ЎзА Ўзбек

11.08.2020 Чоп этиш версияси

Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, соҳага замонавий бозор механизмларини жорий этиш, ушбу йўналишда бошқарувнинг замонавий тизимларини ривожлантириш, унинг экспорт салоҳиятини ошириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясининг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг кластер модели жорий этилди, натижада охирги йилларда пахта экин майдонларининг 125 минг гектари ёки 12 фоизида кооперациялар, 908 минг гектари ёки 88 фоизида кластерлар фаолият юритмоқда.

Қишлоқ хўжалигида қулай агробизнес муҳитини ва юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш, илмий-тадқиқот муассасаларининг фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, уларнинг моддий-техника базасини яхшилаш, соҳага жаҳон тажрибаси асосида қишлоқ хўжалигида билим, инновациялар ва агрохизматлар тизимини кенг жорий этиш, шунингдек, соҳада хизмат турларини такомиллаштириш, кооперация муносабатларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва Жаҳон банки билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

а) 2020 йил 20 мартда Жаҳон банкининг Директорлар кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикасига “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасини (кейинги ўринларда – Лойиҳа) молиялаштириш учун 30 йил муддатга:

10 йиллик имтиёзли давр билан Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки томонидан 181 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз ажратилиши;

10 йиллик имтиёзли давр билан Халқаро тараққиёт уюшмасининг 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредити ажратилиши;

5 йиллик имтиёзли давр билан Халқаро тараққиёт уюшмасининг 219 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредити ажратилиши маъқулланганлиги;

б) Лойиҳанинг умумий қиймати 659,3 миллион АҚШ долларига тенг эканлиги, улардан Ўзбекистон Республикасининг улуши – 159,3 миллион АҚШ долларини, шу жумладан:

солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш, инвестиция даврида молиявий харажатларни тўлаш шаклидаги улуш – 124,3 миллион АҚШ долларини;

Лойиҳа иштирокчиларининг (бенефициарлар) улуши эса 35 миллион АҚШ доллари эквивалентини ташкил этиши;

в) Лойиҳани амалга ошириш даври 6 йилни (2020-2026 йиллар) ташкил этиши маълумот учун қабул қилинсин.

2. Лойиҳа доирасида молиялаштиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

қишлоқ хўжалигида илмий-тадқиқот, таълим ва маслаҳат хизматларининг ишлаб чиқариш билан интеграциялашган самарали тизимини яратиш;

қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, статистик маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва тарқатишнинг ишончли ва шаффоф усулларини жорий этиш;

озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда “Даладан истеъмолгача” тамойили асосида сифат назоратини кучайтириш, агрологистика, йўл ва бошқа зарур инфратузилмани яратиш;

экспортни рағбатлантириш, халқаро бозорларда рақобатбардош, экспортбоп юқори қўшилган қийматли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасида қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш;

қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғини диверсификациялаш, соҳада давлат иштирокини камайтириш, кооперация тизимини ривожлантириш ҳамда соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш;

ер ва сув ресурслари, ўрмон фондидан оқилона фойдаланиш;

соҳага бошқарувнинг замонавий тизимларини жорий этиш, хизмат кўрсатиш сервисини такомиллаштириш.

3. Қуйидагилар:

“Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасининг техник-иқтисодий асоси ҳамда унинг асосий кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ;

“Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси бўйича Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси маблағларидан фойдаланиш схемаси 2-иловага мувофиқ;

“Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” 2а-иловага мувофиқ;

“Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки қарзидан фойдаланиш ва уни қайтариш, комиссия ва фоиз тўловларини амалга ошириш жадвали 3-иловага мувофиқ;

“Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида Халқаро тараққиёт уюшмаси кредитидан фойдаланиш ва уни қайтариш, комиссия ва фоиз тўловларини амалга ошириш жадвали 3а-иловага мувофиқ;

“Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида Халқаро тараққиёт уюшмаси имтиёзли кредитидан фойдаланиш ва уни қайтариш, комиссия ва фоиз тўловларини амалга ошириш жадвали 3б-иловага мувофиқ;

“Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида 2021-2025 йилларда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт ҳажмларининг прогноз кўрсаткичлари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Белгилансинки:

Лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида амалга оширилади;

