ЎзА Ўзбек

05.10.2018 00:31 Чоп этиш версияси

Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон Республикасида сайлов жараёнини янада такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳисобланади.

Мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар доирасида Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини (кейинги ўринларда СЯЭР деб юритилади) жорий этишга қаратилган Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини яратиш ҳамда уни шакллантириш ва ундан фойдаланишда идоралараро ўзаро ҳамкорлик тартибини регламентлашга доир чора-тадбирлар амалга оширилди.

Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими эксперимент тартибида 2017 йил декабрь ойида Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов давомида синовдан ўтказилди ҳамда хорижий ва маҳаллий экспертлар томонидан ижобий баҳоланди.

Шу билан бирга, ўтказилган таҳлил сайлов жараёнига СЯЭРни тўлақонли жорий этишни таъминлашга салбий таъсир кўрсатаётган қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатди, хусусан:

биринчидан, республика кўламида СЯЭРдан фойдаланиш амалиётининг мавжуд эмаслиги бир сайловчининг бир вақтнинг ўзида бир нечта рўйхатларга киритилишига олиб келмоқда ва «бир сайловчи – бир овоз» принципига тўлиқ риоя қилинишини таъминламаяпти;

иккинчидан, сайловчи-фуқароларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойлари манзиллари тўғрисида ҳаққоний бўлмаган ахборот фуқароларни тегишли сайловчилар рўйхатларига автоматик киритишда аниқликни таъминлаш имконини бермаяпти;

учинчидан, Кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестрининг мавжуд эмаслиги, шунингдек, Кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестридаги эскирган ва манфаатдор идоралар томонидан фойдаланилмайдиган ахборот сайловчиларни участкалар бўйича тақсимлаш жараёнини автоматлаштиришга тўсқинлик қилмоқда;

тўртинчидан, сайлов участкаларининг замонавий компьютер ускуналари билан жиҳозланиши ва уларнинг интернет тармоғига уланиши даражаси пастлигича қолаётгани сайлов жараёнида ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш имконини бермаяпти;

бешинчидан, жойлардаги сайлов комиссиялари аъзоларининг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга доир билим ва кўникмалари даражаси пастлиги сайлов жараёнини рақамлаштириш ва автоматлаштиришда қийинчилик туғдирмоқда.

Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишни таъминлаш, шунингдек, Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини жорий этиш ва СЯЭРдан самарали фойдаланиш учун зарур аппарат-дастурий инфратузилмани яратиш мақсадида:

1. Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг мамлакатимизнинг бутун ҳудудида сайлов жараёнига Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини жорий этиш ва СЯЭРдан фойдаланиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

2. СЯЭРни шакллантиришда Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар ахборот базасига, Кўчмас мулк объектлари ягона реестри ва Кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестрига мувофиқ сайловчи-фуқаролар, уларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойларининг манзиллари тўғрисидаги ягона ахборотдан фойдаланилиши белгилаб қўйилсин.

3. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси мамлакатнинг бутун ҳудудида Сайлов жараёнини бошқаришнинг ахборот тизимини жорий этиш ва СЯЭРдан фойдаланиш бўйича фаолиятга умумий раҳбарликни ва мувофиқлаштиришни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини жорий этиш ва СЯЭРдан фойдаланишда ягона технологик ёндашувни, шунингдек, уларнинг ҳудудларда самарали ишлашини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Кўчмас мулк объектлари манзилларининг ягона реестри ва Кўчмас мулк объектларининг ягона реестрини юритиш учун жавобгар орган ҳисобланади;

«UNICON.UZ» – «Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари» ДУК Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини яратиш, янада такомиллаштириш ва унга техник хизмат кўрсатиш ишларини амалга оширади, шунингдек, унинг самарали ва узлуксиз ишлашини таъминлайди.

