ЎзА Ўзбек

30.11.2018 17:40 Чоп этиш версияси

"Давр билан бирга нафас оламан"

"Давр билан бирга нафас оламан"

“Ижодий учрашув” лойиҳаси меҳмони “Меҳнат шуҳрати” ва “Дўстлик” орденлари соҳибаси, севимли шоирамиз Зулфия Мўминова. 

– Ассалому алайкум устоз, лойиҳамизга хуш келибсиз. Шеърият илоҳийликдан яралган дил дафтари. Ижодкор эса адабиётга у орқали абадиятга муҳрловчи хилқатдир. Устоз, шу ўринда ижодга кириб келишингиз ҳақида бизга қисқача гапириб берсангиз.

– Болалигимдан шеър ёзганман. Самарқанд вилояти Нарпай туманида катта бўлганман. Бироқ қишлоғимиз бир вақтлар бахшилар юрти бўлса-да, ёшлик даврларимда ижодий муҳит яхши бўлмаган. Ўша пайтларда шеър биз учун мавҳум бир нарса эди. Зафар Диёрнинг бир шеъри бўларди:


“Яна қиш, яна январ, Яна келди янги йил”, деган сатрлар билан бошланувчи шеъри бўларди. Ўша шеърнинг бир қаторини ўзим билмаган ҳолда олиб:

“Яна қиш, яна январ,
Яна совуқ туради,
Кейин бўрон уради,
Кейин иссиқ бўлади.
Хоҳласанг шу
Чидамасанг Африка...”, деб болаларча шеър ёзганман. Сўнг яқинларимга, устозларимга атаб шеърлар ёзганман. Ким кўзимга яхши кўринса, унга муносабатимни шеърий ифода этганман. Мактабнинг шоирасига айланганман. Бизда мактабда мушоиралар бўларди. Аста секин уларда қатнашиб ўзимизни кўрсатганмиз. Ўша мусобақаларда доим бизнинг 5 “А” синф ғолиб чиқарди. Бир кунги 5 “Б” билан бўлган мусобақада икки синфни баллари тенг бўлиб қолди. Сўнг синфдошларимиз ҳакамларга бизнинг гуруҳ шеърларини Зулфия ёзиб берган, уларнинг шеъри эса ҳаммаси китобдан олиб ёдланган, дея эътироз билдиришди. Ўқитувчиларимиз менинг шеъриятга бўлган қизиқишимни ўша вақтда юқори баҳолаган эди. Натижада мен мактаб “юлдузи”га айланганман...

Ҳақиқий шеърият оламига эса ўша давр ижод олами гуркираб, яшнаб турган вақтда кириб келганман. Бу пайтда шеъриятнинг барча чўққилари забт этилгандек эди. Чунки забардаст шоирларимиз Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовлар ижод қилиб турган дамлар эди. Улардан сўнг Ҳалима Худойбердиева, Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Хуршид Давронлар гуркираб ёзиб турган вақтда кириб келганмиз. Яна ўша даврда кучли адабиётшунослар, ҳақиқий танқидчилар майдони шаклланган эди. Улар ҳар қандай истеъдодни борини борга, йўғини йўққа чиқаришга қодир эди. Ҳар бир шеьр устида танқидчиларнинг “қиличи” айланарди. Биринчи марта шеърларимни “Гулистон” журналига олиб борганман. Устозим Анвар Исроилов билан жуда ҳам кўп ижод ҳақида, адабиёт ҳақида суҳбатлашар эдим. Устозимни соғлигида бироз яхши бўлмаса ҳам биздан меҳрини аямасди, тинмай сабоқ берарди. “Гулистон” журналига шеърларимни олиб борганимда, сиз ҳали тайёр эмассиз. Ўз устингизда ишланг. Газеталарга ўнта шеър олиб борсангиз ўнтаси ҳам чиқсин, ҳеч бўлмаса саккизтаси чиқсин. Сиз йигирмата шеър олиб бориб, иккитаси чиқди деб мамнун бўлиб юрманг, дея танбеҳ берган эди. Сўнг бир қанча китобларни ўқишимни тавсия қилган эдилар. Мана шу танбеҳлардан сўнг икки йил вақтли матбуотларга чиқиш қилмаганман.

Ҳозир аксинча, ёшларда шундай бир ҳолатларни кўрдим шеъри маъқул келадими йўқми, менинг ижодим билан яхши таниш бўлмаса-да ота онаси билан келиб қизимнинг шеърларига сўзбоши ёзиб беринг, қизимиз Зулфия номидаги давлат мукофотига номзодини қўяди дейишади. Бизда эса аксинча эди. Мен биринчи китобим чиқишини саккиз йил кутганман. Китобимиз чиққандан сўнг эса адабиёт олами ўзининг муносабатини билдирган. Бирин-кетин кейинга китобларим чиқишни бошлаган.

Мен ўйлайманки, адабиёт гуркираб, ҳар бир сўз устида одамлар бош қотираётган, ижодкорга қаттиқ талаб қўйилаётган даврда ижодга кириб келишимиз биз учун ютуқ бўлган экан.

