ЎзА Ўзбек

21.01.2013 18:37 Чоп этиш версияси

2012 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2013 йилги иқтисодий дастурнинг асосий устувор вазифалари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг Қарори

1. Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, глобал иқтисодиётда жиддий муаммолар сақланиб қолаётганлигига қарамай, 2012 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларини амалга ошириш натижасида иқтисодий ривожланишнинг барқарор юқори суръатлари, макроиқтисодий мутаносиблик, аҳоли ҳаёт даражасининг барқарор ўсиши ва мамлакатнинг жаҳон бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаш таъминланди.

Ялпи ички маҳсулот 8,2 фоизга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми – 7,7 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми – 7 фоизга, пудрат қурилиш ишлари ҳажми – 11,5 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажми – 13,9 фоизга ўсди. Инфляция суръатлари режалаштирилган даражада сақланди ва 7 фоиздан ошмади.

Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,4 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Ижтимоий соҳани ривожлантиришга барча харажатларнинг 59,2 фоизи йўналтирилди. Бюджет ташкилотлари ходимлари иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар бир йилда ўртача 26,5 фоизга, аҳолининг реал даромадлари эса – 17,5 фоизга ўсди.

Ялпи ички маҳсулотга нисбатан 22,9 фоизни ташкил этган асосий капиталга инвестициялар ҳажмининг ошиб бориши иқтисодиёт ўсиши барқарор юқори суръатларининг ва унинг тузилмаларини диверсификациялашнинг асосий манбаи бўлди. 11,7 миллиард долларга тенг миқдорда ёки 2011 йилдагига қараганда 14 фоиз кўп инвестициялар жалб этилди. Барча инвестицияларнинг 22 фоиздан ортиғини ёки 2,5 миллиард доллардан ортиқни хорижий инвестициялар ташкил этди, улардан 79 фоиздан ортиғи тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир. Барча инвестицияларнинг 74 фоизга яқини ишлаб чиқариш қурилишига йўналтирилди. 205 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тугалланди.

Экспорт ҳажми 11,6 фоизга ўсди, ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси 1,12 миллиард доллардан ортиқ миқдорда таъминланди. Экспорт таркибида хом ашё бўлмаган тайёр товарлар экспорти 70 фоиздан ортиқни ташкил этди.

Молия-банк тизими барқарор ишлаб, 2012 йилда унинг жами капитали 24,2 фоизга, депозитлар ҳажми – 31,5 фоизга, шу жумладан аҳоли депозитлари – 34,6 фоизга кўпайди. Банкларнинг инвестиция мақсадлари учун ажратилган узоқ муддатли кредитлари ҳажми 30,7 фоизга кўпайди.

Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан такомиллаштириш ишлари изчил давом эттирилди – 80 та рухсат берувчи тартиб-қоидалар, фаолиятнинг 15 турини лицензиялаш бекор қилинди, статистика, солиқ ҳисоботини ва бошқа ҳисоботларни тақдим этиш шакллари ва даврийлиги 1,5-2 бараварга қисқартирилди. Бу 2012 йилда кичик бизнеснинг 23 мингтадан ортиқ янги субъектлари ташкил этилишига кўмаклашди. Ялпи ички маҳсулотда кичик бизнес улуши 54,6 фоизгача ўсди, унинг экспорти ҳажми эса 2,2 миллиард доллардан ортиқ бўлди.

Хизматлар соҳаси, айниқса, алоқа ва ахборотлаштириш (24,5 фоизга), компьютер дастурлаштириш (18 фоизга), технологик асбоб-ускуналарни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш (17 фоизга), молия-банк хизматлари (17,6 фоизга) сингари хизматларнинг юқори технологик ва бозорга хос турлари юқори суръатлар билан ривожланди. Мамлакатнинг ялпи ички маҳсулотида хизматлар соҳаси улуши 52 фоиздан ортиқни ташкил этди.

Аҳоли бандлиги дастурларини амалга ошириш доирасида 973,5 мингта, шу жумладан қишлоқ жойларда 602,4 мингтадан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилди. Касб-ҳунар коллежларининг 2012 йилда ўқишни тамомлаган 450 мингтадан ортиқ битирувчиларини ишга жойлаштириш таъминланди.

Шу билан бирга ҳудудларни комплекс ривожлантиришни, энг аввало саноатни ривожлантириш, биринчи навбатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва минерал хом ашёни чуқур қайта ишлаш, қишлоқ жойларда замонавий хизматлар ва сервис соҳасини ташкил этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш ҳисобига комплекс ривожлантиришни таъминлаш борасида анчагина фойдаланилмаётган захиралар ва имкониятлар мавжуддир. Самарқанд, Бухоро, Сирдарё, Жиззах, Сурхондарё вилоятларида ва бошқа вилоятларда мавжуд салоҳиятдан суст фойдаланилмоқда.

