ЎзА Ўзбек

18.08.2018 00:01 Чоп этиш версияси

Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида

Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ф а р м о н и

Кейинги йилларда республикамизда ҳудудларни комплекс ривожлантиришга, жойларда юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида ва самарали ҳал қилишга қодир маҳаллий ижро этувчи ҳокимият тузилмасини такомиллаштиришга қаратилган маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида ишларнинг ҳақиқий аҳволини ўрганиш иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантириш ва модернизация қилиш, инвестицияларни жалб этиш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳолининг энг муҳим муаммоларини тезкор ҳал қилишга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигидан далолат бермоқда. Хусусан:

биринчидан, минтақанинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилишда комплекс ёндашув ҳамда ҳокимлар ва улар ўринбосарларининг давлат бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмалари билан яқин ўзаро ҳамкорлиги йўлга қўйилмаган;

иккинчидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ўзига хос бўлмаган бир қатор вазифа ва функциялар юклатилган бўлиб, уларни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий ва молиявий механизмлари мавжуд эмас, оқибатда ҳокимликлар ҳузурида маъмурий ва бошқарув функцияларига эга бўлган алоҳида квазидавлат корхона ва ташкилотлар тузилмоқда;

учинчидан, давлат ҳокимияти ваколатларига эга бўлган кўп сонли идоралараро ҳудудий коллегиал органлар (комиссиялар, кенгашлар)нинг мавжудлиги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг вазифа ва функциялари алмашишига, қабул қилинаётган қарорлар ва аниқ натижаларга эришиш учун масъулиятнинг йўқолиб боришига олиб келмоқда;

тўртинчидан, Тошкент шаҳрининг тасдиқланган бош режаси мавжуд эмаслиги тартибсиз қурилишларга олиб келмоқда, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада кенгайтиришга имкон бермаяпти, шунингдек, ижтимоий объектларни комплекс жойлаштириш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини кенгайтиришни ҳисобга олган ҳолда пойтахтни фаол ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда;

бешинчидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларини моддий рағбатлантиришнинг амалдаги тартиби уларга юклатилган вазифалар, функциялар ва масъулият ҳажмига мос келмайди, бу эса уларнинг иш самарадорлигига таъсир қилмоқда;

олтинчидан, депутатлик ва жамоатчилик назорати механизмлари лозим даражада ишга солинмаган, халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятини ташкил этишнинг амалдаги тартиби маҳаллий ижро этувчи органлар фаолияти устидан назоратни тўлиқ таъминламайди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, уларнинг тегишли ҳудуддаги энг муҳим муаммоларни ҳал қилишдаги ролини кучайтириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг вазифаларига мувофиқ:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2018 йил 1 сентябрдан Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш ҳақидаги қуйидагиларни назарда тутувчи таклифи қабул қилинсин:

Тошкент шаҳар ва унинг таркибига кирувчи туманлар (кейинги ўринларда туманлар деб юритилади) ҳокимликлари бошқарув аппаратлари негизида халқ депутатлари Кенгаши тасдиқлаган бюджет доирасида тегишли ҳоким томонидан тузилмаси ва штатлари белгиланадиган ва ўзгартириладиган Тошкент шаҳар ва туманлар ҳокимлари девонларини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари раҳбарларини Тошкент шаҳар ҳокими томонидан тегишли вазир билан келишилган ҳолда, уларнинг туман бўлинмалари раҳбарларини эса тегишли ҳудудий давлат бошқаруви органи раҳбари билан келишилган ҳолда туман ҳокими томонидан лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш;

Тошкент шаҳар ҳокими ва унинг ўринбосарлари иштирокидаги давлат ҳокимияти ваколатларига эга бўлган ҳудудий идоралараро коллегиал органлар (комиссиялар, кенгашлар ва бошқалар)ни уларнинг вазифа ва функцияларини тегишли ҳудудий давлат бошқаруви органларига берган ҳолда кескин қисқартириш.

