ЎзА Ўзбек

11.02.2020 Чоп этиш версияси

ҚАРОР: Энди илмий ишланма яратувчи ҳам, уни амалиётга татбиқ этувчи ҳам илмий даража олиши мумкин

ҚАРОР: Энди илмий ишланма яратувчи ҳам, уни амалиётга татбиқ этувчи ҳам илмий даража олиши мумкин
Жорий йил 10 февралда Вазирлар Маҳкамасининг “Бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида талабгорларга фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини беришни ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Ушбу ҳужжат, изланувчан олимларни рағбатлантиришга қаратилган. Шу мақсадида илмий ишланма яратган тадқиқотчига докторлик ва уни амалиётга тадбиқ этган изланувчига таянч докторлик илмий даражасини берадиган бинар ҳимоя тизимини жорий этилди. 

Ушбу илғор амалиёт 2020 йилнинг 1 мартидан эътиборан Ўзбекистон Миллий университети базасида тажриба тариқасида уч йил муддат давомида синовдан ўтказилади. Бу даврда мазкур университет бинар ҳимоя тизими асосида диссертация ҳимоясини ташкил этиш ва илмий даражаларни талабгорларга мустақил бериш амалиётини олиб боради. 

Шунингдек, бинар ҳимоя тизими асосида тайёрланган диссертация қўйиладиган талаблар ҳужжат низомида акс эттирилган. Яъни бунинг учун муайян фан тармоғи бўйича битта диссертация икки нафар, жумладан, фалсафа доктори (phD) илмий даражасига эга талабгор ва илмий даражага эга бўлмаган шахс томонидан тайёрланиши лозим. Қолаверса, тадқиқотнинг илмий натижалари бўйича ихтирога патентлар ёки селекция ютуқлари олиниб, уларнинг амалиётга жорий этилиши ва салмоқли самарага эришилиши шарт. Бинобарин, илмий натижалар амалиётга жорий қилинган ташкилот томонидан талабгорнинг илмий натижаларни амалиётга жорий этишдаги алоҳида хизматлари ва жорий этишдан олинган (кутилаётган) салмоқrи самараси юзасидан хулоса (далолатнома) берилган бўлиши зарур.

Яна бир муҳим маълумот: янги ҳимоя тизими асосида фан доктори (DSc) илмий даражасига талабгор ўз диссертациясининг илмий натижаларини амалиётга татбиқ этадиган фалсафа доктори (РhD) илмий даражасини олиш бўйича изланувчига илмий раҳбар бўлиши мумкин. 

Қарорда илмий натижаларни амалиётга татбиқ этиб, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун талабгорлар олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг мустақил изланувчилик институтига қабул қилиниши ҳам кўзда тутилган.​

16 285
ЎзА