрактларини рўйхатга олиш, шунингдек, импорт контрактларини экспертизадан ўтказиш ва тендер ҳужжатларини баҳолаш тартибини янада такомиллаштириш назарда тутилмоқда.

Хусусан, экспорт-импорт тартиб-таомилларини оптималлаштириш ва махсус турдаги товарларни экспорт ҳамда импорт қилиш учун лицензиялар бериш функцияларини ягона органда бирлаштириш мақсадида Фармонда лицензиялаш функцияларини Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигидан Вазирлар Маҳкамасига ўтказиш назарда тутилган. Бунда заргарлик буюмлари, қимматбаҳо металлардан ясалган буюмлар, қимматбаҳо тошлар ҳамда улардан тайёрланган буюмлар лицензияланадиган товарлар рўйхатидан чиқарилган.

Бундан ташқари, бир-бирини такрорлайдиган тартиб-таомилларни истисно қилиш мақсадида Фармонда импорт шартномаларини Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан экспертизадан ўтказишга доир амалдаги тартибни соддалаштириш ҳамда унга ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда. Жумладан, қиймати 100 минг АҚШ долларидан кам миқдордаги импорт контрактларини экспертизадан ўтказиш тартиб-таомиллари бекор қилинмоқда.

Шунингдек, тендер (танлов) савдоларини ўтказиш даврида бир вақтнинг ўзида тендер (танлов) ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш ёки тендер (танлов) таклифларини баҳолаш тартибини жорий қилган ҳолда, тендер (танлов) савдолари натижалари бўйича тузилган қиймати 100 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлган импорт контрактларини ҳам экспертизадан ўтказиш бекор қилинмоқда. Бунда тендер (танлов) савдолари натижалари бўйича тузилган импорт контрактлари қўшимча экспертизадан ўтказилмасдан ҳисобга қўйилади.

Фармонда мамлакатимизнинг иқтисодий манфаатларини таъминлаш мақсадида Ҳукумат қарорлари ва ҳукуматлараро битимлар асосида тузилган, шунингдек, чекланган рўйхат бўйича махсус турдаги ва хомашё товарларини экспорт қилиш контрактларини Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигида рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилини сақлаб қолиш назарда тутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ экспорт қилувчи корхоналар, уларнинг янги, шу жумладан, истиқболли хорижий савдо бозорларини фаол ўзлаштириши учун қулай шароитлар яратишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар жорий этилмоқда.

Чунончи, экспорт операциялар бўйича муддати ўтган дебиторлик қарзи ҳосил бўлишини ҳисоблаш муддати узайтирилиб (60-90 кундан), ҳисоблашнинг ягона муддати белгиланмоқда, яъни маҳсулот экспортга жўнатилган кундан бошлаб 120 кун этиб белгиланмоқда.

Бунда Ўзбекистон Республикаси резидентлари – муассислар томонидан чет элдаги ташкилотларига (савдо уйлари, савдо ваколатхоналари, шуъба корхоналари, фирма дўконлари, дилерлик тармоқлари ва консигнация омборларига), шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси аъзолари томонидан – Палатанинг савдо-инвестиция уйларига олиб чиқиб кетиладиган товарлар бўйича тўловлар келиб тушишининг амалдаги муддатлари (180 кун) сақлаб қолинади.

Европа иттифоқи давлатлари, Туркия, Хитой ва бир қатор МДҲ мамлакатларининг (Россия, Қозоғистон, Беларусь) ташқи савдони тартибга солиш соҳасидаги илғор тажрибасини ўрганиш ушбу давлатларда тадбиркорлик субъектлари ўз маблағларидан эркин, ўз ихтиёрига кўра ва чекловларсиз фойдаланиши, экспорт қилиш шакллари ҳамда тўлов муддатларини танлаши мумкинлигини, шунингдек, товарларни ташқи савдо контракларини тузмасдан экспорт қилиш ҳуқуқига эга эканлигини кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан, шунингдек, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормаларидан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектларига ўз маблағларини эркин тасарруф этиш бўйича берилган ҳуқуқлар инобатга олинган ҳолда, қарорга мувофиқ шундай тартиб жорий этилмоқда, унга кўра товарлар, ишлар ва хизматларни олдиндан тўлов тўламасдан, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирилмасдан ва суғурта полисисиз хорижий валютада экспорт қилишга рухсат этилмоқда, янги мева-сабзавот маҳсулотлари ва айрим турдаги хомашё товарлари бундан мустасно.

Қарорда чегара олди савдосини ривожлантириш ва экспорт тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида тадбиркорлик субъектларига 2017 йил 1 декабрдан бошлаб, товарлар (хомашё товарларидан ташқари), ишлар ва хизматларни экспорт қилувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ҳисобрақамларига олдиндан 100 фоиз тўлов тўлангандан сўнг экспорт контракти тузмасдан инвойслар асосида экспорт қилиш ҳуқуқи ҳам берилмоқда.

Бунда янги мева-сабзавот, узум, полиз, дуккакли маҳсулотлар, шунингдек, қуритилган сабзавотлар ва меваларни экспорт қилишга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ алоҳида талаблар белгиланмоқда.

Шунингдек, қарорда ташқи савдо фаолиятининг барча иштирокчилари учун тенг шароитлар яратиш, экспортдан валюта тушумларининг тушиш муддатлари объектив сабабларга кўра кечиктирилган ҳолатларда экспорт қилувчиларга нисбатан молиявий санкцияларни асоссиз қўллашга йўл қўймаслик, экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш тартиб-таомилларини соддаллаштириш мақсадида:

муддати ўтган дебиторлик қарзи ҳосил бўлишига йўл қўйилганлиги учун ҳам экспорт қилувчиларга ҳам импорт қилувчиларга нисбатан жавобгарлик чораларини қўллаш бўйича ягона ёндашувни қўллаш;

бартараф этиб бўлмайдиган ҳолатлар (форс-мажор) даврида хорижий валютадаги тушум тушишининг муддатини ушбу даврга узайтириш;

экспорт контракти бўйича дебиторлик қарз миқдорини товарлар, ишлар ва хизматларни экспорт қилувчи ҳисобрақамига тушган суғурта қопламаси миқдорига камайтириш;

Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўлланган ҳолда олиб кирилаётган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш учун импорт қилувчилар томонидан божхона юк декларациясини мажбурий тақдим этиш;

“вақтинча олиб кириш” божхона режимида бўлган товарларни қайта экспорт қилиш учун давлат божхона хизмати органлари томонидан рухсатнома беришга доир талабни бекор қилиш;

масъул вазирликлар ва идоралар томонидан берилган сертификатлар ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатлар тўғрисидаги ахборотларнинг унификациялаштирилган “Ягона дарча” божхона ахборот тизимига ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда киритилиши назарда тутилмоқда.

Фармон ва қарорнинг амалда бажарилиши экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш соҳасидаги мавжуд тўсиқлар ва чекловларга барҳам бериш, экспорт салоҳиятини, энг аввало, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналарининг мавжуд экспорт салоҳиятини кенг рўёбга чиқариш, улар томонидан экспорт қилинадиган маҳсулотлар турларини ва географиясини кенгайтириш имконини беради.


4 160






Все о погоде - Pogoda.uz