Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и
Мамлакатимизда математика 2020 йилдаги илм-фанни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Ўтган давр ичида математика илм-фани ва таълимини янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган қатор тизимли ишлар амалга оширилди:
биринчидан, илғор илмий марказларда фаолият юритаётган ватандош математик олимларнинг таклиф қилиниши ва халқаро илмий-тадқиқотлар олиб борилиши учун зарур шарт-шароит яратилди;
иккинчидан, халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ёшларимиз ва уларнинг мураббий устозлари меҳнатини рағбатлантириш тизими жорий этилди;
учинчидан, олий таълим ва илмий-тадқиқотларнинг ўзаро интеграциялашувини таъминлаш мақсадида Талабалар шаҳарчасида Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институтининг (кейинги ўринларда – Институт) янги ва замонавий биноси барпо этилди. Математика соҳасидаги фундаментал тадқиқотларни молиялаштириш ҳажми бир ярим баробарга оширилди, бюджет маблағлари ҳисобидан суперкомпьютер, замонавий техника ва асбоб-ускуналар харид қилинди;
тўртинчидан, илмий даражали кадрларни тайёрлашнинг бирламчи босқичи сифатида стажёр-тадқиқотлик институти жорий этилди;
бешинчидан, илм-фан соҳасидаги устувор муаммоларни тезкор бартараф этиш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш масаласини Ҳукумат даражасида белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири раисилигида Фан ва технологиялар бўйича республика кенгаши ташкил этилди.
Шу билан бирга, соҳада ечимини топмаган қатор масалалар математика соҳасидаги таълим сифати ва илмий-тадқиқот самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш заруратини кўрсатмоқда. Жумладан:
биринчидан, математика таълимотининг таълим олиш босқичлари ўртасидаги узвийлик тўлиқ таъминланмаган;
иккинчидан, умумтаълим мактабларида математика дарсликлари ўқувчиларнинг ёшига нисбатан фанни ўзлаштиришни қийинлаштирувчи мураккаб масалалардан иборат ва бошқа фанларда ўтиладиган мавзулар билан уйғунлаштирилмаган;
учинчидан, математикага қизиқувчан, халқаро олимпиадалар ғолиблари бўлган аксарият иқтидорли ёшларимиз ҳудудлардан бўлишига қарамасдан уларнинг келгуси ривожланиши учун олий таълим ва илм-фан соҳасида зарур шарт-шароит яратиб берилмаган;
тўртинчидан, математика соҳасидаги илмий-тадқиқотнинг амалиёт ва ишлаб чиқариш билан боғлиқлиги заифлигича сақланиб қолмоқда;
бешинчидан, соҳадаги олимларнинг хорижий илмий ва таълим муассасалари билан алоқалари миллий математикани жаҳон миқёсига олиб чиқиш, халқаро ҳамжамиятда нуфузини ошириш учун етарли эмас.
Таълимнинг барча босқичларида математика фанини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, педагогларнинг самарали меҳнатини қўллаб-қувватлаш, илмий-тадқиқот ишларининг кўламини кенгайтириш ва амалий аҳамиятини ошириш, халқаро ҳамжамият билан алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:
1. Қуйидагилар математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш, илмий-тадқиқотларни ривожлантириш ва илмий ишланмаларни амалиётга жорий қилишнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:
мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал, олий таълим ташкилотлари ва илмий муассасалар ўртасидаги яқин ҳамкорликни таъминловчи яхлит тизимни шакллантириш;
илғор хорижий тажриба асосида мактабгача ёшдаги болаларда илк математик тасаввурларни шакллантириш бўйича замонавий педагогик технологияларни жорий қилиш;
умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида математика фанларини ўқитиш сифатини ошириш, ҳудудларда математика фанига ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини ривожлантириш ҳамда янги мактабларни ташкил этиш;
математика фани бўйича кадрларни, хусусан қишлоқ жойлардаги мактабларнинг кадрларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини ривожлантириш, математика фани бўйича дарсликлар ва ўқув қўлланмаларни такомиллаштириш;
иқтидорли ёшларни аниқлаш ҳамда уларнинг математика фани бўйича маҳаллий ва халқаро фан олимпиадаларида муваффақиятли иштирок этишини ҳамда совринли ўринларни эгаллашини таъминлаш;
таълим беришнинг онлайн платформасини яратиш ва амалиётга татбиқ этиш, масофадан ўқитиш тизими самарадорлигини ошириш, баҳолаш тизимининг шаффофлигини таъминлаш механизмларини жорий қилиш;
Математика фанини билиш даражасини баҳолаш бўйича миллий сертификатлаштириш тизимини жорий қилиш, олий таълимнинг тегишли йўналишлари ва мутахассисликларида математика фани бўйича машғулотларни кўпайтириш ҳамда таълим бериш сифатини ошириш;
математика соҳасидаги илмий-тадқиқотларнинг ишлаб чиқариш билан узвий боғлиқлигини таъминлаш, амалий математикани ривожлантириш ва иқтисодиёт тармоқларидаги муаммоларни моделлаштириш асосида математик ечимларни ишлаб чиқиш;
математика соҳасида таълим олаётган ва илмий-тадқиқотлар билан шуғулланаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, чет элдаги олий таълим муассасалари ҳамда илмий ташкилотлар билан алоқаларни ривожлантириш;
мамлакатимизнинг илмий ва таълим ташкилотларини босқичма-босқич жаҳоннинг математика фани бўйича етакчи илмий марказлари даражасига етказиш.
