Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и
Мамлакатимизда кимё ва биология фанларини ривожлантириш, ушбу йўналишларда таълим сифати ва илм-фан натижадорлигини ошириш “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиёт йили” Давлат дастурининг устувор вазифалари қаторида белгиланган.
Зеро, ўғил-қизларимизни кимё ва биология фанлари бўйича чуқур ўқитиш ҳудудларда янги-янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, юқори қўшилган қиймат яратадиган фармацевтика, нефть, газ, кимё, тоғ-кон, озиқ-овқат саноати тармоқларини жадал ривожлантиришга туртки беради ҳамда пировардида халқимиз турмуш шароити ва даромадларини оширишга пухта замин ҳозирлайди.
Шу билан бирга, умумтаълим мактабларидаги кимё ва биология фанларини ўқитиш сифати бугунги давр талабларига жавоб бермаслигини, ўқитиш методологияси ва лабораториялар маънан эскирганлигини, ўқитувчиларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш механизмлари жорий қилинмаганлигини алоҳида қайд этиш зарур.
Шунингдек, ўрта махсус, профессионал, олий таълим, илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда соҳадаги ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида кадрлар тайёрлаш ва илм-фан натижаларидан фойдаланиш борасида узвий боғлиқлик, самарали мулоқот ва ҳамкорлик йўлга қўйилмаган.
Кимё ва биология фанлари бўйича таълим сифатини тубдан ошириш, умумтаълим мактабларида ушбу фанларни ўқитишнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш, таълим муассасаларини замонавий лабораториялар, дарсликлар ва бошқа ўқув жиҳозлари билан таъминлаш, ушбу йўналишларга малакали ўқитувчи-мураббийларни жалб этиш, кадрлар тайёрлаш ва илм-фан натижаларидан фойдаланишда таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш соҳалари ўртасида ўзаро яқин мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида:
1. Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик), Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, кимё, фармацевтика, нефть ва газ саноати корхоналари, кимё ва биология фанлари бўйича узоқ йиллик тажрибага эга устоз-мураббийлар, ўқитувчи ва илмий ходимларнинг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган 14 та таянч ихтисослаштирилган мактаблар (кейинги ўринларда – таянч ихтисослаштирилган мактаблар)ни ташкил этиш, бунда Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ушбу мактаблар мақомига мослаштириш;
республика туман (шаҳар)ларида босқичма-босқич кимё ва биология фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган 150 та мактаблар (кейинги ўринларда – ихтисослаштирилган мактаблар)ни ташкил этиш;
таянч ихтисослаштирилган мактаблар ва ихтисослаштирилган мактабларда кимё ва биология фанларини самарали ўқитишни мувофиқлаштириш учун уларга олий таълим муассасаларининг 55 та кафедраларини бириктириш;
ишлаб чиқариш тармоқлари учун ўрта бўғин кадрлар тайёрлаш тизимини самарали йўлга қўйиш юзасидан кимё ва биология йўналишларига тегишли мутахассисликлар бўйича ўрта бўғин кадрларини тайёрлайдиган 47 та профессионал таълим муассасаларига ишлаб чиқариш корхоналарини бириктириш;
олий таълим муассасаларида кимё ва биология йўналишларида самарали ўқув жараёнини ташкил этиш, фанларни ривожлантириш учун уларнинг 74 та кафедраларига 11 та Фанлар академияси илмий-тадқиқот институтлари ҳамда ишлаб чиқариш тармоқларини бириктириш.
2. Ташкил этиладиган таянч ихтисослаштирилган мактаблар ва ихтисослаштирилган мактабларга олий таълим муассасаларининг кафедралари, илмий-тадқиқот муассасалари ва ишлаб чиқариш тармоқларини бириктириш рўйхати 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Таянч ихтисослаштирилган мактаблар ва ихтисослаштирилган мактабларнинг фаолиятини йўлга қўйиш бўйича комиссия (Б.А.Мусаев) 2-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин ва унга 2020 йил 1 декабрга қадар:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда умумтаълим мактабларининг салоҳияти, ўқувчиларнинг кимё ва биология фанларига бўлган қизиқиши ва ота-оналарнинг талабларини ўрганган ҳолда, улар негизида таянч ихтисослаштирилган мактаблар ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини йўлга қўйиш;
таянч ихтисослаштирилган мактаблар ва ихтисослаштирилган мактабларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича манзилли дастурни Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритиш вазифаси юклансин.
