Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

30.06.2017 20:29 Чоп этиш версияси

Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Кейинги йилларда ахборот-коммуникация технологияларини (кейинги ўринларда АКТ деб аталади) давлат бошқаруви ва давлат хизматлари кўрсатишнинг барча соҳаларига жорий этиш бўйича босқичма-босқич ўтказилаётган ислоҳотлар ахборот хизматларини илгари суриш, «электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш ва амалга ошириш, халқ билан мулоқот қилиш ва аҳолининг кундалик муаммоларини жойларда ўз вақтида ҳал қилишнинг самарали механизмларини яратиш имконини берди.

Бу борада эришилган натижаларга қарамасдан, ахборот технологиялари ривожланиши ва уларни иқтисодиёт соҳаларига жорий этишнинг ҳозирги ҳолати, шунингдек маҳаллий дастурий маҳсулотларнинг экспорт даражаси ҳали ҳам пастлигича қолмоқда. Ахборот технологияларининг рақобатдош ва юқори унумдорликка эга тармоғини шакллантириш учун мамлакатнинг фан ва таълим соҳасидаги салоҳиятидан етарлича фойдаланилмаяпти.

Республикада амал қилаётган ташкилий-иқтисодий шароит АКТ соҳасида тез ўсишни намойиш этаётган хорижий мамлакатларда яратилган шароитларга нисбатан мамлакатнинг рақобатдошлиги пастлигини ҳисобга олган ҳолда ушбу соҳанинг янада ривожланишига етарли даражада ёрдам бермаяпти.

АКТнинг жадал ривожланиши янги имкониятларни очиб берар экан, давлат томонидан кенг кўламли қўллаб-қувватлашни ҳамда республиканинг халқаро АКТ бозоридаги ўрнини кучайтиришни талаб қилади.

АКТдан фойдаланишга асосланган иқтисодиётнинг юқори технологик тармоқларини шакллантириш ва фаол ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш, ахборот технологиялари маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва буюртмачиларига қўшимча имтиёзлар ва преференциялар бериш ҳисобига ушбу тармоқда илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг интеграциялашувини янада чуқурлаштириш, АКТ маҳсулотлари экспортини кўпайтириш, шунингдек маҳаллий ва хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва «Ўзбектелеком» АКнинг Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация марказини (кейинги ўринларда Инновация маркази деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

2. Белгилаб қўйилсинки, Инновация маркази ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун энг қулай шароитларни яратиш мақсадида бутун республика ҳудудида Инновация маркази резидентларини жойлаштирган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида экстерриториаллик принципи асосида ташкил қилинади.

3. Қуйидагилар Инновация маркази фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

хўжалик юритувчи субъектлар ва олий таълим муассасаларининг ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда ички ва ташқи бозорларда сотишга қаратилган ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш учун зарур ташкилий-техник ва молиявий-иқтисодий шарт-шароитлар яратиш;

АКТ соҳасида рақобатдош лойиҳаларни ички ва ташқи бозорларда сотиш учун хорижий инвестицияларни жалб этишда Инновация маркази резидентларига кўмаклашиш;

олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларининг «ахборот технологиялари» мутахассислиги бўйича битирувчиларининг ишга жойлаштирилишини таъминлашда, шу жумладан иқтидорли ёшлар томонидан «старт-ап» лойиҳаларини амалга оширишда уларни қўллаб-қувватлаш йўли билан иштирок этиш;

қисқа муддатли ва ўрта муддатли ихтисослаштирилган курсларни ташкил этиш, шу жумладан чет эл мутахассисларини таклиф этиш йўли билан АКТ соҳасидаги кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни ташкил қилиш;

ёш тадбиркорлар томонидан ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасидаги истиқболли йўналишлар бўйича инновация лойиҳалари амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш.

4. Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация марказининг Мувофиқлаштирувчи кенгаши (кейинги ўринларда Мувофиқлаштирувчи кенгаш деб аталади) иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.

