Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.07.2017 20:12 Чоп этиш версияси

«Маҳалла ифтихори» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

nishon.jpg
Жамиятимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни ва ролини кучайтириш, жойларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, кенг қамровли профилактика тадбирлари ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаол, ташаббускор фуқаролар ва жамоатчилик тузилмалари вакилларини тақдирлаш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4944-сонли Фармонига асосан:

1. «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони таъсис этилсин.

2. Қуйидагилар:

«Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;

«Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасининг тавсифлари 2, 3-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишонлари ва уларнинг гувоҳномалари тайёрланишини таъминласин.

4. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишонлари ва уларнинг гувоҳномаларини тайёрлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан қопланиши тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчаларни киритсин.

6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 13 июль

* * * 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2017 йил 13 июлдаги
ПҚ-3132-сонли Қарорига 1-илова

«Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони тўғрисидаги
НИЗОМ

1. «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони (кейинги ўринларда – кўкрак нишони) билан жамиятимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни ва ролини кучайтириш, жойларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, кенг қамровли профилактика тадбирлари ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаол, ташаббускор фуқаролар ва жамоатчилик тузилмалари вакиллари тақдирланадилар.

Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.

2. Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифлар маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан (фуқаролар вакилларининг йиғилишлари қарорлари асосида) Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашларига берилади.

3. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашларининг кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий кенгашлари томонидан кўриб чиқилиб, ҳар йилнинг 1 май санасига қадар Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига (кейинги ўринларда – Республика кенгаши) тақдим этилади.

4. Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш тартиби Республика кенгаши томонидан белгиланади.

5. Республика кенгашининг қарори билан кўкрак нишонига тавсия этилган номзодларни кўриб чиқиш бўйича доимий комиссия (кейинги ўринларда – комиссия) ташкил этилади.

6. Комиссия хулосаси асосида Республика кенгашининг кўкрак нишони билан тақдирлашга оид қарори қабул қилинади.

Кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги қарор Республика кенгашининг ахборот воситаларида эълон қилинади.

7. Кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти оладилар.

Бир йўла тўланадиган пул мукофотлари Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

8. Кўкрак нишони, унинг гувоҳномаси ва пул мукофоти Мустақиллик куни байрами арафасида Республика кенгаши раиси (ёки унинг топшириғига биноан бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали вазиятда топширилади.

9. Кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларнинг маҳалла тизими ривожига қўшган муносиб ҳиссаси ва ибратли фаолиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда туман (шаҳар) марказларидаги «Маҳалла маркази» мажмуалари биноларига ўрнатиладиган «Маҳалламиз ифтихорлари» ахборот пешлавҳасининг намунавий шакли Республика кенгаши томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

10. Кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳисобидан мамлакатимиз санаторийларида даволанишлари учун бир маротабалик бепул йўлланма олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

11. Кўкрак нишони такроран берилмайди.

12. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.


* * * 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2017 йил 13 июлдаги
ПҚ-3132-сонли Қарорига 2-илова


«Маҳалла ифтихори» кўкрак нишонининг
ТАВСИФИ

«Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлиб, мис қотишмасидан тайёрланади.

Кўкрак нишонининг олд томони юқори қисмида Ўзбекистон Республикасининг харитаси, унинг остида маҳалланинг рамзий дарвозасини ифодаловчи арка тасвири кўтарилаётган қуёш нурлари фонида акс эттирилган.

Кўкрак нишонининг айланаси бўйлаб зарҳал ҳошия билан ўралган кўк рангдаги эмал доира ичида «MAHALLA IFTIXORI» сўзлари ёзилган. Ҳарфларнинг баландлиги 2,3 миллиметр, ёзувлар зарҳалланган. Унинг пастки қисми марказида иккита саккиз қиррали юлдуз оралиғида фахр-ифтихор ва шараф маъноларини ифода этувчи дафна япроқлари тасвирланган.

Кўкрак нишонининг орқа томони марказида беш қаторда ҳарфларнинг баландлиги 2 миллиметр бўлган «MAHALLA», «TIZIMI RIVOJIGA», «QO‘SHGAN», «MUNOSIB HISSASI», «UCHUN» сўзлари ёзилган.

