ЎзА Ўзбек

21.04.2017 23:21 Чоп этиш версияси

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Республикада экологик хавфсизликни таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш, экологик ҳолатни яхшилаш, чиқиндиларнинг фуқаролар соғлигига зарарли таъсирининг олдини олиш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш учун қулай шароитлар яратиш, маиший чиқиндиларни йиғиш, сақлаш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилсин.

Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.

2. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фаолиятининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш соҳасида давлат бошқаруви;

атроф-муҳитнинг қулай экологик ҳолатини, экологик тизимлар, табиий комплекслар ва алоҳида объектлар муҳофаза қилинишини, экологик шароитнинг соғломлаштирилишини таъминлаш;

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат экологик назоратини амалга ошириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан мустаҳкам ҳамкорликда маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш борасида таъсирчан тизимни ташкил этиш;

ер, ер ости бойликлари, сув, ўрмонлар, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат экологик назоратни ўрнатиш;

экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларини мувофиқлаштириш, табиатни муҳофаза қилиш ва ресурсларни тежаш борасида ягона сиёсатни амалга оширишга оид амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда идоралараро ҳамкорликни таъминлаш;

экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат кадастрини юритиш, шунингдек, ёввойи ҳайвонларни, ёввойи ўсимликларни кўпайтириш ва сақлаш питомникларини, зоология ва ботаникага оид коллекцияларни давлат томонидан рўйхатга олиш;

экологик тарбия, тарғибот ва таълимни, шунингдек, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш.

3. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси таркибида тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмиталари негизида Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ташкил этилсин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раиси ва раис ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномасига биноан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади;

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига ва тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ҳисобот берадилар;

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларининг бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси томонидан вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тақдимномасига биноан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

5. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг шартномалари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган ва норматив-ҳуқуқий характерга эга бўлган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар, мулкчилик шакллари ва идоравий бўйсунишидан қатъий назар, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун, шу жумладан, чиқиндилар билан боғлиқ ишлар соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун айбдор шахсларни ўрнатилган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиш ҳуқуқига эгадир.

6. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси марказий аппарати таркибида Чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, тўпланиши, сақланиши, ташилиши, утилизация қилиниши, қайта ишланиши, кўмилиши ва реализациясини назорат қилиш инспекцияси, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларининг аппаратларида Инспекциянинг ҳудудий бўлинмалари;

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ҳузурида «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхоналари ва шаҳарларда ҳамда республика туманларида туман ҳокимликлари ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармаларининг маиший чиқиндиларни ташиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш участкалари негизида уларнинг филиаллари ташкил этилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш республика инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси этиб қайта ташкил этилсин, унинг ҳудудий инспекциялари тузилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки, Адлия вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида табиатни муҳофаза қилиш республика ва ҳудудий жамғармалари негизида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармасини ташкил этиш, унинг маблағларини, биринчи навбатда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шу жумладан, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, биоресурсларни сақлаш ва қайта тиклаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва унинг мониторинги соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бориш, тарғибот ва таълим ишларини ташкил этиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлаш, шунингдек, Давлат қўмитаси зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш билан алоқадор бошқа мақсадларга йўналтириш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

а) бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва «2017 – 2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари лойиҳасини киритсин, Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини такомиллаштириш ва мувофиқлаштириш Республика комиссияси тузилишини назарда тутсин;

б) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги қонун лойиҳаларини икки ҳафта муддатда киритсин:

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раисини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш бўйича «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80 ва 93-моддаларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»;

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима санкциялари миқдорларини оширишни назарда тутиб, фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтиришни кўзда тутувчи «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»;

кенг тарқалган фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг белгиланган тартибини бузганлик учун жисмоний ва юридик шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш юзасидан «Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ва «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”.

10. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

11. Мазкур Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 21 апрель


* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 
21 апрелда имзоланган “Экология ва атроф-муҳитни 
муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги 
ПФ-5024-сонли Фармонига

ШАРҲ


Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида экологик хавфсизликни таъминлаш бўйича муҳим ҳуқуқий, ташкилий ва ижтимоий-иқтисодий чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва амалга оширилди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни бевосита тартибга солувчи 15 дан зиёд қонун, табиий ресурсларнинг айрим турларидан фойдаланиш механизмлари ва шартлари, шунингдек, давлат экологик экспертизасини амалга ошириш, турли тоифадаги қўриқланадиган ҳудудларни ташкил қилиш ва уларда алоҳида фойдаланиш режимини ўрнатиш тартиб-таомиллари ва бошқа масалаларни белгилаб берган 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди ва амал қилмоқда.

Қабул қилинган ҳужжатлар атроф-муҳит объектларининг ифлосланиш даражасини маълум даражада камайтириш, қўриқланадиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш, халқаро ташкилотларни миллий экологик муаммоларни ҳал этишга жалб қилиш имконини берди.