Қуйидагилар Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг асосий функциялари этиб белгилансин:

Инновация марказини ривожлантиришга кўмаклашиш борасида давлат органлари, илмий, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш;

республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантиришда Инновация маркази фаолиятини тизимли мониторинг қилиш ва таҳлил қилиш;

Инновация марказининг фаолиятини такомиллаштириш ва ахборот технологиялари соҳасида хўжалик юритувчи субъектлар учун шарт-шароитларни, шу жумладан илғор чет эл тажрибаси асосида яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлаш;

юридик шахсларни Инновация маркази резидентлари сифатида рўйхатга олиш ва уларни резидент мақомидан маҳрум этиш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш;

Инновация маркази резидентларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш.

5. Инновация маркази резидентлари 2028 йил 1 январгача бўлган муддатга:

барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни, шунингдек ягона ижтимоий тўловни тўлашдан;

белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминот воситалари учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона йиғимларидан ташқари);

ўзи ишлаб чиқарадиган товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумининг бир қисмини мажбурий сотишдан озод этилсин.

6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Инновация маркази резидентлари:

ўзи ишлаб чиқарган товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишдан тушган пул маблағлари доирасида ходимларга иш ҳақи ва дивидендларни халқаро тўлов карталарига ўтказиш йўли билан нақд бўлмаган шаклда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳисоб-китобларни чет эл валютасида амалга ошириш;

экспорт контракти мавжуд бўлмаган ҳолда Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидаги онлайн дўконлар орқали ишлар ва хизматлар экспортини чет эл валютасида амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.

7. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда:

ҳар йили берилган имтиёзлар ва преференцияларнинг АКТ миллий бозорининг ривожланишига таъсири, ички ва ташқи бозорларда дастурий маҳсулотлар ва АКТ хизматларининг рақобатдошлиги даражасини таҳлил қилсин ва таҳлил натижаларини кейинчалик Мувофиқлаштирувчи кенгашга киритсин;

2017 йил 1 ноябргача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларини рағбатлантиришни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2013 йил 20 сентябрдаги ПҚ-2042-сон қарорига мувофиқ яратилган Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчилари миллий реестрининг келгусида фаолият юритишининг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклифларни Мувофиқлаштирувчи кенгашга киритсин.

8. Инновация маркази резидентлари билан тузилган меҳнат шартномалари бўйича ходимлар томонидан 2028 йил 1 январгача олинган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар:

7,5 фоиз миқдордаги қатъий белгиланган ставка бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига 4,5 фоизли ставка бўйича фуқароларнинг суғурта бадалларига тортилиши;

солиқ солиш мақсадида белгиланадиган жисмоний шахсларнинг умумий йиллик даромадлари ҳажмига киритилмаслиги белгилаб қўйилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Марказий банк билан биргаликда уч ой муддатда республикада товарлар ва хизматларга ҳақ тўлаш учун халқаро тўлов карталарини қабул қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси резидентларининг банк ҳисобрақамларига Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидаги онлайн дўконлар орқали товарлар ва хизматларни сотишдан олинган валюта тушумини ҳисобга олиш тизимининг мукаммал ишлашига доир зарур чоралар кўрсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги доимий асосда Инновация маркази резидентлари ахборот технологиялари маҳсулотларининг хорижга кириб боришини таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Инновация маркази тўғрисидаги низомни тасдиқласин, унда қуйидаги тартиб назарда тутилсин:

Инновация маркази ва Мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолиятини ташкил этиш;

юридик шахсларни резидент мақомини олишнинг аниқ мезонларини белгилашни ҳисобга олган ҳолда Инновация маркази резидентлари сифатида рўйхатга олиш;

Инновация маркази резидентлари учун махсус валюта режимини қўллаш.

12. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Инновация маркази фаолиятининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил қилсин.

13. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 30 июнь


* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 
“Республикада ахборот технологиялари соҳасини 
ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан 
яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига

ШАРҲ

Халқаро иқтисодий ташкилотлар томонидан ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, ҳозирги пайтда дунёда ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) инновацияларнинг ривожланишида, мамлакатнинг ишлаб чиқариш ва рақобатдошлигини ошириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳолининг ҳаёт даражасини оширишда муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда АКТнинг ривожланиш ҳолати ва мамлакатнинг иқтисодий барқарорлиги ўртасидаги боғлиқлик илмий исботланган.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда АКТни барча ижтимоий-иқтисодий тармоқларга, жумладан давлат бошқарувига ҳамда давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида жорий қилиш бўйича босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилди. Бу ўз ўрнида мамлакатимизда электрон ҳукумат тизимини жорий қилишда сезиларли натижаларга эришиш имконини берди. Жумладан, АКТни кенг қўллаш натижасида халқ билан давлат ўртасида алоқа ўрнатишнинг самарали тизими жорий қилинди.

Бироқ аксарият ривожланган давлатларга таққослаганда Ўзбекистонда ахборот технологияларининг бугунги ҳолати, уларни иқтисодиёт соҳасига жорий қилиш, шунингдек экспорт даражаси паст бўлиб қолмоқда, рақобатдош ахборот технологиялари соҳасини шакллантиришда мамлакатимизнинг илмий-тадқиқот салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Бу ўз навбатида давлатимизнинг халқаро рейтингига ўз таъсирини кўрсатмоқда.

АКТнинг жадал ривожланиши янги имкониятларни очиб берар экан, давлат томонидан кенг кўламли қўллаб-қувватлашни ҳамда республиканинг халқаро АКТ бозоридаги ўрнини кучайтиришни талаб қилади.

Мамлакатимизда АКТ учун халқаро стандартларга мувофиқ дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан сифатли ва рақобатдош дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кенгайтиришни рағбатлантиришни кучайтириш, шунингдек 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида назарда тутилган бошқа вазифаларни ҳал қилиш, АКТ маҳсулотлари экспортини кенгайтириш, маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб қилишни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон билан мамлакатимизда биринчи маротаба ахборот технологиялари соҳасида хўжалик юритувчи субъектларни, дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларни бирлаштирадиган Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази тузилмоқда.

Инновация маркази мамлакатимиз ҳудуди доирасида экстерриториаллик принципи асосида ташкил қилинди, яъни АКТ соҳасидаги корхоналар республикада жойлашган ҳудудидан қатъи назар, Инновация маркази резидентлари бўлиши мумкин. Ушбу тамойил мамлакатда АКТ маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун энг қулай шарт-шароитларни яратишга хизмат қилади.

Фармон билан Инновация маркази фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

хўжалик юритувчи субъектлар ва олий таълим муассасаларининг ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда ички ва ташқи бозорларда сотишга қаратилган ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш учун зарур ташкилий-техник ва молиявий-иқтисодий шарт-шароитлар яратиш;

АКТ соҳасида рақобатдош лойиҳаларни ички ва ташқи бозорларда сотиш учун хорижий инвестицияларни жалб этишда Инновация маркази резидентларига кўмаклашиш;

олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларини «ахборот технологиялари» мутахассислиги бўйича битирувчиларини ишга жойлаштиришда, шу жумладан иқтидорли ёшлар томонидан «старт-ап» лойиҳаларини амалга оширишда уларни қўллаб-қувватлаш йўли билан иштирок этиш;

қисқа ва ўрта муддатли ихтисослаштирилган курсларни ташкил этиш, шу жумладан чет эл мутахассисларини таклиф этиш йўли билан АКТ соҳасидаги кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни ташкил қилиш;

ёш тадбиркорлар томонидан ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқиш соҳасидаги истиқболли йўналишлар бўйича инновация лойиҳалари амалга оширилишини қўллаб-қуватлаш.

Мазкур йўналишлардан кўриниб турибдики, Инновация маркази фуқароларимиз учун энг қулай шарт-шароитлар яратиш, энг аввало, ахборот технологиялари соҳасида ҳаётга жорий этиш ва амалга ошириш мумкин бўлган аниқ лойиҳаларга эга бўлган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тузилмоқда.

