ЎзА Ўзбек

24.10.2016 15:59 Чоп этиш версияси

2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Кейинги йилларда қишлоқ жойларда аҳоли учун намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қуриш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилганлиги қайд этилсин. Фақат 2009-2016 йиллар даврида қишлоқ жойларда 1308 турар жой массивида умумий майдони 9 573 минг квадрат метр бўлган 69 557 та шинам уй-жой қурилди. Қишлоқлардаги 83,5 мингдан ортиқ оиланинг яшаш шароити яхшиланди.

Кўрилган чора-тадбирлар оилаларни замонавий, сифатли, шинам уй-жой билан таъминлашга, қишлоқда янги муҳандислик-коммуникация, ижтимоий ва бозор инфратузилмасини шакллантиришга кўмаклашди, қишлоқнинг қиёфасини янги даражага кўтариш ва шу асосда қишлоқ аҳолисининг ҳаёт даражасини яхшилаш ва дунёқарашини ўзгартириш имконини берди.

Шу билан бирга, ушбу соҳани ўрганиш аҳолининг реал эҳтиёжлари ва харид қобилиятини, шунингдек миллий менталитетни ва қишлоқ жойларда яшаш шароитларининг хусусиятларини тўлиқ ҳисобга олиб қурилиш самарадорлигини оширишга йўналтирилган принципиал жиҳатдан янги ёндашувларни ишлаб чиқиш зарурлигини кўрсатди.

Қишлоқ жойларда аҳолининг кенг қатламларини замонавий ва шинам уй-жой билан таъминлаш даражасини тубдан ошириш мақсадида:

1. Қуйидагилар қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

яшаш учун ижтимоий-маиший шарт-шароитларни яхшилаш, қишлоқ аҳолисининг замонавий, сифатли, шинам, арзон уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш;

қишлоқ жойларда уй-жойлар қуриш учун ажратилган турар жой массивларида муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ва транспорт тармоқларини биргаликда ривожлантириш;

конструктив ва архитектура-режалаштириш ечимларини оптималлаштириш ҳисобига лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишлари, шунингдек барпо этилаётган уйлар таннархини пасайтириш;

энергияни тежайдиган материаллар ва асбоб-ускуналарнинг янги турларидан фойдаланишни кенгайтириш;

жойларда қурилиш индустриясини ривожлантириш, пудрат ташкилотларининг қувватларини кўпайтириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

уй-жой қурилиши учун ажратиладиган ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш;

қишлоқ жойларда якка тартибда уй-жой қурилиши учун имтиёзли кредитлар беришнинг фуқаролар учун янада қулай шартларини жорий этиш.

2. Қишлоқ жойларда мавжуд намунавий лойиҳаларга қўшимча равишда арзон уйларнинг қуйидаги янги намуналарини (кейинги ўринларда уйлар деб аталади) жорий этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблансин:

хўжалик иморатлари ва обод ҳовлилари бўлган икки, уч қаватли кўп квартирали (2, 3 хонали) уйлар;

аҳоли зич жойлашган туманларда ҳовлидаги иморатлар билан биргаликда майдони 0,02 гектар бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли 2 ва 3 хонали уйлар;

ҳовлидаги иморатлар билан биргаликда майдони 0,04 гектар бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган уйлар.

3. Белгилансинки, уй-жойларнинг янги намуналарини қуриш учун "Қишлоқ қурилиш банк" АТБ, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, "Ипотека банк" АТИБ, "Халқ банки" АТБ, "Асака банк" АТБ ва "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ (кейинги ўринларда иштирок этувчи тижорат банклари деб аталади) уй қурувчиларга 3 йиллик имтиёзли давр ва биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз миқдоридаги фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида 15 йил муддатга ипотека кредитлари берадилар, бунда уй қурувчиларнинг дастлабки бадали қуйидаги миқдорларни ташкил этади:

15 фоиз – икки, уч қаватли кўп квартирали (2 ва 3 хонали) уйлар ва 2, 3 хонали бир қаватли уйлар учун;

25 фоиз – икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган уйлар учун.