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Лойиҳанинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини ҳамда натижадорлигини таъминлайди;

Жаҳон банкидан олинган маблағлар Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳамда тижорат банкларига берилган ресурсларнинг қайтиши ҳисобидан қайтарилади;

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги Лойиҳани ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш, уни бошқариш, Лойиҳани амалга ошириш даврида мониторинг ва ҳисоботни юритиш учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади;

кредит линиясини бошқариш, Жаҳон банкининг маблағлари ўз вақтида ўзлаштирилиши ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, шунингдек, сублойиҳаларни амалга ошириш бўйича мониторинг ва ҳисоботни юритиш функциялари Лойиҳада иштирок этувчи Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларига юклатилади.

5. “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳи (кейинги ўринларда – Ишчи гуруҳи) таркиби 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ишчи гуруҳи (Барноев, Ходжаев)га қуйидаги вазифалар юклатилсин:

Лойиҳанинг ўз вақтида, тўлиқ ва самарали ижросини ташкил этиш ҳамда мувофиқлаштириш;

Лойиҳа доирасида қилинадиган харажатларнинг мақбул ечимларини ва тижорат банклари томонидан молиялаштириладиган лойиҳаларни асослилиги, натижадорлиги ҳамда мақсадга мувофиқлиги асосида танлаб олиш;

Лойиҳа доирасида ажратилиб, иқтисод қилинган маблағларни молиялаштиришнинг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, Жаҳон банки билан келишилган ҳолда ўрнатилган тартибда қайта тақсимлаш;

зарур ҳолларда, қарор иловаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш. Бунда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш бошқармаси Ишчи гуруҳининг ишчи органи ҳисобланади.

6. Маълумот учун қабул қилинсинки, қонунчиликка мувофиқ халқаро молиявий институтларнинг қарзлари ва ҳукумат ташкилотларининг халқаро қарзлари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида:

агарда ушбу лойиҳалар халқаро ва хорижий ҳукумат молиявий ташкилотлари томонидан 2020 йил 1 июлга қадар маъқулланган бўлса, юридик шахслар томонидан сотиб олинадиган товарларни (хизматларни) реализация қилишга доир айланмага қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи солинмайди;

ушбу қарз маблағлари ҳисобидан юридик шахслар томонидан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар божхона божи тўлашдан озод этилади;

Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлмаган юридик шахслар фойда солиғи тўлашдан 2021 йил 1 июлгача бўлган муддатга озод этилган;

ушбу имтиёзлар натижасида иқтисод қилинган маблағлар Ўзбекистон Республикасининг Лойиҳани амалга оширишдаги улуши деб ҳисобланади.

7. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда бир ой муддатда Лойиҳа доирасида бериладиган қарзни молиялашнинг муддатлари ва шартлари (валюта хатарини ҳисобга олган ҳолда), сублойиҳаларни танлаш ва уларни баҳолаш мезонларини белгилаган ҳолда, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкининг қарзидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни (кейинги ўринларда – Низом) ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин.

8. Ўзбекистон Республикаси номидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (С.Умурзоқов) ҳамда Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ва Халқаро тараққиёт уюшмаси ўртасида “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасини молиялаштириш тўғрисидаги қарз битими имзоланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Молия вазирлигига Ўзбекистон Республикаси номидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Лойиҳада иштирок этувчи Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари, бошқа вазирлик ва идоралар билан Жаҳон банки томонидан ажратиладиган маблағларни қайта кредитлаш битимларини имзолаш, шунингдек, зарур ҳолларда, ушбу битимларга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ваколати берилсин. Бунда, қайта кредитлаш битимларининг шартлари Низомга асосан белгилансин.

9. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги Лойиҳа асосида Инвестиция дастурларига белгиланган тартибда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини таъминласин.

