ЎзА Ўзбек

18.01.2019 Чоп этиш версияси

Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда камчиликлар мавжуд...ми?

Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда камчиликлар мавжуд...ми?
2019 йил 17 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Хўш, бу фармоннинг қабул қилиниши қандай сабаб-омиллар билан боғлиқ? Мазкур соҳадаги қандай муаммолар мазкур ҳужжатга асос бўлди? Ушбу йўналишдаги ўзгаришлар қайси жиҳатларда намоён бўлади?

Аввало, мурожаатлар билан ишлашнинг амалдаги тизими аҳолининг мавжуд муаммоларини тўлиқ қамраб олиш ва тезкорлик билан ҳал қилиш имконини бермаётганини таъкидлаш жоиз. Аниқланган муаммоларни тизимли таҳлил қилиш ва ҳал этишда Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Халқ қабулхоналари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиришнинг ягона механизми мавжуд эмаслиги барча бўғиннинг яхлит организм каби ўзаро уйғун ишлашига имконият бермаяпти. Шу боис ҳам тегишли ижтимоий-иқтисодий дастурлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар, жойларда аниқланган бошқа муаммолар етарли даражада акс эттирилмаяпти. Боз устига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, уйма-уй юриш орқали муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишга, зиммасига юклатилган вазифаларни тўлиқ ва сифатли бажаришга етарли эътибор қаратмаяпти.

Ана шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда Президент фармонига мувофиқ, 2019 йил 1 февралдан бошлаб Халқ қабулхоналарининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича амалдаги тизими билан бир қаторда, Халқ қабулхоналарининг муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал қилишини, давлат органларининг аҳоли билан бевосита ишлашини назарда тутувчи янги тизим жорий қилинмоқда.

14 531
ЎзА