Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.08.2017 22:11 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Халқимизнинг маънавий савиясини ошириш, ёш авлодни юксак инсоний ғоялар, она Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш, миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида камол топтиришда мусиқа санъатининг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

Мана шундай муҳим вазифани адо этиш борасида Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси фаолиятида замон талабларидан орқада қолиш, ижодий сусткашлик, ташаббускорликнинг етишмаслиги каби ҳолатлар кузатилмоқда. Уюшманинг молиявий аҳволи ва моддий-техник базаси билан боғлиқ муаммолар ҳам унинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бой мусиқа меросимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу йўналишда фаолият кўрсатаётган ижодий ташкилот ва жамоалар, композитор ва бастакорлар, хонанда ва созандалар, ёш ижрочилар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг истеъдод ва маҳоратини рўёбга чиқариш, зарур моддий ва маънавий ёрдам бериш, соҳа вакиллари ўртасида самарали ижодий муҳит ташкил этиш бўйича кўпгина муҳим вазифалар ўз ечимини кутмоқда.

Юқорида қайд этилган долзарб муаммоларни ҳал қилиш ҳамда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси фаоллар кенгашининг Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасини Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси сифатида қайта ташкил қилиш ҳақидаги қарори маъқуллансин.

2. Қуйидагилар Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг (кейинги ўринларда – Уюшма деб юритилади) асосий вазифалари этиб белгилангани маълумот учун қабул қилинсин:

халқимизнинг эстетик талаб ва эҳтиёжларини ҳар томонлама ҳисобга олган ҳолда, замонавий руҳдаги бадиий юксак асарлар яратиш, катта мусиқий асарлар, жумладан, опера, симфония, концерт ва оратория каби мумтоз жанрлар ривожига алоҳида эътибор қаратиш;

ёш композиторлар, бастакорлар ва мусиқашунослар, барча ижрочиларнинг ижод билан самарали шуғулланишлари учун имконият ва шароитларни кенгайтириш;

мамлакатимизнинг маданий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиш, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари, ижодий уюшмалар ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда мусиқа санъати соҳасида ижод қилаётган барча ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, мусиқий таълим-тарбия соҳасини такомиллаштириш, мумтоз ва замонавий мусиқа санъатини тарғиб қилиш жараёнларида фаол иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан ижодий ҳамкорликни кучайтириш, турли ижодий танловлар ўтказиш, бастакорлар ижодини рағбатлантиришга қаратилган концертлар, фестиваллар, ижодий кечалар ва бошқа маданий-маърифий, оммавий тадбирларни ташкил этиш;

халқаро маданий ва мусиқий ҳамкорлик доирасини кенгайтириш, ёш композитор, бастакор ва мусиқашуносларни замон талаблари даражасида тайёрлаш, чет давлатлардаги таниқли композиторлар ва мусиқашунослар билан ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш;

Ўзбекистон давлат консерваториясида соҳа вакиллари учун малака ошириш курсларини ташкил этиш;

Низом талаблари асосида Уюшма аъзолари сафини ёш истеъдодли композитор ва бастакорлар, мусиқашунослар билан тўлдириб бориш.

3. Қуйидагилар:

Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ маъқуллансин.

4. Уюшма ва унинг ҳудудий бўлимларининг фаолияти билан боғлиқ харажатларни қоплаш, шунингдек, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича харажатларни молиялаштириш манбаи этиб Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди (кейинги ўринларда – Фонд деб юритилади) маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.

Бу борада Уюшма ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Фондга ажратиладиган бюджет маблағлари (субсидия) ҳисобидан қопланиши назарда тутилсин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Уюшма ҳудудий бўлимларининг аниқ манзиллар бўйича жойлаштирилишини таъминласин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Уюшма аъзоси бўлган фаол композитор ва бастакорлар, мусиқашуносларни имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жой ёки ер участкалари билан таъминлаш бўйича тегишли чораларни кўрсин.

7. “Асакабанк” акциядорлик тижорат банкининг Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг “Дўстлар клуби”га раҳбарлик қилиш юзасидан билдирган ташаббуси маъқуллансин. “Асакабанк” акциядорлик тижорат банкининг Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси билан биргаликда Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Яҳё Ғуломов кўчаси, 69-уйда жойлашган Уюшма биносини таъмирлаш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа атоқли намояндаларининг электрон архивини ва махсус фонотека, овоз ёзиш студияси ҳамда “Мусиқа ижодкорлари” музейини ташкил этишда ҳомийлик ёрдами кўрсатиш ҳақидаги таклифи қўллаб-қувватлансин.

8. Уюшма ўз фаолиятини такомиллаштириш мақсадида дунёдаги ривожланган давлатларнинг мусиқа санъати соҳасидаги ижодий уюшмалари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, жумладан, халқаро ташкилотларнинг грантларини жалб этиш чоралари белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.

Уюшма тавсияси билан унинг фаол аъзоларини хориж давлатларига малака ва тажриба алмашиш учун Фонд ҳисобидан хизмат сафарларига юбориш тизими йўлга қўйилсин.

9. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 15 август


* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 
“Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси 
фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига

ШАРҲ

Бугунги кунда халқимизнинг маданий савиясини ошириш, юртдошларимиз, айниқса, ёш авлодни юксак инсоний ғоялар, она Ватанимизга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш, миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида камол топтиришда мусиқа санъатининг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

Ана шундай эзгу вазифаларни амалга оширишда мусиқа санъати намояндаларининг профессионал ташкилоти – Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси алоҳида ўрин тутади. 1938 йилда ташкил этилган, катта фаолият тажрибасига эга бўлган мазкур Уюшма халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида миллий ва жаҳон мусиқа санъатининг мумтоз намуналарини тарғиб этиш, уларнинг бадиий-эстетик диди ва маданиятини ошириш, мамлакатимиз бастакорлари ва композиторларининг профессионал фаолияти, яшаш шароити билан боғлиқ долзарб масалаларни самарали ҳал этиш, уларни янги, бадиий етук асарлар яратишга руҳлантириш бўйича ғоят кўп қиррали фаолияти билан миллий маданиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Уюшма томонидан кейинги пайтда ўтказилган халқаро симфоник мусиқа фестивали, “Куз наволари” халқаро мусиқа фестивали, “Давр садолари” мусиқа анжумани ҳамда Назира Аҳмедова номидаги халқаро ва республика хонандалар танловлари каби кўплаб тадбирлар юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеалар бўлди. Мамлакатимиз миқёсида ўтказиб келинаётган байрам ва тантаналар, давлат тадбирлари, адабий-бадиий кечалар ва учрашувлар Уюшма аъзолари – таниқли созанда ва хонандалар, бастакор ва композиторлар иштироки билан янада мазмунли ва файзли ўтишини эл-юртимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.

Айни вақтда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси фаолиятининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, бу нуфузли ижодий тузилма барча соҳалардаги ислоҳотларимиз янги босқичга кўтарилаётган ҳозирги тараққиётимиз талабларидан кейинги пайтда бир мунча ортда қолмоқда. Уюшма фаолиятида сусткашлик, ташаббускорликнинг етишмаслиги каби ҳолатлар кузатилмоқда, бошқарув аппаратининг молиявий аҳволи ва моддий-техник базаси билан боғлиқ муаммолар ҳам унинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 3 августда Ўзбекистон ижодкор зиёлилари билан бўлган учрашувда сўзлаган маърузасида маданият, адабиёт ва санъат соҳасидаги бошқа масалалар қатори ана шу камчиликларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, уларни бартараф этиш бўйича муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилган эди. Давлатимиз раҳбари томонидан ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор имзоланди.

Қарорга мувофиқ аввало Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси фаоллар кенгаши томонидан билдирилган таклиф асосида Уюшма Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси этиб ўзгартирилган ва унинг асосий вазифалари белгилаб берилган. Хусусан, халқимизнинг эстетик талаб ва эҳтиёжларини ҳар томонлама ҳисобга олиб, замонавий руҳдаги бадиий юксак асарлар яратиш, ёш композитор, бастакор ва мусиқашунослар, барча ижрочиларнинг ижод билан самарали шуғулланишлари учун имконият ва шароитларни кенгайтириш, катта мусиқий асарлар, жумладан, опера, симфония, концерт ва оратория каби мумтоз жанрлар ривожига алоҳида эътибор қаратиш назарда тутилган.

Уюшма фаолиятида мамлакатимизнинг маданий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, мусиқий таълим-тарбия соҳасини такомиллаштириш, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, ижодий уюшмалар ва бошқа ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари алоҳида ўрин эгаллаши зарурлигига урғу берилган.

Айни пайтда, қарорда халқаро маданий ва мусиқий ҳамкорлик доирасини кенгайтириш, ёш композитор, бастакор ва мусиқашуносларнинг малакаси ва маҳоратини мунтазам ошириб бориш мақсадида чет давлатлардаги таниқли композиторлар ва мусиқашунослар билан ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш, композитор ва бастакорлар ижодини рағбатлантиришга қаратилган концертлар, фестиваллар, ижодий кечалар ва бошқа маданий-маърифий, оммавий тадбирларни юксак савияда ташкил этиш лозимлиги таъкидлаб ўтилган.

Ижодий уюшмалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган “Илҳом” жамоат фонди композиторлар, бастакорлар ва мусиқашунослар учун катта имкониятлар ва имтиёзлар яратади.

Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда Уюшма аъзоларининг ижод қилиши, дам олиши ва соғлиғини тиклашлари учун кенг шароитлар яратиш кўзда тутилган. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига Уюшманинг ҳудудий бўлимларининг аниқ манзиллар бўйича жойлаштирилишини таъминлаш ҳамда Уюшма аъзоси бўлган фаол композитор ва бастакорлар, мусиқашуносларни имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жойлар билан таъминлаш бўйича тегишли вазифалар белгиланган.

Бундан ташқари, “Асакабанк” акциядорлик тижорат банкининг Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг “Дўстлар клуби”га раҳбарлик қилиш бўйича билдирган ташаббуси маъқулланиб, ушбу ташкилот билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Яҳё Ғуломов кўчаси, 69-уйда жойлашган Уюшма биносини таъмирлаш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, атоқли мусиқа намояндаларининг электрон архиви ва махсус фонотека, овоз ёзиш студияси ҳамда “Мусиқа ижодкорлари” музейини ташкил этишда ҳомийлик ёрдами кўрсатиши кўзда тутилган.

Қарорда композитор ва бастакорларимиз ижодини кенг тарғиб қилиш, хорижий мамлакатлардаги таниқли ижодкорлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро симфоник ва республика мусиқа фестивалларини ўтказиш, ёш ижодкорларни рағбатлантиришни йўлга қўйиш, бу борада мусиқа санъатининг турли жанрларида танловлар ташкил этиб борилишига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилган.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қарор Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси фаолиятини ҳар томонлама такомиллаштириш, Уюшма аъзоларини қўллаб-қувватлаш ва янги асарлар яратишга руҳлантириши билан аҳамиятлидир.

6 187






Все о погоде - Pogoda.uz