ЎзА Ўзбек

05.10.2019 Чоп этиш версияси

Ўзлигини ёрқин рангларда ифода эта олган беқиёс рассом

Ўзлигини ёрқин рангларда ифода эта олган беқиёс рассом

Ўзбекистон Бадиий академияси марказий кўргазмалар залида Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати Акмал Нурнинг “Акмал Нур рангтасвирида рамзлар ва қадриятлар“ номли альбом-каталоги тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, рангтасвирчи Акмал Нуриддинов Наманганда туғилган.

Акмал Нур ишларида фалсафий мазмун ва шоирона лирик оҳанг етакчилик қилади. У ноёб бадиий услубга эга бўлиб, ўз асарларида Fарб ва Шарқ, бугунги кун ва ўтмиш анъаналари уйғунлаштиради. Рассом асарлари Ўзбекистон, Хитой музейларида, Франция, АҚШ, Ҳиндистон, Исроил каби ва бошқа шахсий тўпламларда сақланиб келинмоқда.

photo_2019-10-05_13-56-01.jpg

Рассомнинг “Акмал Нур рангтасвирида рамзлар ва қадриятлар“ номли альбом-каталогида унинг сўнгги йилларда яратган 196 та асари жамланган. “Zamon-press-info” нашриёт уйи томонидан тайёрланиб, Туркиянинг “Mega-basim” босмахонасида нашр эттирилган альбом 252 бетдан иборат бўлиб, матнлар рус ва инглиз тилларида берилган.

– Каталогни варақларкансиз ундаги картиналарда Шарқ санъатининг маънавий гўзаллиги, комилликка интилиш каби бетакрор анъаналар бевосита ўз ифодасини топган, – дейди санъатшунослик фанлари доктори Дилафрўз Қодирова. – Акмал Нур асарларидаги услубий ечимлар турлилиги унинг бадиий дунёқараши яхлитлигини инкор этмайди, балки, изланишлари динамиклиги ҳақидаги ғояларни ва ижодкорнинг фалсафий дунёқараши ҳамда пластик ифодалилигини тасдиқлайди. Ўзлигини ёрқин намоён эта олган беқиёс рассом, ижодий жараёнлар динамикасида маълум даражада темпераментли, ҳар қандай қолипдан йироқ, руҳияти жиҳатидан сокин.

Шунингдек, тақдимот доирасида Акмал Нурнинг 60 йиллик юбилейи муносабати билан муаллифнинг ўз онасига бағишлаган “Онаизор” номли шахсий кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди. Юбилей экспозициясидаги асарлар рассомнинг маълум давр ижодий изланишларини акс эттиради.

Кўргазма бир ой давомида намойиш этилади.

5 722
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА