ЎзА Ўзбек

29.05.2017 19:22:25 Чоп этиш версияси

Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони 

Ёқилғи-энергетика комплексини модернизация қилиш ҳамда технологик қайта жиҳозлаш, электр энергияси ва табиий газ (кейинги ўринларда энергия ресурслари деб аталади) етказиб бериш ва истеъмол қилиш соҳасида шартнома мажбуриятларига сўзсиз риоя этиш, шунингдек, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишнинг таъсирчан механизмларини яратиш – мамлакатимизда олиб борилаётган, энг аввало, иқтисодиётнинг барча тармоқларини жадал ривожлантириш, инвестициявий жозибадорлик ва ишбилармонлик фаоллигини ошириш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Шу билан бирга, мазкур соҳаларда тўпланиб қолган жиддий камчилик ва муаммолар энергия ресурслари бўйича дебитор қарздорликни кескин камайтиришга ва электр энергетика ва газ тармоқларини янада ривожлантириш, ижро иши юритиш самарадорлигини оширишга имкон бермаган. Жумладан:

биринчидан, таъминотчи корхоналар томонидан етарли чоралар кўрилмаганлиги оқибатида истеъмолчиларнинг шартнома мажбуриятларига риоя этиши лозим даражада таъминланмаган, уларнинг аксарияти истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўловларни мунтазам равишда амалга оширмаган;

иккинчидан, энергия ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш муддатларининг кечиктириб юборилганлиги етказиб берилган ва истеъмол қилинган ҳажмлар ҳисоби юритилишининг ҳаққонийлигини таъминлашга ҳамда ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга оширишга ўта салбий таъсир кўрсатмоқда;

учинчидан, эскирган электр узатиш тармоқлари, трансформатор подстанциялари ва пунктлари, газ қувурлари ҳамда тегишли инфратузилмани янгилаш суръатларининг сустлиги – технологик йўқотишларнинг кўпайишига ва энергия ресурсларининг, айниқса, жойларда, сурункали узилишлар билан етказиб берилишига олиб келмоқда;

тўртинчидан, энергия ресурслари бўйича қарздорлик ҳолатини онлайн тарзда кузатиб бориш имконини берувчи замонавий электрон тўлов тизимларини ривожлантириш паст даражада қолмоқда;

бешинчидан, “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АК томонидан назоратчилар ишининг ташкил этилиши устидан идоравий назорат лозим даражада ўрнатилмаганлиги дебитор қарздорликнинг ҳаддан зиёд ўсишига олиб келмоқда;

олтинчидан, қарздорларни электр ва газ тармоғидан узиш бўйича амалий чоралар кўрилмасдан, аслида мавжуд бўлмаган қарздорликни ундириш ҳақида судларга аксарият ҳолларда “бир хил қолипдаги” аризаларнинг киритилиши таъминотчиларнинг энергия ресурслари учун ҳақ ундириш борасидаги ишларни ташкил этишга расмиятчилик билан ёндашаётганлигидан далолат бермоқда;

еттинчидан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд департаменти (кейинги ўринларда Суд департаменти деб аталади) фаолиятини ташкил этишдаги жиддий камчиликлар ижро иши юритилиши самарадорлигига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. Амалдаги ундирув кўрсаткичининг 2016 йилда атиги 45 фоизни ташкил этганлиги ҳам бундан далолат беради;

саккизинчидан, идоралараро ҳамкорликнинг ва Суд департаменти фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишнинг паст даражадалиги ижро ҳужжатлари ҳисоби юритилишида ҳаққонийликни таъминлашга, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижро этилишига салбий таъсир кўрсатмоқда;

тўққизинчидан, қонунийликни ва ижро интизомини мустаҳкамлаш ишларида йўл қўйилган камчиликлар оқибатида 2016 йил ва 2017 йилнинг I чораги давомида содир этган ҳуқуқбузарликлари учун “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АКнинг 665 нафар, Суд департаментининг 36 нафар ходими жиноий жавобгарликка тортилган.

Электр ва газ таъминоти соҳасида ечимини кутаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича таъсирчан чораларнинг кўрилмаганлиги иқтисодиётнинг барча тармоқларини жадал ривожлантириш, ёқилғи-энергетика комплексини модернизациялаш ҳамда технологик қайта жиҳозлаш, инвестициявий жозибадорлик ва ишбилармонлик фаоллигини ошириш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш, мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини таъминлашга тўсқинлик қилувчи омил ҳисобланади.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, электр ва газ таъминоти соҳасида бошқарув тизимини, назорат ва ҳисобга олиш механизмларини янада такомиллаштириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, жавобгарликни кучайтириш, ижро иши юритишнинг самарадорлигини тубдан ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси (кейинги ўринларда Бюро деб аталади) ташкил этилсин.

