ЎзА Ўзбек

04.12.2018 22:55 Чоп этиш версияси

Республикада пиллачилик тармоғини жадал ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Республикада пиллачилик тармоғини жадал ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Республикада пиллачилик тармоғини ривожлантириш, пилла етиштириш ва уни қайта ишлаш жараёнига замонавий ва инновацион технологияларни жорий этиш, ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва уларни экспорт қилиш ҳажмларини ошириш ҳамда тармоққа тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга қарамасдан, ҳанузгача пилла хом ашёсини чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга бўлган рақобатбардош тайёр ипак маҳсулотлари ишлаб чиқаришни жадаллаштиришга тўсқинлик қилаётган бир қатор муаммолар сақланиб қолмоқда.

Янги интенсив тутзорлар ва тут қаторлари барпо этишни рағбатлантириш, тармоққа тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиш, илғор технологиялар, инновацион ғоялар, илмий ишланмалар ва илм-фан ютуқларини кенг жорий этиш, пилла хом ашёсини чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматга эга бўлган рақобатбардош тайёр ипак маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ва уларнинг турларини кўпайтиришни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида:

1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг мавжуд тутзорларни  “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг ҳудудий “Агропилла” МЧЖларига ўтказиб бериш ва янги тутзорлар барпо этиш борасидаги фаолияти лозим даражада ташкил этилмаганлиги кўрсатиб ўтилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 августдаги “Республикада пиллачилик тармоғидаги мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3910-сон қарорига мувофиқ “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг республика ҳудудларида аҳолини иш билан таъминлаш ва уларнинг даромадларини ошириш мақсадида пиллачилик тармоғи ташкилотлари томонидан томорқа ер эгаларига (аҳоли хонадонларига) 50 бошдан 90 кунлик парранда ва тут кўчатларини шартнома асосида бепул етказиб бериш тўғрисидаги таклифлари маъқулланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ишлаб чиқилган:

2019-2021 йилларда пиллачилик тармоғи ташкилотлари томонидан томорқа ерларида (аҳоли хонадонларида) тут кўчатлари экишни ва парранда боқишни ташкил этишнинг мақсадли прогноз параметрлари 1-иловага мувофиқ;

2019-2021 йилларда пиллачилик тармоғи ташкилотлари томонидан ипак қуртини парваришлаш иншоотларини қуришнинг мақсадли прогноз параметрлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси, “Паррандасаноат” уюшмаси, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда бир ой муддатда мазкур қарор билан тасдиқланган мақсадли прогноз параметрлари бажарилишини таъминлаш юзасидан туманлар, пиллачилик тармоғи ташкилотлари, томорқа ерлари (аҳоли хонадонлари) кесимидаманзилли чора-тадбирлар дастурларини тасдиқласин ҳамда уларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва самарали ижро этилишини таъминласин.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси мазкур қарор билан тасдиқланган прогноз параметрлари ижроси юзасидан тизимли мониторинг ўрнатсин ҳамда амалга оширилган ишлар натижасини таҳлил қилган ҳолда ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиб борсин.

4. “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йилдан бошлаб уюшма таркибига кирувчи ташкилотларнинг пилла ҳосили учун контрактация шартномаларида белгиланган миқдорлардан ортиқча пилла топширилганида, 5 килограммгача ортиқча пилла ҳосили харид нархига нисбатан 15 фоиз, 5 килограммдан юқори бўлган қисмига – 25 фоиз миқдорида устама тўлаш тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

5. Пиллачилик тармоғидаги лойиҳаларнинг қиймати ва уларни амалга ошириш учун зарур бўлган валюта туридан қатъи назар, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибига кирувчи ташкилотларнинг ипак қурти уруғини сотиб олиш, тутзорлар барпо қилиш, пилла етиштириш ва уни қайта ишлаш иншоотларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш, шунингдек, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш бўйича лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида 2019-2021 йилларда ажратиладиган банк кредитлари фоиз харажатларини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан тижорат банклари томонидан белгиланган кредит ставкасининг 50 фоизи, бироқ 10 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда компенсация тақдим этиш тартиби ўрнатилсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2019-2021 йиллар давомида ҳар йили 100 миллиард сўм миқдоридаги маблағларни тегишли йилнинг 1 февралига қадар мазкур бандда назарда тутилган компенсацияларни тақдим этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига ўтказиб берсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги ҳамда тижорат банклари билан биргаликда икки ой муддатда халқаро молия ташкилотлари ва институтлари билан музокаралар олиб борсин ва пиллачилик тармоғидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун имтиёзли кредит линияларини очишюзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