3. Қуйидагилар:
Кимё ва биология йўналишларига тегишли мутахассисликлар бўйича ўрта бўғин кадрларини тайёрлайдиган профессионал таълим муассасаларига ишлаб чиқариш тармоқларини бириктириш рўйхати 3-иловага мувофиқ;
Олий таълим муассасалари кафедраларига Фанлар академияси илмий-тадқиқот институтлари ва ишлаб чиқариш тармоқларини бириктириш рўйхати 4-иловага мувофиқ;
2020-2025 йилларда кимё ва биология йўналишида узлуксиз таълим сифатини ҳамда амалга оширилаётган илмий-тадқиқотлар ва инновация ишлари натижадорлигини ошириш бўйича мақсадли дастур (кейинги ўринларда – Мақсадли дастур) 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилансинки:
олий таълим муассасалари кафедралари – бириктирилган таянч ихтисослаштирилган мактаблар ва ихтисослаштирилган мактабларда ўқув жараёнини самарали ташкил этиш, профессор-ўқитувчиларни ва иқтидорли талабаларни таълим жараёнига жалб этиш, маҳорат дарслари, тўгараклар ва ёзги мактаблар ташкил этиш;
хўжалик бирлашмалари, ишлаб чиқариш корхоналари ва кластерлар – бириктирилган кимё ва биология йўналишларига тегишли мутахассисликлар бўйича ўрта бўғин кадрларини тайёрлайдиган профессионал таълим муассасаларида ўқувчиларнинг назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаш, “устоз-шогирд” анъаналарини ривожлантириш ва ўқувчиларга касбий таълим беришга кўмаклашиш;
Фанлар академияси илмий-тадқиқот институтлари ҳамда хўжалик бирлашмалари, ишлаб чиқариш корхоналари ва кластерлар – бириктирилган олий таълим муассасаларида кимё ва биология йўналишларида самарали ўқув жараёнини таъминлаш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясига эришиш, соҳа етук мутахассислари раҳбарлигида дипломолди амалиётларни ўташ, талаба ва профессор-ўқитувчиларни лабораториялардан фойдаланиш ва ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишиш учун шароит яратиш, магистрлик ва докторлик диссертацияларини ҳимоя қилишда амалий раҳбарликни амалга ошириш, илмий иш натижаларини амалиётга татбиқ этишга кўмаклашиш ва илмий ишланмаларни тижоратлаштириш борасида ҳамкорлиги йўлга қўйилади.
Бунда, бириктирилаётган ташкилотлар таянч ихтисослаштирилган мактаблар ва ихтисослаштирилган мактаблар, олий ва профессионал таълим, илмий-тадқиқот муассасаларини дарсликлар, лаборатория жиҳозлари ва ускуналар билан таъминлаш, ўқитувчилар малакасини ошириш ва стажировка ўташини ташкил этиш, уларнинг меҳнатини рағбатлантириш, хорижий мутахассисларни жалб этиш, ўқувчиларни халқаро нуфузли олимпиадаларда қатнашиш ва бошқа харажатларини қоплашда яқиндан кўмаклашади.
Давлат активларини бошқариш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бириктирилаётган хўжалик бирлашмаларининг кузатув кенгашларида бириктирилган таянч ихтисослаштирилган мактаблар ва ихтисослаштирилган мактаблар, олий ва профессионал таълим, илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини янада ривожлантиришга кўмаклашиш масалалари кўриб чиқилишини таъминласин.
Давлат активларини бошқариш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига бириктирилаётган хўжалик бирлашмалари томонидан ажратиладиган маблағларнинг миқдорларига ҳудуддаги таянч ихтисослаштирилган мактаблар ва ихтисослаштирилган мактаблар ҳамда йиллар кесимида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
5. Кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини қўшимча молиялаштириш, уларни жиҳозлаш, ўқитувчиларга устама ҳақ тўлаш ҳамда кимё ва биология фанларини ўқитиш бўйича бошқа тадбирларни молиялаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган махсус жамғармалар ташкил этилсин.