2. Қуйидагилар тегишлича Тошкент шаҳар ва туманлар ҳокимлари бўйсунувига ҳамда Тошкент шаҳар ва туманлар ҳокимлари девонлари тузилмасига ўтказилсин:

Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва комплекс ривожлантириш бош бошқармаси ҳамда туманларнинг иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлимлари;

Тошкент шаҳар ҳокимлиги молия бош бошқармаси ва туман ҳокимликларининг молия бўлимлари;

Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси ва туманлар қурилиш бўлимлари;

Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси
ва туманлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлимлари;

Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг Тошкент шаҳри бўйича ҳудудий бошқармаси ва инвестициялар бўйича туман бўлимлари.

3. Тошкент шаҳрида мазкур Фармоннинг 2-бандида кўрсатилган давлат бошқаруви органлари ишини ташкил этишнинг қуйидаги тартиби ўрнатилсин:

а) республика давлат бошқаруви органлари:

тегишли соҳаларда ягона давлат сиёсатини;

давлат бошқаруви ҳудудий органлари фаолиятини услубий таъминлаш ва мувофиқлаштиришни;

тегишли тузилмаларни малакали кадрлар билан таъминлашга қаратилган ягона кадрлар сиёсатини амалга оширади;

б) Тошкент шаҳар ва туманлар ҳокимлари Тошкент шаҳри ва туманлардаги ҳудудий давлат бошқаруви органлари фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, уларга юклатилган вазифаларнинг самарали бажарилишини ташкил этади;

в) Тошкент шаҳридаги ҳудудий давлат бошқаруви органлари Тошкент шаҳар ҳокимига бўйсунади ва ўз фаолияти тўғрисида тегишли республика давлат бошқаруви органига ҳисобот беради;

г) Тошкент шаҳри туманларидаги ҳудудий давлат бошқаруви органлари туман ҳокимига бўйсунади ва ўз фаолияти тўғрисида Тошкент шаҳридаги тегишли ҳудудий давлат бошқаруви органига ҳисобот беради.

4. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

а) Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармаси ҳузуридаги Каналларни сақлаш, фойдаланиш ва таъмирлаш бўйича ихтисослашган бошқарма негизида асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлган Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармасини ташкил этиш:

Тошкент шаҳри ҳудудида жойлашган каналлар ва улардаги иншоотларни сақлаш бўйича ягона техника сиёсатини олиб бориш;

Тошкент шаҳри ҳудудида жойлашган каналлар ва сув хўжалиги иншоотларининг тегишли санитар ҳолати ва техник ишончлилигини таъминлаш;

каналлардан ишончли фойдаланиш ва уларни ишчи ҳолатда сақлаш учун тайёрлаш;

каналларни санитар тозалашни комплекс ва тубдан яхшилаш, каналларга туташ ҳудудларни санитар, экологик меъёр ва қоидаларга мувофиқ ободонлаштириш вазифаларини амалга ошириш;

каналларнинг шаҳардан ўтадиган қисмларини, улар ўзанларини бетонлаш йўли билан реконструкция қилиш, қирғоқ бўйларида замонавий ландшафт меъморчилиги усулларини қўллаган ҳолда рекреацион ҳудудларни шакллантириш;

ажратилган маблағлар, моддий-техника ресурслари, махсус техника
ва асбоб-ускуналардан фойдаланиш самарадорлигини, жумладан, сув ва энергия тежовчи технологияларни жорий этган ҳолда ошириш;

б) Тошкент шаҳар ижро этувчи ҳокимият тузилмасида асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлган Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш департаментини ташкил этиш:

шаҳар транспортини тартибга солиш ва ривожлантиришнинг самарали механизмларини ташкил этиш, бошқариш, ишлаб чиқиш ва қўллаш тизимини такомиллаштириш;

транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмаси, шунингдек, автомобиль тўхташ жойларини ривожлантириш соҳасида шаҳар дастурларини ишлаб чиқиш;

шаҳар йўловчи транспорти фаолият юритишининг ишончлилиги, хавфсизлиги ва қулайлигини ошириш;

йўллар, йўл объектлари ва йўл-транспорт иншоотларидан фойдаланиш самарадорлигини таъминлаш учун йўл ҳаракатини ташкил этишнинг хавфсиз ва самарали дастурлари ва чизмаларини, шу жумладан, йўл ҳаракатини тартибга солиш тизимларини, замонавий интеллектуал ахборот-коммуникация тизимларини режалаштириш, лойиҳалаш ва жорий этиш;

Тошкент шаҳар ташкилотлари, шу жумладан, коммунал ва эксплуатация ташкилотларининг йўл-транспорт инфратузилмаси ва йўл объектларини қуриш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий шакли ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар, мувофиқлаштириш.

