Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.04.2017 19:56 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Хусусийлаштирилган давлат мулки негизида хусусий мулкчилик ва тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини сифат жиҳатдан ўзгартиришни таъминлаш, тадбиркорлик субъектларини хусусийлаштирилгандан кейин амалий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, давлат мулкидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилсин.

2. Хусусийлаштирилган корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолиятини тиклаш ва самарадорлигини оширишни ҳар томонлама кенг қўллаб-қувватлаш, шу асосда аҳоли даромадларининг барқарор ўсишини таъминлайдиган янги иш ўринларини яратиш, ушбу мақсадларда ваколатли давлат органлари, молия ҳамда бошқа бозор тузилмаларининг Савдо-саноат палатаси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан мустаҳкам хамкорликдаги фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ғоят муҳим вазифаси деб ҳисоблансин.

3. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгилансин:

тармоқлар, ҳудудлар ва турли хусусийлаштириш шакллари бўйича муттасил янгиланиб турувчи маълумотлар базасини ҳамда хусусийлаштирилган объектлар реестрини, шунингдек, давлат активлари реестрини шакллантириш;

хусусийлаштирилган корхоналар фаолияти молиявий-иқтисодий ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларини солиқ, иқтисодиёт ва статистика органлари билан биргаликда доимий асосда таҳлил қилиб бориш, бунинг асосида фаолият кўрсатмаётган, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарни, бўш ётган ва самарасиз фойдаланилаётган объектлар ҳамда ер участкаларини аниқлаш;

илгари хусусийлаштирилган корхоналар самарадорлигининг пастлиги ҳамда ишламаётганлиги сабаблари ва омилларини, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш қувватлари, бўш ётган ва қурилиши тугалланмаган объектларни аниқлаш;

янги иш жойларини яратиш, ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигини ошириш ва модернизациялаш ҳамда рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, рухсат берувчи ҳужжатларни олишда, коммуникацияларга уланишда ва тижорат банкларидан кредитлар ажратилишида уларга кўмаклашиш мақсадида аниқ хусусийлаштирилган корхоналарни ривожлантиришнинг “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишни таъминлаш;

Савдо-саноат палатаси билан биргаликда хусусийлаштирилган объектлар негизида инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган тадбиркорларга бизнес юритиш ва бизнес-режаларни ишлаб чиқиш асослари, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги қонунчилик, менежмент, молиявий бошқарув ва бошқа фанларни касб-ҳунар коллежлари базасида ўтказиладиган курсларда ўқитишни ташкил қилиш, бунда тажриба алмашиш учун республикамизда ишлаётган катта муваффақиятларга эришган тадбиркорлар ва хорижий мутахассисларни жалб этиш;

банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш, иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш, уларнинг фаолият самарадорлигини ошириш ва янги инвесторларни жалб этиш дастурларини ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқаришда иштирок этиш;

давлат активларини бошқариш, давлат улушига эга бўлган хўжалик жамиятлари фаолиятини мониторинг қилиш ва таҳлил этиш, уларда корпоратив бошқарувнинг замонавий ҳалқаро стандартлари ва методларини жорий этиш, шунингдек, давлат активларини хусусий мулкдорларга, шу жумладан, “ноль” харид қиймати бўйича сотишнинг очиқ-ойдинлиги ва шаффофлигини таъминлаш, инвесторлар томонидан қабул қилинган инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар бажарилиши устидан мониторинг олиб бориш;

монополияга қарши сиёсатни амалга ошириш, рақобатни ва қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, баҳолаш, риэлторлик ва биржа фаолиятини лицензиялаш, реклама бозорини тартибга солиш;

кадрларни тизимли тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш, раҳбар ва мутахассислар, шу жумладан, идоравий тузилмалар раҳбарлари ҳамда мутахассисларининг иш шакллари ва услубларини такомиллаштириш, зиммасига юкланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун уларнинг масъулиятини ошириш.

4. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси 2018 йилнинг 1 январига қадар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда муттасил янгиланиб турувчи:

солиқ, статистика ва кадастр органларининг маълумотлар базаси билан ўзаро электрон алоқани таъминлайдиган тармоқлар, ҳудудлар ва турли хусусийлаштириш шакллари кесимида давлат мулкининг хусусийлаштирилган объектлари бўйича маълумотлар базасини;

бўш ётган ва самарасиз фойдаланилаётган хусусийлаштирилган объектлар, ишлаб чиқариш майдонлари ва қурилиши тугалланмаган объектлардан хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун фойдаланиш мақсадида уларнинг ҳудудий реестрларини;

хусусий бизнесни ташкил этиш учун тадбиркорларга таклиф этилаётган бўш ётган давлат мулки объектларининг ҳудудий реестрларини яратсин.

5. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик юритувчи субъектлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир;

Қорақалпоғистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш ҳудудий бошқармалари Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий органлари ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳудудий органларининг раҳбарларини тайинлаш, тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Коллегиясининг қарори билан амалга оширилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда:

2017 йилнинг 1 июнидан бошлаб ҳар бир туманда хусусийлаштирилган объектлар негизида лойиҳаларни амалга ошираётган тадбиркорлар учун касб-ҳунар коллежларининг биноларида ўқув машғулотларидан бўш вақтда ўқув курсларини ташкил этсинлар;

уч ой муддатда янги иш бошлаётган тадбиркорларга бизнес-режалар тайёрлашда, зарур ахборотни олишда ва тадбиркорлик фаолиятини юритиш билан боғлиқ амалий масалаларни ҳал этишда уларга эксперт, ҳуқуқий ва маслаҳат ёрдами кўрсатиш учун бизнес-инкубаторлар ташкил этиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.

7. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси икки ҳафта муддатда 2017-2018 йилларда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш чора-тадбирлари дастурини белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузурида Давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушган маблағлар жамғармаси негизида Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармаси ташкил этилсин, уни шакллантириш манбалари сақлаб қолинган ҳолда, маблағларни хусусийлаштирилган корхоналарни амалий равишда қўллаб-қувватлашга, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга ҳамда тадбиркорларнинг ўқишини ташкил қилишга йўналтириш унинг устувор вазифаси этиб белгилансин.

Қуйидагилар хусусийлаштирилган корхоналарни Жамғарма маблағлари ҳисобига қўллаб-қувватлашнинг қўшимча манбалари этиб белгилансин:

хўжалик жамиятларидаги давлат улуши бўйича республика бюджетига йўналтириладиган дивидендлар;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларига йўналтириладиган давлат мулки ижарасидан тушадиган маблағлар;

Жамғарманинг республика ва маҳаллий бюджетларга йўналтирилиши лозим бўлган тушумлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 январдаги ПФ-4933-сонли Фармонига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларига йўналтириладиган давлат мулки объектларини сотишдан тушадиган маблағлар бундан мустасно.

Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқласин.

9. Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари қўмита зиммасига юклатилган ваколатларга мувофиқ судларнинг кўриб чиқиши учун киритиладиган даъволар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилинсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 13 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ-4483-сонли Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

12. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

13. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси В.А.Голишев зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 18 апрель

10 782






Все о погоде - Pogoda.uz