ЎзА Ўзбек

03.12.2019 Чоп этиш версияси

Иссиқлик таъминоти тизимини такомиллаштириш ва иссиқлик таъминоти корхоналарини молиявий соғломлаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Иссиқлик таъминоти тизимини такомиллаштириш ва иссиқлик таъминоти корхоналарини молиявий соғломлаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Ўтган давр мобайнида республикада иссиқлик таъминоти тизимини яхшилаш ҳамда аҳолини иссиқлик энергияси ва иссиқ сув билан таъминлаш даражасини ошириш бўйича муайян ишлар амалга оширилди.

Амалий чора-тадбирлар доирасида иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш ҳолати комплекс ўрганилди ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш бўйича замонавий технологиялар синовдан ўтказилди.

Шу билан бирга, республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ҳозирги босқичи иссиқлик таъминоти тизимини комплекс модернизация қилиш ва энергия тежовчи замонавий технологиялар асосида унинг техник даражасини ошириш зарурлигини тақозо этмоқда.

Иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш ва модернизация қилиш, ресурсларни тежовчи замонавий технологияларни жорий этиш, аҳолини иссиқлик энергияси ҳамда иссиқ сув билан таъминлаш сифати ва даражасини яхшилаш чора-тадбирларини изчил амалга ошириш мақсадида:

1. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “2018-2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги ПҚ–2912-сон қарорига мувофиқ истеъмолчиларга иссиқлик энергияси узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш ва унинг сифатини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнига инновацион ва ресурс тежовчи технологияларни, шунингдек, ушбу соҳадаги бошқарувнинг самарали бозор механизмларини жорий этишга қаратилган 2018-2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури амалга оширилмоқда;

Жаҳон банки иштирокида марказий қозонхоналар, иситиш тизимлари ҳамда тармоқларини модернизация ва реконструкция қилишни, уйлар ва квартиралар ички иссиқлик таъминоти тизимларини ёпиқ иссиқлик таъминоти тизимига ўтказган ҳолда тиклашни назарда тутувчи умумий қиймати 220,7 миллион АҚШ доллари бўлган “Андижон, Чирчиқ, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент (ТЦ-8) шаҳарларида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси амалга оширилмоқда;

Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги билан биргаликда иссиқлик манбаларининг иситиш ускуналарини когенерацион газ турбинаси технологиясини жорий этган ҳолда реконструкция қилишни, шунингдек, магистрал ва тақсимловчи иссиқлик тармоқларини алмаштиришни назарда тутувчи ҳисоб-китоб қиймати 780,4 миллион АҚШ доллари бўлган “Бухоро, Фарғона, Қувасой, Нукус ва Урганч шаҳарларида марказий қозонхоналарни модернизация ва реконструкция қилиш” лойиҳасини амалга ошириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) 2020-2021 йиллар иситиш мавсумидан бошлаб марказлаштирилган иссиқлик таъминоти хизматлари учун истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар иситиш даврининг ҳар бир кунига 1 квадрат метр иситиладиган майдон ҳисобида тўлаш тизимига ўтказилади;

б) 2020 йил 1 январдан бошлаб:

истеъмолчилар учун иссиқлик таъминоти хизматларига тарифларни шакллантириш ва белгилашда ишлаб чиқариш харажатларини пасайтириш ҳамда иссиқлик таъминоти тармоқларидаги йўқотишларни қисқартириш ҳисобига иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш ва модернизация қилиш харажатлари ҳисобга олинади, шунингдек, кўрсатилаётган хизматлар таннархини қоплаш механизмларини босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилади;

аҳоли учун иссиқлик энергияси ва иссиқ сувга пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида кўриладиган зарарлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан қопланади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг 2020 йилги параметрларини шакллантиришда аҳоли учун иссиқлик энергияси ва иссиқ сувга пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида кўриладиган зарарларни қоплаш учун 1-иловага мувофиқ зарур маблағларни назарда тутсин;

иссиқлик таъминоти соҳасига ажратилаётган бюджет маблағларининг мақсадли ва оқилона ишлатилишини таъминлаш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари томонидан тегишли йил учун тадбирлар режаси ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши бўйича чоралар кўрсин.

3. Белгилансинки, иссиқлик таъминоти хизматларини кўрсатиш соҳасида:

а) Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда қуйидагилар учун жавобгардир:

иссиқлик таъминоти корхоналари томонидан хизматлар тузиладиган шартномаларга мувофиқ кўрсатилишини, шунингдек, истеъмолчиларга иссиқлик энергияси ва иссиқ сув узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш;

иссиқлик энергияси ва иссиқ сув учун тўловларнинг квартиралар ички ҳисобга олиш ускуналари кўрсаткичлари, истеъмолнинг норматив ҳажмлари ва квартиранинг иситиладиган майдони ўлчами асосида ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини таъминлашни, шунингдек, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини назорат қилиш;

иссиқлик таъминоти корхоналари томонидан кўрсатиладиган хизматлар ҳажмлари ҳақидаги ҳисобот ва ахборотлар, дебитор ва кредитор қарздорлик тўғрисидаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги, шунингдек, иссиқлик энергияси ҳамда иссиқ сувни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш;

иссиқлик таъминоти тизими объектларининг ҳолати, фойдаланилиши ва уларга таъмирлаш хизмати кўрсатилиши устидан назоратни таъминлаш;

иссиқлик энергияси ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарининг алмаштирилиши ва ўрнатилишини, шунингдек, иссиқлик таъминоти корхоналари томонидан уларнинг пломбаланишини ташкил этиш;

иссиқлик энергияси ва иссиқ сувдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш;

б) Тошкент шаҳар ҳокимлиги ушбу банднинг “а” кичик бандида назарда тутилган тадбирларнинг Тошкент шаҳрида амалга оширилиши учун жавобгардир.

4. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг:

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг марказий аппарати тузилмасида Иссиқлик таъминоти тизимларидан фойдаланиш бошқармасини тугатган ҳолда, иссиқлик таъминоти тизимларини комплекс ривожлантириш ва модернизация қилиш, шунингдек, уларнинг объектларидан ишончли ва самарали фойдаланишни таъминлаш учун масъул бўлган Иссиқлик таъминоти тизимларини комплекс ривожлантириш бошқармаси ҳамда Иссиқлик таъминоти тизимларини сақлаш ва улардан фойдаланиш бошқармасини ташкил этиш;

ресурс тежовчи замонавий технологияларни, шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнининг барча босқичларида иссиқлик энергияси ва иссиқ сувни ишлаб чиқариш ҳамда истеъмол қилишни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишни инобатга олган ҳолда, марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини 2019-2024 йилларда босқичма-босқич ёпиқ тизимга ўтказиш;

аҳолига иссиқлик энергияси ва иссиқ сувни иссиқлик таъминоти корхоналари, истеъмолчилар ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ёки профессионал бошқарув компаниялари ўртасида тузиладиган уч томонлама шартномалар асосида, кўп квартирали уйлар бевосита мулкдорлар томонидан бошқарилган тақдирда эса икки томонлама шартномалар асосида етказиб бериш тартибини босқичма-босқич жорий этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.

Белгилансинки, ушбу банднинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган янгидан ташкил этилаётган бошқармаларнинг штат бирликлари сони Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизими бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида шакллантирилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ишлаб чиқилган 2019-2022 йилларда республиканинг иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Масъул вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига ушбу бандда назарда тутилган “Йўл харитаси”га киритилган чора-тадбирларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга ошириш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

7. Республиканинг иссиқлик таъминоти тизимини ислоҳ қилишга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ 4-иловага мувофиқ таркибда тузилсин ва унга қуйидаги вазифалар юклатилсин:

иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш ва етказиш сарф-харажатларини камайтириш, магистрал ва уйларнинг ички иссиқлик таъминоти тармоқларида мавжуд йўқотишларни қисқартириш бўйича амалий чора-тадбирларни ташкил этиш;

иссиқлик таъминоти соҳасига замонавий технологиялар ва бошқарув усуллари, жумладан, иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш, тақсимлаш ҳамда унинг истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими фаол жорий этилишини таъминлаш;

иссиқлик таъминоти соҳасида давлат тариф сиёсатини такомиллаштириш, шунингдек, инвестициявий жозибадорликни ошириш бўйича ҳар томонлама таҳлил ўтказиш ва таклифлар ишлаб чиқиш;

иссиқлик таъминоти соҳасидаги истиқболли инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тайёрлаш, кўриб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашиш;

“Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилишини тизимли мониторинг қилиш;

мазкур қарорда назарда тутилган вазифалар амалга оширилишининг ҳолати тўғрисида ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб бориш.

Ишчи гуруҳ (Б.А.Хўжаев) бир ой муддатда мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш бўйича батафсил амалий тадбирлар режаси ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ташкил этсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги:

а) Молия вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан биргаликда 2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантиришда 5 ва 5а–5н-иловаларга мувофиқ ҳудудларнинг иссиқлик таъминоти тизимларини ривожлантириш бўйича манзилли дастурларга киритилган, ушбу йилларга режалаштирилган лойиҳаларни молиялаштириш учун бюджет маблағларини назарда тутсин;

б) Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

иссиқликни сақловчи, шу жумладан, пенополиуретандан тайёрланган полимер изоляцияли ва ҳимоя қобиғига ўралган, каналсиз ётқизиш имконини берувчи қувурлар, шунингдек, индивидуал иссиқлик пунктлари ва уларнинг бутловчи буюмларини ишлаб чиқариш соҳасида саноат тармоқлари ўртасидаги ўзаро кооперацияни кенгайтириш бўйича мавжуд салоҳиятни ўргансин;

мавжуд хомашё ресурсларини инобатга олган ҳолда, маҳаллийлаштирилиши лозим бўлган, иссиқлик таъминоти соҳасида фойдаланиладиган маҳсулотлар рўйхатини шакллантирсин ҳамда 2020-2022 йилларда уларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва қувватларини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар дастурини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:

2020-2021 йилларда 5 ва 5а–5н-иловаларга мувофиқ ҳудудларнинг иссиқлик таъминоти тизимларини ривожлантириш бўйича манзилли дастурларга киритилган истиқболли лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш чораларини кўрсин;

ушбу лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилишига қараб, уларни амалга ошириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағларини жалб қилиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб борсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:

Тошкент давлат техника университетида (Тошкент қурилиш-коммунал касб-ҳунар коллежи негизида) – иссиқлик таъминоти соҳасида талаб юқори бўлган мутахассисларни (иссиқлик техникаси муҳандиси, муҳандис-метролог, энергия аудити муҳандиси, муҳандис-иқтисодчи) тизимли ўқитиш ва тайёрлашни;

соҳага оид таълим муассасаларида – замонавий ва инновацион ўқитиш усулларини қўллаган ҳолда, иссиқлик таъминоти объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, бошқариш ва улардан фойдаланиш соҳасида мутахассисларни касбга қайта тайёрлаш бўйича доимий ишлайдиган қисқа муддатли (3 ойдан 12 ойгача) курсларни ташкил этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А.Гулямов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                              Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 2 декабрь


4 608
ЎзА