Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.08.2017 19:41 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 2017 йил 11 августдаги ПФ-5148 сонли Фармони асосида матбуот ва оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаа, кутубхоначилик, ахборот-ресурс соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, мавжуд ҳуқуқий-норматив ва моддий-техник базани такомиллаштириш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, бошқарувнинг бозор муносабатларига хос усулларини кенг қўллаш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги марказий аппаратининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси матбуот ва ахборот агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар матбуот ва ахборот бошқармаларининг тузилмалари 3- ва 4-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директорига зарур ҳолларда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси матбуот ва ахборот агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар матбуот ва ахборот бошқармалари, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тузилмаларига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

2. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси матбуот ва ахборот агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар матбуот ва ахборот бошқармаларини сақлаш, шунингдек, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги ташкилотларнинг шартнома асосидаги ажратмалари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан;

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасини сақлаш, шунингдек, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши инобатга олинсин.

3. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси матбуот ва ахборот агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар матбуот ва ахборот бошқармалари, Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти давлат корхонаси давлат кўчмас мулки объектларида ижара тўловисиз жойлаштирилади;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги муассислигидаги “Тонг юлдузи” ва “Класс!” газеталари ҳамда “Гулхан” ва “Ғунча” журналларини нашр этиш билан боғлиқ харажатларнинг мазкур нашрлар ўз даромадлари билан таъминланмаган қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қопланади.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар матбуот ва ахборот бошқармаларини сақлаш билан боғлиқ харажатлар учун зарур бўлган маблағларни 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг харажатлари параметрлари доирасида ажратсин, 2018 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг параметрларида назарда тутсин.

5. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси, 30-уйда жойлаштирилсин.

6. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бир ой муддатда, ўз зиммасига юклатилган вазифалар ва фаолият йўналишларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

7. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

8. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 17 август

6 004






Все о погоде - Pogoda.uz