2. Қуйидагилар Бюронинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, ижро ҳужжатлари ҳамда ундирилган маблағларнинг ҳаққоний ҳисобини юритиш, ижро иши юритишда сансалорлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш;

электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш;

энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш;

энергия ресурслари истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг замонавий автоматлаштирилган тизимлари, шунингдек, муқобил энергия манбаларининг жорий этилиши устидан мониторинг ўтказиш;

энергия ресурсларини сотиш ва истеъмоли ҳисобини юритишда иштирок этиш;

энергия ресурслари истеъмолчиларининг масъулияти ва ҳуқуқий маданиятини ошириш чораларини кўриш;

комплекс таҳлил ўтказиш, тизимли муаммоларни аниқлаш, энергия ресурслари учун ҳисоб-китоб қилинишини таъминлаш ва мажбурий ижро тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш, суриштирув ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

тугатилаётган Суд департаментининг Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган вазифалари, функциялари ҳамда ваколатлари Бюрога ўтказилади;

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш Бюронинг давлат ижрочилари томонидан амалга оширилади;

Бюронинг давлат ижрочилари лавозимларига олий ёки ўрта махсус юридик маълумотга эга, айрим ҳолларда бошқа мутахассисликдаги олий маълумотга эга шахслар, Бюронинг бошқа лавозимларига – олий ёки ўрта махсус маълумотли бошқа мутахассисликка (иқтисодчи, молиячи, муҳандислар ва бошқалар) эга шахслар ҳам тайинланади;

давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари Бюрога мазкур Фармонга мувофиқ юклатилган вазифа ҳамда функцияларини бажаришда ҳар томонлама кўмаклашишга мажбурдирлар.

4. Бюро ва унинг ҳудудий тузилмаларига энергия ресурсларини етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасидаги вазифаларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

энергия ресурслари етказиб берилиши ва истеъмолини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги ҳамда ҳаққонийлиги, ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан, шу жумладан, хўжалик юритувчи субъектларда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши билан келишмаган ҳолда текширишлар ўтказиш;

етказиб берилган энергия ресурслари учун қарздорликни истеъмолчилар – юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг (кейинги ўринларда истеъмолчи – юридик шахслар деб аталади) банк ҳисобрақамларидан сўзсиз ундириш ҳақида бажарилиши мажбурий бўлган инкассо топшириқномалари қўйиш;

етказиб берилган энергия ресурслари учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги қарздорликни ходим – истеъмолчиларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш ҳақида иш берувчиларга бажарилиши мажбурий бўлган талабномалар юбориш;

энергия ресурслари истеъмоли, тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқлигини назорат қилиш ва мониторингини амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларни вазирликлар, идоралар, бошқа ташкилотлар ва фуқаролардан талаб қилиб олиш;

жисмоний ва юридик шахсларга энергия ресурслари учун қарздорликни бартараф этиш ҳақида бажарилиши мажбурий бўлган талабномалар юбориш;

энергия ресурсларини етказиб бериш ва истеъмол қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга белгиланган тартибда молиявий санкция қўллаш;

вазирликлар, идоралар, бошқа ташкилотлар, шу жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига энергия ресурсларини етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон бераётган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, шунингдек, энергия ресурслари учун ҳисоб-китобларни мунтазам равишда амалга оширмаётган истеъмолчиларга нисбатан жамоат таъсир чораларини кўриш ҳақида тақдимномалар киритиш;

энергия ресурслари учун ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилмаган, Бюро талабномалари ижро этилмаган ҳолларда, шунингдек, электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-тарож ҳолатлари аниқланганда, истеъмолчиларни электр ҳамда газ тармоқларидан узиш;

энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари бартараф этилган ҳамда тўловлар тўлиқ амалга оширилганда, илгари электр ва газ тармоқларидан узиб қўйилган истеъмолчиларни қайта улаш;

энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўриш;

энергия ресурслари истеъмолини назорат қилиш ва ҳисоблаш тизимини ҳамда ускуналарининг созлик ҳолатини мониторинг қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси энергия ресурсларини етказиб бериш, истеъмол қилиш ва ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига сўзсиз риоя этилиши устидан назорат самарадорлигини, шунингдек, энергия ресурслари истеъмолчиларининг масъулияти ва ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўрсин.

5. Суд департаменти тугатилсин ва унинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган 1 301 та бўшатилаётган штат бирликлари Бюрога ўтказилсин.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда Суд департаменти балансида бўлган ва у фойдаланаётган бинолар, воситалар ҳамда бошқа моддий-техника қимматликларининг Бюро балансига ўтказилишини таъминласин.

Белгилаб қўйилсинки, Бюро тугатилаётган Суд департаментининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича унинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

6. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АКнинг:

“Ўзбекэнерго” АЖнинг истеъмолчилар билан ишлаш бўйича 6 562 та электромонтёр штат бирликларини ҳамда “Ўзтрансгаз” АКнинг табиий газни ҳисобга олиш ва реализация қилиш бўйича 4 255 та назоратчи штат бирликларини қисқартириш;

Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасини (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) ташкил этиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.

Қуйидагилар Жамғармани шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

республика истеъмолчиларига энергия ресурсларини сотишдан тушган маблағларнинг 10 фоизи;

ваколатли органлар томонидан олиб қўйилган ва давлат даромадига ўтказилган мол-мулкларни сотишдан, шунингдек, қарздорнинг мол-мулкини сотиш ҳисобига солиқ қарздорлигини (давлат божидан ташқари) ундиришдан тушган маблағларнинг 8 фоизи;

давлат ижрочилари томонидан ундирилган ижро йиғими маблағларининг 80 фоизи;

Бюро ходимлари томонидан қўлланиладиган ва ундириладиган жарималар суммасининг 80 фоизи;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа даромадлар.

Белгилаб қўйилсинки:

Бюро таъминоти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

ушбу банднинг бешинчи хатбошисида назарда тутилган маблағларни ҳисоб-китоб қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АК томонидан белгиланади;

асбоб-ускуналар, электр узатиш линиялари, газ тармоқлари, энергия ресурсларини ҳисобга олиш ускуналарини эксплуатация қилиш, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, шунингдек, тегишли ҳудудларда носозликларни бартараф этиш бевосита “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АК томонидан амалга оширилади.

7. Белгилаб қўйилсинки, энергия ресурсларини етказиб бериш ва истеъмол қилиш соҳасида:

а) Бюро қуйидагилар учун жавобгардир:

энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш;

энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини, шунингдек, бевосита истеъмолчилар томонидан фойдаланилган энергия ресурслари ҳажми ва тегишли ҳудудлар чегарасидаги тармоқларга етказиб берилган ҳажм ўртасидаги тафовутларни аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш;

аниқланган тафовутларни бартараф қилиш механизми бўйича таклифлар киритиш ҳамда айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш чораларини кўриш;

б) Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АК қуйидагилар учун жавобгардир:

тузилган шартномаларга мувофиқ, истеъмолчиларни энергия ресурслари билан таъминлаш;

сотилган энергия ресурслари ҳажми ҳақидаги ҳисобот ва ахборотлар, дебитор ва кредитор қарздорлик ҳақидаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги;

электр ва газ тақсимлаш тармоқлари ҳамда энергия ресурсларини бевосита истеъмолчиларга бўлиниш чегарасига қадар етказиб бериш билан боғлиқ бўлган бошқа инфратузилмалар эксплуатацияси ва таъмирлаш хизматларини амалга ошириш;

истеъмолчиларга ўрнатилган энергия ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарини алмаштириш, ўрнатиш ва эксплуатация хизмати кўрсатиш, шунингдек, Бюро билан ҳамкорликда уларни пломбалаш;

белгиланган тартибда техник шартларни бериш, электр ва газ тармоқларига янги истеъмолчиларни улаш ишларини амалга ошириш;

Бюронинг мажбурий талабномасига асосан, электр энергияси айрим истеъмолчиларини 6-10 кВ ва ундан юқори кучланишли тармоқлардан белгиланган тартибда узиш.

Белгилансинки, “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АК ҳар ойда бевосита истеъмолчилар томонидан фойдаланилган энергия ресурслари ҳажми ва тегишли ҳудудлар чегарасидаги тармоқларга етказиб берилган ҳажм ўртасида тафовут мавжудлиги ҳақидаги маълумотларни Бюрога тақдим этади, улар асосида Бюро электр ва газ таъминоти корхоналари билан биргаликда тафовутнинг вужудга келиш сабабларини аниқлаш бўйича белгиланган тартибда чоралар кўради.