Инновация марказининг олий бошқарув органи сифатида Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди ҳамда унинг асосий функциялари сифатида қуйидагилар белгиланди:

Инновация марказини ривожлантиришга кўмаклашиш борасида давлат органлари, илмий, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш;

республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантиришда Инновация маркази фаолиятини тизимли мониторинг қилиш ва таҳлил қилиш;

Инновация марказининг фаолиятини такомиллаштириш ва ахборот технологиялари соҳасида хўжалик юритувчи субъектлар учун шарт-шароитларни илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлаш;

юридик шахсларни Инновация маркази резидентлари сифатида рўйхатга олиш ва уларни резидент мақомидан маҳрум этиш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш;

Инновация маркази резидентларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш.

Фармонга мувофиқ, Инновация маркази резидентларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашда биринчи навбатда қуйидаги имтиёз ва преференциялар кўзда тутилди:

Биринчидан, 2028 йилнинг 1 январигача бўлган муддатга:

барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни, шунингдек ягона ижтимоий тўловни тўлашдан;

белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминот воситалари учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона йиғимларидан ташқари);

ўзи ишлаб чиқарадиган товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумининг бир қисмини мажбурий сотишдан озод этиш.

Иккинчидан, Инновация маркази резидентларига ўзи ишлаб чиқарган товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишдан тушган пул маблағлари доирасида ходимларга иш ҳақи ва дивидендларни халқаро тўлов карталарига ўтказиш йўли билан нақд бўлмаган шаклда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳисоб-китобларни чет эл валютасида амалга ошириш, шунингдек экспорт контракти мавжуд бўлмаган ҳолда Интернет тармоғидаги онлайн дўконлар орқали ишлар ва хизматлар экспортини чет эл валютасида амалга ошириш ҳуқуқи берилди.

Учинчидан, Инновация маркази резидентларининг ходимлари учун қўшимча имтиёзлар, жумладан 2028 йилнинг 1 январига қадар олинган меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги даромадлар 7,5 фоиз миқдордаги қатъий белгиланган ставка бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига 4,5 фоизли ставка бўйича фуқароларнинг суғурта бадалларига тортилиши кўзда тутилган. Бунда ушбу даромадлар солиқ солиш мақсадида белгиланадиган жисмоний шахсларнинг умумий йиллик даромадлари ҳажмига киритилмаслиги белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда ҳар йили берилган имтиёзлар ва преференцияларнинг АКТ миллий бозорининг ривожланишига таъсири, ички ва ташқи бозорларда дастурий маҳсулотлар ва АКТ хизматларининг рақобатбардошлиги даражаси таҳлил қилиб борилади ҳамда таҳлил натижалари кейинчалик Мувофиқлаштирувчи кенгашга тақдим этилади.

Масъул идоралар томонидан республикада товарлар ва хизматларга ҳақ тўлаш учун халқаро тўлов карталарини қабул қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси резидентларининг банк ҳисобларига Интернет тармоғидаги онлайн дўконлари орқали товарлар ва хизматларни сотишдан олинган валюта тушумини ҳисобга тушириш тизимининг тўлақонли ишлашига доир зарур чоралар кўрилади.

Ушбу Фармонда белгилаб берилган вазифаларнинг тўлиқ амалга оширилиши учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан Инновация маркази фаолиятини ташкил этиш, юридик шахсларни унинг резиденти сифатида рўйхатдан ўтказишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини назарда тутувчи алоҳида қарор қабул қилинади.

Қабул қилинган мазкур Фармоннинг амалга оширилиши ахборот технологияларининг янада ривожланиши, АКТ соҳасида мутахассисларнинг иштирокини кенгайтириш, илмий-тадқиқот ташкилотларининг ҳамда олий таълим муассасаларининг ишлаб чиқариш билан ҳамкорлигини таъминлаш учун зарур ташкилий-техник ва иқтисодий шарт-шароитларни яратиш, шунингдек мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш имконини беради.

30 015






Все о погоде - Pogoda.uz