Иқтисодий инқироз давом этаётган ва жаҳон иқтисодиётининг ўсиши суръатлари пасайиб бораётган бир шароитда ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, сифатли, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ҳамда хизматларнинг замонавий турларини кўпайтириш ва номенклатурасини кенгайтириш, ишлаб чиқаришнинг энергия сиғимини қисқартириш алоҳида аҳамият касб этмоқда.

2. Иқтисодиётда эришилган марралар, истиқболга мўлжалланган узоқ муддатли мақсадлар, жаҳон бозоридаги реал ва юзага келиши прогнозлаштирилаётган вазиятдан келиб чиқиб, қуйидагилар 2013 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари этиб белгилансин:

иқтисодий ўсишнинг барқарор юқори суръатларини, макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш ва мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш;

иқтисодиётни ва унинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашни жадаллаштириш ва кўламларини кенгайтириш, ишлаб чиқаришни диверсификациялаш;

йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш;

мамлакатни модернизация қилиш ва янгилаш чора-тадбирларини амалга оширишнинг муҳим шарти ва манбаи сифатида фаол инвестиция сиёсатини амалга ошириш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш, зарур ишбилармонлик муҳитини яратиш;

иш ўринлари ташкил этиш ва мамлакат аҳолиси бандлигини таъминлаш;

аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифати изчил оширилишини таъминлаш.

3. Вазирлар Маҳкамаси 2013 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари амалга оширилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатсин, йилнинг ҳар чорагида иқтисодиётнинг алоҳида тармоқлари ва соҳаларида ишларнинг ҳолати тўғрисида вазирликлар, идоралар, тижорат банклари, хўжалик бирлашмалари ва корхоналар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиб борсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов, Иқтисодиёт вазирлиги (Саидова) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, манфаатдор вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда жорий йилнинг 1 апрелигача бўлган муддатда 2012-2016 йилларда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг қабул қилинган дастурларини танқидий қайта кўриб чиқсин.

Фойдаланилмаётган захиралар ва ишлаб чиқариш қувватларини баҳолашдан келиб чиққан ҳолда қабул қилинган дастурларга ҳудудларни комплекс ривожлантиришга, ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб устувор йўналишларни белгилашга, саноатнинг қайта ишлаш тармоқларини, қурилиш ва қурилиш индустриясини, ахборот-коммуникация технологияларини ва хизматлар соҳасини жадал ўстиришга ҳамда шу асосда ёшларнинг бандлигини таъминлашга, ҳудуднинг молиявий жиҳатдан ўзини ўзи таъминлашига эришишга ва субвенцияларни камайтиришга алоҳида эътибор берган ҳолда тузатишлар киритилсин.

Амалга оширилган ишларнинг натижалари тўғрисида шу йилнинг I чораги якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.

Вазирлар Маҳкамаси минтақаларни ижтимоий ва иқтисодий ривожлантириш дастурларининг амалга оширилишини йилнинг ҳар чорагида ўз мажлисларида кўриб борсин.

5. Иқтисодиёт вазирлиги (Саидова) тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантиришнинг мустаҳкам ўзаро боғлиқлигини, ҳудудларнинг ўзига хос шароитларини, ҳудудларни комплекс ривожлантиришни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқариш кучларини оқилона жойлаштиришни таъминлаш юзасидан вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ишларни кучайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрсин.

Кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида I чорак ва ярим йиллик якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.

6. Вазирлар Маҳкамаси комплекслари Иқтисодиёт вазирлиги (Саидова), Молия вазирлиги (Юсупов), Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (Ғаниев), Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (Ғуломов), хўжалик бирлашмалари – масъул ижрочилар билан биргаликда икки ҳафта муддатда 2013 йилги иқтисодий дастурни бажаришда муҳим аҳамиятга эга бўлган инвестиция лойиҳаларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва лойиҳаларни амалга оширишнинг ҳолатини танқидий ўрганиб чиқсинлар ва ишлар жадвалларига тузатишлар киритган ҳолда уларни амалга оширишни жадаллаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқсинлар.

Амалга оширилган ишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси Президиумида ахборот берилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.И.Ибрагимов, "Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компанияси (Басидов) икки ҳафта муддатда буғ-газ электр станциялари қуриш лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш, энергиянинг муқобил манбаларидан фойдаланиш, электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва узатишда технологик йўқотишларни қисқартириш юзасидан комплекс қўшимча чора-тадбирларни ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.