7. “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибига кирувчи ташкилотлар 2023 йил 1 январга қадар муддатга мол-мулк ва ер солиқларини тўлашдан озод этилсин, бунинг натижасида бўшайдиган маблағлар ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, шу жумладан, технологик ускуналар сотиб олиш учун мақсадли тарзда йўналтирилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 январдаги “Республикада ипакчилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3472-сон қарорининг 10-банди “а” кичик бандида назарда тутилган божхона тўловлари бўйича имтиёзларни, истисно тариқасида, тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар ҳисобига олиб кирилаётган божхона расмийлаштируви вақтида ишлаб чиқарилган йили 3 йилдан 7 йилгача бўлган технологик ускуналарга ҳам қўллашга рухсат берилсин.

Белгилаб қўйилсинки, мазкур бандда назарда тутилган имтиёз қуйидаги шартлар билан қўлланилади:

имтиёз қўлланилганидан кейинги йилдан бошлаб 3 йил давомида ҳар йили ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг камида 50 фоизини экспорт қилиш;

имтиёзни қўллаш натижасида бўшайдиган маблағларни технологик ускуна олиб кирилган кундан бошлаб дастлабки 2 йиличида ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида технологик ускуналар сотиб олиш учун мақсадли тарзда йўналтириш.

9. 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб тармоқ ташкилотлари ходимларини ихтисослашган олий таълим муассасаларидаги “Ипакчилик ва тутчилик” таълим йўналиши бўйича сиртқи бўлимларга белгиланадиган қабул квоталаридан ташқари тўлов-контракт асосида тест синовларисиз қабул қилиш тартиби жорий этилсин. Бунда олий таълим муассасаларига қабул:

ходимнинг умумий ўрта ёки ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига ва тармоқ ташкилотларида камида 3 йил амалий иш стажига эга бўлиши;

контракт тўлови тармоқ ташкилоти томонидан кафолатланган ҳолда амалга оширилиши ва ходим – битирувчининг ўқишни тамомлаганидан сўнг 5 йил давомида тармоқ ташкилотида ишлаб бериши шарти билан амалга оширилади.

10. “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг:

хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, чет эл давлатларининг пиллачилик тармоғи вакиллари, эксперт ва мутахассислар ҳамда хорижий сайёҳларни кенг жалб қилган ҳолда 2019 йилдан бошлаб ҳар йили Халқаро ипакчилик форуми ва “Ипак ва Мода” (“Silk & Fashion”) халқаро ипакчилик кўргазмасини;

жойларда, биринчи навбатда, туристлар ташриф буюрадиган маданий мерос объектлари ҳудудларида “Uz-Silk” миллий бренди остида ипак матолар ва тайёр ипак маҳсулотлари кўргазма-савдо расталарини (дўконларини), шунингдек, ипакдан тикилган либослар ва ипак буюмларнинг мода кўргазмаларини ташкил қилиш тўғрисидаги таклифлари қўллаб-қувватлансин.

11. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда маҳаллий ипак маҳсулотларининг ташқи бозорларга етказиб берилишидаги мавжуд муаммоларни танқидий таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш бўйича асослантирилган таклиф киритсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Ипакчилик илмий-тадқиқот институтининг моддий-техника таъминотини яхшилаш ва унинг замонавий илмий лабораториясини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини тадбирларни молиялаштиришнинг аниқ миқдор ва манбаларини белгилаган ҳолда ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

13. “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда вилоятда инновацион технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда ҳосилдорлиги юқори бўлган интенсив тутзорлар барпо қилиш, сифатли ипак қурти уруғи етиштириш, замонавий ипак қуртини боқиш иншоотларини қуриш асосида пилла етиштириш ва уни қайта ишлашнинг намунавий тизимини жорий этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Бош прокуратура ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда жойларда тут дарахтларини ғайриқонуний равишда кесиш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш натижасида зарар етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                           Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2018 йил 4 декабрь 


10 111