ЎзА Ўзбек

18.01.2019 Чоп этиш версияси

Ҳар бир лойиҳа мурожаатлар таҳлили, халқ талаб-истакларига асосланади

Ҳар бир лойиҳа мурожаатлар таҳлили, халқ талаб-истакларига асосланади

2019 йил 17 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Мазкур фармонда белгиланган яна бир янгилик – энди туман ва шаҳарлардаги Халқ қабулхоналари бошчилик қиладиган секторлар штаблари аъзоларидан иборат ишчи гуруҳлар ҳудудларни маҳалла ва хонадонлар, оилалар кесимида таҳлил қилиб, аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан қисқа (1 йиллик) ва ўрта муддатли манзилли тадбирлар режаларини шакллантиради. Бунда туман ва шаҳарлар ҳокимликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплекси қисқа муддатли – бир йилга мўлжалланган манзилли тадбирлар режалари ижросини таъминлайди, Халқ қабулхоналари ва Президент Администрацияси бўлинмалари эса мазкур тадбирлар режалари ижросини назорат қилади.

Ўрта муддатли манзилли тадбирлар режалари, давлат инвестиция дастурлари, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурлари, халқаро молия институтлари иштирокида амалга ошириладиган лойиҳаларни ишлаб чиқишда Президент виртуал қабулхонасига келиб тушган мурожаатларда акс этган тизимли муаммолар инобатга олинади. Яъни, энди ҳар қандай дастурни ишлаб чиқишда юзаки ёндашувга йўл қўйилмайди, бунда ҳар бир лойиҳа бевосита одамлар йўллаган мурожаатлар таҳлилига, реал ҳаёт манзараси ва халқ талаб-истакларига асосланади.

Бугун “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Мазкур дастурлар амалда ўз натижасини бериши учун уларга, биринчи навбатда, энг оғир ва мураккаб шароитдаги аҳоли пунктларини киритиш лозим. Бу борадаги реал манзарани аниқлаш учун эса Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилиш зарур. Шу боис давлатимиз раҳбари фармонига кўра, энди “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган аҳоли пунктлари рўйхатини Халқ қабулхоналари билан келишилган ҳолда шакллантириш белгилангани, авваламбор, оғир ва энг мураккаб жойларни обод қилиш имконини беради.​​

11 515
ЎзА