8. 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб қуйидаги тартиб жорий этилсин, унга мувофиқ:

истеъмолчилар – жисмоний шахслар ҳар ойнинг 10 санасига қадар ўтган ойда истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шарт;

мазкур банднинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган муддат ўтгандан кейин қарздорлик мавжуд бўлганда, истеъмолчи – жисмоний шахслар белгиланган тартибда электр ва газ тақсимлаш тармоқларидан мажбурий узилади;

мазкур банднинг иккинчи хатбошисида кўрсатилганлардан ташқари, истеъмолчиларга энергия ресурсларини етказиб бериш 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилади. Олдиндан ҳақ тўланмаган ҳолларда, мазкур истеъмолчиларга нисбатан электр ва газ тақсимлаш тармоқларидан тўлиқ узишгача бўлган чоралар кўрилади;

электр ва газ тармоқларидан илгари узиб қўйилган шахсларни қайта улашда истеъмолчи – жисмоний шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида, истеъмолчи – юридик шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида тўлов қайта улашни амалга оширган ташкилот ҳисобига маблағларни ўтказиш орқали ундирилади;

истеъмолчи энергия ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарининг лозим даражада эксплуатация қилиниши ва созлиги учун жавобгар бўлади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан рўйхати ҳар йили тасдиқланадиган, юқори ликвидли ва (ёки) экспортга йўналтирилган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи алоҳида тоифадаги истеъмолчиларга энергия ресурсларини сотиш экспорт нархидан паст бўлмаган бозор нархларида амалга оширилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

икки ой муддатда танқидий ўрганиш натижасига кўра, “Ўзбекэнерго” АЖ корхоналари томонидан ишлаб чиқариладиган иссиқлик энергиясини етказиб бериш ва истеъмол қилишни ҳисобга олиш ҳамда назорат қилиш тартибини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилсин;

2017 йил 1 августга қадар муддатда энергия ресурслари учун, шу жумладан, иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидаги корхоналар ўртасида 2017 йил 1 июлгача вужудга келган қарздорликнинг тартибга солинишини таъминласин;

уч ой муддатда “Ўздавэнергоназорат” ДИ ва “Ўздавнефтгазинспекция” ДИ фаолиятини қайта ташкил этиш бўйича, шу жумладан, мазкур Фармон қоидаларини инобатга олган ҳолда, таклифлар киритсин.

10. Белгилансинки, Суд департаментининг амалдаги ходимлари, шунингдек, ушбу Фармонга мувофиқ штат бирликлари қисқартирилаётган “Ўзбекэнерго” АЖнинг истеъмолчилар билан ишлаш бўйича электромонтёрлари ҳамда “Ўзтрансгаз” АКнинг табиий газни ҳисобга олиш ва реализация қилиш бўйича назоратчилари Бюрони ташкил этиш даврида меҳнат шартномаси белгиланган тартибда бекор қилингунга қадар юқорида кўрсатилган ташкилотлар маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари сақлаб қолинган ҳолда хизмат вазифаларини амалга оширадилар.

11. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳасини;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва киритсин.

12. “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АК:

2017 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда энергия ресурсларининг сотилишини ҳисобга олиш бўйича амалдаги дастурий маҳсулотлардан Бюронинг доимий фойдаланиш имкониятини таъминласин;

2017 йил 1 июлга қадар туман (шаҳар)лар кесимида 2017 йил 1 июнь ҳолатига энергия ресурсларидан қарздорлиги мавжуд бўлган барча истеъмолчиларнинг рўйхатини, шу жумладан, истеъмолчи – юридик шахслар билан қарздорликни таққослаш далолатномаларини Бюрога тақдим этсин;

2017 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан биргаликда тушумларнинг ҳаққоний ҳисобини юритиш ва пул маблағларининг ҳаракатини Бюро томонидан мониторинг қилишни таъминловчи, энергия ресурсларини сотишдан тушган маблағларни ягона банк ҳисобрақамларида жамлаш тизимини жорий этсин;

2017 йил 1 августга қадар энергия ресурсларини ишлаб чиқариш, транспортировка қилиш ва тақсимлашни ҳисобга олиш ускуналари ўрнатилган хоналарнинг Бюро томонидан масофадан туриб рухсатсиз аралашувни назорат қилиш имконини берадиган видеокузатув камералари билан жиҳозланишини таъминласин;

2017 йил 1 октябрга қадар энергия ресурсларининг етказиб берилиши ва истеъмолини бевосита тақсимлаш жойларида назорат қилиш ва ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

2018 йил 1 январга қадар энергия ресурсларини ишлаб чиқариш, транспортировка қилиш ва тақсимлашни ҳисоблаш нуқталарида ҳисобга олиш ускуналари кўрсаткичларини ва уларнинг ҳолатини қайд этувчи, ушбу маълумотларни энергия ресурсларини ишлаб чиқариш, транспортировка қилиш ва тақсимлаш ҳажмлари мониторингини амалга ошириш учун Бюрога тақдим этадиган автоматлаштирилган тизимни ўрнатсин, шунингдек, унинг барқарор ишлашини таъминласин.