4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК МЧЖ, иштирок этувчи тижорат банклари ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган 2017 йилда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) маъқуллансин. Дастур қуйидагиларни ўз ичига олади:

2017 йилда намунавий лойиҳаларнинг аниқ турлари бўйича қишлоқ жойларда умумий молиялаштириш ҳажмлари 2 121,5 миллиард сўм бўлган 15,0 мингта арзон, замонавий, шинам уй-жойлар, шу жумладан биринчи тури бўйича – 4 608 та, иккинчи тури бўйича – 3 739 та, учинчи тури бўйича – 3 672 та, қуришнинг йиғма ва асосий параметрлари 1-5-иловаларга мувофиқ;

2017 йилда турар жой массивлари учун муҳандислик-транспорт коммуникациялари ва инфратузилма объектлари қуриш бўйича йиғма кўрсаткичлар 6-иловага мувофиқ.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига, вилоятлар ҳокимларига, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси, "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК МЧЖ, "Қишлоқ қурилиш лойиҳа" МЧЖ, "Ўзбекэнерго" АЖ, "Ўзтрансгаз" АК, иштирок этувчи тижорат банклари, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар раҳбарларига:

маъқулланган Дастур параметрларига мувофиқ уйлар, муҳандислик-транспорт коммуникациялари, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектлари қуриш;

қурилиш-монтаж ишлари таннархини пасайтиришга, маҳаллий қурилиш индустриясини барқарор ва мутаносиб ривожлантиришга, пудрат ташкилотларининг салоҳиятини мустаҳкамлашга йўналтирилган чора-тадбирларни изчил амалга ошириш юзасидан шахсий масъулият юклансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

иштирок этувчи тижорат банкларининг буюртманомалари бўйича иштирок этувчи тижорат банкларининг маржаси йилига 4 фоиз миқдорида бўлишини ҳисобга олган ҳолда йилига 3 фоизли ставка бўйича 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олувчи 15 йил муддатга миллий валютада кредит линиялари очсин, бунда кредит линияси маблағларини Дастур доирасида уйлар қуришга мақсадли йўналтирсин;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Марказий банк ва иштирок этувчи тижорат банклари билан биргаликда Дастурни амалга оширишга халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукуматларнинг молиялаштирувчи ташкилотларининг имтиёзли узоқ муддатли кредитларини жалб этиш масаласини ишлаб чиқсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, иштирок этувчи тижорат банклари ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ижтимоий тадқиқотлар институти билан биргаликда қишлоқ аҳолисининг уй-жойларнинг ҳар бир намунасига бўлган талабини ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, 2017 йил 1 апрелгача бўлган муддатда Вазирлар Маҳкамасига кейинги йилларда Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурини амалга ошириш параметрлари юзасидан таклифлар киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банк ва Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан биргаликда 2018-2021 йилларда Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурини молиялаштириш миқдорлари ва манбаларини белгиласин, шу жумладан халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукуматларнинг молиялаштирувчи ташкилотларининг кредит маблағларини жалб этишни назарда тутсин.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари келгуси йилга Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури доирасида ҳар йили белгиланган тартибда:

1 майгача – Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан келишган ҳолда, кейинчалик уйлар, муҳандислик-транспорт коммуникациялари ва ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектлари қуриш учун "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК МЧЖга бериладиган, қишлоқ хўжалиги мақсадидаги ерлар тоифасига ва ўрмон фондига кирмайдиган, ташқи муҳандислик коммуникацияларига уланадиган массивлар рўйхати тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилишини;

1 сентябргача – иштирок этувчи тижорат банклари билан биргаликда талабгорлар аниқланишини ва уйлар қуриш учун уларнинг дастлабки бадаллари шакллантирилишини;

1 октябргача – "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК МЧЖ ва Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан биргаликда фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш шартларида уйлар қуриш учун Қурилиш-пудрат ташкилотлари реестрига киритилган пудрат ташкилотларини аниқлаш бўйича танлов савдолари ўтказилишини;

1 ноябргача – "Ўзбекэнерго" АЖ, "Ўзтрансгаз" АК, Республика йўл жамғармаси ва "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК МЧЖ билан биргаликда янгидан қуриладиган қишлоқ турар жой массивларида муҳандислик-транспорт коммуникациялари ва инфратузилма объектлари қуриш учун Қурилиш-пудрат ташкилотлари реестрига киритилган пудрат ташкилотларини аниқлаш бўйича танлов савдолари ўтказилишини таъминласинлар.

9. "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК МЧЖ Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури доирасида турар жой массивларида сув таъминоти объектлари ва автомобиль йўллари қуриш бўйича буюртмачи этиб белгилансин.

