ЎзА Ўзбек

11.10.2018 22:34 Чоп этиш версияси

Бухоро вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Бухоро вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Давлат мулкининг ва давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи жамиятларнинг ишлаб чиқариш майдонлари ва объектларидан самарали фойдаланиш, инвестицияларни фаол жалб этиш учун қулай шароитларни шакллантириш, янги рақобатбардош ишлаб чиқаришларни ва кичик корхоналарни ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш, уларни муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасига эга алоҳида ҳудудларда жойлаштиришни таъминлаш ва шу асосда ишлаб чиқариш соҳасида янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳолининг бандлиги ва фаровонлигини ошириш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Бухоро вилояти ҳокимлигининг Бухоро вилоятида давлат мулкининг ва давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи жамиятларнинг фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва объектлари негизида 1-иловага мувофиқ рўйхат бўйича кичик саноат зоналарини (кейинги ўринларда – КСЗ деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин. 

2. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда бир ой муддатда фойдаланилмаётган тегишли ишлаб чиқариш майдонлари ва давлат мулки объектларининг Бухоро вилояти ҳокимлигига белгиланган тартибда ўтказилишини, шунингдек, давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи жамиятлари бошқарув органларининг мажлисларида фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва объектларни уларнинг устав жамғармаларидаги давлат улушини ва хўжалик бошқаруви органларининг улушини тегишли равишда ўтказилаётган активларнинг қолдиқ (баланс) қиймати суммасига камайтирган ҳолда, ушбу қарорнинг 1-иловасига мувофиқ Бухоро вилояти ҳокимлигига топшириш масаласи кўриб чиқилишини таъминласин. 

3. Белгилаб қўйилсинки: 

КСЗ ҳудудидаги давлат кўчмас мулки тадбиркорлик субъектларига бизнес режаларни бажариш, иш ўринларини яратиш ва сақлаб қолиш, барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаш шарти билан кейинчалик мулк ҳуқуқи берилган ҳолда 10 йилга узоқ муддатли ижарага берилади; 

КСЗ ҳудудидаги кўчмас давлат мулкидан ижара даврида фойдаланиш учун ижарага олинган майдонда амалга оширилаётган фаолият туридан келиб чиққан ҳолда, ортиб борадиган коэффициентни қўлламасдан ижара тўловининг энг кам ставкаси белгиланади; 

КСЗ иштирокчиларига инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун ер участкаларини бериш тўғрисидаги қарорлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–3356-сон қарори билан ташкил этилган Бухоро вилояти эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши томонидан қабул қилинади. 

4. Бухоро вилояти эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши бир ой муддатда: 

мазкур қарорнинг 1-иловасида кўрсатилган КСЗ фаолиятини ташкил этиш тўғрисида қарорлар қабул қилсин; 

Бухоро вилояти ҳокимлиги маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган давлат унитар корхонаси шаклида ягона КСЗ дирекциясини ташкил этсин. 

5. Белгилансинки, КСЗ дирекцияси ва иштирокчиларига 2020 йилнинг 1 ноябрига қадар улар эгаллаб турган майдондан келиб чиққан ҳолда ҳисобланадиган ер солиғининг белгиланган энг кам миқдори – уч баравардан кам бўлмаган ягона солиқ тўлови бўйича қонунчиликда назарда тутилган талаблар татбиқ этилмайди. 

6. Бухоро вилояти кичик саноат зоналари ва “Бухоротехнопарк” ДУК муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини қайта тиклаш ишларининг манзилли рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Бухоро вилояти эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича ушбу қарорнинг 2-иловасига мувофиқ бўлиниш чегарасигача Бухоро вилояти КСЗ ва “Бухоротехнопарк” ДУК муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини қайта тиклаш ишларини бажариш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан маблағлар ажратсин. 

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ, Бухоро вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда ушбу қарорнинг 2-иловасига мувофиқ Бухоро вилояти КСЗ ва “Бухоротехнопарк” ДУК муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини қайта тиклаш ишларини амалга ошириш учун тармоқ жадвалларини тасдиқласин ва уларнинг сўзсиз бажарилишини таъминласин. 

7. Бухоро вилояти эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда: 

икки ой муддатда Бухоро вилояти иқтисодиётининг эҳтиёжлари, шунингдек, мавжуд минерал-хомашё, қишлоқ хўжалиги ресурслари ва инфратузилмани ҳисобга олган ҳолда КСЗ ҳудудида тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмларнинг импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган турларини ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш бўйича аниқ таклифлар – “йўл хариталари” ишлаб чиқилишини таъминласин; 

КСЗ ҳудудида ўзлаштириш учун таклиф қилинаётган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмларнинг импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган турлари тўғрисидаги маълумотларни тадбиркорлик субъектларига етказсин; 

КСЗ ҳудудида лойиҳаларни амалга оширишга тадбиркорлик субъектларини жалб этиш, улар билан тизимли ишлар олиб бориш, шунингдек, КСЗ ҳудудида ишлаб чиқаришни жойлаштириш бўйича инвестиция буюртманомаларининг сифатли ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминласин; 

тадбиркорлик субъектларига КСЗ ҳудудида ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича инвестициявий лойиҳаларнинг бизнес-режаларини ишлаб чиқишда кўмаклашсин. 

Амалга оширилган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ва натижадорлиги тўғрисида 2018 йил 15 ноябрь ва 2019 йил 15 январга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Иқтисодиёт вазирлиги уч ҳафта муддатда КСЗ ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг натижадорлигини ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги кичик саноат зоналарини бошқариш бўйича дирекцияларнинг ваколатларини кенгайтириш ва масъулиятини кучайтиришга доир таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин. 

9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси А.Ж.Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р.Холмурадов, иқтисодиёт вазири Б.А.Ходжаев ва Бухоро вилояти ҳокими Ў.И.Барноев зиммасига юклансин. 



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                               Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2018 йил 11 октябрь 

5 131