ЎзА Ўзбек

22.04.2019 13:02:11 Чоп этиш версияси

Ўзим қизиқмаган соҳани танлаганимдан афсусланганман


Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтининг хаттотлик ва миниатюра йўналиши 2-курс талабаси Мухтасар Умарова ҳам "Тасвирий ва амалий санъат" фестивалида иштирок этмоқда.

– Фестивалга йигирмадан зиёд миниатюра санъатига оид ижодий ишларим билан қатнашяпман. Шкатулкалар, ўзим учун янгилик сифатида ўрик дарахтининг ёғоч бўлагига расм чизиб кўрдим. Бу жуда ёқди. Бошқа буюмларга ҳам синаб кўрмоқчиман. Устозларим, тенгдошларим ҳали синаб кўрмаган усулларда, жиҳозларда ижод қилиб кўрмоқчиман. Мактаб вақтимда расм чизишга қизиқардим. Лекин ўрта махсус таълимни умуман санъатга алоқаси бўлмаган йўналишда тамомладим. Ўзим қизиқмаган соҳани танлаганимдан афсусланганман. Агар ўша босқични ҳам тасвирий санъат йўналишида танлаганимда ўзим учун жуда яхши бўларди. Самарали натижаларга тезроқ эришган бўлардим. Лекин барибир ўша соҳада ишлаб кетолмадим. Санъат, айниқса миниатюра санъати мени ўзига мафтун этди. Шу боис бу борадаги билимларимни янада мустаҳкамлаш мақсадида Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтига ўқишга кирганман, келгусида аъло натижаларга эришиш ниятидаман. Шу сабабли ушбу фестивалда қатнашяпман.