13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АК, “Ўздавэнергоназорат” ДИ, “Ўздавнефтгазинспекция” ДИ, “Саноатгеоконтехназорат” ДИ, Бюро бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 январга қадар қуйидагиларни амалга оширган ҳолда турар ва нотурар жой фондини тўлиқ инвентаризациядан ўтказсин:

кадастр ва лойиҳа ҳужжатлари, шартномалар, уланиш схемалари, бошқа зарур ҳужжатлар ҳамда ҳисобга олиш ускуналарининг мавжудлигини, уларнинг созлиги ва меъёрий-техник талабларга мувофиқлигини аниқлаш, истеъмолчини биллинг тизимида рўйхатдан ўтказиш;

энергия ресурсларининг реал истеъмол қилинган ҳажмини ва унинг шартномаларда назарда тутилган ҳажмга, шунингдек, амалга оширилган тўловларга мувофиқлигини аниқлаш;

турар ва нотурар жой фонди объектларининг эгалари, кадастр маълумотлари, коммуникациялар ва иншоотлар ҳақидаги маълумотларни ўзида жамлаган ягона электрон паспортларини тайёрлаш;

инвентаризация якунлари бўйича вазирликлар ва идораларнинг тегишли маълумотлар базаларига зарур аниқликлар киритиш.

Белгилансинки, ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган вазирликлар ва идоралар инвентаризация ўтказиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўрилишини таъминлайдилар ва бунга ҳар томонлама кўмаклашадилар.

14. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий тузилмалари кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин уч кун муддатда кўчмас мулк эгалари ҳақидаги маълумотларни электр, газ, сув ва иссиқлик таъминоти корхоналари, автоматлаштирилган телефон станцияларига юборади.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АК уч ой муддатда кўчмас мулк эгалари ҳақидаги идоравий маълумотлар базаларини унификациялаштирсин.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АК идоравий маълумотлар базалари унификация қилинганидан кейин икки ой муддатда истеъмолчилар билан тузилган шартномаларнинг қайта расмийлаштирилишини таъминласин.

15. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АК, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

икки ой муддатда истеъмолчилар билан ўзаро ҳисоб-китобларнинг ҳолати ҳақидаги ҳаққоний маълумотларни тақдим этадиган ва электрон тўлов тизимлари билан интеграция қилинган Уй-жой коммунал, электр ва газ таъминоти хизматлари кўрсатишнинг ягона биллинг тизимини ташкил этишни, шунингдек, абонентнинг ягона индивидуал рақамини жорий этишни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини;

2017 йил 1 октябрга қадар Қарздорликни ундириш масалалари бўйича идоралараро электрон ҳамкорликнинг ягона тизимини ташкил этиш, ушбу тизимни тегишли идораларнинг жисмоний ва юридик шахслар қарздорлиги, уларнинг мулкий аҳволи ҳақидаги маълумотлар базалари билан босқичма-босқич интеграция қилиш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, “Ўздавэнергоназорат” ДИ, “Ўздавнефтгазинспекция” ДИ Бюро билан биргаликда икки ой муддатда илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, энергия ресурсларини етказиб бериш, транспортировка қилиш, тақсимлаш ва сотишдаги йўқотишларни аниқлаш тартибини тасдиқласин.

17. Энергия самарадорлиги ва энергиянинг тикланадиган манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича Республика комиссияси (А.Н.Арипов) Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси билан биргаликда икки ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 5 майдаги ПҚ-2343-сон қарори билан тасдиқланган 2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари Дастурининг амалга оширилишини танқидий ўрганишни;

ушбу дастурда назарда тутилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминламаган айбдор мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги бўйича таклифлар киритилишини;

иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича янгиланган дастур тайёрланишини таъминласин, бунда:

энергия тежайдиган технологиялар ва муқобил энергия манбаларини кенг жорий этиш, шу жумладан, уларни шаҳарлар ва қишлоқ жойларда уй-жой қуриш лойиҳаларига мажбурий киритишга;

муқобил энергия манбаларидан фойдаланаётган жисмоний ва юридик шахсларни моддий рағбатлантириш чораларига;

Қуёш энергияси халқаро институти фаолияти самарадорлигини оширишга;

аҳоли ўртасида энергия ресурсларини асраб-авайлаш, энергия тежайдиган технологиялар ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни тарғиб этиш юзасидан комплекс чораларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратсин.

Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда мазкур Фармон талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига “Муқобил энергия манбалари тўғрисида”ги ҳамда “Газ таъминоти тўғрисида”ги қонунлар лойиҳаларини белгиланган тартибда киритсин.