Қуйидагилар махсус жамғармаларнинг маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
Давлат бюджети маблағлари;
ҳар бир ҳудуд учун камида 1 миллиард сўм (жами 14 миллиард сўм) миқдоридаги маҳаллий бюджет маблағлари;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қўшимча манбалари ва бюджетдан ташқари маблағлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
6. Халқ таълими вазирлиги:
а) 2020/2021 ўқув йилида умумий ўрта таълим муассасаларида кимё ва биология фанларига қизиқиши бўлган ўқувчилар учун тажриба-синов сифатида жорий этилаётган табиий фанлар йўналишидаги вариатив (ўзгарувчан) ўқув режаларини босқичма-босқич ўқув жараёнида фойдаланишни йўлга қўйсин, шунингдек, ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини шакллантириш мақсадида табиий фанлар ўқув дастурларида амалий машғулотларнинг улушини кўпайтириш чораларини кўрсин;
б) Агентлик, Молия вазирлиги ва манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ихтисослаштирилган мактабларнинг кимё ва биология фанлари ўқитувчиларининг билими ва педагогик маҳоратини баҳолаш ва саралаб олинган номзодларнинг малакасини ошириш режасини тасдиқласин.
Белгилансинки, ўтказилган баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб ихтисослаштирилган мактабларга ва таянч ихтисослаштирилган мактабларга қабул қилинган кимё ва биология фанлари ўқитувчилари ҳамда раҳбар кадрлари (директор ва ихтисослашган фан бўйича директор ўринбосари)нинг базавий тариф ставкасига нисбатан амалда белгиланган устама ҳақи миқдори 2021 йил 1 январдан бошлаб 50 фоизгача оширилсин.
Агентлик, Молия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ихтисослаштирилган мактаблар ва таянч ихтисослаштирилган мактабларга қабул қилинган кимё ва биология фанлари ўқитувчилари ҳамда раҳбар кадрлари (директор ва ихтисослаштирилган фан бўйича директор ўринбосари)нинг базавий тариф ставкасига нисбатан устама ҳақ тўлаш тартибини ишлаб чиқсин ва ўрнатилган тартибда тасдиқласин.
7. Давлат тест маркази Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Фанлар академияси ва “Ўзстандарт” агентлиги билан биргаликда 2021 йил 1 февралга қадар Кимё ва биология фанларидан билимларни баҳолаш бўйича миллий сертификатлаш тизимини (кейинги ўринларда – Миллий сертификатлаш тизими) жорий қилсин.
Миллий сертификатлаш тизими доирасида қуйидагилар белгилансин:
кимё ёки биология фанларини билиш даражасини аниқлаш ва бу тўғрисида миллий малака сертификатларини (кейинги ўринларда – миллий сертификат) бериш белгиланган тартибда Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади;
кимё ёки биология фанларини билиш даражасини аниқлаш табақалаштирилган ҳолда амалга оширилади;
имтиёз бериладиган даражадаги миллий сертификатга эга умумтаълим мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар мактаби ўқувчилари давлат олий таълим муассасасига ўқишга киришда кимё ёки биология фанидан тест синови топширишдан озод этилади ҳамда унга тегишлилигига кўра кимё ёки биология фани учун белгиланган максимал балл берилади.
8. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги 2020 йил 1 декабрга қадар кимё ва биология фанлари ўқитувчиларини тайёрлаш дастурларини хорижий университетлар тажрибаси асосида таҳлил қилиб, такомиллаштириш чораларини кўрсин ва уларда, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутсин:
ўқув жараёнида замонавий педагогик технологияларни жорий этиш;
хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, стажировкаларни ташкил этиш ва хорижий мутахассисларни жалб этиш;
ўқитувчилар фаолиятини баҳолашнинг илғор мезонларини жорий этиш.
9. Инновацион ривожланиш вазирлиги Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси билан биргаликда 2021 йилдан бошлаб илғор хорижий тажриба асосида таълим муассасалари учун кимё ва биология фанларидан ўқув ва илмий адабиётларни яратиш бўйича миллий танлов ташкил қилсин.