10. Белгилансинки, турар жой массивларида сув, электр, газ таъминоти объектлари ва автомобиль йўллари қуриш тегишли равишда республика бюджети, "Ўзбекэнерго" АЖ, "Ўзтрансгаз" АК ва Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

11. "Қишлоқ қурилиш банк" АТБ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, иштирок этувчи тижорат банклари ва "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК МЧЖ билан биргаликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг тавсиялари асосида, ариза берувчи – уй қурувчининг Дастурдаги иштироки тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини бир ой муддатда тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

12. 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури доирасида 2022 йил 1 январгача:

пудрат ташкилотлари – "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК МЧЖ билан тузилган шартномалар бўйича фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш шартларида массивларда уйлар, сув таъминоти объектлари ва автомобиль йўллари қуриш бўйича ишлар ҳажмлари учун – солиқларнинг барча турларини ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан;

субпудрат ташкилотлари – массивларда уйлар, сув таъминоти объектлари ва автомобиль йўллари қуришга "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК МЧЖ билан шартномалар тузган бош пудрат ташкилотлари билан тузилган контрактлар бўйича улар томонидан бажариладиган ишлар ҳажмлари учун – ягона солиқ тўлови тўлашдан;

қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи ташкилотлар, шунингдек уларни ташийдиган ташкилотлар – фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш шартларида уйлар қуриш учун "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК МЧЖга ва "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК МЧЖ билан шартномалар тузган бош пудрат ташкилотларига қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналарни реализация қилиш ва уларни ташиш (жумладан импорт материалларни) ҳажмлари учун қўшилган қиймат солиғи, ягона солиқ тўлови ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан;

"Қишлоқ қурилиш инвест" ИК МЧЖ – солиқларнинг барча турларини ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан;

"Қишлоқ қурилиш лойиҳа" МЧЖ – "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК МЧЖ билан тузилган шартномалар бўйича уйлар, муҳандислик-транспорт коммуникациялари ва инфратузилма объектлари қуриш бўйича бажарилган лойиҳа-қидирув ишлари ҳажмлари учун – қўшилган қиймат солиғи тўлашдан;

"Ўзсаноатэкспорт" АЖ – 7-иловага мувофиқ республикада ишлаб чиқарилмайдиган, четдан олиб келинадиган ёғоч-тахта материаллари, томга ёпиладиган металл листлар учун божхона тўловларидан (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно), шунингдек Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича бошқа қурилиш материаллари учун, улар "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК МЧЖга сотилганда – қўшилган қиймат солиғи тўлашдан;

"Тошкент қишлоқ қурилиш сервис" МЧЖ ва транспорт корхоналари – металл листларни қайта ишлаш ва уларни "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК МЧЖга етказиб бериш бўйича ишлар ҳажмлари учун – қўшилган қиймат солиғи, ягона солиқ тўлови ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ушбу қарорда назарда тутилган солиқ ва божхона имтиёзларидан тўғри фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.

13. Қуйидагиларга истисно тариқасида:

2017 йил 1 мартгача бўлган муддатда – 2, 3 ва 4-иловаларда кўрсатилган уйларнинг қурилиш-монтаж ишларини лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда амалга оширишга;

2017 йил 1 январгача фойдаланишга топшириш юзасидан зарур чоралар кўрилган ҳолда 0,02 гектар майдондаги ер участкаларига жойлаштириладиган 26 та икки, уч қаватли кўп квартирали (2 ва 3 хонали) уйларни ва 130 та бир қаватли 2, 3 хонали уйларни жорий йилда қуришни бошлашга;

8-иловага мувофиқ рўйхат бўйича уйлар қуриш учун бош пудрат ташкилотларига марказлаштирилган тартибда етказиб бериладиган асосий қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналарнинг "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК МЧЖ томонидан тендер савдолари ўтказилмасдан энг мақбул таклифлар танлови орқали сотиб олинишига рухсат берилсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, "Ўзқурилишматериаллари" АК ва "Ўзметкомбинат" АЖ буюртмачи ва лойиҳалаш ташкилотининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича ушбу қарор билан тасдиқланган Дастур доирасида уйлар, муҳандислик-транспорт коммуникациялари ва ижтимоий инфратузилма объектлари учун тартибга солинадиган нархлар бўйича цемент ва металл прокати ажратилишини таъминласинлар.

15. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК МЧЖ, "Қишлоқ қурилиш лойиҳа" МЧЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда Дастурни амалга ошириш доирасида қурилиш-монтаж ишлари бажарилиши сифати ва лойиҳа ечимлари, шунингдек шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан давлат архитектура-қурилиш, техник ва муаллифлик назоратлари юритилишини таъминласин.

16. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК МЧЖ ва иштирок этувчи тижорат банклари билан биргаликда Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурининг мақсадлари ва вазифалари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этсинлар.

17. "Қишлоқ қурилиш банк" АТБ, "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК МЧЖ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклиф киритсин.

18. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.И.Закиров зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти
вазифасини бажарувчи                                                                 Ш.Мирзиёев

Тошкент шаҳри,
2016 йил 21 октябрь


* * *


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда
қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича
арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида"ги қарорига
Ш А Р Ҳ

Кейинги йилларда республикада қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини яхшилаш, намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жойлар қуриш ҳисобига қишлоқ аҳолисининг ҳаёти даражаси ва сифатини ошириш, қишлоқда муҳандислик ва транспорт коммуникацияларини, ижтимоий инфратузилма объектларини жадал ривожлантириш бўйича кўламли ишлар амалга оширилди. Фақат 2009-2016 йилларда қишлоқ жойларда 1308 турар жой массивида умумий майдони 9 миллион 573 минг квадрат метр бўлган 69 557 та шинам уй-жой қурилди. Қишлоқлардаги 83,5 мингдан ортиқ оиланинг яшаш шароити яхшиланди.

Шу билан бирга, ўрганиш якунлари аҳолининг реал эҳтиёжларини ва харид қобилиятини, шунингдек миллий менталитетни ва қишлоқ жойларда яшаш шароитларини тўлиқ ҳисобга олувчи қурилишнинг юқори самарадорлигини таъминлайдиган принципиал жиҳатдан янги ёндашувларни ишлаб чиқиш зарурлигини кўрсатди.

Қишлоқ аҳолисининг замонавий ва арзон уйларга бўлган ўсиб бораётган эҳтиёжи имтиёзли кредит беришнинг юқори даражадаги шартларини жорий этишни, энергияни тежайдиган материаллар ва асбоб-ускуналарнинг янги турларидан фойдаланишни янада кенгайтиришни, шунингдек барпо этилаётган уйларнинг таннархини пасайтиришни талаб қилмоқда.

Ушбу муҳим вазифалар ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинган қарор қишлоқ аҳолисининг кенг қатламлари учун замонавий ва шинам уйлардан фойдаланиш даражасини тубдан оширишга, ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга ва қишлоқ жойларда якка тартибда уй-жой қурилишини янада ривожлантиришга йўналтирилган.

Қарор тўпланган тажрибани ўрганишни ҳисобга олиб қишлоқ жойларда якка тартибда уй-жой қурилишига янгича ёндашувни мустаҳкамлайди. Қарорда беш йиллик даврга мўлжалланган қишлоқ жойларда арзон уйлар қуришнинг кўламли Дастурини амалга ошириш назарда тутилган. Дастурга асос қилиб олинган янгиланган намунавий лойиҳалар қишлоқ аҳолисининг юқорида кўрсатиб ўтилган талаблари ва эҳтиёжларини тўлиқ ҳисобга олади, чунки уларнинг фикрлари ва истак-хоҳишлари ҳисобга олиниб ишлаб чиқилган.

Дастурда қишлоқ жойларда нарх параметрлари ва шинамлилигига кўра якка тартибдаги уй-жойлар намуналарининг учта энг арзон турларини қўшимча равишда барпо этиш назарда тутилади.

Жумладан, биринчи тури бўйича уч ёки тўрт йўлакли, хўжалик иморатлари ва обод ҳовлилари бўлган икки ва уч қаватли кўп квартирали уйлар барпо этишни назарда тутади. Мисол учун бундай уйларда умумий майдони 42,4 квадрат метр ва тахминий қиймати 72,5 миллион сўм, хўжалик иморатлари ҳисобга олинган ҳолда 85,0 миллион сўм бўлган икки хонали квартиралар қуриш режалаштирилмоқда.

Ўз навбатида, уч хонали квартираларнинг майдони 52,4 квадрат метр ва тахминий қиймати 88,5 миллион сўм, хўжалик иморатлари ҳисобга олинган ҳолда 100,7 миллион сўм бўлади.

Бундан ташқари, кўрсатиб ўтилган кўп квартирали уйларни қуришда квартиралар эгаларининг эҳтиёжларини қондириш мақсадида ҳовлида жойлаштириладиган иморатлар – болалар майдончалари, дам олиш учун айвонлар, душ ва бошқалар барпо этиш назарда тутилади.

Иккинчи турига мувофиқ аҳоли зич жойлашган туманларда 2 сотих майдондаги ер участкасида барпо этиладиган бир қаватли икки ва уч хонали арзон уйлар қуриш мўлжалланмоқда. Бундай икки хонали уйларнинг умумий майдони 53,0 квадрат метр ва тахминий қиймати 93,8 миллион сўм, хўжалик иморатлари ҳисобга олинган ҳолда 101,5 миллион сўм бўлади.

