Ўзбекистон Республикаси Президентининг ф а р м о н и
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
ф а р м о н и
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш, янги Ўзбекистоннинг янги тарихини яратиш, моддий ва номоддий маданий мерос дурдоналарини сақлаш ва тарғиб этиш, халқ оғзаки ижодиёти ва ҳаваскорлик санъатини янада оммалаштириш, юртимизнинг жаҳон маданий маконига фаол интеграциялашувини таъминлаш, маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан:
биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 ноябрдаги ПҚ–4038-сон қарори билан Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) ва уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди;
иккинчидан, маданият ва санъат ташкилотларининг “дўстлар клублари” фаолиятини йўлга қўйиш орқали уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича мутлақо янгича самарали тизим яратилди;
учинчидан, музейлар реновация дастури қабул қилинди, ўзбек халқининг кўҳна ва бетакрор санъати намунаси бўлган “Хоразм лазгиси” ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритилди;
тўртинчидан, маданий мерос объектлари ва санъат ашёларини реставрация қилиш бўйича миллий мактаб, шунингдек, халқ чолғулари, миллий рақс, мақом йўналишларида республика кўрик-танловлари қайта тикланди;
бешинчидан, мамлакатимизда мунтазам равишда ўтказиладиган Халқаро мақом санъати анжумани, Халқаро бахшичилик санъати фестивали, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали, “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор санъати фестивали ҳамда “Рақс сеҳри” халқаро фестивали ташкил этилиб, ўзбек мумтоз ва фольклор санъатининг ноёб намуналари ва анъаналарини ҳамда маданий мулоқотни янада ривожлантириш бўйича самарали тизим йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, Концепцияни амалга ошириш, соҳада замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш, истеъдодли ёш ижодкорларни излаб топиш ва қўллаб-қувватлаш, таълим муассасаларини мусиқа дарсликлари, ноталар тўпламлари ва ўқув-методик адабиётлар билан таъминлашнинг яхлит тизими яратилмаган.
Аҳоли, айниқса, олис ҳудудларда истиқомат қиладиган фуқароларга маданий дам олиш хизматлари кўрсатиш даражасини ошириш, бунинг учун республиканинг барча ҳудудларида театр, музей, кўчма цирк ваҳайвонот боғлари фаолиятини доимий равишда йўлга қўйиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
1. Қуйидагилар:
2020–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъатни янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясининг 2021–2025 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Вазирлар Маҳкамаси Концепцияни амалга ошириш бўйича “йўл хариталари” ва чора-тадбирлар дастурларини қабул қилишда мазкур бандга мувофиқ тасдиқланаётган мақсадли кўрсаткичларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича тадбирларни назарда тутсин.
2. Белгилансинки, 2021 йил 1 январдан бошлаб:
концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш, лицензиатларнинг давлат реестрини юритиш, уларнинг фаолияти ва эришган натижалари ҳақидаги ахборотларни киритиб бориш Концерт-томоша фаолияти иштирокчиларининг ягона онлайн портали орқали амалга оширилади;
концерт-томоша тадбирига бир марталик рухсатнома бериш учун ундириладиган йиғим бекор қилинади;
давлат органлари ва ташкилотларининг асосий вазифа ва функцияларидан келиб чиқиб, уларнинг ташаббуслари билан ўтказиладиган оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирлари ҳар йили тасдиқланадиган оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларинингкалендарь режалари (кейинги ўринларда – календарь режалар) асосида ўтказилади;
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг календарь режаларда назарда тутилмаган давлат тадбирларини ўтказишни назарда тутувчи қарорларида ушбу тадбирларни ташкил этиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар бўйича буюртмачилар ҳамда уларни молиялаштириш манбалари кўрсатилади;
концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслар томонидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг буюртмаларига асосан кўрсатиладиган барча хизматлар ёзма ва ҳақ эвазига тузиладиган шартнома асосида тақдим этилади, концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи давлат муассасалари ходимлари билан тузилган меҳнат шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бундан мустасно.
