ЎзА Ўзбек

05.02.2020 Чоп этиш версияси

Миллий рақс санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Миллий рақс санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Кўп асрлик бой ва бетакрор маданиятимизнинг ажралмас қисми бўлган миллий рақс санъатининг халқимиз маънавияти, бадиий-эстетик қарашларини юксалтириш, ёш авлодни миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Бу эса ушбу санъатни бугунги кунда жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларида рўй бераётган туб ўзгаришларга мос ҳолда ривожлантириш, миллий рақснинг турли йўналиш ва намуналарини, мамлакатимизнинг турли минтақаларида шаклланган мумтоз рақс мактабларини қайта тиклаш ва келажак авлодларга безавол етказиш ҳамда бу борадаги таълим-тарбия, тарғибот ишларини кучайтиришни тақозо этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, нафақат мамлакатимизда, балки дунё миқёсида ҳам машҳур бўлган Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” ансамбли ўзининг қарийб 30 йиллик фаолияти давомида ўзбек миллий рақс санъати ривожида ўчмас из қолдирди. Бироқ мустақилликнинг дастлабки йилларида “Баҳор” ансамблининг ижодий фаолияти тўхтаб қолди.

Шуларнинг барчасини ҳисобга олган ҳолда миллий рақс санъатида профессионал бадиий жамоалар фаолиятини кенгайтириш, иқтидорли ёшларни излаб топиш ва уларни тарбиялаш, балетмейстерлар ва балет артистларининг янги авлодини шакллантирадиган ижодий лабораторияларни ташкил этиш, уларнинг малака ва тажрибасини ошириш, шунингдек, ўзбек рақс санъатининг “олтин фонди”ни яратиш ва бойитиш, халқаро нуфузини янада ошириш ва кенг тарғиб этиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгашининг Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида “Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамбли” (кейинги ўринларда – Давлат рақс ансамбли) фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Давлат рақс ансамблининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Ўзбекистонда рақс санъатини янада ривожлантириш, бу борада шаклланган ижодий мактабларга хос анъаналарни, моҳир балетмейстерлар, балет артистлари меросини тиклаш;

миллий рақс санъатининг мумтоз ва замонавий ижро намуналари “олтин фонди”ни яратиш;

халқимиз, хусусан, ёш авлодни миллий рақс санъати ҳақидаги назарий ва амалий билимлар билан кенг таништириш орқали уларнинг қалби ва онгида миллий ўзликни англаш, аждодлар меросига ҳурмат туйғусини, юксак бадиий-эстетик дид ва тафаккурни камол топтириш;

рақс ва хореография санъати соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этишда иштирок этиш, истеъдодли ёш балетмейстерларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун шароитлар яратиш;

миллий рақс ва хореография санъати соҳасида олиб борилаётган илмий изланишларнинг натижалари асосида замонавий рақс композицияларини саҳналаштириш;

миллий рақс санъатини мамлакатимизда ва хорижий давлатларда кенг тарғиб қилиш мақсадида Давлат рақс ансамблининг миллий ҳамда жаҳон халқлари рақсларидан иборат дастурлари асосидаги гастроль-концерт фаолиятини йўлга қўйиш.

3. Қуйидагилар:

“Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамбли” давлат муассасасининг тузилмаси 1-иловага;

“Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамбли” давлат муассасаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Давлат рақс ансамбли фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

халқаро молия институтлари ҳамда донор ташкилотларнинг грантлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Бунда Давлат рақс ансамблига Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан маблағлар унинг ўз даромадлари билан қопланмаган қисми учун ажратилади.

5. Давлат рақс ансамбли артистлари ҳамда бадиий ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1995 йил 20 октябрдаги ПФ–1280-сон “Ўзбекистонда театр ва мусиқа санъатини янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг амал қилиши, артистлар ҳамда бадиий ходимларнинг аввалги иш жойларида узоқ муддат хизмат қилгани сақлаб қолинган ҳолда, татбиқ этилсин.

6. Белгилаб қўйилсинки:

Давлат рақс ансамблини сақлаш харажатлари 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади, 2021 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси республика бюджети доирасида назарда тутилади;

Давлат рақс ансамбли қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилган ҳолда, концерт-томоша фаолиятини тегишли лицензия олмасдан, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида концерт-томоша тадбирларини бир марталик рухсатнома олмасдан амалга ошириш ҳуқуқига эга;

Давлат рақс ансамблининг директори ва бадиий раҳбари Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

7. Давлат рақс ансамблига:

2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан 1 та енгил автотранспорт воситаси учун маблағ ажратилиши;

бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан 2 та автобус ва 1 та юк автотранспорт воситасини харид қилиш ҳамда сақлаш учун лимит белгилансин.

8. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг Давлат рақс ансамблининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ижодкорлари ижтимоий шароитини яхшилаш мақсадида доимий равишда ҳомийлик ёрдами кўрсатишни назарда тутувчи “Дўстлар клуби”ни ташкил этиш бўйича берган таклифига розилик берилсин.

9. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўз тизими учун бюджетдан ажратилган йиллик маблағлар доирасида доимий равишда Давлат рақс ансамблига “Тошкент радио эшиттириш уйи”даги овоз ёзиш студиялари ва техник воситалардан текин фойдаланиш ҳамда Давлат рақс ансамбли томонидан ижро этиладиган рақсларга басталанган мусиқий асарларни ёзиб олиш, эфирга узатиш ва тарғиб қилишда амалий ёрдам кўрсатсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 10 кун муддатда Давлат рақс ансамблини жойлаштириш учун бино ажратиш, бинони реконструкция қилиш ва зарур воситалар билан жиҳозлаш юзасидан Ҳукумат қарорини қабул қилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

12. Ушбу қарор ижросининг назорати қуйидаги тартибда амалга оширилсин:

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов – ушбу қарор ижросини ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилишини таъминласин, белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил қилсин ҳамда мувофиқлаштирсин, ҳар чоракда улар раҳбарларининг бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини қабул қилсин ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрсин;

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири О.А.Назарбеков – ушбу қарор ва чора-тадбирларни ижро этиш юзасидан барча зарур чоралар кўрилишини таъминласин, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда масъул ташкилотларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатсин ҳамда унинг ижроси бўйича ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин;

масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари – ушбу қарор ва чора-тадбирларда назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажариш юзасидан барча чораларни амалга оширсин;

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.К.Кўчимов, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси в.б. А.Д.Хаджаев – ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва мамлакатимизда миллий рақс санъатини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларни мунтазам ёритиб борсин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 4 февраль


9 520
ЎзА