ЎзА Ўзбек

28.11.2019 Чоп этиш версияси

Зимистон

Зимистон

Она тилим - олтин сандиғим

Тилимизда зимистон деган сўз бор. Боғистон, гулистон сўзлари каби чиройли, ёруғ калима. Лекин негадир зулматни билдиради. У аслида тиниқ ва оппоқ сўз. Баҳористон, тобистон қаторида туради. Форс ва рус тиллари қариндош бўлганидек, зимистон русча зима сўзи билан эгизак. Қишнинг ўзига хос ҳусни, таровати бор бу сўзда. Баҳористон ― баҳор, тобистон ― ёз, зимистон ― қиш. Лекин биз қайсар халқ қоронғу кечани зимистон деймиз ва сира фикримиздан қайтмаймиз. Шу маъно билан луғатларга киритиб қонунлаштириб олганмиз.

Ажабо, қиш қандай қилиб қоронғуга айланди? Бу икки сўз тамоман бошқа-бошқа тушунчалар-ку! Бу хатонинг сабабини топишга бир чистон ёрдам қилди:

Ялдо кечаси бирдур, бир йилда бир ялдо,

Ё раб, бу нечук ялдо? Бир ойда икки ялдо!

Ялдо кечаси қишнинг энг узун, энг қоронғу туни. Ҳозирги йилойкун ― календар ҳисоби бўйича йигирма иккинчидан йигирма учинчи декабрга ўтар кеча. Чистоннинг, яъни жумбоқнинг маъноси: Ялдо кечаси бир йилда бир келади. Лекин бир ойда икки ялдо бор. Топ-чи, бу қандай ялдо? Жавоб: Ёрнинг юзи ― ой, икки ўрим сочи қоралиги ва узунлиги билан ― ялдо кечаси. Бир ой юзли ёр икки ўрим сочини ташлаб қўйса, бир ойда икки ялдо бўлади. Гўзал ташбеҳ.

Қарангки, бир жумбоқ бошқа жумбоқни ечишда кўмаклашиб турибди. Қиш кечасининг узун ва қоронғулиги учун зулматли тун зимистон қоронғуси дейилган, яъни қиш қоронғуси. Лекин биз гапни қисқа қилишга устамиз-ку. Ассалому алайкум, демаймиз, салом, деймиз-қўямиз. Қалайсан, деган сўзимиз узундан узоқ аҳвол сўрашиш ўрнига ўтади. Зимистон қоронғусини ҳам қисқа қилиб зимистон дея қолдик. Тилшунос олимларимиз барака топсинлар, халойиқнинг айтгани бўла қолсин, деб, луғатларда зимистонга қоп-қоронғу кеча дея изоҳ бердилар. Хато қонуний тус олди.

Хунук деган сўзни биз кўрксиз, бадбашара деб тушунамиз. Аслида бу сўз совуқ дегани. Ташқари хунук, иссиқ кийиниб ол, десак тўғри бўлади. Лекин бундай деб айтсак, кулгу бўламиз. Ажабо, совуқ маъносидаги сўз қандай қилиб кўрксизга айланди? Бунга ҳам сабаб ― қисқартишга ўчлигимиз. Аввалда уни совуқ маъносида тўғри ишлатганмиз. Турқи совуқ оламни турқи хунук деганмиз. Кейинча турқ тушиб қолди, хунукнинг ўзини айтадиган бўлдик. Тилчиларимизга яна раҳмат, буни ҳам расмийлаштириб бердилар.

Ўзгалар васлин таманно айласам навмид ўлай,

Ўзга бир дил ҳамки васлингни таманно айласа.

Таманно ― истак, хоҳиш, орзуни англатади. Биз таманно деб нозу карашмани, танноз аёлни айтамиз. Бундай маъно ўзгаришига ҳам сабаб ўша, ― гапнинг шох-бутоғини кесишга омиллигимиз. Ўзини яхши кўрадиган одамнинг таманноси, истаги кўп бўлади. Айниқса, ўзига бино қўйган аёлларда бу хислатнинг аёнлиги учун уларни таманноли, таманноси кўп, дейилган. Бора-бора сўз қўшимчалари йўнилиб таманнонинг ўзи қолди. Маъно тамомила бошқа бўлди. Тилшуносларимизга қайта-қайта таъзим, бугун ўзбекча-русча луғатларни очиб қарасангиз таманно ― кокетство, деб таржима қилинган. Мечта, желание эмас. Энди Навоийнинг таманноси билан бизнинг таманнони солиштиринг! Яна Навоийни нега тушунмаймиз, дея ҳайрон бўламиз.

Бу тоза туганким ғамидин кўнглум ародур,

Кўнглум қуши ғам дашти аро бағри қародур.

Кўнглим аро ёр ғамидан янги, битмаган жароҳат бор. Шу сабаб ғам даштида кўнглим қушининг бағри қаро. Туган ― жароҳат. Тоза сўзини биз ювилган, артилган, пок маъносида тушунамиз. Аслида тоза ― янги демакдир. Турк тилида тозалаш маъносида тамизлаш деган сўз бор. Тамиз, деб биз фаҳм-фаросатни айтамиз. “Девон”да шу маънода келади. Бу сўзнинг ҳам асл илдизини бошқа туркий тиллардан қидириш керак бўлади.

Яна улки, инсонға аҳли тамиз,

Билурким, нима жондин ўлмас азиз.

Англай олурсен ҳакам этсанг тамиз,

Ким ҳақ этибдур нафасингни азиз.

Тилшунос олимларимизга қарата айтилган ярим ҳазил, ярим чин сўзларни зинҳор кесатиқ, таъна деб тушунманг. Улар зимистоннинг асл маъносини билмаган эдиларми? Яхши билганлар. Лекин мафкура аталган қудратли куч бор эди. Олимларнинг эса бола-чақаси... Илм сўзи эмас, авом сўзи, фозил инсонларнинг бой ва зарофатли тили эмас, йўқсилнинг ўзи каби қашшоқ ва ғариб тили муқаддас саналган замонларни ҳозирги ёшлар билмайдилар. Билмасинлар ҳам. Зимистон давронининг ортда қолгани рост бўлсин. Зимистон сўзини қоронғулик деб тушунсангиз, тонг отгани, қиш деб тушунсангиз, баҳор келгани чин бўлсин.

Эркин ВОҲИДОВ,

Ўзбекистон халқ шоири

"Сўз латофати" китобидан олинди.


3 807
ЎзА