18. “Ўзбекэнерго” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги, Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, “Ўзэлтехсаноат” АК, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

бир ой муддатда электр энергия назорати ва ҳисобга олишни ягона автоматлаштирилган тизимга интеграция қилиш учун унинг техник кўрсаткичларини унификациялаштиришни инобатга олган ҳолда, электр энергия назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларни ҳар томонлама экспертизадан ўтказсин;

халқаро молиявий донор-институтлар билан уларнинг иштирокида амалга оширилаётган электр энергия назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича лойиҳаларнинг техник кўрсаткичларига ўзгартириш киритиш, шунингдек, техник кўрсаткичлари бир хил, электр энергиядан фойдаланишни ҳисобга олувчи замонавий электрон ускуналарни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалаларини келишсин;

келишиш натижаларига кўра, икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига электр энергия назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини 2019 йил 1 январга қадар тўлиқ жорий этишни назарда тутувчи режа-жадвални киритсин.

19. “Ўзбекнефтгаз” МХК, “Саноатгеоконтехназорат” ДИ, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги, Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, “Ўзэлтехсаноат” АК, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

икки ой муддатда лойиҳаларни молиялаштиришнинг аниқ манбалари, амалга ошириш муддатлари ва графикларини, шунингдек, табиий газ истеъмолини ҳисобга олишнинг техник жиҳатдан бир хил, замонавий электрон ускуналарини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни назарда тутувчи Замонавий энергия тежайдиган газдан фойдаланиш асбоб ва ускуналарини, табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш концепцияси лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

2017 йил 1 сентябрга қадар ишлаб чиқилган Концепция асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг замонавий энергия тежайдиган газдан фойдаланиш асбоб ва ускуналарини, табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича лойиҳанинг техник топшириқлари ҳамда дастлабки техник-иқтисодий ҳисоб-китобларини, шунингдек, мазкур тизимнинг тўлиқ жорий қилинишини назарда тутувчи режа-жадвални тасдиқлаш ҳақидаги қарори лойиҳасини киритсин.

20. Белгилансинки, энергия ресурслари назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқишга техник топшириқлар Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда “Ўзстандарт” агентлиги билан электр энергия ва табиий газ назорати ҳамда ҳисобининг ягона автоматлаштирилган тизимига мос келиши ва интеграция қилиниши нуқтаи назаридан келишилиши шарт.

21. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АК бир ой муддатда маълумотларни қайта ишлаш ягона маркази негизида энергия ресурслари назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимлари фаолияти учун маълумотлар узатиш тизимини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

22. “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АК Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, “Ўздавэнергоназорат” ДИ, “Саноатгеоконтехназорат” ДИ, “Ўздавнефтгазинспекция” ДИ, Бюро, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда шу турдаги ишларни амалга оширишда халқаро тажрибага эга бўлган чет эл пудратчисини жалб этган ҳолда, электр ва газ таъминоти объектларининг техник ҳолатини аниқлаш нуқтаи назаридан инвентаризация қилинишини таъминласин ҳамда 2018 йил 1 мартга қадар уларни модернизация қилиш Давлат дастури лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

23. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Олий суд ва Адлия вазирлиги билан биргаликда 2017 йил 1 октябрга қадар мазкур Фармон талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунини танқидий қайта кўриб чиқсин ҳамда унинг янги таҳрирдаги лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин.

24. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги Бош прокуратура, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АК, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда мазкур Фармонда белгиланган вазифаларни инобатга олиб, электр энергетикаси ва газ таъминоти соҳасида, заруратга кўра, 2018/2019 ўқув йилида қабул квоталарини кўпайтириш ҳамда янги таълим ва мутахассислик йўналишларини жорий этишни назарда тутган ҳолда, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими кадрларини тайёрлаш ҳақида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

25. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ёш авлодда энергия ресурсларига нисбатан тежамкорона муносабатда бўлиш ва ундан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар кўрсин.

26. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Бош прокуратура, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АК бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда мазкур Фармоннинг мазмун-моҳияти, шу жумладан, тўловларни ўз вақтида амалга оширишнинг аҳамияти, энергия ресурсларини истеъмол қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун кўриладиган жавобгарлик чоралари, энергия тежайдиган технологиялар ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишнинг афзалликлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этсин.

27. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Бош прокуратура, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини;

қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

28. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 29 май


* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 
“Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш 
ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, 
шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш 
чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига

ШАРҲ 

Мамлакат ёқилғи-энергетика комплексини модернизация қилиш ҳамда технологик қайта жиҳозлаш, электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида шартнома мажбуриятларига сўзсиз риоя этишнинг таъсирчан механизмларини яратиш – юртимизда амалга оширилаётган, энг аввало, иқтисодиётнинг барча тармоқларини, шу жумладан, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш, ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳасини кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Сўнгги йилларда электр энергияси ва табиий газ ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ ҳамда узлуксиз таъминлаш, технологик жиҳатдан ва маънавий эскирган инфратузилмаларни модернизация қилиш бўйича амалий чораларни кўришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган 2017-2021 йиллар давомида паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури доирасида 2,5 миллион нафардан ортиқ истеъмолчиларнинг энергия таъминотини яхшилаш мақсадида 34 минг километр электр тармоқлари ҳамда 6,9 минг дона трансформаторларни модернизация қилиш бўйича 835,9 миллион АҚШ доллари қийматидаги ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, соҳада юзага келган аҳвол ва қонунийлик ҳолатининг таҳлили ўз ечимини кутаётган жиддий муаммо ҳамда камчиликлар мавжудлигига қарамасдан, мутасадди идоралар томонидан уларни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар кўрилмаётганлигини кўрсатмоқда.

Жумладан, “Ўзбекэнерго” ва “Ўзтрансгаз” компаниялари фаолиятини ташкил этишдаги хато ҳамда камчиликлар, шунингдек, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш ва дебитор қарздорликни камайтириш билан боғлиқ муаммолар энергия таъминоти соҳасини янада ривожлантириш борасида белгиланган мақсад ва вазифаларни изчиллик билан амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда.

Шартнома мажбуриятларини бажармаётган истеъмолчиларга нисбатан таъсирчан чоралар кўрилмаётгани, ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ишларининг оқсаётгани дебитор қарздорликнинг кескин ортиши, талон-тарожликлар ва истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўловлардан бўйин товлаш ҳолатларига олиб келмоқда.

Масалан, 2016 йилда электр ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш, ҳисобга олиш асбобларига шикаст етказиш ва уларнинг кўрсаткичларини ўзгартириш каби ҳуқуқбузарликлар 2014 йилга нисбатан 48 фоизга ошган.

Шунга қарамасдан, масъул идоралар томонидан бундай ҳолатларга нисбатан тегишли муносабат билдирилмаган.

Соҳа инфратузилмасини техник жиҳатдан, шу жумладан, илғор хорижий тажриба ва замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда янгилаш юзасидан қўйилган вазифаларнинг бажарилмагани технологик йўқотишларнинг тобора ортишига, энергия ресурсларини етказишда сурункали узилишларга сабаб бўлиб, оқибатда иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда.

Электр ва газ таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш ҳамда тўловларни амалга ошириш учун қулай шароитлар яратилмаган, замонавий электрон тўлов тизимлари етарли даражада жорий этилмаган, хизмат кўрсатиш маданияти бугунги кун талабларига жавоб бермайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига электр ва газ таъминоти масалалари бўйича келиб тушган 43 мингдан ортиқ шикоятлар ҳам бундан далолат беради.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд департаменти (кейинги ўринларда Суд департаменти деб юритилади) фаолиятини ташкил этишда юзага келган жиддий камчиликлар фуқаролар, жамият ва давлат манфаатлари ҳимоя қилиниши ҳамда электр энергияси ва табиий газ учун тўловларнинг ўз вақтида ундирилишини таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Сўнгги йилларда ушбу тизимда иш ҳажмининг сезиларли даражада ортгани, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишдаги сусткашликлар ундирувларнинг пасайишига ҳамда ижро иши юритишни асоссиз тўхтатиш ва тамомлашга олиб келмоқда.

Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг амалдаги ижроси 2016 йилда амалда атиги 45 фоизга бажарилгани ҳам шундан далолат беради.

Шу билан бирга, кўрсатиб ўтилган соҳаларда суиистеъмолчилик ҳолатларига чек қўйилмаган. Оқибатда 2016 йил ва 2017 йилнинг биринчи чорагида “Ўзбекэнерго” ҳамда “Ўзтрансгаз” компаниялари тизимидаги 665 нафар, Суд департаментининг 36 нафар ходими жиноий жавобгарликка тортилган.

Кўрсатиб ўтилган муаммолар, хато ва камчиликлар энергия ресурслари учун тўловларни ундириш ҳамда ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўришни тақозо этмоқда.

