Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 ноябрдаги “Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш ва унинг сифатини яхшилаш учун Ўзбекистон Республикасининг сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5883-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимига кирувчи сув таъминоти давлат унитар корхоналари негизида ушбу корхоналарни масъулияти чекланган жамиятлар сифатида қайта тузиш орқали “Ўзсувтаъминот” АЖ ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Сув таъминоти тизимини такомиллаштириш бўйича ишларни изчил давом эттириш, соҳага чет эл инвестицияларини жалб этиш ва мамлакатнинг ичимлик сув таъминоти ва сув чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида:
1. Белгилансинки:
ташкил этилаётган масъулияти чекланган жамиятлар қайта тузилаётган тегишли давлат унитар корхоналарининг шартномалари, ҳуқуқлари (2019 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра 381,7 миллиард сўм дебитор қарздорлик) ва мажбуриятлари (2019 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра 499,8 миллиард сўм кредитор қарздорлик) бўйича ҳуқуқий ворислари ҳисобланади;
ташкил этилаётган масъулияти чекланган жамиятларнинг устав капиталлари қайта ташкил этилаётган давлат унитар корхоналарининг мол-мулкини қолдиқ қиймати бўйича топшириш ҳисобига шакллантирилади;
“Ўзсувтаъминот” АЖ устав капиталини шакллантириш учун ташкил этилаётган масъулияти чекланган жамиятларнинг давлат улушини топшириш номинал қиймати бўйича амалга оширилади;
“Ўзсувтаъминот” АЖ устав капиталидаги акцияларнинг давлат пакети бўйича акциядор функциялари Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан амалга оширилади;
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (кейинги ўринларда – Вазирлик) давлат унитар корхоналарини қайта ташкил этиш якунлангунга қадар уларнинг мол-мулки сақланишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда ҳар бир тадбир ўтказилишининг аниқ муддатлари ва масъул шахсларни, жумладан, қайта ташкил этилаётган давлат унитар корхоналарининг активлари ва мажбуриятлари хатловдан ўтказилишини кўзда тутган ҳолда 2020 йил 1 майга қадар давлат унитар корхоналарини қайта ташкил этиш тартиб-таомилларининг тугатилишини назарда тутувчи чора-тадбирлар режасини тасдиқласин.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги белгиланган тартибда қуйидагиларни таъминласин:
ушбу қарорнинг 1-бандида кўрсатилган давлат унитар корхоналарини масъулияти чекланган жамиятлар сифатида қайта ташкил этиш;
“Ўзсувтаъминот” АЖнинг устав капиталини шакллантириш ва унинг таъсис ҳужжатларини тасдиқлаш;
Вазирлик билан биргаликда зарур тажриба ва амалий кўникмаларга эга юқори малакали, хусусан, хорижий мутахассисларни, шу жумладан, раҳбарлик лавозимларига жалб қилишда “Ўзсувтаъминот” АЖга кўмаклашиш.
3. “Ўзсувтаъминот” АЖ:
эмиссион қимматли қоғозлар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш ва қимматли қоғозлар чиқарилиши тўғрисидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш йиғимларидан;
қайта ташкил этилаётган давлат унитар корхоналарининг автотранспорт воситалари топширилишини қайта рўйхатдан ўтказишда автотранспорт йиғимларини тўлашдан озод этилсин.