8. Вазирлар Маҳкамаси Иқтисодиёт вазирлиги (Саидова), Молия вазирлиги (Гуськова), Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (Ғаниев)ни жалб этган ҳолда манфаатдор вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг экспортни қўллаб-қувватлаш ва субсидиялаш тўғрисидаги Фармони лойиҳасини тайёрласин ва киритсин, унда Экспортни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш жамғармасини ташкил этишни назарда тутсин.

9. Вазирлар Маҳкамаси, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси (Абдуҳакимов) манфаатдор вазирликлар, идоралар ва институтлар билан биргаликда ҳар чоракда жаҳон амалиётида қабул қилинган мезонларга мувофиқ мамлакатда ишбилармонлик муҳитининг ҳолатини баҳолаш якунларини чиқарсинлар ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, ортиқча чеклашларни, бюрократик тўсиқларни ва бошқа тўғаноқларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрсинлар.

Мамлакатда ишбилармонлик муҳитининг ҳолати ўзгариши натижалари ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида кўриб чиқилсин.

10. Вазирлар Маҳкамаси (Азимов) Иқтисодиёт вазирлиги (Саидова), “Ўзбекэнерго” (Басидов), “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси (Файзуллаев), “Ўзавтойўл” давлат-акциядорлик компанияси (Абдуллаев), “Ўзбекистон темир йўллари” давлат-акциядорлик компанияси (Раматов), “Ўзкомммунхизмат” агентлиги (Холмуҳамедов), Тошкент вилояти ҳокимлиги (Холматов) билан биргаликда "Ангрен" махсус индустриал зонаси ҳудудида 2013 йилда ишлаб чиқариш объектларига ўтказиладиган транспорт, ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилишни жадаллаштириш жадвалларини икки ҳафта муддатда тасдиқласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (Ғаниев), Иқтисодиёт вазирлиги (Саидова) ва Молия вазирлиги (Гуськова), Жиззах вилояти ҳокимлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2013 йилнинг I чорагида, Жиззах вилояти ва унга чегарадош ҳудудларнинг ресурс базасидан самарали фойдаланиш, саноат ва экспорт салоҳиятини ривожлантириш учун инвестицияларни ҳамда илғор инновация технологияларини жалб этиш мақсадида эркин индустриал зона ташкил этиш бўйича барча тайёргарлик тадбирларини ва Хитой Халқ Республикасининг ваколатли органлари билан таъсис ҳужжатларини келишишни 2013 йилнинг I чорагида тугалласин.

12. Вазирлар Маҳкамаси тегишли вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари иштирокида "2011-2015 йилларда инфратузилма, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида"ги дастурда назарда тутилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳар чоракда кўриб чиқилишини таъминласин, уларнинг бажарилишини жадаллаштиришга тўсқинлик қилаётган масалаларни ҳал этиш юзасидан таъсирчан чора-тадбирлар кўрсин.

13. “Ўзавтойўл” давлат-акциядорлик компанияси (Абдуллаев), Республика йўл жамғармаси (Шукуров), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ҳамда йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантиришнинг 2013 йилга мўлжалланган параметрларини сўзсиз бажариш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўрсинлар.

Амалга оширилган ишлар тўғрисида йилнинг ҳар чорагида Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.

14. “Ўзбекистон темир йўллари” давлат-акциядорлик компанияси (Раматов) темир йўл коммуникациялари ва транспортни ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳалари бажарилишини икки ҳафта муддатда танқидий баҳоласин ҳамда тармоқ жадвалларининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаган ҳолда уларга аниқлаштиришлар киритсин, бунда 2013 йилда Мароқанд-Қарши ва Қарши-Термиз темир йўли участкасини электрлаштириш, 240 километр узунликдаги темир йўлларни реабилитация қилиш ишларини ўз вақтида амалга оширишга, шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” давлат-акциядорлик компаниясининг қуйиш-механика заводини модернизациялашнинг тугалланишига алоҳида эътибор қаратсин.

15. Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси (Мирзоҳидов):

халқаро ва тармоқ стандартларини, мамлакат иқтисодиёти тармоқлари ва соҳаларини ахборотлаштириш даражасини баҳолашнинг мезонлари ва индикаторлари тизимини амалиётга жорий этиш ҳамда улар бўйича тизимли мониторинг олиб бориш;

“Электрон ҳукумат” тизимини шакллантириш Концепцияси ва комплекс дастурини ишлаб чиқишни жадаллаштириш, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига интерактив давлат хизматлари кўрсатишнинг электрон шаклларини жорий этиш;

коммуникация технологияларини янада ривожлантириш, ахборот узатиш тезлигини ошириш, 2 минг километрдан ортиқ толали - оптик тармоқлар қурилишини тугаллаш ҳамда ахборот ресурслари ва ахборот тизимларидан юқори тезликда кенг полосали фойдаланишни таъминлаш, Интернет тармоғида турли йўналишдаги замонавий маҳаллий веб-ресурсларни яратиш;

2013-2017 йиллар даврида Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантиришнинг Комплекс дастури лойиҳасини тасдиқлаш учун 2013 йил 1 апрелгача Вазирлар Маҳкамасига киритиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрсин.

Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг қўмитани ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисидаги Фармони ва қарорининг ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантиришнинг қабул қилинган дастурлари бажарилишини ҳар чоракда кўриб чиқсин.

16. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси (Хошимбеков), "Давархитектқурилиш" қўмитаси (Закиров), Иқтисодиёт вазирлиги (Саидова), Молия вазирлиги (Юсупов), "Қишлоқ қурилиш банк" (Муллахонов) бошқа манфаатдор тузилмалар билан биргаликда жорий йилнинг февраль ойи охиригача қишлоқ жойлардаги якка тартибда уй-жой қуриш мавзеларида намунавий лойиҳалар бўйича уй-жойлар, ташқи муҳандислик ва транспорт коммуникациялари, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектлари барпо этиш бўйича молиялаштириш ва қурилишнинг бошланишини таъминласинлар.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ҳокимлари, "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси, "Қишлоқ қурилиш банк" очиқ акциядорлик тижорат банки, "Давархитектқурилиш" қўмитаси (Тохтаев), “Ўзбекэнерго” давлат-акциядорлик компанияси (Басидов) ва “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси (Жўраев) раҳбарлари Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуришнинг тасдиқланган дастури параметрларининг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши юзасидан шахсан жавобгарлиги тўғрисида огоҳлантирилсин.

Кўрилаётган чора-тадбирларнинг натижалари ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида кўриб чиқилсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.И.Закиров, "Давархитектқурилиш" қўмитаси (Тохтаев), "Ўзмонтажмахсусқурилиш" уюшмаси (Шодиев) Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев), Молия вазирлиги (Юсупов), "Ўзқурилишматериаллари" акциядорлик компанияси (Акрамов), бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда жорий йилнинг 1 майигача бўлган муддатда 2013-2015 йилларда қурилиш индустриясини ривожлантириш комплекс дастури лойиҳасини ишлаб чиқсинлар ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар, унда бинокорлик ва пардозлаш материалларининг замонавий турларини ишлаб чиқаришни кенгайтиришни, пудрат ташкилотларининг техник жиҳозланганлигини оширишни назарда тутсинлар.

18. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда корхоналар раҳбарлари тармоқлар ва ҳудудлар бўйича 2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг Олий Мажлис томонидан маъқулланган асосий йўналишлари ва параметрларини бажариш бўйича комплекс қўшимча чора-тадбирларни бир ой муддатда ишлаб чиқсинлар.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги (Хаитов) 2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурида назарда тутилган тадбирларнинг бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг ўрнатсин, Давлат статистика қўмитаси (Тўраев) билан биргаликда ташкил этилаётган иш ўринлари кўрсаткичларининг ишончлилиги юзасидан танлаган ҳолда текширишлар ўтказсин ҳамда дастурнинг сўзсиз бажарилишини таъминлашга йўналтирилган чора-тадбирларни ўз вақтида кўрсин.

Вазирлар Маҳкамаси ҳар чоракда ўз мажлисларида тармоқлар ва мамлакат ҳудудлари бўйича 2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг тасдиқланган дастури бажарилишини кўриб чиқсин.

19. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига 2012/2013 ўқув йили касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш, битирувчиларни ишга қабул қилиш бўйича уч томонлама шартномалар тузиш амалиётини кенгайтириш, шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш учун салоҳиятли иш берувчилар иштирокида вилоятлар марказларида бўш иш ўринлари ярмаркаларини ўтказиш юзасидан шахсан жавобгарлик юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси (Қодиров) касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш тўғрисида тақдим этилаётган маълумотларнинг ишончлилиги юзасидан назоратни, айбдор мансабдор шахсларни қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортган ҳолда, кучайтирсин.

20. Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда "Обод турмуш йили" Давлат дастури лойиҳаси ишлаб чиқилишини тугалласин ва киритсин, унда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган қонун ҳужжатлари нормаларини янада такомиллаштириш, аҳолининг заиф қатламлари ва кам таъминланган оилаларни давлат томонидан аниқ тарзда ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлигини ошириш, энг аввало, қишлоқ аҳолисининг ҳаёт шарт-шароитлари ва сифатини яхшилаш, таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт тизими муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, аҳолига давлат томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни назарда тутсин.

21. Мазкур протокол қарорининг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов

2013 йил 18 январь


40 283