Баён этилганларга асосан ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, Фармонда электр ва газ таъминоти соҳасида бошқарув тизими, назорат қилиш ҳамда ҳисобга олиш механизмларини янада такомиллаштиришга, тўлов интизомини мустаҳкамлаш ва жавобгарликни кучайтиришга, шунингдек, ижро иши юритишнинг самарадорлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Хусусан, мазкур Фармон билан:

1. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишига, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олишга, шунингдек, суд ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашга масъул бўлган Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди.

Энергия ресурсларини етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасидаги вазифаларни амалга оширишда Мажбурий ижро бюросига қуйидаги ваколатлар берилди:

– энергия ресурслари етказиб берилиши ва истеъмолини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги ҳамда ҳаққонийлиги, улар учун ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан текширишлар ўтказиш;

– етказиб берилган энергия ресурслари учун қарздорликни истеъмолчилар – юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг банк ҳисобрақамларидан сўзсиз ундириш;

– етказиб берилган энергия ресурслари учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги қарздорликни истеъмолчиларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш тўғрисида иш берувчиларга талабномалар юбориш;

– энергия ресурсларини етказиб бериш ва фойдаланиш соҳасидаги қоидаларни бузганлик учун юридик шахсларга белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш;

– ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилмаган ҳолларда, истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиш;

– энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш.

2. Суд департаменти тугатилди, “Ўзбекэнерго” ва “Ўзтрансгаз” компанияларининг истеъмолчилар билан ишлаш бўйича электромонтёр ҳамда табиий газни ҳисобга олиш ва реализация қилиш бўйича назоратчи штат бирликлари қисқартирилди.

Мажбурий ижро бюросининг давлат ижрочиларига – суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатлари ижросини, давлат инспекторларига эса – етказиб берилган энергия ресурслари учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундиришни амалга ошириш юклатилади.

“Ўзбекэнерго” ва “Ўзтрансгаз” компанияларида тузилган шартномаларга асосан истеъмолчиларни энергия ресурслари билан таъминлаш, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига техник хизмат кўрсатиш вазифа ҳамда функциялари сақланиб қолмоқда.

3. Ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш, шунингдек, энергия ресурслари учун қарздорлик мавжуд бўлганда истеъмолчиларни тармоқдан узиш тартиби аниқлаштирилди. Унга мувофиқ, 2017 йил 1 июлдан бошлаб истеъмолчи – жисмоний шахслар ҳар ойнинг 10 санасига қадар ўтган ойда фойдаланилган энергия ресурслари учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шарт.

Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга энергия ресурслари олдиндан 100 фоизлик ҳақ тўлаш асосида етказиб берилади.

Тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган тақдирда, истеъмолчилар тармоқдан мажбурий узилади, бунда қайта улаш учун жисмоний шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг икки баробари, юридик шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баробари миқдорида тўлов ундирилади.

Бундан ташқари, Фармонда электр энергияси ва табиий газдан фойдаланишни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини ҳамда бошқа замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар назарда тутилди.

Хусусан, истеъмолчилар билан ўзаро ҳисоб-китобларнинг ҳолати ҳақидаги ҳаққоний маълумотларни берадиган ва электрон тўлов тизимлари билан интеграция қилинган Уй-жой коммунал, электр ва газ таъминоти хизматлари кўрсатишнинг ягона биллинг тизими ташкил этилади.

Мазкур тизим истеъмолчиларга қарздорлик мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни электрон шаклда олиш ҳамда тўловларни амалга ошириш имконини беради.

Шу билан бирга, Қарздорликни ундириш масалалари бўйича идоралараро электрон ҳамкорликнинг ягона тизими ҳам яратилади. Ушбу тизим жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий ҳолати ҳақидаги маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда қарздорликни ундириш самарадорлигини оширади.

Фармон ижроси доирасида манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан энергия ресурслари истеъмолчилари хатловдан ўтказилади. Бунда кадастр ҳамда лойиҳа ҳужжатлари, шартномалар, тармоқларга уланиш схемалари, ҳисобга олиш асбоблари ва уларнинг созлиги ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда ушбу соҳада қонунийликни таъминлаш чоралари кўрилади.

Жамиятда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга ошириш муҳитини ҳамда энергия ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатларига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, шунингдек, энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу муносабат билан, Бош прокуратурага энергия ресурсларини етказиб бериш, истеъмол қилиш ва ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига сўзсиз риоя этилиши устидан назорат самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.

Фармонда белгиланган чора-тадбирларнинг самарали амалга оширилиши – электр энергетика ва газ тармоқларини модернизация қилишга, истеъмолчиларни энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлашга, мамлакат иқтисодиётини, шу жумладан, тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантиришга, суд қарорлари ижросининг самарадорлигини, аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишга ҳамда жамиятда қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.