– Бугун устоз, кўз тегмасин, замон билан ҳамнафассиз. Маҳмудхўжа Беҳбудий айтади : Дунёда турмоқ учун, дунёвий фан ва илм зарурдир. Замона илмидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур. Катта авлоднинг аксарияти интернетни чиқиндихонага чиқариб қўйишган. Сиз эса ҳали ҳамон ёшларимизга ижтимоий тармоқларда ижобий фикрлар билдириб, ўз шеърларингиз билан уларнинг эътиборини тортиб, интернетдан тўғри фойдаланса бўлишини исботлаб келмоқдасиз. Интернетдаги фаолиятингиз ҳақида биз билан ўртоқлашсангиз.

– Устозларимиз бизга кўп айтишарди. Шоир қачон машҳур шоир бўла олади. Уни албатта ёшлар ўқишса. Бу жуда тўғри фикр бўлган. Ёшлар ҳозир нимани кўп ўқияпти?... Интернетдан кўп фойдаланяптими, биз ҳам мослашишимиз керак. Мен фақат интернет билан эмас, босма нашрларда ҳам чиқишлар қилиб келаман. Аммо бу пайтда интернетни ҳам чеклаб қўйиш керак эмас. Бу майдондан, бу интернет минбаридан ҳам тўғри фойдаланиш керак. Ёшларимиз шунчалик сезгир, ҳозиржавоб уларнинг дилидагини ёзсак улар албатта топиб ўқишади. Албатта, ижтимоий тармоқларда, интернетда фаолиятимни сусайтирмоқчи эмасман. Менга бу жараён жуда қулай. Боғланиш, дўст – мухлис орттириш... 

Дунёни англаш, ҳозирги замон билан бирга нафас олиш мен учун жуда катта имконият беради. Интернетда ҳам ўз ўрнимни эгаллаб турсам яхши бўлади деб ўйлайман.

– Ҳар йилнинг инсон қалбида муҳрланиб қолиш сабаблари бўлади. Шу йил сизнинг мухлисларингиз, адабиёт ихлосмандлари учун ажойиб йил бўлди. Сизнинг “Олтин қалам” миллий мукофоти билан тақдирланишингиз ҳақида, шу йили ижодингизнинг залвори ҳақида нималар дея оласиз?

– Муҳтарам Президентимиз ижодкорлар билан учрашганида бизнинг олдимизга кўплаб долзарб мавзуларни қўйди. Биз буни тўғри қабул қилдик ва давр билан бирга нафас олишга, давримиз қаҳрамонларини ёритиб беришга, уларни кенг оммага танитишда биз каби ижодкорларнинг ўз ўрни борлигини англадик. Кейинги икки ярим йил ичида юртимизда сезиларли даражада ўзгаришлар бўлди. Мен буни ҳисобот учун ёки мақтаниш учун айтмаяпман. Ўзимиз ҳис қилган ҳолда тинимсиз изланяпмиз, вақтли матбуотларда чиқишлар қилишимизга тўғри келяпти. Газеталарга қалам ҳаққи учун ёзяпсизми, деган гаплар ҳам бўлади. Йўқ, у учун эмас. ўқувчилар учун ёзяпман. Муҳаррирларга ҳам раҳмат, аввало, бизнинг ёзганларимизни газетасига беришни муносиб кўрганлари учун. Ижодкор қачон тўлқинланиб ёзади, қачонки юраги бирор мавзудан тўлқинланса уни, албатта, қоғозга муҳрлашга ҳаракат қилади. Муҳтарам Президентимизнинг БМТнинг 72 сессиясида сўзлаган нутқларидан шунақанги таъсирландимки буни сўз билан ифода этиб бўлмайди. Юртбошимиз минбар ёнига қадам босар экан мени ўзгача бир ҳаяжон, титроқ босди. Президентимиз нутқлари тугагунига қадар кўзларимдан ёш келиб турди. Ҳали ҳеч ким бунчалик чуқур маъноли нутқ сўзламаган. Дунё муаммоларини бунчалик гўзал шарҳлаб бермаган эди. Бу нутқни башариятимизнинг бахтли яшаши учун, инсониятнинг бахтли ҳаёти учун сўзланган нутқ деб атадим. Муҳтарам Президентимизнинг соғлиқни сақлаш, халқ таълими тизимларидаги олиб бораётган сиёсатларини, адабиёт аҳлига, инсониятнинг, миллатнинг онгли бўлишига, эътиқодли бўлишига, динига содиқ бўлишига, бир-бирини севиши борасидаги ислоҳотларини эъзоз ва эҳтиром билан қабул қиламан. Бу нарсаларни қоғозга тушириш мен учун осон- да. Шунинг учун, айтишади осон ёзасан деб. Осон ёзиш учун ана шундай кечинмаларни бошдан кечириш керак. Бизнинг осон ёзишимизнинг боиси, биз қийин кунларни бошимиздан ўтказганмиз. Уларнинг олдида, мана бу бахтиёр дамларни ёзиш, шодликни қоғозга тушириш осон, албатта. 

– Самимий суҳбат учун ташаккур, устоз, умрингиз узоқ бўлсин, ижод оламида доим ардоқланган аёл бўлиб юриш насиб этсин.

– Раҳмат мана шу янги лойиҳаларингиз ниҳоятда тез оммалашяпти, биз кўряпмиз, яхши фикрлар эшитяпмиз. Бошлаган эзгу ишларингизда омадлар ёр бўлсин!

Дилобар Маматова суҳбатлашди, Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА
6 724