ЎзА Ўзбек

25.05.2018 21:09 Чоп этиш версияси

Зиё, илм ва маърифат байрами

Зиё, илм ва маърифат байрами Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан қатор вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида “Китобхонлик маданиятини юксалтириш – буюк мақсадларимизга эришишнинг муҳим кафолатидир” шиори остида республика "Китоб байрами" ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори юртимиз маданий ҳаётида катта воқеа бўлди. Матбуот, ноширлик ва ахборот соҳасининг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратиш мақсадида қатор қонун ва қонуности ҳужжати қабул қилинди.

Ҳозир юртимизда 1 677 та матбаа корхонаси, 118 та нашриёт давлат рўйхатига олинган. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, 14 та вилоят ахборот-кутубхона маркази, туман марказлари ва шаҳарлардаги таълим муассасаларида 200 га яқин ахборот-ресурс маркази томонидан аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари ҳамда “Китоб олами”, “Шарқ зиёкори” ва “Ўздавкитобсавдотаъминоти” мажмуалари томонидан китоб савдоси хизмати кўрсатиш йўлга қўйилди.

Мазкур қарорда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, китобнинг жамиятимиз маънавий-маърифий ҳаётидаги ўрнини янада ошириш, буюк аждодларимизнинг ёрқин хотирасини, замонамиз қаҳрамонлари тимсолини ҳаққоний ва халқчил акс эттирувчи адабиётлар салмоғини оширишда адиб ва ноширларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида республика “Китоб байрами” ташкил этилди.

10.JPG

12.JPG

24.JPG

– Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан 2018 йилнинг ўтган даври мобайнида бир қатор ишлар амалга оширилди, – дейди агентлик бош директори Лазиз Тангриев. – Нашриёт-матбаа ижодий уйлари томонидан мактабгача таълим муассасалари, мактаблар кутубхоналари, билим юртлари ва бошқа ташкилотларга китоб ҳамда китоб маҳсулотлари беғараз тақдим қилинди. 2018 йил 25-28 апрель кунлари Остона шаҳрида 150 дан зиёд ноширлар қатнашган “III Евроосиё халқаро китоб кўргазма ярмаркаси”да 29 кишидан иборат Ўзбекистон делегацияси фахрий меҳмон сифатида иштирок этди. Кўргазма-ярмаркада Ўзбекистон номидан иштирок этган нашриёт-матбаа ижодий уйлари жами 16 та турли даражадаги дипломлар билан тақдирланди. Кўргазмада Ўзбекистон миллий павильони энг яхши экспозиция, деб топилди. Бу ютуқлар замирида юртимизда китобхонликка берилаётган юксак эътибор ётибди. Пойтахтимизда ўтказилган республика “Китоб байрами”га айнан марказий – Сайилгоҳ кўчаси танланишида ҳам катта маъно бор. Мазкур кўчани ёшлар маънавиятдан дарс оладиган, китобга эҳтиром кўрсатиладиган маънавият гўшасига айлантиришни мақсад қилганмиз.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида “Намунали китоб дўкони” танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди ва унда ҳар бир вилоятнинг энг яхши, деб топилган китоб дўконлари фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

– Бугун менга берилган мукофотни юртимизда китобхонликни оширишга қаратилган эътибор намунаси деб биламан, – дейди “Намунали китоб дўкони” танловининг Бухоро вилояти босқичи ғолиби, Бухоро “Китоб олами” МЧЖ раҳбари Эъзоз Бобомуродов. – Маърифат байрами тадбири юртимиз бўйлаб ҳар йили янада катта миқёсда давом этиши лозим. Шу йўл билан ёш авлод вакилларини китобга ошно, қадрдон қилиш мумкин.

Икки кун давом этган тадбир доирасида пойтахтимизнинг маркази – Сайилгоҳ кўчасида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар марказларида 100 дан зиёд нашриётлар, ижодий уйлар, матбаа корхоналари ҳамда китоб савдоси ташкилотлари томонидан китоб ва китоб маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилди.

Китоб байрамида муаллифлар ўз асарлари ҳақида кенг китобхонлар оммасига ҳикоя қилиб берди.

Республика “Китоб байрами” тадбирида Ёшлар иттифоқи томонидан викториналар ташкил этилди. Мактаб ўқувчилари, олий ўқув юрти талабаларининг катта қизиқишига сабаб бўлган мазкур лойиҳада – китобхонлар учун аталган саволларнинг ҳеч бири жавобсиз қолмади. Бу юртимиз узра китобхонлик маданияти тез суръатларда ёйилаётганидан даракдир.

33.JPG

39.JPG

Тадбир доирасида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Шавкат Раҳмон ва ёшлар” саҳналаштирилган шеърият спектакли ҳам намойиш этилди. “Менинг биринчи китобим”, “Ёшлар мушоираси” каби дастурлар ҳам ташкил этилди. Айниқса, “Машҳурлар китоб ўқийди” номи остида санъат, театр ва кино ижодкорлари, спорт усталарининг ташрифи ва иштирокчилар билан мулоқоти барчага манзур бўлди.

“Энг фаол иштирокчи”, “Энг яхши стенд”, “Энг яхши китобхон оила”, “Энг яхши китобхон”, “Ёш китобхон” викториналари ғолиблари аниқланди ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Тадбир сўнггида “Китобсеварларни қутлаймиз” номли концерт дастури намойиш этилди.

Инобат Аҳатова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
13 059