Кўкрак нишонининг қалинлиги 2,2 миллиметр.

Тасвирлар ва ёзувлар қабариқдир.

Кўкрак нишонининг олд ва орқа томонларининг четлари қабариқ доира билан ўралган.

Кўкрак нишони илгакчалар ва ҳалқача ёрдамида тўғри тўртбурчак шаклидаги қадағичга уланган.

Қадағичнинг эни – 26 миллиметр, бўйи – 17 миллиметрдан иборат. Қадағич эни 22 миллиметрли шойи лента билан қопланган бўлиб, лентанинг ўртасидан эни 8 миллиметрли оқ рангли йўл, икки четидан эса ҳар бирининг эни 7 миллиметр бўлган яшил рангли йўл ўтган.

Қадағичнинг орқа томонига кўкрак нишонини кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилган.

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2017 йил 13 июлдаги
ПҚ-3132-сонли Қарорига 3-илова

«Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони гувоҳномасининг
ТАВСИФИ

3 (2).jpg«Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони гувоҳномаси 160х110 миллиметр ўлчамдаги китобча шаклида бўлиб, 240 г/кв.м. қалинликдаги офсет қоғоздан тайёрланади.

Гувоҳноманинг ташқи томони (биринчи ва тўртинчи бетлари) кўк рангда бўлиб, плёнка билан қопланган.

Гувоҳноманинг биринчи бети эни 7,5 миллиметрли, ички бурчаклари айлана шаклида бўлган тўқ кўк рангли ҳошия билан ўралган.

Гувоҳноманинг юқори чеккасидан (биринчи бети) 35 миллиметр пастда, марказда оралиғи 3,5 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «Mahalla iftixori», иккинчи сатрда «ko‘krak nishoni» («Times new Roman Bolt» шрифти, 17-кегль) сўзлари ёзилган. Ундан 6 миллиметр пастда «GUVOHNOMASI» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 17-кегль) сўзи ёзилган. Ёзувлар зарҳал рангида акс эттирилган.

Гувоҳноманинг ички томони (иккинчи ва учинчи бетлари) «Тангир» тасвири туширилган оч ҳаво рангда бўлиб, офсет усулида чоп этилган.

Ички томонининг чап қисмида (иккинчи бети), марказда кўкрак нишонининг аслига тенг ўлчамдаги рангли тасвири акс эттирилган.

Гувоҳноманинг ички ўнг томони (учинчи бети) юқори чеккасидан 8 миллиметр пастда, марказда «GUVOHNOMA» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 10-кегль) сўзи ҳамда гувоҳнома тартиб рақами учун «№» белгиси ва 15 миллиметрли чизиқ жойлашган.

«GUVOHNOMA» сўзидан 11 миллиметр пастда мукофотланган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини қайд этиш учун оралиғи 8 миллиметрли учта чизиқ тортилган.

Пастки чизиқдан 6 миллиметр қуйида, марказда оралиғи 2 миллиметрли уч сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «Fuqarolarning o‘zini o‘zi boshqarish», иккинчи сатрда «organlari faoliyatini muvofiqlashtirish», учинчи сатрда «bo‘yicha respublika kengashining» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10-кегль) сўзлари ёзилган.

Ундан 5 миллиметр пастда оралиғи 4 миллиметр бўлган икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «20__ y. «___» ___________dagi», иккинчи сатрда «____-sonli Qaroriga asosan» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10-кегль) сўзлари ёзилган.

Ундан 5 миллиметр пастда, марказда оралиғи 5 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи cатрда марказда «Mahalla iftixori» («Times new Roman Bolt» шрифти, 12-кегль), иккинчи сатрда «ko‘krak nishoni bilan mukofotlandi» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10-кегль) сўзлари ёзилган.

Сўнгги сўзлардан 9 миллиметр пастда, чап томонда оралиғи 2 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «Respublika», иккинчи сатрда «kengashi raisi» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10-кегль) сўзлари ёзилган.

9 565






Все о погоде - Pogoda.uz