Белгилансинки, миллий танлов натижаси бўйича ғолиб деб топилган муаллифлар Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 100 миллион сўмдан бир марталик мукофот пуллари билан тақдирланадилар.
10. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Фанлар академиясининг 2021 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба олий таълим муассасалари талабалари орасида кимё ва биология фанлари бўйича Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро фан олимпиадаларини (кейинги ўринларда – халқаро олимпиадалар) ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Белгилансинки, халқаро олимпиадалар ғолибларини бир марталик мукофотлаш ҳамда тегишли мутахассисликлар бўйича олий таълим муассасалари магистратурасига давлат гранти асосида имтиҳонсиз ўқишга қабул қилиш тизими жорий этилади.
11. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси, Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлигининг:
олий таълим муассасаларининг кимё ва биология таълим йўналишлари талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадаси ғолиблари ҳамда кимё ва биология фанлари бўйича нуфузли халқаро олимпиадалар совриндорларини магистратурага тегишли мутахассисликлар бўйича ўқишга ажратилган квота доирасида давлат грантлари асосида имтиҳонсиз қабул қилиш;
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб кимё ва биология йўналишларида кадрлар тайёрлаётган барча олий таълим муассасалари умумтаълим мактаблари битирувчи синфлари ўқувчилари ўртасида кўп босқичли (туман (шаҳар) – вилоят – олий таълим муассасаси) кимё ва биология фани бўйича ўзининг олимпиадасини ўтказиш ва 1-3 ўринларни эгаллаган ўқувчиларни олий таълим муассасасининг маблағлари ҳисобидан имтиҳонсиз ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
12. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги 2021 йилдан бошлаб кимё ва биология фанлари бўйича халқаро ва республика олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган профессор-ўқитувчиларга бир маротаба ойлик маошининг 100 фоизи миқдорида, кимё ва биология фанлари бўйича талабалар учун тўгараклар олиб бораётган профессор-ўқитувчиларга ўқув йили давомида олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ойлик маошларига 25 фоиз миқдорида устама ҳақ белгилаш тартибини жорий этсин.
13. Белгилансинки:
олий таълим муассасаларининг кимё ва биология таълим йўналишлари бўйича имтиёзли дипломга эга бўлган битирувчилари мазкур олий таълим муассасаларининг магистратура мутахассислигига қўшимча имтиҳонларсиз тўлов-контракт асосида қабул қилинади;
олий таълим муассасаларининг кимё ва биология мутахассислигини аъло баҳолар билан тамомлаган магистрларни таянч докторантурага олий таълим муассасаларининг кенгаши қарори асосида имтиҳонларсиз тўғридан-тўғри квота доирасида қабул қилиш тартиби жорий қилинади.
14. Кимё ва биология соҳасидаги илмий ташкилотларнинг тармоқ корхоналари билан ҳамкорлигини таъминлаш манзилли дастури (кейинги ўринларда – Манзилли дастур) 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Қуйидагилар:
Илмий ташкилотларга бириктирилган тармоқ корхоналари – Манзилли дастурга киритилган ҳар бир илмий ташкилот томонидан амалга ошириладиган тадбирлар учун кўзда тутилган маблағларни ўз муддатларида ва тўлиқ ажратилишини;
Фанлар академияси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда – Манзилли дастур доирасида илмий ташкилотларнинг ишланмаларини тармоқ корхоналарининг талабларига мувофиқ, белгиланган тартибда тақдим этилишини ҳамда ҳар чоракда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасига қадар Вазирлар Маҳкамасига амалга оширилган ишлар натижалари тўғрисида таҳлилий маълумот киритиб борилишини таъминласин.
15. Кимё ва биология йўналишларидаги илмий ташкилотларнинг истиқболли илмий ишланмаларини тижоратлаштиришни ташкил этиш дастури (кейинги ўринларда – Тижоратлаштириш дастури) 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Қуйидагилар:
Илмий ишланмаларни тижоратлаштиришга масъул хўжалик бошқаруви органлари – Тижоратлаштириш дастурига киритилган ҳар бир ишланмани чуқур ўрганиб чиқиб, келгусида алоҳида ишлаб чиқилган бизнес-режа ва харажатлар сметасига асосан молиялаштирилишини ва шу асосда маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилишини;
Инновацион ривожланиш вазирлиги, илмий ишланмаларни тижоратлаштиришни ташкил этишга масъул вазирлик ва идоралар – Тижоратлаштириш дастурида белгиланган тадбирларнинг ўз муддатида сифатли бажарилишини мувофиқлаштиришни таъминласин.