Уч хонали уйларнинг умумий майдони 63,5 квадрат метр ва тахминий қиймати 111,0 миллион сўм, хўжалик иморатлари ҳисобга олинган ҳолда 118,7 миллион сўм бўлади. Уйларнинг ҳовлисида хўжалик иморатлари қуриш назарда тутилади.

Учинчи тури 4 сотих майдондаги ер участкасида барпо этиладиган умумий майдони 115,0 квадрат метр бўлган ягона блокка бирлаштирилган икки қаватли тўрт хонали уйлар қуришни назарда тутади. Бунда кўрсатиб ўтилган уйларнинг тахминий қиймати 162,0 миллион сўмни, хўжалик иморатлари ҳисобга олинган ҳолда 181,8 миллион сўмни ташкил этади. Уйларнинг ҳовлисида хўжалик иморатлари қуриш назарда тутилади.

Агар 2009 йилда қабул қилинган Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жойлар қуриш дастури доирасида уй қурувчининг дастлабки бадали 25 фоизни ташкил этган бўлса, янги Дастур бўйича ушбу бадал биринчи ва иккинчи турдаги уйларни қурувчилар учун атиги 15 фоизни ташкил этади. Бу арзон уйлар Дастурига қишлоқ аҳолисининг кенг қатламларини жалб этишга кўмаклашади.

Бундан ташқари, ипотека кредити уч йиллик имтиёзли давр ва биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз миқдоридаги фоиз ставкаси билан 15 йил муддатга берилади. Кейинги йилларда кредитнинг фоиз ставкаси Марказий банкнинг ҳозирги вақтда йиллик 9 фоизни ташкил этадиган қайта молиялаштириш ставкасидан ортиқ бўлмайди.

Дастурни молиялаштиришга фақат 2017 йилда 2 триллион 121,5 миллиард сўм йўналтирилади, шу жумладан уй қурувчиларнинг маблағлари билан биргаликда давлат бюджетидан 350,0 миллиард сўм ажратилади, шунингдек тижорат банкларининг 2 триллион сўмдан ортиқ миқдоридаги кредит ресурсларини жалб этиш назарда тутилади.

Умуман олганда, Дастурда 2017 йилда 15 мингта янги уй ва квартира, шу жумладан 4608 та биринчи турдаги, 3739 та иккинчи турдаги, 3672 та учинчи турдаги уйларни ҳамда 0,06 гектар майдонга 3, 4 ва 5 хонали 2981 та бир қаватли уй қуриш назарда тутилади.

Шу билан бирга янги қурилаётган уй-жой массивларида фақат давлат ресурслари ҳисобига 415,3 километр сув таъминоти тармоқлари, 291,5 километр электр таъминоти тармоқлари, 316,9 километр газ таъминоти тармоқлари ва 260,3 километр автомобиль йўллари, шу жумладан массивлар ичида кириш йўллари ва йўллар, шунингдек 134 та ижтимоий инфратузилма объектини барпо этиш мўлжалланмоқда.

Қурилиш-монтаж ишлари сифатига қўйиладиган талабларнинг оширилиши Дастурнинг яна бир муҳим хусусияти ҳисобланади. Бунда асосий қурилиш материаллари ва буюмларга қурилиш-пудрат ташкилотларининг харажатларини оптималлаштириш ҳисобига барпо этиладиган намунавий уй-жойлар қиймати пасайиши таъминланади.

Бундан ташқари, уйларнинг арзонлигига Дастур иштирокчилари учун солиқ, божхона имтиёзлари ва бошқа имтиёзлар берилиши туфайли ҳам эришилади. Масалан, пудрат ташкилотлари арзон уйлар қуриш доирасида бажариладиган ишлар ҳажми учун солиқларнинг барча турларини ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этилади.

Ушбу Дастурнинг самарали амалга оширилиши давлат тузилмаларининг алоҳида назорати остида бўлади, унда назарда тутилган кўрсаткичлар бажарилишининг тизимли мониторинги олиб борилади.

Янгиланган лойиҳалар бўйича барпо этиладиган уйлар ўзининг нарх параметрлари, сифат тавсифлари ва шинамлилиги бўйича Марказий Осиёда ўхшаши йўқлигини эътироф этиш зарур.

Қарорнинг амалга оширилиши қишлоқни ободонлаштиришнинг ва қишлоқ аҳолиси ҳаёт даражасини тубдан оширишнинг асосий омилларидан бири сифатида қишлоқ жойларда якка тартибда уй-жой қуриш кўламларини янада кенгайтириш бўйича узвийлик ва изчиллик йўлини таъминлашга кўмаклашади.

310 883