3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги (кейинги ўринларда – Маданият вазирлиги) ва бошқа давлат органлари томонидан давлат тадбирлари ва бошқа тадбирларга ижодкорлар ва ижрочиларнинг жамоатчилик асосида жалб қилинишига йўл қўйилмаслиги белгилансин.
4. Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Мактабгача таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ноталар тўпламлари ва махсус мусиқий адабиётларни Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан чоп этилишини ва уларнинг таълим муассасаларига тўлиқ етказилишини таъминласин.
5. 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда тўлиқ жонли ижро асосида ўтказилган концерт дастурлари учун ижара тўловидан 50 фоиз чегирма бериш тартиби жорий этилсин.
6. Маданият ва санъат соҳаси вакилларининг Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатасини (кейинги ўринларда – Палата) ташкил этиш тўғрисидаги ташаббуслари қўллаб-қувватлансин.
Белгилансинки, Палата мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарадиган ташкилот ҳисобланади.
Маданият вазирлиги Палата фаолиятининг дастлабки босқичларида уни қўллаб-қувватлаш учун Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 миллиард сўм ажратилишини таъминласин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А.Мусаев, маданият вазири О.А.Назарбеков Палата ҳамда мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарадиган бошқа ташкилотлар фаолиятини ташкил этишга ҳар томонлама кўмаклашсин.
7. Белгилансинки, мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар уларга бевосита ҳуқуқ эгалари ёки уларнинг меросхўрлари томонидан берилган ваколатлар доирасида даъво билан судга мурожаат қилган тақдирда давлат божини тўлаш муддати кечиктирилиб, бу бож кейинчалик айбдор тарафдан ундириб олинади.
8. Маданият вазирлиги томонидан харид қилинган, оммавий ижрога мўлжалланган драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарларни 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб хусусий театрларда ҳам саҳналаштириш ва ижро этишга рухсат берилсин.
Бунда, хусусий театрларда саҳналаштирилган ҳамда ижро этилган асарлар учун муаллифлик ҳақи тўлаш Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ва ушбу жамғарманинг бошқа даромадлари доирасида амалга оширилиши белгилансин.
9. Бой тарихи, ўзбек миллий қўғирчоқ театри мактабининг шаклланиши ва ривожидаги беқиёс ҳиссасини инобатга олиб, Республика қўғирчоқ театрига Ўзбек Миллий қўғирчоқ театри номи берилсин.
Маданият вазирлиги ва Молия вазирлиги Навоий, Наманган, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда ушбу вилоятларда қўғирчоқ театрларини ташкил этиш тўғрисидаги Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Маданият вазирлиги, Қурилиш вазирлиги:
Ўзбекистон Республикасининг 2021–2023 йилларга мўлжалланган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларида 2021 йилда Навоий, Наманган, Сирдарё, Қашқадарё, Хоразм ва Тошкент вилоятлари қўғирчоқ театрлари биноларини қуриш, уларга ажратилган биноларни реконструкция қилиш, замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ишларини назарда тутсин;
2020 йилга мўлжалланган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида мақбуллаштирилган маблағлар ҳисобидан “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасининг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, қўшимча равишда ҳайвонларни сақлаш хоналарини қуриш ҳамда замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ишларининг тўлиқ молиялаштирилишини, шунингдек, қурилиш, реконструкция ва жиҳозлаш ишларини жорий йил охирига қадар тўлиқ якунига етказиб, фойдаланишга топширилишини таъминласин.
11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Маданият вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда 2020–2021 йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар бюджетлари маблағлари ҳисобидан ҳар бир ҳудудда кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) ҳамда ҳайвонот боғлари ташкил этилиши ва доимий фаолият юритишини таъминласин.