16. Белгилаб қўйилсинки, Тижоратлаштириш дастурига киритилган ишланмаларни молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:
илмий ишланмаларни тижоратлаштиришга масъул хўжалик бошқаруви органлари ва корхоналарнинг маблағлари;
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштириш Президент жамғармаси маблағлари;
ёшларнинг инновацион, амалий ва истиқболли стартап лойиҳалари учун Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигига ажратилган грант маблағлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
17. Инновацион ривожланиш вазирлиги:
Фанлар академиясининг олим ва мутахассисларини мунтазам равишда фан йўналишлари бўйича тегишли илмий-техник кенгашлар таркибига ва соҳага оид эксперт гуруҳларига жалб этиш;
илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида якунланган амалий ва инновацион лойиҳалар натижаларини иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг эҳтиёжларига мувофиқ тижоратлаштиришда кўмаклашиш чораларини кўрсин.
18. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Фанлар академияси ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда мазкур қарорнинг 1-иловасига мувофиқ рўйхатда белгиланган мувофиқлаштирувчи илмий ташкилотларнинг таклифлари асосида кимё ва биология йўналишидаги илмий-техник муаммолар ечимига йўналтирилган илмий фаолиятга оид ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиб, 2021 йилдан бошлаб ҳар йили 10 январга қадар тасдиқлаш учун Фан ва технологиялар бўйича республика кенгашига киритсин.
19. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3953-сон қарори билан тасдиқланган Давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхати қуйидаги мазмундаги банд билан тўлдирилсин:
“38. Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари лойиҳаларини бажаришда иштирок этувчи бюджет ташкилотлари томонидан тадқиқотлар ўтказиш мақсадида реактивлар ва реагентлар харид қилиш”.
20. Молия вазирлиги ушбу қарорни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни 2021 йилда тасдиқланган бюджет параметрлари доирасида ажратсин, 2022 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.
21. Белгилаб қўйилсинки:
Мақсадли дастурда белгиланган топшириқларни сифатли ва ўз вақтида бажарилишини мувофиқлаштириш ҳамда тизимли равишда мониторинг қилиш масъул вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари томонидан амалга оширилади ҳамда ҳар чоракда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасига қадар Вазирлар Маҳкамасига умумлаштирилган таҳлилий маълумотлар тақдим этиб борилиши таъминланади.
Бунда:
Халқ таълими вазирлиги, Агентлик – умумий ўрта таълим муассасаларида кимё ва биология фанларини ўқитиш сифатини ошириш, ҳудудларда ушбу фанларга ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини ривожлантириш ҳамда янги таянч ихтисослаштирилган мактаблар ва ихтисослаштирилган мактабларни ташкил этиш;
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тегишли олий таълим муассасалари ректорлари – ўрта махсус, профессионал таълим муассасаларида, фаолият юритаётган ва янги ташкил этиладиган кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаларига ўқув-услубий ёрдам кўрсатилишини ва уларда кимё ва биология фанларини самарали ўқитишни мувофиқлаштириш;
Фанлар академияси, тегишли илмий ташкилотлар раҳбарлари – кимё ва биология йўналишларига ихтисослашган факультетлар, кафедралар ва лабораторияларда самарали ўқув жараёнини таъминлашга илмий-услубий ёрдам кўрсатиш;
Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси, тегишли илмий ва олий таълим муассасалари раҳбарлари – ишлаб чиқариш тармоқлари мавжуд муаммоларининг илмий ечимига қаратилган илмий ҳажмдор маҳсулотлар яратилишини, мазкур тузилмаларнинг илмий-кадрлар салоҳиятини оширишга кўмаклашиш юзасидан мунтазам равишда тегишли ташкилий чора-тадбирларни амалга оширсин.
22. Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
23. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А.Мусаев зиммасига юклансин.
Ушбу қарор натижадорлиги тўғрисида 2021 йил 1 январь ва 1 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 12 август