2. 2020–2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида математика фанлари бўйича таълим сифатини яхшилаш, илмий-тадқиқотларнинг натижадорлиги ва амалий аҳамиятини оширишнинг мақсадли дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Фанлар академияси ва Инновацион ривожланиш вазирлигининг ҳар бир туманда (шаҳарда) математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабларни (кейинги ўринларда –Ихтисослаштирилган мактаблар) босқичма-босқич ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги 2020 йил 1 ноябрга қадар Ихтисослаштирилган мактабларни ташкил этиш бўйича манзилли дастурни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
4. Белгилансинки, Ихтисослаштирилган мактабларда:
мактаб директори тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг иқтисодий ва бошқарув жараёнларига математик усуллар ва моделларни жорий қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади;
мактаб директори Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Институт директори билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
математика фани чуқурлаштирилиб ўқитиладиган синфлар босқичма-босқич, мавжуд эҳтиёж ва ўқувчиларнинг қобилиятидан келиб чиқиб ташкил этилади;
ўқувчилар белгиланган тартибда танлов асосида саралаб олинади;
математика фани чуқурлаштирилиб ўқитиладиган синф битирувчилари тегишли олий таълим муассасаларининг математика таълим йўналишларига улар учун белгиланган мақсадли параметрлар бўйича ўқишга қабул қилинади.
5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда уч ой муддатда:
Ихтисослаштирилган мактабларнинг низомларини, мазкур мактабларда математика фани ўқитувчиларини танлов асосида ишга қабул қилиш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
2021 йил 1 сентябрдан бошлаб Ихтисослаштирилган мактаблар раҳбар кадрлари (директор ва ихтисослашган фан бўйича директор ўринбосари) ва математика фани ўқитувчиларининг базавий тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида ҳар ойлик устама ҳақ тўлаш тартибини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
6. Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ихтисослаштирилган мактабларда Институт ва олий таълим муассасаларининг юқори малакали профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда масофавий таълим орқали дарс машғулотларини ўтказиш чораларини кўрсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази Фанлар академияси ва “Ўзстандарт” агентлиги билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар Математика фанини билиш даражасини баҳолаш бўйича миллий сертификатлаш тизимини (кейинги ўринларда – Миллий сертификатлаш тизими) жорий қилсин.
8. Миллий сертификатлаш тизими доирасида қуйидагилар белгилансин:
математикани билиш даражасини баҳолаш ва бу тўғрисида миллий малака сертификатини (кейинги ўринларда – миллий сертификат) бериш ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади;
математикани билиш даражасини баҳолаш табақалаштирилган ҳолда амалга оширилади;
2021 йил 1 сентябрдан бошлаб Ихтисослаштирилган мактабларнинг математика фани бўйича ўқитувчилари тегишли даражадаги миллий сертификатга эга бўлишлари мажбурий ҳисобланади;
Миллий сертификатлаш тизими учун тест топшириқлари базасини шакллантириш ва мунтазам янгилаб боришда эксперт сифатида Институт илмий ходимлари жалб қилинади;
миллий сертификатнинг тегишли даражасига эга математика фани ўқитувчиларига (Ихтисослаштирилган мактабларнинг математика фани ўқитувчиларидан ташқари) улар фаолият олиб бораётган давлат таълим муассасасининг жойлашувига қараб базавий тариф ставкасига нисбатан 25 фоиздан 50 фоизгача ҳар ойлик устама ҳақ тўланади.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда илмий фаолиятга доир давлат дастурига ажратилган маблағлар ҳисобидан 2021 йил 1 январга қадар Миллий сертификатлаш тизимининг онлайн платформасини ишлаб чиқсин ва жорий этсин.
10. Институт таркибида 5 та штат бирлигидан иборат Математика таълими бўйича ўқув-услубий материалларни мувофиқлаштириш лабораторияси ташкил этилсин.
Белгилансинки, “Математика таълими бўйича ўқув-услубий материалларни мувофиқлаштириш” лабораторияси фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Институтни сақлаш учун ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади.
11. 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ давлат таълим муассасаларида қўлланиладиган математика фани бўйича дарсликлар ва ўқув қўлланмаларни ишлаб чиқишда мажбурий тартибда Институтнинг эксперт хулосаси олинади.
12. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2020 йил 1 сентябрга қадар:
математика бўйича билим, малака ва кўникмалар талаб этиладиган таълим йўналишлари ва мутахассисликларининг ўқув режаларида математика фани учун ажратилган соатлар ҳажмини ошириш;
кадрлар истеъмолчилари мутахассисларини жалб этган ҳолда битирувчиларда соҳага оид математика бўйича амалий билим, малака ва кўникмаларни шакллантириш ҳамда ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ишларини амалга ошириш;
кадрларни интегратив фанлараро тайёрлаш мақсадида математика таълим йўналишларида қўшимча фанларни (биология, геология, кимё, физика ва бошқалар) жорий қилиш чораларини кўрсин.
