ЎзА Ўзбек

05.11.2018 15:58 Чоп этиш версияси

​Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида

​Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Халқимизнинг қадимий тарихи ва маданий ҳаётини ҳар томонлама кенг ёритиш, номоддий маданий меросимиз бўлган кўп қиррали ўзбек миллий ҳунармандчилигини кенг намойиш қилиш, унинг ноёб намуналарини тарғиб этиш, шунингдек, ушбу йўналишда ўзаро тажриба алмашиш орқали турли халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар алоқаларни халқаро миқёсда кучайтириш, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган касбий анъаналар ва ҳунармандчилик мактабларини сақлаш ва қайта тиклаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлигининг ҳар икки йилда бир марта Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивалини (кейинги ўринларда Фестиваль деб аталади) ташкил этиш, биринчи марта ушбу фестивални ҳамда фестиваль доирасида “Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида илмий-амалий конференцияни 2019 йилнинг 10-15 сентябрь кунлари ўтказиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Халқаро ҳунармандчилик фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисида низомни ҳамда 2019 йилда Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

3. Ташкилий қўмитага (А.Арипов):

Фестивални ўтказиш бўйича кўзда тутилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

Фестиваль совриндорларига топшириладиган диплом, сертификат, ҳайкалчалар намуналарини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этиш вазифалари юклансин.

4. Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлигининг уларни Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъул этиб белгилаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:

хорижий давлатлардан маҳоратли ҳунармандлар, амалий санъат усталари, мутахассислари, соҳа олимлари ва фахрий меҳмонларни Фестивалга таклиф этишда Савдо-саноат палатаси ва “Ҳунарманд” уюшмасига амалий ёрдам кўрсатсин;

Фестивалга ташриф буюрувчи меҳмонлар учун Савдо-саноат палатаси ва “Ҳунарманд” уюшмасининг буюртманомаларига биноан Ўзбекистон Республикасига кириш визаларининг белгиланган тартибда консуллик ва бошқа йиғимларни ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.

6. Фарғона вилояти ҳокимлиги Қўқон шаҳрида кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилишини, Фестиваль ўтказиладиган саҳна майдонлари ва жойлар талаб даражасида тайёрланишини таъминласин.

7. Маданият вазирлиги Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда Фестивалнинг тантанали очилиш маросимини ҳар томонлама пухта ва бадиий жиҳатдан бетакрор усулда тайёрлаш учун юксак профессионал маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, уста ҳунармандлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш санъаткорларнинг кенг жалб этилишини таъминласин.

8. Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Бадиий академияси билан биргаликда:

Фестиваль доирасида Қўқон шаҳридаги марказий майдоннинг ён атрофида ҳунармандчилик санъатига оид турли кўргазмалар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, қадимий ҳунармандчилик дастгоҳлари ва маҳсулотларини яратиш жараёнлари, ҳунармандчиликка оид бадиий ва ҳужжатли фильмлар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши ва уларнинг сотуви ташкил этилишини;

Фестиваль дастури ишлаб чиқилишини ва унинг Фестивалдан уч ой аввал туристик ташкилотларга тақдим этилишини, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилишини;

Фестиваль доирасида миллий либослар кўргазмали чиқишлари, аския ва қизиқчилар, фольклор ва дорбозлик жамоаларининг томоша дастурлари намойиш этилишини;

Фестивалнинг туризм календарь режасига киритилишини ҳамда хорижий сайёҳларни Фестивалга жалб қилиш чоралари кўрилишини таъминласинлар.

9. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Фарғона вилояти ҳокимлиги Фестиваль қатнашчилари ва меҳмонлар учун меҳмонхоналардан жой ажратиш чораларини кўрсинлар.

10. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Фестиваль қатнашчиларини Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва “Ҳунарманд” уюшмаси буюртмаларига мувофиқ, белгиланган тартибда авиа ва темир йўл чипталари билан таъминлаш чораларини кўрсинлар.

11. Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ташкилий қўмита томонидан ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган смета асосида қуйидаги тартибда:

50 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан;

50 фоизи – Фарғона вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қоплансин.

12. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Фестивалнинг хорижий қатнашчиларини кутиб олиш, жойлаштириш ва уларни Қўқон шаҳрига юборишни ташкил этсин.

13. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Дунё” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиб бориш тавсия этилсин. 

14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси
Президенти                                          Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,
2018 йил 1 ноябрь

ЎзА
6 630