ЎзА Ўзбек

20.03.2020 Чоп этиш версияси

​Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида

​Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ф а р м о н и

Жаҳон миқёсида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда, шу жумладан, инсонларнинг ҳаракатланишига чекловлар киритиш ва корхоналар фаолиятини тўхтатиш орқали мисли кўрилмаган чоралар кўрилмоқда.

Бу эса энг йирик иқтисодиётга эга мамлакатларда ишлаб чиқариш
ва истеъмол ҳажмларининг кескин қисқариши, глобал ишлаб чиқариш занжирлари ва савдо алоқаларининг издан чиқиши, дунё молия бозорларида хомашё товарлари нархининг пасайиши ва конъюнктуранинг ёмонлашувини келтириб чиқарди.

Глобал иқтисодиёт тизимининг бир қисми бўлган Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам мазкур омиллар таъсир қилмоқда, бу эса ўз навбатида ушбу ҳолатнинг салбий таъсирларини юмшатиш бўйича самарали олдини олувчи чоралар кўришни талаб қилади. Бунда туризм, транспорт, фармацевтика ва тўқимачилик саноати каби республика иқтисодиётининг жадал ривожланаётган тармоқларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, 10 трлн сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси (кейинги ўринларда – Инқирозга қарши курашиш жамғармаси) ташкил этилсин.

Қуйидагилар Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

а) коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш бўйича қуйидаги тадбирларни молиялаштириш, шу жумладан:

даволаш ва бошқа муассасаларни коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш учун зарур бўладиган дори воситалари
ва тиббий буюмлар, ҳимоя воситалари ва тест тизимлари билан таъминлаш;

хавф-хатар остида бўлган ёки вирус юқтирганлар билан мулоқотда бўлган шахсларни карантинда сақлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш;

коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда иштирок этаётган тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш, республика санитария-эпидемиология хизмати томонидан ҳимоя чораларини амалга ошириш харажатлари учун қўшимча маблағлар ажратиш;

юқумли касалликларни аниқлаш, профилактика қилиш ва даволаш бўйича тадбирларга жалб этилган даволаш ва бошқа муассасаларни қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш;

б) қуйидагилар орқали тадбиркорликни ва аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлаш:

Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан биринчи навбатда ижтимоий аҳамиятга эга истеъмол товарларини ишлаб чиқариш, сотиб олиш ва сотиш учун берилган кредитлар бўйича фоиз xаражатларини қоплашга кафиллик ҳамда компенсация тақдим этишни кенгайтириш;

республика ҳудудларида иқтисодий фаолликни ва бандликни кенгайтиришга қаратилган қўшимча инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, энг аввало, кичик саноат зоналарида муҳандислик коммуникацияларини қуриш;

в) аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, шу жумладан, қуйидагилар учун қўшимча маблағлар ажратиш:

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши орқали кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича чораларни кучайтириш ва нафақа олувчилар сонини ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасига жамоат ишларини кенгайтириш;

“Ишга марҳамат” мономарказларини ва касбга тайёрлаш марказларини ташкил қилиш, шунингдек, меҳнат мигрантларини касбга
ва тилга ўргатишни ташкиллаштириш орқали уларни қўллаб-қувватлаш;

г) қуйидагилар орқали иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш:

Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолати остида жалб этилган кредитларни сўндириш, шунингдек, биринчи даражали харажатларни амалга ошириш учун фоизсиз бюджет ссудалари ажратиш йўли билан стратегик корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш;

ташқи савдо фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари транспорт xаражатларининг бир қисмини компенсация қилиш;

коронавирус инфекцияси тарқалишининг салбий таъсирига энг кўп учрайдиган иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини, шунингдек, кредит портфели сифати ёмонлашган ҳолларда тижорат банкларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чораларини тақдим этиш;

уч йилгача бўлган муддатга фоизсиз бюджет ссудаларини ажратиш орқали солиқ тўлаш муддатлари бўйича кечиктириш тақдим этилиши ҳамда тадбиркорлик фаоллигининг сустлашиши муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларида олинмай қолинадиган даромадлар ўрнини тўлдириш.