5. Қуйидагилар:

Тошкент шаҳар ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими тугатилиб, Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими;

Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи лавозими тугатилиб, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари –
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи лавозими;

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари – Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозими;

Тошкент шаҳар ҳокими девони раҳбари лавозими жорий этилсин.

6. Белгилаб қўйилсинки:

Тошкент шаҳар ҳокими ва туманлар ҳокимлари 1 ва 2-иловаларга мувофиқ намунавий тузилмаларга асосан тегишли ҳудудда ижро этувчи ҳокимиятга раҳбарлик қилади;

Тошкент шаҳар ва туманлар халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятининг ташкилий, молиявий, моддий-техникавий ва бошқа таъминоти уларнинг мазкур Фармонга мувофиқ ташкил этиладиган котибиятлари томонидан, ҳокимлар ва улар ўринбосарларининг таъминоти эса – тегишли ҳоким девони томонидан амалга оширилади;

Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш департаменти Тошкент шаҳар ҳокимига бўйсунади;

Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси, шунингдек, Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш департаментининг штат бирликлари Тошкент шаҳар ҳокими томонидан белгиланади;

Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ва Тошкент шаҳар бюджети ўртасида тақсимланадиган солиқларнинг тасдиқланган параметрларидан ошириб бажарилган суммасининг Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига тегишли қисми Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетига ўтказилади.

7. Қуйидагилар:

Тошкент шаҳар ҳокими ва унинг ўринбосарлари иштирокидаги ҳудудий идоралараро коллегиал органлар (комиссиялар, кенгашлар) уларнинг вазифа ва функцияларини 3-иловага мувофиқ ваколатли органларга ўтказган ҳолда;

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги давлат унитар корхоналари 4-иловага мувофиқ ўрнатилган тартибда тугатилсин.

8. Тошкент шаҳар ва туманлар халқ депутатлари Кенгашларига:

маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган ва депутатлар орасидан бўлган халқ депутатлари Кенгаши котиби бошчилик қиладиган доимий асосда фаолият юритувчи халқ депутатлари Кенгаши котибиятини ташкил этиш, шунингдек, унинг тузилмасини тасдиқлаш;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан депутатлик, жамоатчилик назоратини амалга ошириш юзасидан, шу жумладан, ҳокимлар ва давлат бошқаруви ҳудудий органлари фаолиятини тизимли ва танқидий таҳлил қилиш бўйича халқ депутатлари Кенгашининг ҳар ойлик иш режаларини тасдиқлаш ва ижро этиш орқали ишларни кучайтириш тавсия этилсин.

9. Қуйидагиларга:

а) халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига:

маҳаллий бюджетлар даромадлари прогнозини ошириб бажариш ҳисобига халқ депутатлари Кенгашлари котибиятлари ходимларининг фаолиятини баҳолаш натижасига кўра уларнинг лавозим маошларига лавозим маошининг 200 фоизига қадар миқдорда устама белгилаш;

Тошкент шаҳар бюджети маблағлари ҳисобидан унинг захира фонди миқдори доирасида ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигини кейинчалик хабардор этган ҳолда Тошкент шаҳри номидан юридик ва жисмоний шахслар фойдасига кафолат ва кафиллик бериш;

б) Тошкент шаҳар ҳокими ва туманлар ҳокимларига маҳаллий бюджетлар даромадлари прогнозини ошириб бажариш ҳисобига Тошкент шаҳар ҳокими ва туманлар ҳокимлари девони, шунингдек, давлат бошқаруви ҳудудий органлари ходимларининг фаолиятини баҳолаш натижасига кўра уларнинг лавозим маошларига лавозим маошининг 200 фоизига қадар миқдорда устама белгилаш ҳуқуқи берилсин.

10. Тошкент шаҳри ҳудудида 2018 йил 1 октябрдан қуйидагилар амалга киритилсин:

Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ва Тошкент шаҳар бюджети ўртасида қайта тақсимланадиган алоҳида турдаги тушумлар бўйича ажратмалар 5-иловага мувофиқ;

туманлар бюджетлари даромадига тўлиқ ҳажмда киритиладиган қўшимча тушумлар 6-иловага мувофиқ.