12. 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ:
кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) томонидан ўтказиладиган томоша тадбирларига оммавий тадбир ўтказиш учун рухсатнома ва рухсат бериш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни олиш талаб этилмайди, бунда тадбир ташкилотчилари уни ўтказиш жойи ва вақти тўғрисида ички ишлар органларини камида 10 кун олдин ёзма равишда хабардор қилади;
ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги органлари кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) томонидан ўтказиладиган томоша тадбирларида жамоат тартиби ва ёнғин хавфсизлигини тўлов ундирилмаган ҳолда таъминлайди;
давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги маданият ва истироҳат боғлари, спорт иншоотлари, сайилгоҳлар ва бошқа очиқ ҳудудларда кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) томонидан томоша тадбирлари ўтказиш учун ижара ва бошқа турдаги тўловлар ундирилмайди;
номоддий маданий мерос объектларини (дорбоз, аския ва лапар) асраш ва улардан фойдаланиш фаолияти Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бериладиган фаолият (хизматлар, ишлар) турлари рўйхатига киради (маданият марказлари таркибида фаолият юритаётган шахслар бундан мустасно) ва уларнинг ушбу фаолиятдан олинган даромадларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи татбиқ этилмайди.
13. Маданият вазирлиги тизимида:
Маданият вазирлиги марказий аппарати тузилмасида маданият муассасалари ва ҳаваскорлик санъатини ривожлантириш, соҳада ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва рақамлаштириш масалаларига масъул вазир ўринбосари лавозими жорий этилсин;
Ўзбекистон давлат консерваториясининг “Ўзбек мақом санъати факультети” ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлари негизида мақом ижрочилиги, бахшичилик ва катта ашула йўналишлари бўйича кадрлар тайёрловчи таянч олий таълим муассасаси – Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ташкил этилсин;
давлат муассасаси шаклидаги Маданий мерос илмий-тадқиқот институти ташкил этилсин;
Республика ихтисослаштирилган эстрада ва цирк мактаби Карим Зарипов номидаги Республика эстрада ва цирк коллежи этиб қайта ташкил этилсин;
В.Успенский ва Р.Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейлари мактаб-интернатлар учун белгиланган имтиёзларни татбиқ қилган ҳолда тегишлича В.Успенский ва Р.Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабларига айлантирилсин.
Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Иқтидорли болалар академик лицейи ҳамда Тошкент ихтисослаштирилган маданият мактаби негизида Маданият вазирлиги тизимида Республика мусиқа ва санъат коллежи ташкил этилсин;
Белгилансинки, “очиқ эшиклар куни”да фуқаролар музей ашёлари ва музей коллекцияларини кириб кўриш учун давлат музейларига бепул киритилади.
15. Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 2020–2025 йиллар давомида босқичма-босқич ҳар бир туман ва шаҳарда тарих ва маданият давлат музейларининг филиаллари шаклида ўлкашунослик музейлари ташкил этилиши ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган музейлар, уларнинг филиал ва бўлимлари рўйхатига киритилишини таъминласин.
16. Ўзбекистон давлат санъат музейига – санъат соҳасидаги, Ўзбекистон тарихи давлат музейига – маданият ва тарих соҳасидаги барча музейлар фаолиятини илмий-тадқиқот ва методик жиҳатдан мувофиқлаштириш, уларнинг ушбу йўналишлардаги ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш, кадрларнинг илмий салоҳиятини ошириш вазифаси юклансин.
Маданият вазирлиги ва Фанлар академияси 2021 йил 1 январга қадар Ўзбекистон давлат санъат музейи ва Ўзбекистон тарихи давлат музейида музейшунослик, санъатшунослик, маданиятшунослик йўналишларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ихтисослаштирилган илмий кенгашлар ва илмий-методик кенгашлар ташкил этиш чораларини кўрсин.
Маданият вазирлиги Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда 2021 йил 1 январдан бошлаб музейларнинг илмий даражага эга бўлган ходимларининг базавий лавозим маошларини ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда етакчи ижодий ташкилотларнинг “дўстлар клублари”ни ташкил этиш бўйича ижобий тажрибасини музейлар соҳасига татбиқ этилишини таъминласин.
18. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Маданият вазирлиги, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда кенг жамоатчиликнинг маданият ва санъатнинг жамиятимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида тутган ўрнини ҳисобга олиб, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 15 апрель санасини “Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни” деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Маданият вазирлиги ўн кун муддатда “Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни”ни белгилаш бўйича қонун лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
19. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 январдаги “Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5630-сон Фармони 6-бандининг “а” кичик банди биринчи хатбошиси “давлат мулки ҳисобланган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари бундан мустасно” сўзлари билан тўлдирилсин.
20. Маданият вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасини;
икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
21. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А.Мусаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 26 май