10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:

Лойиҳа доирасидаги тадбирларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш, натижадорлигини таъминлаш, жалб этилаётган маблағларни ўзлаштириш жараёнида ошкораликни таъминлаш ҳамда коррупциянинг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўрилишини;

Лойиҳа доирасида мева-сабзавотчилик кооперацияларига ер майдонларини белгиланган тартибда, шу жумладан, ҳудудларда барпо қилинадиган йирик агрологистика комплекслари учун белгиланган ер майдонларини қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари учун компенсация ундирмасдан текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилишини;

ажратилган ер участкаларидаги ердан фойдаланувчилар компенсациялари (фермер хўжаликлари томонидан кўрилган зарарлар, кесилган дарахтлар, фуқароларни кўчириш ва фуқароларга кўрсатилган барча зарарлар) ва агрологистика комплексларини муҳандислик, йўл ҳамда транспорт инфратузилмаларига уланишини таъминлаш ва бошқа харажатлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланишини таъминласин.

11. Ташқи ишлар вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг буюртманомалари бўйича Лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи чет эллик мутахассисларга кириш визалари консуллик ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимларни ундирмаган ҳолда расмийлаштирилишини таъминласин.

12. Ички ишлар вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг буюртманомалари бўйича Лойиҳа доирасида жалб этиладиган чет эллик мутахассисларга кўп марталик визаларни расмийлаштириш, бериш ва муддатини узайтиришни, шунингдек, вақтинчалик яшаш жойига рўйхатга олиш ва муддатини узайтиришни давлат божи ундирмасдан таъминласин.

13. Қишлоқ хўжалиги вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари зиммасига Лойиҳа доирасидаги тадбирларни самарали амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни таъминлаш, шунингдек, Жаҳон банки ҳамда миллий қонунчилик талабларига мувофиқ зарур ҳисоботлар ва ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланиши ҳамда тақдим этилишини таъминлаш юзасидан шахсий масъулият юклансин.

14. Ҳисоб палатаси Лойиҳа доирасидаги маблағларнинг мақсадли ажратилиши ва сарфланиши устидан доимий назорат ўрнатсин ҳамда ҳар ярим йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борсин.

15. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги:

Лойиҳа доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши жараёнида очиқлик, ошкоралик ҳамда шаффофликни таъминлаш бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқсин ва жорий қилсин;

Лойиҳани амалга оширишда очиқлик, ошкоралик ҳамда шаффофликни таъминлаш устидан доимий назорат ўрнатсин.

16. Ушбу қарорда белгиланган чора-тадбирларнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:

а) Ишчи гуруҳи (Барноев, Ходжаев):

бир ҳафта муддатда ўзининг биринчи мажлисини ўтказиб, Лойиҳа доирасидаги масъул ижрочиларнинг аниқ вазифаларини белгилаб берсин;

икки ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари таклифлари асосида ишлаб чиқилган Лойиҳа доирасида Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳудудлар кесимида “Йўл харита”ларини тасдиқласин;

б) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ходжаев):

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Вафаев), Молия вазирлиги (Эргашев), Марказий банк (Холхўжаев) билан биргаликда бир ой муддатда Лойиҳани амалга ошириш учун масъул бўлган вазирлик ва идора ходимлари учун хорижий консультантларни жалб қилган ҳолда икки ҳафталик семинар ташкил қилсин;

Лойиҳани амалга ошириш доирасида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тадбиркорлик субъектларини жалб этиш чораларини кўрсин;

Молия вазирлиги (Эргашев) билан биргаликда молиялаштирилган сублойиҳалар тўғрисида, шунингдек, уларнинг сифатли амалга оширилиши устидан мониторинг натижалари юзасидан ҳар чорак якуни бўйича Вазирлар Маҳкамасига маълумот киритиб борсин;

в) Бош вазир ўринбосари С.Умурзоқов қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт ҳажмларини ошириш мақсадида Лойиҳа доирасида экспортёр корхоналарни жалб қилиш чораларини кўрсин;

г) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан бир ой муддатда Лойиҳа доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш юзасидан ташаббускорлар иштирокида тақдимотлар ўтказилсин;

д) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (Ходжаев) Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Миллий телерадиокомпания ва “Дунё” ахборот агентлиги билан биргаликда оммавий ахборот воситаларида, тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда қарорда белгиланган чора-тадбирларни аҳоли орасида кенг ёритиш чораларини кўрсин.

17. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

18. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ў.И.Барноев зиммасига юклансин.

Ушбу қарор натижадорлиги тўғрисида 2020 йил 1 декабрда ва 2021 йилнинг ҳар чораги якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.

Ўзбекистон Республикаси

        Президенти                                      Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 11 август


41 938
ЎзА