11. Тошкент шаҳрининг бошқарув тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича “йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “йўл харитаси”) 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш хизматига “йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларнинг амалга оширилиши устидан назорат ва мониторингни амалга ошириш вазифаси;

Тошкент шаҳар ҳокими, вазирлик ва идоралар раҳбарларига “йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсий жавобгарлик юклансин.

12. Тошкент шаҳар ҳокими 2018 йил 1 октябрга қадар муддатда Тошкент шаҳрининг бош режаси концепцияси ва Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича халқаро танлов ўтказилишини таъминласин.

Тошкент шаҳрининг бош режаси концепцияси ва Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича буюртмачи функцияси Тошкент шаҳар ҳокими девонига юклансин.

13. Қуйидагилар Тошкент шаҳрининг бош режаси концепцияси ва Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳаларини ишлаб чиқишнинг молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари;

тадбиркорлик субъектларининг давлат-хусусий шериклик шартларида жалб этиладиган маблағлари.

14. Тошкент шаҳар ҳокими:

2019 йил 1 январга қадар Тошкент шаҳрининг бош режаси концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини;

2019 йил 1 декабрга қадар тасдиқланган Тошкент шаҳрининг бош режаси концепцияси асосида Тошкент шаҳрининг бош режасини тасдиқлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

15. Вазирлик ва идоралар Тошкент шаҳар ҳокими девонига Тошкент шаҳрининг бош режаси концепцияси ва Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳаларини ишлаб чиқишда кўмаклашсин, ўз ваколатлари доирасида ушбу ҳужжатларнинг ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилиши учун зарур бўлган материаллар билан таъминласин.

16. Белгилаб қўйилсинки, Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқлангунга ва пойтахтни архитектура жиҳатидан ривожлантиришнинг истиқболлари аниқ белгилангунга қадар:

Тошкент шаҳрининг эски шаҳар қисмида бузиш, реконструкция қилиш ва капитал қурилиш бўйича ишларни олиб бориш тақиқланади;

Тошкент шаҳрининг бошқа туманларида янги турар жой массивларини қуришда ижтимоий объектларни комплекс жойлаштириш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини кенгайтириш мажбурий тартибда назарда тутилади.

17. Тошкент шаҳар ҳокимига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан маъқулланган ёки ишлаб чиқилган рентабелли инвестиция лойиҳаларига аҳолининг бўш маблағларини Тошкент шаҳрининг облигациялари ёки янги ташкил этилаётган хўжалик жамиятлари акциялари шаклида қимматли қоғозларни чиқариш орқали жалб этишга рухсат берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази Тошкент шаҳар ҳокимига қимматли қоғозларни чиқариш ҳамда жойлаштиришда кўмаклашсин.

18. Тошкент шаҳар ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг:

“Ягона буюртмачи хизмати” ИК, “Капитал қурилиш бошқармаси”, “Тошкент уй-жой қурилиш бошқармаси” ва “Моддий-техник таъминот бошқармаси” давлат унитар корхоналари негизида давлат унитар корхонаси шаклидаги “Тошкент қурилиш инвест” инжиниринг компаниясини ташкил этиш ҳамда уни Тошкент шаҳри ҳудудида марказлашган молиялаштириш манбалари ҳисобидан объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашни ташкиллаштириш бўйича ягона буюртмачи сифатида белгилаш;

“Маъмурий бинолардан фойдаланиш департаменти” давлат унитар корхонаси негизида давлат унитар корхонаси шаклидаги Муниципал активларни бошқариш марказини ташкил этиш ҳамда унинг зиммасига муниципал мулкни, шу жумладан, муниципал мулк ҳисобланган давлат корхоналари ва хўжалик жамиятлари устав фондидаги улушларни самарали бошқариш вазифаларини юклаш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.

Тошкент шаҳар ҳокимига муниципал активларни бошқариш ва уларни ижарага беришдан тушадиган даромадларнинг бир қисмини, жумладан, Тошкент шаҳар ҳокими девонининг фаолиятини моддий-техник таъминлаш ва унинг ходимларини моддий рағбатлантириш учун йўналтиришга рухсат берилсин.

19. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ ташқи реклама объектларининг иншоотларини жойлаштириш учун тақдим этиладиган ҳудудлар рўйхатларини шакллантириш Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси томонидан ички ишлар органлари ва Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда амалга оширилади.

Белгилансинки, рухсатнома беришдан келиб тушадиган барча маблағлар электрон аукцион савдоларини ўтказиш харажатларини чегириб ташлаган ҳолда Тошкент шаҳри туманлари бюджетларига йўналтирилади.

20. Тошкент шаҳар ҳокими реал вақт режимида қуйидаги имкониятларни тақдим этувчи Тошкент шаҳри ва туманлар ҳокимлари девонининг интерфаол порталларини яратишни таъминласин:

а) фуқаролардан маҳаллий бюджетнинг муайян қисмини, шу жумладан, Тошкент шаҳрини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармасининг маблағларини, Тошкент шаҳри облигацияларини чиқариш ҳисобидан жалб этилаётган маблағларни энг кўп овоз олган мақсадларга йўналтириш бўйича таклифлар олиш;

б) маҳаллий бюджетга тушумларни кузатиш, шунингдек, амалга оширилаётган тадбирларни ва уларга сарфланган маблағларнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаган ҳолда қайд этиш орқали уларнинг сарфланишини мониторинг қилиш;

в) Тошкент шаҳри ва туманлар ҳокимлари девонларининг тегишли ҳудуд аҳолиси билан қуйидагилар орқали ҳамкорлигини амалга ошириш:

пойтахт аҳолисидан уй-жой коммунал, транспорт ва бошқа инфратузилмани такомиллаштириш, ҳудудларни ободонлаштириш масалалари бўйича таклифларни қабул қилиш;

ҳокимлар ва ҳоким девони ходимларининг пойтахт аҳолиси таклиф ва мулоҳазаларига тезкор жавоб бериш;

пойтахт аҳолиси таклифлари ва мулоҳазаларининг ижросини назорат қилиш;

Тошкент шаҳрида арзон уй-жойга талабгор шахсларнинг навбати ва рўйхатини очиқ шакллантириш;

ҳудудларни ривожлантириш, объектларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурларини жойлаштириш, тадбиркорлик субъектларининг таклифларини қабул қилиш;

пойтахт аҳолиси овоз бериши якунлари бўйича туманлар ҳокимлари ва ҳудудий давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг рейтингини аниқлаш.

21. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига:

халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туманлар Кенгашларига Тошкент шаҳри ва туманлари ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан самарали депутатлик назоратини ташкил этиш ҳамда амалга оширишда кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига кўриб чиқиш учун киритилаётган масалаларни халқ депутатлари Кенгашлари йиғилишларида муҳокама қилиш амалиётини жорий этиш;

халқ депутатлари Кенгашлари мурожаатлари бўйича ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини ўз мажлисларида кўриб чиқиш тавсия этилсин.

22. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги бир ой муддатда Тошкент шаҳрида каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш соҳасида қонунчиликка риоя этилиши ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш учун масъул бўлинмаларни белгилаш бўйича таклифлар киритсин.

24. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги уч ой муддатда:

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига хос бўлмаган ва бир-бирини такрорловчи функцияларни аниқлаш нуқтаи назаридан қонун ҳужжатларини хатловдан ўтказсин, натижаси бўйича уларни оптималлаштириш юзасидан таклифлар киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси, Молия вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда оммавий мулкни республика ва муниципал мулкка аниқ ажратиш юзасидан таклифлар киритсин;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек, тартибга солиш бўйича қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар киритсин.

25. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

2018 йил 1 декабрга қадар муддатда халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига “Ўзбекистон Республикаси пойтахтининг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини киритсин;

Тошкент шаҳрида ўтказилган ҳуқуқий эксперимент якунларига кўра,
2019 йил 1 июлга қадар муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини киритсин.

26. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджети параметрларига ўзгартишлар киритсин.

27. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлигининг Давлат молия назорати бош бошқармаси мазкур Фармон талаблари ижро этилишида маҳаллий бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан тизимли равишда назоратни амалга оширсин.

28. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Ж.А.Артикходжаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                      Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,
2018 йил 17 август

24 481