“Ўзсувтаъминот” АЖга юқори малакали хорижий мутахассисларни ишга қабул қилишга ва жамият маблағлари ҳисобидан уларга эркин конвертация қилинадиган валютада иш ҳақи ва бошқа тўловларнинг миқдорини белгилашга рухсат этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг биринчи ўринбосари зиммасига сув таъминоти ва сув чиқариш тизимларини самарали эксплуатация қилиш, ривожлантириш, модернизациялашни, шунингдек, уларни бошқаришга, жумладан, барча иш жараёнларини автоматлаштиришни назарда тутувчи инновациялар ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилишни таъминлаш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
5. Қуйидагилар:
2020 йилда республиканинг ичимлик сув таъминоти ва сув чиқариш объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича манзилли дастури 1-иловага мувофиқ;
2020-2021 йилларда ичимлик сувини ишлаб чиқариш ва тақсимлаш бўйича иншоотларда ўлчов асбоблари (сарф ўлчагичлар)ни ўрнатиш графиги 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Сув таъминоти ва сув чиқариш соҳасидаги Лойиҳалар тайёрланишини молиялаштириш жамғармасини шакллантириш, шунингдек, лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишни кейинчалик молиялаштириш учун Осиё тараққиёт банки билан 15 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз маблағлари ажратилиши тўғрисида келишувга эришилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Вазирлик:
2020 йил 1 майга қадар Лойиҳалар тайёрланишини молиялаштириш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан сув таъминоти ва сув чиқариш соҳасида ҳисоб юритилиши ва мониторингини, ичимлик сувини ишлаб чиқариш ва тақсимлаш бўйича иншоотларнинг замонавий ўлчов асбоблари (сарф ўлчагичлари) билан жиҳозланишини таъминловчи замонавий ахборот ва ресурс тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси ишлаб чиқилишини;
2020 йил 15 июлга қадар Лойиҳалар тайёрланишини молиялаштириш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан ўлчов асбоблари (сарф ўлчагичлар)ни харид қилиш ва ичимлик сувини ишлаб чиқариш ва тақсимлаш бўйича иншоотларни улар билан таъминлаш юзасидан лойиҳа-смета ва тендер ҳужжатларининг ишлаб чиқилишини таъминласин.
7. Вазирлик, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасининг сув таъминоти корхоналарининг 2019 йил 1 октябрь ҳолатига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари, шунингдек, электр энергиясини етказиб берувчилар олдидаги, жумладан, муддати ўтган қарздорлигини тўловларни 5 йил муддатга, шу муддатдан, кейинги 5 йил мобайнида ҳар ой бир меъёрда сўндирган ҳолда кечиктириш ҳамда ўз вақтида амалга оширилмаган тўлов учун ҳисобланган пеняларни 3-иловага мувофиқ ҳисобдан чиқариш йўли билан реструктуризация қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
8. Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Энергетика вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 январга қадар республикада эксплуатация қилинаётган сув таъминоти ва сув чиқариш тизими объектлари учун ускуна, бутловчи қисмлар, эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада кенгайтириш дастурини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
9. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги 2020 йил 1 мартга қадар қишлоқ аҳоли пунктларини сифатли ичимлик суви ва канализация хизмати билан таъминлаш учун халқаро ва хорижий молиявий (грант) ва техник кўмак лойиҳаларини жалб қилишга доир аниқ таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
10. Вазирлик марказий аппарати, унинг ташкилий тузилмасига кирувчи, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган ҳудудий бўлинмалари ва ташкилотларининг ходимларига қонунчиликда назарда тутилган устама ва қўшимча тўловлардан ташқари Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнатда юқори натижаларга эришганлиги учун ходимлар фаолиятини баҳолашнинг рейтинг тизимига мувофиқ белгиланадиган рағбатлантирувчи тўловлар тўланиши белгилансин.
Вазирлик бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда ушбу бандга мувофиқ Вазирлик ходимларига рағбатлантирувчи тўловларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги таклифни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгаришларга мувофиқ:
тижорат банклари билан биргаликда давлат унитар корхоналарининг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун жалб қилинган кредит мажбуриятларининг қайта расмийлаштирилишини таъминласин;
давлат унитар корхоналарининг мажбуриятлари бўйича илгари берилган давлат кафолатларига ўзгартиришлар киритсин.
сув таъминоти ва сув чиқариш тизимлари давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тадбиркорлик субъектларига ҳамда тегишли аҳоли пунктларининг аҳолиси томонидан тузиладиган марказлашмаган сув таъминоти ташкилотларига топширилиши лозим бўлган аҳоли пунктлари рўйхатини шакллантирсин.
13. Вазирлик бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А.Гулямов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2019 йил 26 ноябрь