ЎзА Ўзбек

18.01.2019 Чоп этиш версияси

Энди Халқ қабулхоналари мурожаат келиб тушишини кутиб ўтирмайди

Энди Халқ қабулхоналари мурожаат келиб тушишини кутиб ўтирмайди

2019 йил 17 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Мазкур янги тизимнинг биринчи жиҳати – Халқ қабулхоналари ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали муаммоларни аниқлайди ҳамда ҳал қилинишини таъминлайди. Яъни, энди Халқ қабулхоналари маълум муаммо юзасидан мурожаат келиб тушишини кутиб ўтирмайди.

Бунга сабаб бўлган асосий омил – мурожаатлар билан ишлашнинг амалдаги тизими аҳолининг мавжуд муаммоларини тўлиқ қамраб олиш ва тезкорлик билан ҳал қилиш имконини бермаётгани билан боғлиқ. Чунки барча давлат органлари каби Халқ қабулхоналари ҳам ўз фаолиятида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш амалиётидан фойдаланиб келмоқда. Лекин мавжуд мурожаатлар таҳлили аҳоли, ижтимоий соҳа ва ишлаб чиқариш объектларидаги муаммоларни тўлиқ қамраб олиш ва аниқлаш имконини бермаяпти. Қолаверса, одам ариза ёки шикоят билан мурожаат қилмаса, бу унда умуман муаммо йўқ, дегани эмас. Айниқса, сабр-қаноат ва шукроналикни ҳаёт мазмуни, орият-у ғурурни улуғ қадрият даражасида эъзозлайдиган халқимиз ўртасида дарду-ташвиши қийнаб турган бўлса-да, бу ҳақда маҳалла-кўй, мутасадди идора ва ташкилотларга мурожаат қилишни ўзига эп кўрмайдиган, истиҳола қиладиганлар кўп. Шу боис ҳам давлатимиз раҳбарининг ғояси ва ташаббуси билан мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш, мурожаатлар билан ишлаш ва аҳоли муаммоларини ҳал этиш соҳасида янги даврга қадам қўйилмоқда. Бундан буён давлат органлари Халқ қабулхоналари бошчилигида ўзлари масъул бўлган ҳудудларда маҳаллама-маҳалла, кўчама-кўча, уйма-уй юриб, ҳар бир хонадон, ҳар бир оила муаммоларини ўрганиб, уларни ҳал қилиш чораларини кўради. “Касални даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал” деганларидек, муаммо ҳақида кимдир мурожаат қилиб келишини кутиб ўтирмасдан, халқ ичига, одамлар орасига чуқур кириб бориб, улар дуч келаётган муаммоларни эрта аниқлаб, ҳал қилиш янги тизимдан кўзланган бош мақсад ҳисобланади. Бинобарин, бевосита мулоқот, юзма-юз учрашувларнинг таъсир кучи катта бўлиб, бундай суҳбатлар жараёнида қоғозларга сиғмай қолган тафсилотлар ойдинлашади, ортиқча оворагарчиликларсиз у ёки бу масалага дахлдор янги маълумотларни аниқлаштириб олиш имконияти катта бўлади.​​

14 392
ЎзА