Шу билан бирга, атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида амалдаги давлат бошқаруви тизими ва назорати бўйича ўтказилган таҳлил бир қатор камчилик ва муаммолар борлигини кўрсатди, хусусан:

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида жисмоний ва юридик шахслар, махсус ваколатли давлат органлари, ташкилот ва корхоналар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ҳамда назорат қилувчи ягона давлат органининг мавжуд эмаслиги;

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Вазирлар Маҳкамасига бўйсуниш тартибининг ҳуқуқий асослари йўқлиги туфайли атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида идоралараро тўлақонли ҳамкорлик қилиш ва бу борадаги вазифаларни амалий жиҳатдан ҳал этиш имкони йўқлиги;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш соҳасидаги экологик, санитария меъёр ва талабларини бузганлик учун қонунчиликда назарда тутилган маъмурий жазо чораларининг етарли эмаслиги ва самараси пастлиги;

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг чиқиндилар билан ишлаш соҳасидаги ваколатлари фақат ишлаб чиқариш чиқиндиларини назорат қилиш билан чекланган эди. Қўмитанинг амалдаги ташкилий тузилиши ва штатлар бирлиги унга юклатилган вазифаларни сифатли ва тўлиқ ҳажмда амалга ошириш имконини бермаяпти.

Шу муносабат билан, экология, атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, бу йўналишдаги давлат бошқаруви ва назорат тизимини такомиллаштириш мақсадида, шунингдек, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида кўзда тутилган бошқа вазифаларни ҳал этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Фармонда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунувчи ва ҳисобот берувчи Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига айлантириш (кейинги ўринларда – Давлат экология қўмитаси) назарда тутилмоқда.

Фармон билан Давлат экология қўмитасига қуйидаги вазифалар юкланди:

экология, атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш соҳасида давлат бошқарувини амалга ошириш;

маиший чиқиндиларни тўплаш, ташиш, қайта ишлаш, утилизация қилиш ва кўмиш ишларининг самарали тизимини ташкил этиш;

атроф-муҳитнинг экологик ҳолати мақбул тарзда сақланишини, экология тизимлари, табиий комплекслар ва алоҳида объектларни қўриқлашни, экологик вазият соғломлаштирилишини таъминлаш;

ер, ер ости бойликлари, сув, ўрмонлар, қўриқланадиган табиий ҳудудлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчиликка риоя қилиш борасида давлат экологик назоратини амалга ошириш;

экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат кадастрини юритиш, шунингдек, ёввойи ҳайвонлар, ёввойи ўсимликлар кўпайтириладиган ва сақланадиган питомниклар, зоология ва ботаника коллекцияларининг давлат ҳисобини юритиш;

экологик тарбия, тарғибот ва маърифий ишларни, шунингдек, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳаси мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш.

Фармонга мувофиқ қуйидаги тузилмалар ташкил этилади:

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларининг марказий аппаратларида Чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, уларни тўплаш, сақлаш, ташиб кетиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиш ва реализация қилиш бўйича назорат инспекциялари;

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ҳузурида «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхоналари ва мамлакатимиз шаҳарларида, шунингдек, туман ҳокимликлари ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармаларининг чиқиндиларни олиб кетиш бўйича хизмат кўрсатадиган участкалари негизида уларнинг филиаллари;

табиатни муҳофаза қилиш республика ва маҳаллий жамғармалари негизида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича жамғарма ташкил этилади, жамғарма маблағлари биринчи навбатда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирларига, жумладан, чиқиндилар билан боғлиқ ишларга ва биоресурсларни сақлаш ва қайта тиклашга, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза ва мониторинг қилиш соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ўтказишга, тарғибот ва маърифий ишларни ташкил этишга, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашга йўналтирилади;

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш республика инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси этиб қайта тузилади ва унинг ҳудудий инспекциялари ташкил қилинади.

Хорижий мамлакатларнинг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини ташкил қилишга оид тажрибасидан келиб чиққан ҳолда мамлакатимиз қонунчилигига Давлат экология қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси олдида ҳисобот бериб бориши юзасидан ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига жисмоний ва юридик шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш, бу борада чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима санкциялари миқдорини ошириш, Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонунларига кўп жойда учрайдиган фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг белгиланган тартибини бузганлик учун жисмоний ва юридик шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш юзасидан ўзгартиш киритилади.

Мазкур фармоннинг амалга оширилиши жуда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, қуйидаги натижаларга эришиш имконини беради:

биринчидан – атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида фаолият кўрсатаётган давлат назорати ва бошқаруви органларининг тизимли иш олиб бориш самарадорлигини оширади;

иккинчидан – экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги идоралараро самарали ҳамкорликни таъминлайди;

учинчидан – атроф-муҳитнинг экологик ҳолати, экологик тизим, табиий комплекслар ва алоҳида объектларни қўриқлаш учун қулай шарт-шароитлар яратади.

67 985