2. Инқирозга қарши курашиш жамғармаси манбалари этиб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари (шу жумладан, харажатларни мақбуллаштириш ҳисобига), халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Инқирозга қарши курашиш жамғармасини молиялаштиришни таъминлаш мақсадида
2020 йилда бюджетни қўллаб-қувватлаш учун халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари ва бошқа манбалар ҳисобидан
1 млрд АҚШ доллари миқдоригача ташқи қарз маблағларини, шунингдек, иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари, экспорт қилувчилар ва тижорат банкларини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни молиялаштириш учун қўшимча маблағларни жалб қилиш чораларини кўрсин;

икки ҳафта муддатда солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш орқали ишга солинмаган захираларни излаб топиш, ҳисобланган солиқлар тўлиқ тўланишини таъминлаш, “яширин” иқтисодиётни қисқартириш ҳамда солиқ ва божхона маъмурчилигининг янги самарали шаклларини жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни тасдиқласин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар ойда комплекс
чора-тадбирлар ижроси ҳамда Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағларидан фойдаланилиши тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2020 йил 1 июнга қадар юзага келаётган макроиқтисодий вазиятни, шунингдек, қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда 2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини аниқлаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин:

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, жумладан, кичик саноат зоналарига муҳандислик коммуникацияларини ўтказиш учун имкониятларни тақдим этувчи янада устувор бўлган инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга маблағларни қайта йўналтирган ҳолда Инвестиция дастурини қайта кўриб чиқиш;

Инқирозга қарши курашиш жамғармасини ташкил этиш ҳамда тадбиркорликни ва аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш учун харажатларни ошириш;

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда 2020 йилда жалб қилинадиган давлат ташқи қарзларининг чегаравий ҳажмларини қайта кўриб чиқиш;

қўшимча харажатларни мақбуллаштириш ва чеклаш юзасидан аниқ таклифларни киритган ҳолда қатъий бюджет интизоми.

4. Инқирозга қарши курашиш республика комиссияси иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.

Инқирозга қарши курашиш республика комиссиясининг асосий вазифалари этиб коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш
ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича юзага келадиган муаммоли масалаларни тезкорлик билан ҳал қилиш ва қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқиш белгилансин.

Вазирлар Маҳкамаси икки кун муддатда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, туман ва шаҳарлар ҳокимлари бошчилик қиладиган Инқирозга қарши курашиш республика комиссиясининг ҳудудий штабларини уларнинг аниқ функция ва вазифаларини белгилаган ҳолда ташкил этсин.

Барча даражадаги раҳбарларнинг идоравий мансуб ташкилотларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг юзага келган муаммо ва қийинчиликларни ҳал этиш мақсадида қилган мурожаатларига алоҳида эътибор қаратиш, расмиятчилик, сансалорлик ва бюрократияга йўл қўйилмаслиги юзасидан шахсий жавобгарлиги кўрсатиб ўтилсин.

5. Белгилансинки:

а) 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача бўлган даврда:

якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик
энг кам суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига қадар камайтирилади;

алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналарнинг ажратмалари миқдори 5 фоиздан 3 фоизга пасайтирилади;

умумий овқатланиш корхоналари учун алкоголь маҳсулотларини чакана сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар миқдори белгиланган миқдорлардан 25 фоизга камайтирилади;

б) 2020 йил 1 апрелдан 1 июлгача бўлган даврда туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади;

в) қишлоқ хўжалигидаги ерларни суғориш учун фойдаланиладиган ҳажмлар бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йилда ўрнатилган ставкалардан 50 фоизга пасайтирилади;

г) 2019 йил учун жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш муддати 2020 йил 1 августга қадар узайтирилади;

д) жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш муддати 2020 йил 15 октябрга қадар узайтирилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил
1 апрелдан жисмоний шахслар томонидан хайрия ташкилотларидан моддий наф тарзида олинадиган даромадларни солиққа тортишдан озод қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ҳафта муддатда мазкур бандда белгиланган имтиёзни 2020 йил 1 апрелдан амалга киритишни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тегишли солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш, шунингдек, уларнинг ставкаларини камайтириш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколати берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига фаолияти туризм соҳасига бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаларини 30 фоизга камайтириш тавсия қилинсин.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаш бўйича фоизларни ундирмасдан
6 ойга кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тақдим этсин. Бунда, кўрсатиб ўтилган солиқларни тўлашни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) солиқ тўловчиларнинг аризаси, шунингдек, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги ҳудудий бошқармалари раҳбарларининг хулосалари асосида, бошқа ҳужжатларни талаб қилмаган ҳолда тақдим этилади.

8. Белгилаб қўйилсинки, 2020 йил 1 октябргача бўлган даврда:

ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилади;

солиқ органлари вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича пенялар ҳисобланишини тўхтатиб туради, шунингдек, солиқ қарзини мажбурий ундириш чораларини кўрмайди.

9. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:

замонавий ахборот технологияларини қўллаш ҳамда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган компанияларни жалб қилиш йўли билан солиқ ҳисоботларини тайёрлаш ва тақдим этишда “Солиқ хизмати” ДУК орқали солиқ тўловчиларга ёрдам кўрсатиш;

солиқ тўловчиларнинг давлат солиқ хизмати органларига ташриф буюрмасдан солиқ мажбуриятларини бажариши учун уларга масофадан хизмат кўрсатишни кенгайтириш чораларини кўрсин.

10. 2021 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини солиқ аудитидан ўтказиш тўхтатилсин, жиноят ишлари доирасида ва юридик шахсни тугатиш муносабати билан солиқ аудитидан ўтказиш бундан мустасно.

Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан биргаликда давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари
ва қонуний манфаатларига қатъий риоя этилиши устидан назорат ўрнатсин.

11. Тадбиркорлик субъектларига:

ҳисобот йилида амалга оширилган товарларнинг умумий экспортига нисбатан 10 фоиздан ошмаган муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлган тақдирда, кафолатланган тўловни таъминламасдан товарлар экспортини амалга оширишга;

2020 йил давомида ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлигини сўндириш эвазига технологик асбоб-ускуналар ва хомашё товарларини импорт қилиш бўйича бир марталик операцияларни амалга оширишга рухсат берилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Транспорт вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси билан биргаликда:

юкларни чегара божхона постлари орқали тезкорлик билан ўтказиш, уларнинг узлуксиз божхона расмийлаштирувини, шунингдек, экспорт
ва импорт қилинаётган товарларга рухсат берувчи ҳужжатларнинг берилишини таъминлаш бўйича тезкор штаб ташкил этсин;

2020 йил 1 апрелдан бошлаб, импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг тезкор тартибда, шу жумладан, рухсат берувчи ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келгунга қадар бериш орқали божхона расмийлаштируви механизмини жорий этсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги икки ҳафта муддатда глобал ишлаб чиқариш занжирлари, транспорт-логистика тизимлари ва савдо алоқаларидаги узилишлар таъсир қилаётган инвестиция лойиҳалари ташаббускорларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар юзасидан таклифлар киритсин.

14. Ҳудуд ва тармоқларда экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари бўйича республика комиссиясига 2020 йил 1 октябрга қадар экспорт қилувчиларнинг транспорт харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш учун Экспортни рағбатлантириш агентлигига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан субсидиялар тақдим этиш ҳақида мустақил қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи берилсин.

Ҳудуд ва тармоқларда экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари бўйича республика комиссияси икки ҳафта муддатда экспорт қилувчиларни манзилли қўллаб-қувватлашнинг таъсирчан чора-тадбирларини тасдиқласин, шунингдек, барча мулкчилик шаклидаги экспорт қилувчиларнинг юзага келаётган қийинчиликларини ўз вақтида аниқлаш ва тезкор ҳал қилишни таъминласин.

15. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган республика ҳудудларидаги қуйидагиларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашни назарда тутувчи 2020 йилга қўшимча инфратузилма лойиҳалари рўйхатини шакллантирсин:

кичик саноат зоналари инфратузилма объектлари учун – 400 млрд сўм миқдорида;

шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчалари, умумий фойдаланишдаги йўлларни жорий таъмирлаш учун – 1 трлн сўм;

сув таъминоти ва канализация объектлари учун – 500 млрд сўм;

ирригация ва мелиорация объектлари учун – 400 млрд сўм;

соғлиқни сақлаш объектлари учун – 500 млрд сўм;

умумтаълим мактаблари ва ижтимоий соҳанинг бошқа объектлари учун – 800 млрд сўм;

иқтисодий фаоллик ва бандликни, шу жумладан, ипотека кредитлаш ҳажмларини оширишни таъминловчи бошқа объектлар учун.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиши ва ўрнатилган талабларга риоя қилиниши устидан қатъий назорат ўрнатсин.

16. Белгилансинки:

коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади;

коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган, шунингдек, 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланади.

17. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:

14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сонини 2020 йил 1 апрелдан бошлаб 10 фоизга ошириш чораларини кўрсин;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар жорий қилсин;

Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ва ўз фаолиятини тўхтатган мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари, спорт ва маданият муассасалари ходимларининг
иш ҳақларини ўз вақтида тўлаб берилишини таъминласин;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда аҳолига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этишнинг соддалаштирилган тизимини ташкил этиш чораларини кўрсин.

18. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бир ҳафта муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи тартибни жорий қилсин:

мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларнинг фаолияти тўхтатилган даврда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим мактаблари бошланғич синфлари ўқувчиларининг ота-оналарига (улар ўрнини босувчи шахсларга, васийларга, ҳомийларга) йиллик таътилдан фойдаланиш графигидан қатъи назар (шу жумладан, 6 ойдан кам ишлаганларга) йиллик таътил тақдим этилади;

карантинга оид чоралар амал қилиши даврида иш берувчилар ходимларни, айниқса ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган ҳамда сурункали касалликка чалинган шахсларни, уларнинг розилиги билан, масофадан туриб ишлаш усулига, қулай иш графигига ёки уйдан туриб ишлашга ўтказишлари мумкин.

19. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

а) банк ва тўлов тизимларининг узлуксиз ва барқарор фаолиятини таъминлаш чораларини қуйидагилар орқали кўриш:

пул-кредит сиёсати инструментларидан фаол фойдаланиш ҳисобига
пул бозорига ҳар ойда умумий суммаси 1 трлн сўмгача ликвидлик тақдим этиш;

банкоматларнинг етарли миқдордаги нақд пул маблағлари билан узлуксиз таъминланиши, шунингдек, масофавий банк хизматларини ривожлантиришни рағбатлантириш;

б) тижорат банклари томонидан:

туристик операторларга, меҳмонхона бизнеси субъектларига, транспорт-логистика компанияларига ва туризм тармоғининг бошқа корхоналарига, шунингдек, ташқи савдо операцияларига жорий этилган чекловлар туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келган хўжалик юритувчи субъектларга ажратилган кредитлар бўйича умумий суммаси
5 трлн сўмлик қарздорликларни тўлаш бўйича кечиктиришни (жарима санкцияларини ҳисобламаган ҳолда) 2020 йил 1 октябрга қадар узайтириш;

хусусий тадбиркорлик корхоналарига тақдим этилган айланма маблағларни тўлдириш учун, шу жумладан, истеъмол бозорини энг зарур товарлар билан тўлдириш учун қайта тикланадиган револьвер кредитлар ажратиш;

2020 йил 1 июнга қадар кредит портфелини стресс-тестдан ўтказиш, шунингдек, муаммоли кредитларнинг ортиш хавфи мавжуд бўлган банкларда активлар сифатини баҳолаб бориш натижаларини тақдим этиш.

20. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тадбиркорлик субъектларига кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун кафиллик ва компенсациялар тақдим этиш ҳажмларини оширишга бўлган талабни ҳисобга олган ҳолда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси капиталлашувини 500 млрд сўмгача оширсин.

21. “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ:

бир ой муддатда “Uzbekistan airways” АЖнинг 111 млн АҚШ долларига тенг бўлган кредитини қоплаш графигини 2020 йил учун қарздорликлар тўловини тўхтатган ҳолда қайта кўриб чиқсин;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатлари юзага келганлиги муносабати билан кредитлар ва улар билан боғлиқ тўловларни қайтариш шартларини қайта кўриб чиқиш бўйича “Uzbekistan airways” АЖнинг хорижий кредиторлари билан музокаралар олиб борсин.

22. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси уч кун муддатда чекловлар амал қиладиган давр учун енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатлари келиб чиққанлиги ҳақида расмий хабарнома эълон қилсин ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг мурожаатлари асосида бир кунлик муддатда тегишли сертификатлар берсин.

23. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси:

истеъмол товарларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хомашё ресурслари ҳажмларини мониторинг қилиш, ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланиш учун уларнинг биржага қўйиш ҳажмини ошириш чораларини кўрсин;

ўн кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитаси томонидан импортга харид қилинадиган ва интервенция амалга ошириладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг рўйхати ва зарур ҳажмларини аниқласин;

ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларининг бозорлардаги нархлари устидан кунлик мониторинг ўтказишни таъминласин ҳамда уларнинг нархларини сунъий ошириш, сунъий танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтиришга йўл қўймаслик устидан қатъий назорат ўрнатсин.

24. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитаси озиқ-овқат маҳсулотларини шартномалар асосида ёки биржа савдолари орқали эркин нархларда, бозорни тўлдириш ва ички бозорлардаги маҳсулотлар нархларини барқарорлаштириш бўйича тадбирларни амалга ошириш учун етарли ҳажмларда сотишни таъминласин.

25. Инқирозга қарши курашиш республика комиссияси (А.Н.Арипов):

жорий йил 22 мартдан бошлаб икки ой давомида кунлик селектор йиғилишларини ўтказиб, ҳар бир ҳудудда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш, саноат, инфратузилма, транспорт ва логистика, ижтимоий соҳа объектлари, савдо тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш чора-тадбирлари ижросини батафсил муҳокама қилиб борсин ҳамда уларнинг натижаларига кўра юзага келадиган масала ва муаммолар бўйича тезкор қарорлар қабул қилсин;

ушбу Фармоннинг ижроси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар ҳафта ахборот бериб борсин ҳамда, зарур ҳолларда, инқирозга қарши курашишнинг қўшимча чоралари бўйича таклифлар киритсин.

26. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари:

коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш чораларининг амалга оширилиши, санитария-эпидемиологик ва тиббиёт муассасаларининг узлуксиз фаолиятини таъминлаш устидан шахсий назорат ўрнатсин;

тадбиркорлик субъектлари ва аҳолининг мурожаатларини тезкорлик билан кўриб чиқиш, жойларда ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш
ва бандликни таъминлаш бўйича қўшимча захиралар аниқланишини таъминласин.

27. Ўзбекистон Республикаси Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ошиб бораётган юкламани ҳисобга олган ҳолда телекоммуникация инфратузилмасининг барқарор фаолиятини таъминлаш чораларини кўрсин ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари мурожаатларини қабул қилиш учун “тезкор алоқа линиялари”нинг узлуксиз ишлашини таъминласин.

28. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Aхборот
ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш ҳамда унинг иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини ривожлантиришга салбий таъсирини юмшатиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида аҳоли ўртасида тизимли равишда ахборот-маърифий ишларни ташкил этсин.

29. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

        Президенти                                                Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 19 март


29 196
ЎзА