13. Институт ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Математика фани ва таълимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Жамғарма фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Институт тузилмасида Жамғарма маблағлари ҳисобидан сақланадиган 2 штат бирлигидан иборат Математика фани ва таълимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини бошқариш гуруҳи ташкил этилсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Фанлар академиясининг математика соҳасидаги фундаментал ва амалий илмий изланишлари натижаларига кўра амалиётдаги муайян муаммонинг ечимини таклиф этган олимларни мукофотлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги халқаро мукофотини (кейинги ўринларда – Мукофот) таъсис этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
15. Белгилансинки:
Мукофот билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тақдирланади;
Мукофот икки йилда бир марта Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Фан ва технологиялар бўйича республика кенгашининг таклифига кўра учта йўналиш (фундаментал соҳадаги тадқиқот, ёшлар ўртасидаги тадқиқот ва иқтисодиётнинг реал секторидаги муаммонинг ечимини таъминлаган тадқиқот) бўйича берилади;
ҳар бир йўналиш бўйича Мукофот совриндорларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 50 минг АҚШ доллари эквивалентидаги пул мукофоти берилади;
Фан ва технологиялар бўйича республика кенгашида Мукофот номзодларини кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг тавсияномасига кўра амалга оширилади;
тақдирлаш учун номзодлар бўйича таклифлар Ўзбекистон математика жамияти томонидан ўтказиладиган доимий кузатувлар асосида шакллантирилади ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этилади;
Мукофот совриндорига пул мукофотини тўлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш 2021 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Инновацион ривожланиш вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади.
16. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Молия вазирлиги ва Фанлар академияси билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги халқаро мукофоти билан тақдирлаш тартибини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
17. Қорақалпоғистон Республикасида, Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институтининг ҳудудий бўлинмалари (кейинги ўринларда – ҳудудий бўлинмалар) ташкил этилсин ҳамда уларнинг намунавий штат жадвали 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
18. Белгилаб қўйилсинки:
ҳудудий бўлинмалар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан Институтни сақлаш учун ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади;
ҳудудий бўлинмалар жойлаштирилган бино ва иншоотларни сақлаш ҳамда коммунал тўловлар бўйича харажатларни қоплаш тегишли олий таълим муассасасининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
ҳудудий бўлинмалар юридик шахс ҳисобланмайди ва Институтнинг таркибидаги илмий бўлинмалари сифатида фаолият юритади;
ҳар бир ҳудудий бўлинма таркибида бир штат бирлигидан иборат, 2021 йилда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сақланадиган ва 2022 йилдан бошлаб тўлиқ хўжалик ҳисобига ўтказиладиган Ўқув марказлари фаолият юритади;
ҳудудий бўлинмаларнинг раҳбарлари Институт директори томонидан тегишли олий таълим муассасасининг ректори билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
ҳудудий бўлинмаларнинг илмий-тадқиқот ишлари Институтнинг иш режаси ва илмий-тадқиқот ишлари доирасида амалга оширилади.
19. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Фанлар академиясининг Институт ҳузурида қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳолда математика ихтисосликлари бўйича фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини берувчи илмий кенгашни (кейинги ўринларда – илмий кенгаш) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
20. Институт раҳбарияти илмий кенгаш аъзоларининг ярмидан кўпи Институтда фаолият юритишини, шу жумладан, ўриндошлик асосида жалб этилишини ҳамда изланувчиларнинг диссертацияларига илмий раҳбарлик ва маслаҳатчилик қилишини таъминласин.
21. Белгилаб қўйилсинки:
изланувчининг диссертацияларини илмий семинар ва илмий кенгаш йиғилишларида кўриб чиқиш ҳамда муҳокама қилиш санаси илмий кенгаш томонидан белгиланади;
изланувчига тегишли илмий даражани бериш тўғрисидаги қарор илмий кенгаш томонидан қабул қилинади;
илмий кенгаш изланувчига диссертацияни муваффаққиятли ҳимоя қилган куннинг ўзида давлат намунасидаги илмий даража бўйича дипломни бериш ваколатига эга;
илмий кенгашнинг таркиби Институт кенгаши тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси билан келишилган ҳолда Институт кенгаши қарори билан тасдиқланади.
22. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги Институт учун Тошкент шаҳар Олмазор тумани Университет кўчасида янги қурилган бинони Институтга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида беғараз ўтказиб берилишини таъминласин.
23. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги “Математика таълими ва фанларини янада ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институти фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4387-сон қарорига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш киритилсин.
24. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Молия вазирлиги ва Фанлар академияси математика соҳасидаги таниқли олимлар ҳақида туркум бадиий ва ҳужжатли фильмларни суратга олиш чораларини кўрсин.
25. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 7 май