Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

06.09.2018 19:42 Чоп этиш версияси

Корпоратив, лойиҳа бошқаруви ва давлат харидлари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Корпоратив, лойиҳа бошқаруви ва давлат харидлари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Олий таълим муассасалари ва олий ўқув юртидан кейинги таълим муассасаларида таълимнинг илғор усулларини жорий этиш, шунингдек, корпоратив, лойиҳа бошқаруви ва давлат харидлари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ҳузуридаги Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказининг номи Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби деб ўзгартирилсин (кейинги ўринларда Бизнес ва бошқарув олий мактаби деб юритилади).

2. Бизнес ва бошқарув олий мактабига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Миллий агентлик) билан келишилган ҳолда:

шу соҳадаги етакчи хорижий таълим муассасалари билан ушбу муассасаларнинг ўқув режалари ва дастурлари асосида Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган давлат намунасидаги дипломлар берган ҳолда магистратура дастурлари юзасидан “икки диплом” (double degree) модели бўйича ўқишни ташкил этиш борасида келишувлар тузиш;

жаҳондаги таълим фаолиятига доир энг намунали амалиёт ва меҳнат бозорининг реал талабларини ҳисобга олган ҳолда норматив ва қисқартирилган муддатларда (анъанавий ва масофавий технологиялар), ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда магистратурада ўқишни ташкил этиш, шунингдек, Бизнес ва бошқарув олий мактаби дастурлари бўйича ўқиш учун номзодларни танлаб олиш мезонларини белгилаш;

Бизнес ва бошқарув олий мактаби профессор-ўқитувчилари фаолиятининг турлари бўйича вақт меъёрларини, шунингдек, улар учун чекланган ўқув юкламасини белгилаш;

Бизнес ва бошқарув олий мактабининг тузилмаси, штатлар жадвали, ходимлари ва жалб этиладиган консультантлар (экспертлар) меҳнатига,
шу жумладан, соатбай ҳақ тўлаш миқдори ва тизимини белгилаш ҳуқуқи берилсин.

3. Қуйидагилар Бизнес ва бошқарув олий мактаби фаолиятини молиялаштиришнинг манбалари этиб белгилансин:

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолияти ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

бўш турган маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари;

халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

4. Олий таълим муассасаларига, олий ўқув юртидан кейинги таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш муассасаларига, уларнинг мулкчилик шакли ва бўйсунувидан қатъи назар, масофавий ўқитишни ташкил этиш ҳуқуқи берилсин.

5. Миллий агентлик:

а) 2018 йил 1 октябрга қадар муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда олий таълим муассасаларида, олий ўқув юртидан кейинги таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш муассасаларида масофавий ўқитишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни;

Давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида, давлат корхоналари ва устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар, устав жамғармаси (капитали)нинг 50 фоизи ва ундан кўпроқ миқдори давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахсга тегишли юридик шахсларда фаолият юритувчи давлат харидлари соҳасидаги мутахассисларни мажбурий сертификатлаштириш тўғрисидаги низомни, ушбу мутахассисларни мажбурий сертификатлаштиришни 2019 йил 1 мартдан амалга оширишни назарда тутган ҳолда;

б) 2018 йил 1 ноябрга қадар муддатда:

Бизнес ва бошқарув олий мактаби уставини, шу жумладан, унинг Васийлик кенгаши таркибини;

Бизнес ва бошқарув олий мактабига ўқишга қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни;

Бизнес ва бошқарув олий мактаби профессор-ўқитувчилари таркибини танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

6. Миллий агентликка:

лойиҳа ва корпоратив бошқарув, баҳолаш ва харид фаолиятида, лойиҳавий молиялаштириш, стратегик ва молиявий менежмент соҳасидаги давлат таълим стандартлари, шу жумладан, ўқув юкламаси ҳажмлари, малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларини тасдиқлаш;

Бизнес ва бошқарув олий мактабининг магистратурасига ўқишга қабул қилиш квоталарини белгилаш;

Бизнес ва бошқарув олий мактабининг магистратурасига кириш имтиҳонларини ўтказиш шакллари, фанлар, дастурлар, натижаларни баҳолаш мезонлари рўйхатини тасдиқлаш ҳуқуқи берилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 30 сентябрдаги “Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2414-сон қарорининг 8-бандида назарда тутилган имтиёзларнинг амал қилиш муддати 2022 йил 1 июлга қадар узайтирилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 30 сентябрдаги “Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2414-сон қарорининг рус тилидаги матнида 4-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Предоставить директору Высшей школы бизнеса и управления право вносить, при необходимости, по согласованию с Национальным агентством проектного управления при Президенте Республики Узбекистан изменения в организационную структуру Высшей школы бизнеса и управления”.

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 27 октябрдаги “Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказининг самарали фаолиятини таъминлашга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги
305-сон қарори 1-бандининг иккинчи-тўртинчи хатбошилари, шунингдек, қарорнинг 1-3-иловалари 2018 йил 1 ноябрдан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

10. Миллий агентлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.

11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Д.Р.Ли ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти               Ш.МИРЗИЁЕВ


Тошкент шаҳри,
2018 йил 5 сентябрь