4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Бош прокуратура, Давлат солиқ қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2019 йил 1 апрелга қадар муддатда:

фуқароларни уйма-уй юриб ўрганиш орқали уларнинг паспорт маълумотларини кўчмас мулк объектининг кадастр рақамига боғлаган ҳолда Ички ишлар вазирлиги маълумотлар ахборот базасидаги фуқароларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойлари манзиллари тўғрисидаги ахборотни тўлиқ долзарблаштиришни ўтказишни;

туманлар (шаҳарлар) ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш секторлари раҳбарларини уйма-уй юриб ўрганишни ташкил этишга жалб этишни;

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда фуқароларнинг паспорт маълумотларини кўчмас мулк объектининг кадастр рақамига боғлаган ҳолда Ички ишлар вазирлиги маълумотлар ахборот базасини Кўчмас мулк объектларининг ягона реестрига ва Кўчмас мулк объектлари манзилларининг ягона реестрига мувофиқлаштирилишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда 2019 йил 1 апрелга қадар муддатда кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказсин ва хатлов натижаларига кўра Кўчмас мулк объектларининг ягона реестри ва Кўчмас мулк объектлари манзилларининг ягона реестрини шакллантириш жараёнини якунига етказсин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ушбу қарорнинг 4-бандига мувофиқ уйма-уй юриб ўрганиш натижасида тўпланган ахборотни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар ахборот базасига киритиш учун компьютер ускуналари билан жиҳозланган зарур хоналар ва ходимларни ажратсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг талабномаларига кўра ушбу қарорнинг 4-бандига мувофиқ уйма-уй юриб ўрганиш натижасида тўпланган ахборотни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар ахборот базасига киритиш учун ажратилган хоналарнинг белгиланган тартибда маълумотлар узатиш тармоқларига уланишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда Кўчмас мулк объектларининг ягона реестри ва Кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестрининг «Электрон ҳукумат» тизимига интеграциялашувини таъминласин;

Сайлов участкасини аниқлаштириш ва уни ўзгартириш имкониятини тақдим этиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишни ҳисобга олган ҳолда Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимининг «Электрон ҳукумат» тизимига интеграциялашувини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Марказий сайлов комиссияси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2018-2019 йилларда сайлов комиссиялари вакилларини Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими, шу жумладан, СЯЭР билан ишлаш кўникмаларига ўқитишни таъминласин.

9. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.

10. Қуйидагилар молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказишни ҳамда Кўчмас мулк объектларининг ягона реестри ва Кўчмас мулк объектлари манзилларининг ягона реестрини шакллантириш бўйича – 20 фоизи Ер муносабатлари ва давлат кадастрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, 80 фоизи Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар ахборот базасини модернизация қилиш бўйича – вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари;

хоналарни ушбу қарорнинг 4 ва 7-бандларига мувофиқ маълумотлар узатиш тармоқларига улаш бўйича – Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари.

11. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р.Бобожонов зиммасига – фуқароларни уйма-уй юриб ўрганиш орқали уларнинг паспорт маълумотларини кўчмас мулк объектининг кадастр рақамига боғлаган ҳолда Ички ишлар вазирлигининг ахборот базасидаги фуқароларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойлари манзиллари тўғрисидаги ахборотнинг тўлиқ долзарблаштирилиши учун;

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси А.Х.Абдуллаев зиммасига – кўчмас мулк объектларининг тўлиқ хатловдан ўтказилиши ҳамда Кўчмас мулк объектларининг ягона реестри ва Кўчмас мулк объектлари манзилларининг ягона реестрини шакллантириш бўйича ишларнинг якунига етказилиши учун;

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М.Содиқов зиммасига – Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимининг янада такомиллаштирилиши ва тўлиқ ишлаши, шунингдек, сайлов комиссиялари сайлов вақтида маълумотлар узатиш тармоқларига узлуксиз уланишини таъминлаш учун;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига – фуқароларнинг яшаш жойлари манзиллари тўғрисидаги ахборотни долзарблаштириш ва сайлов вақтида сайлов комиссиялари Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимидан самарали фойдаланиши учун зарур хоналар, замонавий ускуналар ва ходимлар тақдим этилиши учун;

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Э.Абдусаломов зиммасига – сайлов комиссиялари вакилларини Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими билан ишлаш кўникмаларига ўқитиш ва давлат органларининг улар зиммасига сайлов жараёнига СЯЭРни жорий этиш учун зарур шароитларни яратишга доир юкланган мажбуриятларининг бажарилиши устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш учун шахсий жавобгарлик юклансин.

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрелдаги «Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3662-сон қарорининг 8-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

13. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                             Ш.МИРЗИЁЕВ


Тошкент шаҳри, 2018 йил 4 октябрь


11 202